ИИВ Махсус тайёргарлик ўқув марказида навбатдаги ўқув машғулотлари бошланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан ташкил этилган Махсус тайёргарлик ўқув маркази ходимлари томонидан узлуксиз равишда республикамизнинг махсус хизмат вакиллари малакасини ошириш юзасидан қатор амалий-ўқув курслари ташкиллаштириб келинмоқда. Буни марказ ташкил этилгандан буён шу кунгача бўлган вақт оралиғида 1 130 нафар ходим ва ҳарбий хизматчилар Марказ мутахассислари томонидан ўқитилганида ҳам кўришимиз мумкин.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2019 йил 16 июль кунидаги фармойишига мувофиқ, Махсус тайёргарлик ўқув марказида Портлаш хавфи бўлган предметларни зарарсизлантириш бўйича махсус отрядларининг мутахассислари билан 138 соатлик малака ошириш дарс машғулотлари бошланди.
Ўқув курсида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда барча вилоятлардаги ички ишлар органларида фаолият юритаётган Махсус отрядлардан бош ва катта мутахассислар иштирок этмоқда.
Марказ циклларидаги тажрибали катта инструктор-ўқитувчилар томонидан сапёрлик иши (портлаш техникаси) йўналишида, портлаш хавфи бўлган предметларни, биринчи ўринда қўлбола портлатиш қурилмаларини аниқлаш ва зарарсизлантириш борасида амалий кўникмаларини ҳамда малакасини ошириш борасида ўқув жараёни ташкил этилди.
Машғулотлар назарий ва амалий шаклда замонавий педагогик технологиялар, интерфаол усуллардан фойдаланган ҳолда ўтказилмоқда. Ўқув курси якунида синовларни муваффақиятли топширган тингловчиларга белгиланган намунадаги сертификатлар топширилиши режа қилинган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси