Руҳиятнинг бетакрор жилолари. Қозоқбой Йўлдош, Муҳайё Йўлдошева.
Аҳмад Аъзам асарларида одатдагидай боши ва охири бор воқеалар, сабаб ва оқибат доирасида ҳаракатланадиган қаҳрамонлар тасвирланмайди. Бир қарашда ижтимоий салмоқдан маҳрум майда тафсилотларнинг адоқсиз силсиласи акс этгандай туюлгувчи бу асарларни тушуниш осон кечмайди. Чунки бу тафсилотлар замиридаги маънони ўқирманнинг ўзи топиши керак бўлади. Бундай яратиқлар адабиётни янгилабгина қолмай, китобхонлар дидининг ўсишига ижобий таъсир кўрсатиши билан ҳам аҳамиятлидир. Аҳмад Аъзам асарларининг ички механизми қандайлигини, уларнинг бадииятини таъминлаган омиллар нималардан иборатлигини аниқлашга уриниш ўқирманга ҳаётнинг кўзга ташланавермайдиган майда ҳодисалари замиридаги улкан маъноларни англаш имконини беради.
Қозоқбой Йўлдош, Муҳайё Йўлдошева
РУҲИЯТНИНГ БЕТАКРОР ЖИЛОЛАРИ
Тўхтовсиз ўзгаришлар ҳозирги ўзбек адабиётининг энг ўзгармас белгисидир.Шунинг учун ҳам бугунги адабиётнинг тараққиёт тамойилларини тайин этиш бажарилиши мушкул юмушлардан ҳисобланади. Бир замонлар мавзунинг муҳимлиги, баъзи пайтлар тасвирланаётган воқеаларнинг қизиқарли экани, айрим даврларда бадиий санъатларнинг қанча ва қандай қўллангани адабий яратиқларнинг савиясини кўрсатадиган белги ҳисобланган бўлса, эндиликда адабиётнинг бош белгиси ҳеч кимга ўхшамаслик, бетакрорлик бўлиб қолди.Бугун адабиёт учун мавзу эмас, одам муҳимлиги сабаб оламшумул мавзулар ўрнини одамшумул тасвирлар эгаллаб боряпти.Шу боис бир-бирига ўхшамаган қатор тасвир йўналишлари юзага келмоқда ва бу миллий адабиётнинг тараққиёт даражасини юксалтиришга хизмат қиляпти.
Аҳмад Аъзам асарларида одатдагидай боши ва охири бор воқеалар, сабаб ва оқибат доирасида ҳаракатланадиган қаҳрамонлар тасвирланмайди. Бир қарашда ижтимоий салмоқдан маҳрум майда тафсилотларнинг адоқсиз силсиласи акс этгандай туюлгувчи бу асарларни тушуниш осон кечмайди. Чунки бу тафсилотлар замиридаги маънони ўқирманнинг ўзи топиши керак бўлади. Бундай яратиқлар адабиётни янгилабгина қолмай, китобхонлар дидининг ўсишига ижобий таъсир кўрсатиши билан ҳам аҳамиятлидир. Аҳмад Аъзам асарларининг ички механизми қандайлигини, уларнинг бадииятини таъминлаган омиллар нималардан иборатлигини аниқлашга уриниш ўқирманга ҳаётнинг кўзга ташланавермайдиган майда ҳодисалари замиридаги улкан маъноларни англаш имконини беради.
Қозоқбой Йўлдош, Муҳайё Йўлдошева
РУҲИЯТНИНГ БЕТАКРОР ЖИЛОЛАРИ
Тўхтовсиз ўзгаришлар ҳозирги ўзбек адабиётининг энг ўзгармас белгисидир.Шунинг учун ҳам бугунги адабиётнинг тараққиёт тамойилларини тайин этиш бажарилиши мушкул юмушлардан ҳисобланади. Бир замонлар мавзунинг муҳимлиги, баъзи пайтлар тасвирланаётган воқеаларнинг қизиқарли экани, айрим даврларда бадиий санъатларнинг қанча ва қандай қўллангани адабий яратиқларнинг савиясини кўрсатадиган белги ҳисобланган бўлса, эндиликда адабиётнинг бош белгиси ҳеч кимга ўхшамаслик, бетакрорлик бўлиб қолди.Бугун адабиёт учун мавзу эмас, одам муҳимлиги сабаб оламшумул мавзулар ўрнини одамшумул тасвирлар эгаллаб боряпти.Шу боис бир-бирига ўхшамаган қатор тасвир йўналишлари юзага келмоқда ва бу миллий адабиётнинг тараққиёт даражасини юксалтиришга хизмат қиляпти.
