ҲАР БИР МУРОЖААТ ЭЪТИБОРДА
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Рустам Хатамов жорий йилнинг 9-10 декабрь кунлари Қашқадарё вилоятида сайёр қабул ўтказди.
Сайёр қабулнинг биринчи куни Касби тумани ҳокимлигида бўлиб ўтди. Унда Касби, Косон, Миришкор ва Муборак туманлари фуқароларининг 30 та мурожаати тингланди. Уларда асосан иш билан таъминланиш, кундалик маиший масалалар ўз аксини топди. Эътиборли жиҳати, мурожаатларнинг 25 таси жойида ҳал этилди. 5 таси бўйича эса ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Касби туманининг “Тинчлик” маҳалласида истиқомат қилувчи Малика Бердиева невараси ишсиз юрганини баён қилди. Мурожаат бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқ берилгач, М.Бердиеванинг набираси Беҳруз Абдукаримов профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси лавозимига ишга тайинланди.
Куннинг иккинчи ярмида Қарши шаҳридаги “Ўзбекнефтгаз” АЖда бўлиб ўтган қабулда Қарши, Нишон, Ғузор туманлари фуқаролари қатнашди. Фуқаролардан тушган жами 45 та мурожаатнинг 22 тасига ижобий ечим топилди. Қолганлари маблағ ва вақт талаб қилиши инобатга олиниб, тегишлилиги бўйича мутасадди идораларга юборилди ва ижроси назоратга олинди.
Жумладан, Қарши шаҳрида яшовчи Гулнора Ҳасанова фуқаролик паспортини берган шахсдан ололмаётгани юзасидан мурожаат қилди. Тегишли мутасадди идоралар томонидан унинг паспорти олиб берилиб, муаммо жойида ҳал этилди.
Вазир ўринбосарининг Қамаши туманидаги сайёр қабулида Чироқчи, Яккабоғ ва Ғузор туманлари фуқаролари қатнашди. Унда 26 та мурожаат тингланиб, 14 таси жойида ижобий ҳал этилди. 1 та мурожаатга ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Жумладан, тумандаги “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғини Ўзбекистон қишлоғига сектор раҳбарлари ҳамроҳлигида борган вазир ўринбосари қишлоқ одамлари билан яқиндан мулоқот қилиб, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганди. Маълум бўлишича, қишлоққа кирувчи йўл ёзда чанг, қишда лой бўлиши аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган экан. Мутасадди идораларга тегишли топшириқлар берилгач, шу куннинг ўзида йўлга шағал тўкилиб, текисланди.
Қишлоқдаги мактабда бўлган вазир ўринбосари таълим муассасасидаги иссиқлик тизими билан қизиқди. Натижада мактабда иссиқлик тизими йўлга қўйилиб, кўмир ва бошқа ёқилғи захиралари билан таъминланди. Шу билан бирга, қишлоқ аҳолиси учун 300 та суюлтирилган газ баллони тарқатилди.
Шундан сўнг вазир ўринбосари Ўзбекистон қишлоғида истиқомат қилувчи, кам таъминланган оила сифатида рўйхатга олинган Зиёда Ғаффорованинг хонадонида бўлиб, унинг ҳовлисида жойлашган симёғочни кўчага ўрнатилиши учун тавсия берди. Муаммо жойида ҳал этилгач, уй соҳибаси билан бўлган суҳбатда Зиёда Ғаффорова икки нафар (бир нафари II гуруҳ ногирони) фарзанди билан бир уйда яшаётгани ойдинлашди. Келини Нилуфар Қудратованинг (тўрт нафар фарзанди бор) тикувчилик касбига қизиқиши инобатга олиниб, оилага тикув машинаси туҳфа этилди. Қолаверса, оиланинг моддий фаровонлигини таъминлаш мақсадида иссиқхона қуриши учун кредит олишга тавсиянома берилди. Оиланинг катта фарзанди эса 2020 йилда бериладиган арзон уй-жойларга муҳтожлар рўйхатига киритилди.
Вазир ўринбосари, полковник Рустам Хатамовнинг сектор раҳбарлари ҳамроҳлигида Қамаши туманидаги “Саховат” қариялар уйига уюштирган ташрифи кўнгли ўксик инсонларни ғоят хушнуд этди. Қариялар уйида истиқомат қилаётган меҳрга муҳтож инсонларга совғалар улашилди. Айниқса, анча вақтдан буён шу ерда истиқомат қилаётган Кулар Изольдага фуқаролик паспорти расмийлаштириб берилганида қувончдан унинг кўзлари ёшланди.
Сайёр қабуллар давомида 16 ёшга тўлган 80 нафар ўқувчига Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортлари тантанали равишда топширилди.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати