September 12, 2019

Мард ўғлонлар номи барҳаёт

Мустақиллик байрами арафасида Ватан олдидаги бурчини адо этиш чоғида юртимиз озодлиги, халқимизнинг бугунги тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш йўлида ҳалок бўлган мард ва жасур ўғлонларимизнинг азиз хотирасига эҳтиром кўрсатиш биз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Шавкат МИРЗИЁЕВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ватанимиз олдидаги бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган мард ва жасур ўғлонларимизнинг азиз хотирасига бағишланган “Мард ўғлонлар номи барҳаёт” китоби яратилди. Ушбу китобнинг тақдимоти айнан Мустақилликнинг 27 йиллик байрами арафасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтди. Албатта бу китоб халқимизнинг мард ва жасур фарзандлари хотирасига юксак ҳурмат-эҳтиром намунасидир. “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида кирилл ва лотин ёзувларида 10 минг нусхадан чоп этилган мазкур китоб ўқувчиларга тақдим этилди.  

Китобда юртимиз озодлиги, халқимизнинг бугунги тинч-осойишта ҳаётини таъминлаш йўлида азиз жонини қурбон қилган 222 нафар қаҳрамоннинг шарафли ҳаёт йўли ибрат қилиб кўрсатилган. Уни ўқиган китобхон бугунги фаровон ҳаётимиз қадрини янада теран англайди.

Биз бугундан бошлаб, ушбу китобдан жой олган, Ватанимиз мустақиллигини ёвуз кучлардан ҳимоя қилишда фидойилик кўрсатган Ички ишлар органларида хизмат қилган ҳамкасбларимизнинг жасоратлари ҳақида “Бизнинг қаҳрамонлар” рукни остида очерклар бериб борамиз. Уларнинг азиз сиймолари, порлоқ хотиралари ҳамиша қалбимизда яшайди.