December 30, 2018

Халқ баҳоси – энг холис баҳо

Ички ишлар идораларига мурожаат қилган шахслардан 21 минг 292 нафарининг ҳуқуқи тикланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил учун мўлжалланган энг муҳим устувор вазифалар ҳақидаги Мурожаатномасида халқ билан узлуксиз мулоқот ва инсон манфаатлари учун хизмат қилиш, барча даражадаги раҳбарлар учун нафақат мажбурият, балки ҳаётий тамойилга айланиши шартлиги алоҳида таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотлар ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат қилиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш учун шароит яратиш янги йилда ҳам фаолиятимизнинг муҳим ва ажралмас қисми бўлиб қолади.

Дарҳақиқат, халқ билан мулоқотнинг самарали йўлга қўйилгани фуқаролар манфаатларини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. 2019 йилда ҳам бундай хайрли ишлар изчил давом эттирилиши эътиборга лойиқ.

Халқ билан мулоқотнинг энг самарали усули - мурожаатларга эътибор беришдир. Ички ишлар органларида аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатиш ходимларнинг хизмат бурчи ҳисобланади. Тизимда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг мутлақо янги тартиби ўрнатилган. Мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш ва қонуний ҳал этиш, бу борадаюзаки ёндашувларга чек қўйиш доимий диққат марказимизда.

Ички ишлар органлари ҳамда таркибий бўлинмаларда жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш масаласига биринчи раҳбар шахсан жавобгар ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, мурожаатлар билан ишлашнинг аҳволи ички ишлар органлари биринчи раҳбарлари ҳузурида ўтказиладиган тезкор йиғилишларда танқидий муҳокама қилиниб, ушбу соҳада аниқланган камчиликлар ва салбий ҳолатларни бартараф этиш чоралари кўриляпти.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш хоналари ташкил этилган. Ички ишлар органлари раҳбарларининг қабул қилиш тартиби ва жадваллари, қабулларни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тартиби тўғрисидаги маълумотлар ички ишлар органларининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилган. Шунингдек, ушбу маълумотлар маъмурий бинода ҳамма кўриши мумкин бўлган жойлардаги стендларга ва бошқа техник воситаларга жойлаштирилган.

Мурожаатларни қайд этишнинг 9 хил кўринишдаги китоблари ўрнига мурожаатларни электрон тарзда ҳисобга олиш тизими йўлга қўйилди. Бу эса ортиқча қоғозбозликларга чек қўйиб, тезкорликни оширди.

Фуқароларга оғзаки мурожаат этиш ҳуқуқини амалга оширишлари учун қулайлик яратиш мақсадида, республика ички ишлар органларида фаолият кўрсатган 173 “ишонч телефони” тугатилиб, ягона қисқа “1102” рақамли “ишонч телефони” ташкил этилди. Мазкур рақамга барча ҳудудлардан қўнғироқ қилиш имкони яратилган.

“Ишонч телефони” орқали қилинадиган мурожаатларнингэлектрон тизими жорий этилди. Шунингдек, ички ишлар органи ёки таркибий бўлинма раҳбарлари ва масъул ходимлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарида жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларини қабул қилиш йўлга қўйилган.

Вазирликнинг “ишонч телефони”га фуқароларнинг ишончи ортганлиги сабабли 2018 йилда 2017 йилга нисбатан келиб тушаётган мурожаатларнинг салмоғи 15 минг 445 тага ортди.

Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида, ички ишлар органлари фаолиятига оид энг кўп келиб тушаётган мурожаатлар юзасидан савол-жавоблар тайёрланиб, вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилди.

2018 йилнинг 11 ойи давомида Ички ишлар вазирлиги таркибий ва ҳудудий бўлинмаларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари орқали жами 88 минг 327 та (2017 йилда 109 минг 7 та) мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг 15 минг 129 тасини Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилиш ва биометрик паспорт олиш, 11 минг 484 тасини амнистия ва авф этиш, 7 минг 893 тасини мол-мулк ва пул маблағларини ундириш, 5 минг 972 тасини суриштирув ва тергов ҳаракатлари масаласидаги мурожаатлар ташкил этган.

Келиб тушган мурожаатларнинг 56 минг 693 таси ёки 64,1 фоизи қаноатлантирилган ҳамда 21 минг 292 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланган.

Фуқаролар томонидан мурожаатларда кўтарилган масалаларни тизимли равишда таҳлил қилиш, ушбу йўналишдаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича устивор вазифалар белгиланиши натижасида келиб тушган мурожаатлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 минг 680 тага камайди.

Келиб тушаётган ҳар бир мурожаатнинг кўриб чиқилиши юзасидан кундалик идоравий назорат ўрнатилган. Юқори турувчи давлат органларига такрорий мурожаатлар ёзилишига йўл қўйилишига ва мурожаат эса ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминламагани учун 346 нафар ходим турли даражадаги интизомий жавобгарликка тортилди.

Ҳамма ҳам ўз муаммолари билан давлат идораларига мурожаат этишни ўзига эп кўравермайди. Кимдир тортинади, яна кимдир эринади. Одамларнинг дарду ташвишини билишнинг самарали йўлларидан яна бири сайёр қабуллардир. Шунинг учун вазирлик раҳбарияти аҳолининг муаммоларини, фикрини эшитиш, улар билан юзма-юз мулоқот қилиш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида сайёр қабуллар ўтказди. Қабулларда тушган мурожаатларнинг аксарияти қонуний ҳал қилинди.

Халқ баҳоси эса энг холис, ҳақ баҳодир. Бизнинг асл муддаомиз ҳам ўз хизматимиз билан халқимизни рози қилиш. Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек, халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак.

Озодбек Жўрабоев,

ИИВ Ташкилий департаменти

мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи

ЎзА