December 7, 2019

Жиноятни расмийлаштирмаслик эвазига пора таклиф қилинди

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Самарқанд вилояти бўйича бўлимига Самарқанд шаҳри бўйича ИИОФМБ 5-сонли ИИБ ходимларига фуқаро томонидан пора таклиф қилинилаётгани ҳолати юзасидан тезкор маълумот келиб тушган.

Аниқланишича, 2019 йил 28 ноябрь куни Самарқанд шаҳри бўйича ИИОФМБ 5-сонли ИИБ Жиноят-қидирув бўлими ходимлари томонидан ўтказилган назорат тартибида гиёҳвандлик воситасини сотиб олиш тадбири давомида тадбирга харидор сифатида жалб қилинган «Р»га Самарқанд шаҳар «Хишрав» қўрғонида Ургут тумани «Қайроқли» маҳалласида яшовчи, 1967 йили туғилган фуқаро О.Э. жами оғирлиги 188,54 граммга тенг бўлган кўп миқдордаги марихуна гиёҳвандлик воситасини 1500000 сўмга сотган вақтида ушланиб, ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИОФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан 2019 йил 29 ноябрь куни О.Э.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб боришга киришилган.

Шу куни соат 13:00ларда Самарқанд шаҳар Беруний кўчаси 82-уйда жойлашган Самарқанд шаҳри бўйича ИИОФМБ 5-сонли ИИБнинг маъмурий биносига, 5-сонли ички ишлар бўлими бошлиғи, подполковник Санъат Нуриллаевнинг олдига О.Э.нинг укаси 1969 йили Ургут туманида туғилган фуқаро Б.Э. келиб, ишни пул эвазига терговга ўтказмасдан, жиноят тариқасида расмийлаштирмасликни сўрайди. Подполковник С.Нуриллаев унга акаси О.Э. гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда сотиш жиноятини содир этганлигини, бу ҳолат юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилганлигини айтишига қарамасдан, Б.Э. акасини ишини ҳал қилиб беришини, бунинг эвазига 2000 АҚШ доллари миқдорида пулни беришини таклиф қилади. Подполковник С.Нуриллаев фуқаро Б.Э.га қилаётган ҳаракати ноқонунийлигини, пора бериш-олиш жиноят эканлигини тушунтиради. Бироқ фуқаро 2000 АҚШ доллари миқдоридаги пулни шу куни соат 18:00да олиб келишини айтиб чиқиб кетади.

Подполковник С.Нуриллаев фуқаро Б.Э. билан бўлиб ўтган суҳбат жараёнини «Самсунг» русумли уяли телефон аппаратига ёзиб олиб, суҳбатни СD дискка кўчириб, вилоят ИИБ бошлиғининг номига тезкор тадбир ўтказишни сўраб билдирги билан мурожаат қилади.

Ушбу билдирги асосида 29 ноябрь куни соат 19:30ларда ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Б.Э. акаси О.Э. томонидан содир этилган жиноятни расмийлаштирмаслик эвазига подполковник С.Нуриллаевга унинг хизмат хонасида 2000 АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан Б.Э.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Айни пайтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Самарқанд вилояти бўйича бўлими