Аҳмад Аъзам асарларида одатдагидай боши ва охири бор воқеалар, сабаб ва оқибат доирасида ҳаракатланадиган қаҳрамонлар тасвирланмайди. Бир қарашда ижтимоий салмоқдан маҳрум майда тафсилотларнинг адоқсиз силсиласи акс этгандай туюлгувчи бу асарларни тушуниш осон кечмайди. Чунки бу тафсилотлар замиридаги маънони ўқирманнинг ўзи топиши керак бўлади. Бундай яратиқлар адабиётни янгилабгина қолмай, китобхонлар дидининг ўсишига ижобий таъсир кўрсатиши билан ҳам аҳамиятлидир. Аҳмад Аъзам асарларининг ички механизми қандайлигини, уларнинг бадииятини таъминлаган омиллар нималардан иборатлигини аниқлашга уриниш ўқирманга ҳаётнинг кўзга ташланавермайдиган майда ҳодисалари замиридаги улкан маъноларни англаш имконини беради.
Ёзувчининг “Ҳали ҳаёт бор”, “Соясини йўқотган одам”, “Гул кўтарган одам”,“Ўзи уйланмаган совчи” каби кўплаб асарлари унинг поэтик истeъдоди мунтазам сайқал топиб, миллий адабиётимизни ўзгача тасвир йўсини билан бойитаётганини кўрсатади. Ёзувчи бадиий асар зиммасига унга хос бўлмаган йўсинда керагидан ортиқ ижтимоий юк ортишни истамайди, у воқеаларни эмас, балки руҳият ва хаёл жилваларини акс эттиришга кўпроқ эътибор қилади. Чунки чинакам одамга хос асл сифатлар руҳий тўлғамлар вахаёлот парвозида тўлароқ намоён бўлади.Одам шахслашгани, ўз ичига кўпроқ назар ташлагани сари туйғулар жилваси рангинлашиб боради.
Аҳмад Аъзам асарларида баъзан одамнинг энсасини қотирар даражада майда кўринадиган нарсаларнинг ижикилаб тасвирланишида ўзининг ҳар бир хатти-ҳаракатигина эмас,балки лаҳзада ўзгариб турадиган ўй- хаёлларинида синчковлик билан тафтиш қила оладиган одам руҳияти акс этади. Адибнинг “Рўё ёхуд Ғулистонга сафар” деб аталган янги романидаги: “Зерикаман, ўтириб олиб шу зерикишнинг охиригача боришни мақсад қилгандек, зерикавераман. Худди зерикиш менга берилган баланд бир мартабадек, масъулият билан зерикаман. Чеки чегараси йўқ бир мазмунли зерикиш. Кўнглим ториқиб кетади” ифодаларида биз одатланган ижтимоий юк йўқ бўлса ҳам, одамнинг тўхтовсиз ҳаракатдаги чин руҳий ҳолати акс этганлиги тасвирга ижтимоий салмоқ бағишлайди.
