September 23, 2019

Тошкентда гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашишда халқаро ҳамкорликни кучайтиришга бағишланган йиғилиш ташкил этилади

2019 йил 23 сентябрь куни бошланиши кутилаётган йиғилишда жаҳондаги глобал муаммолардан бири бўлиб қолаётган гиёҳванд моддалар тарқалишига қарши курашиш борасидаги ишлар таҳлил қилинади. Бу борада кенг форматдаги биргаликдаги саъй-ҳаракатларни йўлга қўйиш орқали самарали халқаро ҳамкорликни кучайтириш йўли билан муаммога барҳам беришга эътибор қаратилади.

Муаммони ҳал қилиш ҳар томонлама, кўп тармоқли, бир-бирини тўлдирувчи, мувозанатли, илмий асосланган ва комплекс ёндашувни талаб қилади. Айрим соҳаларда сезиларли ютуқларга қарамай, глобал гиёҳвандлик муаммоси бутун инсоният саломатлиги, хавфсизлиги ва фаровонлигига таҳдид солмоқда.

Йиғилишда Афғонистон, Озарбайжон, Арманистон, Австралия, Баҳрайн, Канада, Миср, Франция, Грузия, Германия, Ҳиндистон, Италия, Эрон, Ироқ, Япония, Иордания, Қозоғистон, Қувайт, Қирғизистон, Ливан, Уммон, Покистон, Фаластин, Қатар, Россия Федерацияси, Саудия Арабистони, Сурия, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, АҚШ, Ўзбекистон ва Яман вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

Шунингдек, Яқин Шарқ ва Ўрта Осиёда гиёҳванд моддалар савдоси бўйича кичик комиссиянинг 54-сессияси доирасида ушбу масалаларга алоқадор к 20 дан ортиқ халқаро ташкилотларнинг экспертлари Тошкентда тўпланади.

Мазкур кичик комиссия Гиёҳвандлик воситалари бўйича комиссиянинг 6 (ХХV) резолюциясига ва ЭКОСОC 1776 (LIV) резолюциясига мувофиқ 1973 йилда ташкил этилган.

Суб-комиссия йиғилишининг иштирокчилари миллий ва халқаро миқёсда наркотикларни келтириб чиқарадиган таҳдидларга қарши кураш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш бўйича музокара олиб боради.

ЎзА