Оилалар тинч бўлса, юртда фаровонлик, хизматда унум бўлади
Сўнгги уч йилда юртимизда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш янги босқичга кўтарилди. Бунда аввало виртуал қабулхона, халқ қабулхоналари ва ниҳоят, сайёр қабулларнинг ўрни беқиёс.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ва Бухоро вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида аҳоли билан 40 дан ортиқ сайёр қабуллар ўтказилди. Уларда 600 дан ортиқ мурожаатлар кўриб чиқилди.
Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П.Бобожонов 2019 йилнинг 12 декабрь куни Бухоро вилоятида сайёр қабул ўтказди.
Сайёр қабул жараёнида 47 нафар фуқаро билан бевосита очиқ мулоқот ўтказилди. Қабулда ички ишлар органларига ишга қайта тиклаш бўйича 19 та, фуқаролик ва паспорт-виза масалалари бўйича 10 та, суриштирув ва тергов ҳаракатларига доир 10 та, ижтимоий-ҳуқуқий ва маиший масалаларга оид 3 та, бошқа давлат органлари ходимларининг кейинги хизмат фаолиятини ички ишлар органлари тизимида давом эттириш билан боғлиқ 5 та мурожаат қабул қилинди.
Мурожаатларнинг 17 таси жойида ижобий ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган 28 та мурожаатнинг кўриб чиқилиши назоратга олинди, 2 таси бўйича асослантирилган малакали ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Сўнгги йилларда ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб иш ва яшаш шароитларини яратиш бўйича қатор ижобий ишлар амалга оширилди.
Куннинг иккинчи қисмида вилоят ички ишлар органларида хизмат қилаётган 30 нафар ходимга имтиёзли уй-жойларни тантаналари равишда топшириш маросими бўлиб ўтди. Маросимда сўз олган, генерал-лейтенант П.Бобожонов «Ҳар бир ички ишлар органи ходимининг оиласи тинч, яшаш шароити яхши бўлса, хизматнинг сифати ҳам яхши бўлади, жиноятчилик ҳам ўз-ўзидан камаяди», деди.
Тадбирдан сўнг яқинда фойдаланишга топширилган вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси биносини кўздан кечирар экан, Ички ишлар вазири қолган ҳудудларда ҳам шу каби тажрибадан фойдаланиш лозимлиги тўғрисида тавсиялар берди.
Айтиш лозимки, бино энг сўнгги ва замонавий жиҳозлар билан таъминланган, ходимла��нинг хизмат олиб бориши учун қулай шарт-шароитлар яратилган.
Ташриф давомида генерал-лейтенант П.Бобожонов томонидан 4 нафар чет эл фуқаросига Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш гувоҳномалари ҳамда 6 нафар фуқарога фуқаролик паспортлари топширилди. Эътиборлиси, паспорт учун тўловлар ушбу фуқароларнинг ижтимоий ҳолатини инобатга олган ҳолда, ҳокимият томонидан тўлаб берилди.
Шунингдек, Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П.Бобожонов Когон туманидаги Баҳовуддин Нақшбанд маҳалласи Пўлотчи қишлоғи аҳолиси билан учрашиб, улар томонидан билдирилган муаммоларни ўрганди.
Учрашувлар давомида маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисининг суюлтирилган газ, электр энергияси, ичимлик суви, ички кўчалар таъмирланиши билан боғлиқ мурожаатлари жойида ҳал этилди. Муаммолар ечими бўйича тегишли раҳбарларга вазифалар юклатилди. Хусусан, Пўлотчи қишлоғида яшовчи 1945 йилда туғилган, 2-гуруҳ ногирони С.Асадов, 82 ёшли Қундуз момо Бўронова ва 81 ёшли Рисолат момо Истамоваларга ижтимоий ёрдамга муҳтожликларини инобатга олиб, қишки мавсум учун кўмир, озиқ-овқат маҳсулотлари ажратилди. 81 ёшли Рисолат момонинг ногиронлик аравачасини олишда амалий ёрдам беришни сўраб қилган мурожаати ҳам ижобий ҳал қилинди.
Маҳалла аҳолиси учун арзонлаштирилган нархларда барча турдаги кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди. Фуқароларнинг хонадонлари учун кўмир, суюлтирилган газ баллонлари тарқатилди.
Баҳовуддин Нақшбанд маҳалласидан «Сорғун» маҳалласида жойлашган 1-сонли мактабга бориш йўлининг таъмирталаб бўлганлиги боис ушбу йўлнинг 1,2 километр қисмига шағал ётқизилиб, текисланди.
Бир сўз билан айтганда, ўтказилган сайёр қабуллар самарасиз ўтмади. Мурожаатлари ҳал бўлганлар учун бир олам хурсандчилик улашди. Бу фуқароларимизда давлат органларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш учун хизмат қилиши тайин.
ИИВ Ахборот хизмати