Ижодкор тафаккурининг эсселашуви,яъни унинг эркинлашиб, реалликдаги далилларни қайд этувчидан асл моҳиятга хос ўз тўхтамларини билдирувчига айланиш муаллифга бадиий асарда тасвирланаётган воқеаларга бемалол аралаша олиш имконини беради. Шунинг учун ҳам адиб “Рўё…” романида нафақат қаҳрамон тушиб қолган ақл бовар қилмас воқеаларни акс эттиради, балки уларга ўз муносабатинида йўл-йўлакай билдириб кетаверади.Асарда шўро тузуми даврида адабиёт олдига қўйилган талаблар ҳақида:“У пайтлари ҳар бир ёзган нарсангизнинг моҳиятида катта ижтимоий мазмун, ибратли бир сабоқ бўлиши шарт эди” тарзидаги тасвир шундай муносабатнинг ифодаси бўлиб,роман воқеаларига ўзига хос очқич вазифасини бажарган. Ҳар қандай бадиий асар ижтимоий қонунлар асосида текширилиб, адабиёт жамият ҳаётига мутлақ равишда боғлиқ саналиб, ундаги йирик ижтимоий муаммоларни тасвирлаши лозим ҳодиса тарзида тушунилган замонда одам ва унинг ички олами, чегара билмас туйғулари ижтимоий муаммолар панасида қолиб кетганлиги романда: “…кўрган-билган воқеаларимнинг замиридан катта ижтимоий мазмун ва улкан ижобий ибратлар чиқмаса, уларни ҳикоя ё қиссага айлантиришни ўйлаб кўрадиган бўлдим. Тўғрироғи,ҳали ҳам ўйлаб кўряпман,ёзмаяпман.Тумонат кўп,жуда ажойиб… воқеаларга дуч келаман,азбаройи ижтимоий мазмунсизлиги, замиридан катта хулосалар чиқмагани учун, ёзмайман, дўстларимга оғзаки айтиб бераман. Ҳикояларим ҳар хил, ҳаммаси ҳаётдан олинган, лекин ҳаммасини ҳам ёзиб бўлмайди, чунки ўша пайтдаги талаблар даражасида катта ижтимоий мазмун йўқ, социал буюртмага тўғри келмайди. Лекин, қизиқ, тушунмайман — мазмуни саёзроқ, воқеаси ҳам анчайин, чуқурроқ хулосаси бўлмаса ҳам, одамлар маза қилиб эшитади. Ўзим ҳам айтишни яхши кўраман. Ё ўзим саёзроқманми, деб ўйлаб ҳам қоламан баъзан. Кейин ўзи бир хил воқеалар бўладики, уларни фақат айтиб бериш мумкин, ёзишга ярамайди”.
Аҳмад Аъзамнинг “Рўё ёхуд Ғулистонга сафар” номли романи ҳам асарнинг ўзида таъкидланган салмоқли ижтимоий мазмуни йўқ воқеа ва руҳий ҳолатлар тасвирига бағишланган асарлар сирасидан.Дастлаб ўқирманга муаллиф асар сюжетига алоқаси бўлмаган майда воқеалар, баъзан эса хаёлига келиб қолган ўткинчи ўйларини тасвирлаётгандай туюлади. Бу тасаввурни асардаги: «…қани эди шуларни ёзсанг, лекин булардан чуқурроқ маъни тополмай одамни қийнайдилар. Баъзан уларга керак катта маъни ўйлаб топасан-у, шунга мос саргузашт тополмайсан. Уларга катта воқеа, қаҳрамон бўлса!» каби иқрорлар янада кучайтиради. Аммо роман ўқилгани сари узуқ-юлуқ тасвирлар умумий мазмун касб этиб, қаҳрамонлар қадрдонлашиб, хаёлий олам реаллашиб, ўқирман эътиборини тобора ўзига тортиб бораверади.
Эътибор қилган ўқирман Аҳмад Аъзам насрига ўта батафсиллик, ҳаддан ташқари синчковлик, тасвир орбитасидаги ҳеч нарсани кўздан қочирмаслик ва кўрганларини эринмай ифодалаш йўсини хослигини пайқайди. Ёзувчи қаҳрамонлар руҳий ҳолатини акс эттиришда бадиийликка алоқасиз, фақат фон тасвирига яроқлидай туюлган майда деталлардан усталик билан фойдаланади. Майда ташқи тафсилотлар тасвири яхлит бадиий-психологик мозаика − руҳий ҳолат ифодасига хизмат қилади. Романдаги: “Бирданига қиз боланинг шодон қичқириғи эшитилди: «Вой, бу кимнинг сумкаси?». Ҳамма ўша ёққа – тепага қаради. Қиз, йигити ёнида бўлса ҳам бояги қичқириғидан