Кинолог ходимлари учун малака ошириш ўқув курси ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси Махсус тайёргарлик ўқув маркази ташкил этилгунга қадар кинолог ходимлар ва хизмат итлари из-қидирув, қурол-аслаҳа, портловчи моддалар ва портлатувчи қурилмалар, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни қидириб топиш йўналишлари бўйича тайёргарликдан ўтишган бўлса, бугунги кунда Марказда иккита янги йўналиш патруль-пост ва қоровул хизматлари, шунингдек жиноятчиларни ушлаш ва зарарсизлантириш бўйича хизмат-қидирув итларини ўргатиш, ветеринар хизмат кўрсатиш, етиштириш, парваришлаш, сотиб олиш, наслдор итларни танлаш тизими самарали ташкил этилган.
Айни кунларда республика ички ишлар органлари кинология хизмати ходимлари билан из-қидирув йўналиши бўйича малака ошириш ўқув курси ўтказилмоқда.
Машғулотлар кўпроқ амалий шаклда, махсус майдонда замон талабларига жавоб берадиган инновацион технологиялар, интерфаол усуллардан фойдаланган ҳолда ташкил этилмоқда.
Ўқув жараёнлари “Модуль тизими” асосида олиб борилмоқда. Ўқув дастурида:
- касбий тайёргарлик;
- хизмат фаолиятидаги ислоҳотлар, янгилик ва илғор тажрибалар;
- хизмат итларини умумий ва махсус курс йўналишлари бўйича хизматдан фойдаланиш;
- жанговар ва жисмоний тайёргарлик;
- хизмат фаолияти бўйича психологик тайёргарлик;
- маънавий-маърифий тайёргарлик каби блоклар бўйича тажрибали ходимлар томонидан ўтказилмоқда.
Бунда, Кинологик тайёргарлик цикли ўқитувчилари ва хизмат итлари питомнигининг тажрибали ходимлари томонидан тайёрланган махсус ўқув-услубий ва амалий қўлланмалар тингловчиларга тарқатилди.
Шунингдек, марказда малака ошириш ўқув курсларини ўтаётган ходимларнинг маънавий онгини юксалтириш, ички ишлар тизимининг ҳаққоний тарихи билан яқиндан таништириш мақсадида жорий йилнинг 14 сентябрь куни Ички ишлар вазирлигининг “Ички ишлар органлари тарихи” музейига ташрифи ташкил этилди. Ўтказилган экскурсия вазирликнинг Портлаш хавфи бўлган предметларни зарарсизлантириш бўйича Махсус отрядларнинг 20 нафар ходими ҳамда Кинология хизматининг 15 нафар мутахассисларида ўзгача таассурот қолдирди.
Ўқув курси якунида тингловчиларга келгуси хизмат фаолияти давомида фойдаланиши учун қўлланмалар тарқатилиши, шунингдек синовларни муваффақиятли топширган тингловчиларга белгиланган намунадаги сертификатлар топширилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси