December 7, 2019

Фуқаро ходимга пора таклиф қилди, аммо...

ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Самарқанд вилояти бўйича бўлимига вилоят ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимларига фуқаро томонидан пора таклиф қилинилаётгани ҳолати юзасидан тезкор маълумот келиб тушган.

Аниқланишича, Самарқанд вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси жамоат тартибини сақлаш гуруҳи саф бўлинмалари патруль-пост хизмати гуруҳи сафдор-ходими, сафдор Фаррух Шодиев жорий йилнинг 5 декабрь куни Пахтачи туманидаги «Зиёвуддин» темир йўл бекатига «Қорақўтон» тилла конидан вагонга ортиб олиб келинган руда тошлари қўриқловини ва Навоий вилоятига қадар вагон кузатувини амалга ошириш учун хизматга жалб қилинган. Сафдор Ф.Шодиев соат 16:40ларда вагонга ортилган руда тошлари икки нафар фуқаро томонидан ўзбошимчалик билан олиб кетилаётганлиги ҳолатини аниқлаб, уларнинг бир нафарини ушлаш чорасини кўрган вақтда, 1998 йилда туғилган, Пахтачи туманида яшовчи М.М. ходимнинг қонуний ҳаракатларига тўсқинлик қилиб, шеригини қочириб юборган. Ходим фуқаро М.М.ни тегишли тартибда ушлаб олиб, вилоят ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармасига ҳолат юзасидан билдирги орқали мурожаат қилиб, чора кўришни сўраган.

Билдирги бўйича терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бориш вилоят ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходими, лейтенант М.Мавлоновга юклатилган.

2019 йил 6 декабрь куни соат 02:00ларда олиб борилаётган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида фуқаро М.М.нинг қариндоши Ғ.Б. лейтенант М.Мавлоновга мурожаат этиб, М.М.га нисбатан қонуний чора кўрмаслик ва тўпланган ҳужжатларни суд идорасига юбормаслик эвазига 1000000 сўм миқдоридаги пулни пора сифатида таклиф қилган.

Суҳбат жараёни лейтенант М.Мавлонов томонидан «Самсунг J5» русумли уяли телефон аппарати ёрдамида ёзиб олинган ва аудио ёзув СD дискка кўчирилган. Шундан сўнг лейтенант М.Мавлонов вилоят ИИБ бошлиғининг номига билдирги билан мурожаат қилиб, фуқаро Ғ.Б.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур билдирги асосида 6 декабрь куни соат 19:00ларда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЎХБ Самарқанд вилояти бўйича бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Тадбир давомида 1988 йилда туғилган Пахтачи туманида яшовчи Ғ.Б. лейтенант М.Мавлоновнинг хизмат хонасида унга 2000000 сўм миқдоридаги пулни пора тариқасида берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд транспорт прокуратураси томонидан Ғ.Б.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Самарқанд вилояти бўйича бўлими