пастроқ, лекин ҳамон баланд овозда гапирди: «Қаранг! Биров қолдириб кетибди!». Қиз йигитнинг ортида эди, сумка эса йигитнинг олдидаги ўриндиқнинг бурчагида турарди. Йигит сумкани олиб, «Ҳой, кимники бу?», деди. Ҳамма ўрнидан турган эди. Олдиндаги бир йигит орқасига ўгирилиб, сумкага қаради-да, яна олдинга қараб: «Ҳэ-э, Сано!», деб чақирди. Йигитнинг олдидаги қиз унга қаради. «Сумканг қолиб кетяпти- ку», деди йигит. Негадир йигитнинг ўзи дастлаб сумкага қўл чўзмади. «Вой- й! – Сано – Санобарнинг товушида қўрқинч бор эди. – Оберинг! Оберинг!». Йигит сумкани бу йигитдан олиб унга узатди. Қизнинг олдида яна икки дугонаси бор эди, энг олдиндагиси талмовсираб ўгирилиб: «Ҳа, Сано?», деди. «Вой! Сумкам қолиб кетяпти экан!», деди қиз. «Во-ой! – у қизнинг талмовсираши қўрқувга айланди. – Вой, Сано-ей!». Қолиб кетаётган сумкани кўрган қиз эса тинмай йигитига бидирлар эди: «Қарасам – сумка ётибди! Кимники деб ўйладим! Шундай бурчакка тиқилиб ётибди. Биров унутган деб…» Йигити эса негадир хижолат бўлиб, ҳаммадан кўзини олиб қочар эди. Учинчи қиз эса паришон, юзида ачинишми, таассуфми, ишқилиб, шунга ўхшаган ифода, сумкасини топган қиз эса негадир унинг олдида ўзини гуноҳкор билиб, «Кинога эсим кетиб…», деб нуқул ўзини оқлар, сумкани бағрига маҳкам босиб олган, «Сано!» деб қўрқиб кетгани эса сумкадан кўз узмас эди. Энг биринчи қиз эса гоҳ қизларга, гоҳ уларнинг ёнидаги йигитга аланг-жаланг кўз югуртириб, ўзининг йигитига бояги гапларини қайтарарди: «Шундай бурчакда ётибди-я! Кинога кирганда ёнига қўйгану тураётганда унутган…» Уч қизнинг йигити ниҳоят уларнинг эсига келмаган гапни айтди: «Раҳмат!». Ҳалиги қиз эса маъюсланиб: «Шундай қарасам!.. Ўрнимдан тургандан кейин бирдан кўзим тушди», деб яна такрорлади” тасвирларида мозаик ифода яққол намоён бўлади. Муаллиф шу тасвирлар билан кифояланиб қолмайди. Шу лавҳада қатнашган ҳар бир персонажнинг руҳий ҳолати сабабларини ўзининг тусмоллари асосида шарҳлайди. Ва бу тусмоллар тасвири ҳар бир персонажни турли ракурслардан кўриш имконини беради. Бу ҳол одам деб аталмиш яратиқнинг руҳий-ҳиссий олами нақадар омонат ва серқирралигини, уни сабаб-оқибат нуқтаи назаридан изоҳлаш ўта мушкул эканини англатиши билан аҳамиятлидир.
Ёзувчи сўзлардан моҳирона фойдаланиб, жумлаларни усталик билан қуради. Қайси сўзни қайсиниси билан қандай жумла таркибида ишлатишни бехато белгилай олгани учун ўз ҳолича ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган майда тафсилотлар тасвири бадиий жозиба касб этади. Лавҳа қаҳрамонларининг руҳияти тасвири хаёлий тасаввур маҳсули бўлсада, реал воқеликдан узилмаган, ҳаётий ҳодисалар оғушида мавжуд ва шу сабаб китобхонни ўз ортидан эргаштириб, ўша одамлар дунёсига олиб кетади.
“Рўё…” романини ўқиш асносида ўқирман бош қаҳрамондан ёзғиради, унинг лапашанг, журъатсиз, ҳатто анчагина қўрқоқ эканидан ғижинади. Кескин ва ўринли қарорлар қабул қилишга ноқобил қаҳрамон тасвири ўқирманда у тушган вазият ҳақида мустақил фикрлаш, бундай шароитда муайян тўхтамларга келиш истагини уйғотадики, асарнинг қиммати айни шу хусусиятга эгалигида. Бу ҳол ўқирманни қаҳрамонникига ўхшаган муаммонинг эҳтимолий ечимини топишга, романдаги хаёлий воқеаларга муносабат асносида ҳаётий вазиятларни тўғри тушуниш ва баҳолашга йўналтиради.
