Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги огоҳлантиради!
Бугун давр шиддат билан илгарилаб бормоқда. Барча соҳалар жадал ривожланиб, инсоният учун кўплаб қулайликлар яратилмоқда. Айниқса, глобал интернет тармоғи одамларнинг узоғини яқин қилишга хизмат қилаётгани эътиборга молик ҳолат сифатида баҳоланаётир. Аммо, танганинг икки томони бўлгани каби, интернет тармоғи орқали бугун ғаразли ниятларни кўзлаб нотўғри ва нохолис ахборот тарқатилаётгани, турли киберҳужумлар, фирибгарликлар содир этилаётгани ҳам айни ҳақиқатдир.
Сўнгги пайтларда фуқароларимиз томонидан порнографик фото ва видео маҳсулотларни тарғиб қилувчи интернет ресурсларидан фойдаланиш жараёнида бошқа шу каби ресурсларга автоматик тарзда ўтиб кетиш орқали “Ўзбекистон Республикаси ИИВ Кибержиноятларга қарши кураш бўлимидан билдиришнома” сарлавҳаси остида сизиб чиқувчи ойнада фойдаланувчининг тақиқланган сайтларга киргани сабабли гўёки ИИВ томонидан у 200 000 сўм (айрим ҳолларда 300 000 сўм) миқдорида жаримага тортилгани ва “Webmoney” электрон тўлов тизими орқали давлат ҳисобига тўловни амалга оширилиши лозимлиги, акс ҳолда қурилмада сақланган контактларга фойдаланувчининг порнографик фото ва видео маҳсулотлар жойлаштирилган интернет ресурсларидан фойдалангани ҳақида ҳодиса баёни ҳамда фойдаланувчига жаримани тўлаши талаби билан SMS хабар юборилиши ҳақида маълумот пайдо бўлмоқда. Шу билан бирга, фойдаланувчиларнинг интернет веб браузери блокировка ҳолатига тушиб қолмоқда.
Таъкидлаб ўтилган ҳолатлар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:
– Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таркибида “Кибержиноятларга қарши кураш бўлими” номи билан фаолият юритувчи бўлим ёки бўлинма мавжуд эмас;
– “Webmoney” тўлов тизимида Ўзбекистон Республикаси ИИВ таркибий ва ҳудудий тузилмалари электрон ҳамёнларига эга эмас.
Шунга мувофиқ, фуқароларимизни интернет тармоғидан фойдаланаётганда бу каби салбий ҳолатларга дуч келмаслиги учун фирибгарларнинг алдовига ишониб қолмасликка чақирамиз.
Бугунги кунда юқорида таъкидлаб ўтилган ҳолатлар юзасидан суриштирув ишлари олиб борилаётганлигини маълум қиламиз.
ИИВ Ахборот хизмати