September 11, 2019

Мард ўғлонлар номи барҳаёт

Катта сержант Машраб МЎМИНОВ
(1949-1990) 

Машраб Мўминов 1949 йил 18 январда Наманган вилояти Учқўрғон туманида туғилган. 1966 йили тумандаги 51-мактабни тамомлаган. 1967-1969 йилларда ҳарбий хизматни ўтаган. 1970 йил ички ишлар органларига хизматга қабул қилинган.

1990 йилда бир гуруҳ безориларни қўлга олиш вақтида оғир яраланиб, вафот этган. Вафотидан сўнг «Аъло хизматлари учун» кўкрак нишони билан тақдирланган.

Залворли полвонтошни ирғитиб ўйнаётган тоғасига ҳавас билан боқиб тураркан, Фарҳод шундай деди:

- Тоға, ката бўлсам, албатта, сизгаўхшаган милиционер бўламан.

- Нима учун милиционер бўлмоқчисан? – деб сўради Машраб жилмайиб.

- Чунки милиционерлар жуда кучли, бақувват бўлади. Мана, сиз катта-катта тошларни кўтараяпсиз-ку.

- Бунинг учун кўп машқ қилиш керак, жиян. Шунга бардошинг етармикан?

Машраб уйга келган заҳоти болалик «қадрдони» - полвонтошларини қўлига олишни канда қилмас эди.

Тўрт боланинг отаси бўлиб ҳам шу одатингизни, ташламадингиз-а, - дерди хотини Сафияхон. - Улар сизни соғинишган. Бир ярим ҳафта деганда аранг юзлари юзингизга тушди... Юринг, овқат тайёр.

Наманган шаҳар ички ишлар бўлимининг пост-патруль хизмати милиционери Машраб Мўминов норғул, полвон келбатли йигит бўлиб, табиатан камтар ва самимий инсон эди.

У қонунбузар ва жиноятчиларга нисбатан муросасизлиги билан ажралиб турарди. Унга бириктирилган Давлатобод мавзеси ўша кезларда вилоят марказининг энг нотинч даҳаларидан бўлиб, ички ишлар ходимларидан ҳамиша ҳушёр ва огоҳ бўлишни талаб этарди. Машрабжон хизмат машаққатларига аллақачон кўникиб кетган, ўзи масъул бўлган ҳудудда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, қонунбузарларга қарши курашиш бўйича муайян тажриба орттирган эди.

Намунали хизмат фаолияти учун бир неча марта раҳбариятнинг рағбатига ҳам сазовор бўлди.

Уйимиз туманнинг энг чека ҳудудида жойлашган эди, - деб ҳикоя қилади Сафияхон ая. – Ўша йилларда машиналар ҳозиргидек кўп эмас эди.

Раҳматли дадаси кўпинча етти-саккиз чақирим пиёда йўл босиб, алламаҳалда уйга кириб келарди. Ҳафта-ўн кунлаб ишда қолиб кетган пайтлари ҳам бўлган. Мен болаларимни бағримга босиб, сабр билан у кишининг йўлига кўз тикиб ўтирардим. Ўша машъум воқеадан бир кун аввал ҳам кечқурун соат ўнларда уйга кириб келган эди. Эрталаб яна ишга отлана бошлади. Шунда кенжа қизимиз Дилбархон: «Дадажон, қайтишингизда менга дўппи олиб келинг», деди эркаланиб.

Дадаси унга бозордаги энг чиройли дўппини олиб келиб беришга ваъда берди. Лекин...

1990 йил 3 май куни катта сержант М.Мўминов жамоат тартибини сақлаш учун хизматга чиққан вақтида бир гуруҳ безорилар одамларнинг тинчини бузаётганидан хабар топди. Барча огоҳлантиришлари бекор кетгач, қонунбузарларни қўлга олишга қарор қилди. У тенгсиз олишувда оғир тан жароҳати олиши оқибатида ҳаётдан кўз юмди.

Бир ўғил, уч қизнинг орзу-ҳавасини турмуш ўртоғи билан бирга кўраман, деган Сафияхон опа доғда қолди. Кейинчалик ёлғиз боши билан уларни улғайтириши, эл қаторига қўшиши осон кечмади.

Барака топишсин, сафдошлари, раҳбарлари, қолаверса, эл-юрт қийин дамларда бизни ёлғизлатиб қўймади, - дейди Сафияхоная. - Улар ҳалигача биздан хабар олиб туришади.

Байрамларда албатта тадбирларга таклиф этишади. Биламан, бунинг ҳаммаси Машраб аканинг ҳурматидан.

Авваллари ҳар галл хизматдошларидан кимдир уйимизга келса, қизларим ёш эмасми, «Дадам қачон келар эканлар?», дея сўроққа тутишарди. Ўғлим Қаҳрамон тез улғайди. Қуйиб қўйгандай дадасигаўхшайди – жиддий ва босиқ. Оилапарвар, сингилларини жуда ҳурмат қилади.

Бугун ички ишлар органлари сафида Машрабжон каби юзлаб, минглаб фидойи инсонлар хизмат қилмоқда. Уларнинг заҳматли, шу билан бирга, машаққатли меҳнати туфайли элимиз тинч-осойишта ҳаёт кечирмоқда. Мана шу осуда ҳаёт учун жонини аямаган Машраб Мўминовдан юрт рози, эл миннатдордир.

Манба: “Мард ўғлонлар номи барҳаёт” китоби, 10-11-бетлар,“O`zbekiston” НМИУ, 2018