Ёзувчи асардаги ҳар бир персонаж тилини индивидуаллаштиришга эришган. Асарда тасвирланган қиёфасиз ғулийларнинг ҳар бирини ўзига хос тил билан таъминлаган. Ҳатто, романда хаёлан гапиртирилган персонажлар ҳам ўз нутқий қиёфасига эгалиги асарнинг ўқишлилигини оширган. Аҳмад Аъзам “Рўё…”даги бирорта қаҳрамонини воқеа етовида юргизмайди. Адиб учун воқеа қаҳрамоннинг ички дунёсини чуқурроқ очиш, руҳиятини тўлароқ англаш воситаси ҳисобланади. Асарда шунчаки кулги ёки танқид учун қилингандай тасвирлар ҳам чуқур маъноси ва таъсирчан ифода йўсини билан эътибор тортади: “Экранда …занжири йўқ одамлар йўқ ердан тушиб қолган бир бўлак хом гўштни талашиб, тишларини иржайтирганча олишиб кетди. Кейин уларнинг боши устида ялт-юлт қилиб бир занжир жаранглаб чиққан эди, ҳаммаси таққа тўхтаб, унга тикилиб қолди. Юзларидаги тириш-буришлар текисланиб, майин табассумга айланди, занжирнинг жаранги тартибли бир куй бўлди. Пастдагилар эса бир-бирига аста қўл бериб, бу куйга жўровоз ашула бошлади. Қиздан ҳалиги хом гўшт қаёққа кетганини сўрамоқчи бўлдим-у, лекин ўзимни содда кўрсатгим келмади. Яна манзара ўзгарди, осмонда ярақ-ярақ нурланаётган занжир, пастда эса кўзни қувонтирадиган олмазорлар, хурмо қаторлари, экинзорлар, бўлиқ буғдойпоялар, сал ўтиб ораста қишлоқлар, улкан шаҳарлар кўринди-да, бирдан шод-хуррам, бахтиёр ғулийларга тўлиб, ҳамма-ҳамма жингир- жингир силкиниб, ғулга салламно айтишга тушди, шу билан ҳаёт ҳам худди юксалиб кетгандек бўлди. Минг-миллион одамнинг бирваракайига куйлаганини шу пайтгача сира эшитмаганимдан сочимнинг тагигача жимирлаб кетди. Ахир, одамни қамоқда эллик йил чиритсанг ҳам, унинг ҳурликка интилиши ўлмайди, ўзи асли жиноятчи ҳам эркинликнинг қадрини билсин деб ундан маҳрум этилади. Булар эса ёппасига, оломон бўлиб тутқунликка талпиняпти, яна қўшиқ айтиб ҳам боряпти”.
Ғулистондаги илк дамларида ғулийлар фикрлаш йўсинини тушунмаган, уларга ачиниб, ёрдам бериш хаёлига борган бош қаҳрамон вақт ўтгани сайин уларнинг қуллиги мажбурий эмас, ихтиёрийлиги, ўз аҳволларига кўникибгина қолмай, ундан бахтиёр эканликларини англайди. Унга бириктирилган махсус хизмат ходими холдор ғулий фахрланиб дейди:
«Бизда итга занжир тақилмайди. Чунки у ит, ғулий эмас! Фақат ғулийгина азиз занжирга лойиқ. Fулий − улуғвор». Ғулистонликларнинг занжирни ғулийлар шони, жони, тартиб рамзи, шарму ҳаёси, яшаш тарзи, ғулсизлик, яъни эркинликни эса ўз майлига қуллик, деб ҳисоблаши асарда: “Бир куни кечаси елкаларимни силаб, «Уялиб кетаман, жуда яланғочсиз-да», деб қолди. Ҳайрон бўлдим, «Нима ёнингда ётганда чопон кийиб олишим керакми? Ўзинг ҳам ҳамма нарсангни ечиб ташлагансан-ку», дедим. «Йўқ, менда занжирим бор, — деди у, қоронғида юзини ғира-шира кўраётган бўлсам-да, ўйланиб гапираётганини туйдим. – Сиз эса қип-яланғочсиз, шармингиз йўқ». Тонг қотдим, иккаламиз бирдек кийимсизмиз-у, занжирга чулғангани учун унинг шарму ҳаёси жойида экан-да, меники йўқ эмиш. Кўряпсизми ғулийлик буларнинг қон-қонига сингиб кетганини” бевосита ўқирманга мурожаат йўсинида акс эттирилган.
Муаллиф асарда персонажларнинг ҳар бир ҳолат, ҳаракат ёки юз ифодасини бутун тафсилоти, энг майда икир-чикиригача тасвирлайди. Маълумки, битта нарса ҳақида бир вақтнинг ўзида бир неча хил хаёлга бориш деярли барчага хос хусусият. Лекин бу ҳолатни адабиётга олиб кириб, ундан бадиий маъно чиқара билиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Бундай усул китобхонга қаҳрамонни ўз табиий ҳолатида кўриш имконини беради.
Адиб романнинг айрим ўринларида батафсил тасвир усулидан воз кечиб, ўқирманни қаҳрамонлар тақдирини кескин ўзгартириб юборадиган ҳодиса ифодасига ҳеч бир тайёргарликсиз олиб киради. Бу ҳол персонажлар руҳиятининг янги қирраларини кутилмаганда очиш имконини беради. Таркибида занжир ясаладиган темир моддаси кўп бўлганидан Ғулистоннинг ҳаммаёғига экиб ташланган ва ғулийлар сиғинар даражада яхши кўрган олмаларга қирон келтириш саҳнаси ҳамда доимий занжирбандликлари сабаб тартибга амал қилишдан бўлак интилишлари бўлмаган ғулийларнинг намойишга чиқиши каби тасвирлар шу жиҳатидан характерлидир: «Ерда чаппа ағнаб ётган тўнкалар худди узун-узун бармоқларини кўкка чўзиб унсиз фарёд қилаётгандек одамнинг раҳми келади денг. Ҳа, аниқ нимадир бўлган! Шу нималигини билай деб телевизорга тармашдим… телевизор тўсатдан шовқин солди: шалдир-шулдур аралаш анча баланд вағир-вуғур отилиб чиқди. Кейин тутаққан ғулийга тўла майдон ёришди. Ҳеч ким ҳеч кимни эшитмай, ҳамма бирдан гапираётган, яъни занжирини силкитаётган, афтидан ҳали нимага кўчага чиққанини ўзи ҳам англамаган талотум тумонат, оғизларнинг катта-катта очилиб ёпилишидан ҳаяжон зўридан кўкракларига нафас етмаётгани кўриниб турар эди. Фақат майдон эмас, унга туташ кўчаю кўчачалар ҳам намойиш шавқи-сурури билан қайнайди. Ҳамманинг юзида шошқин эсанкираш, телевизорнинг ўзида эса бир оғиз ҳам изоҳ йўқ, дикторлар ҳам жойида ўтиролмай, чиқиб тўдага қўшилган шекилли, камералар тўғридан тўғри майдонга улаб қўйилган эди».
Адиб романида шахсни тинимсиз ўсиб, дақиқа сайин ўзгариб турган динамизм оғушида кўрсатади. Асрлар давомида нафақат жисми, балки тафаккур ва туйғулари ҳам занжирга солинган ва бу ҳолатдан ҳеч қачон чиқолмайдигандек туюлган ғулийларнинг бош қаҳрамон машинасидаги бадиий асарларни ўқиш туфайли кутилмаганда жуда тез ўзгариб кетиши тасвири асарга суръат бағишлаган. Оломоннинг қанча маблағ, меҳнат ва вақт сарфлаб яратилган олмазорларни йўқ қилишга, бутун мамлакат аҳлига йўл кўрсатиб, ҳаммани ўзига сиғинтирган доҳий ҳайкалини бир кундаёқ йиқитишга киришиб кетгани тасвирлари таги пуч қадриятларга эътиқод қўйган тўданинг қиёфасиз қиёфасини ҳаққоний акс эттириши жиҳатидан аҳамиятлидир. Миллат рамзига айланган олма шунча кўп ейилишига қарамай, бирорта чақалоқнинг тайёр кишанлар билан туғилиши мумкин эмаслиги ва одам занжирсиз ҳам яшай олиши мумкинлигини асар қаҳрамони бўлмиш ёзувчининг китобидан англаб қолган ғулийлар ҳолати тасвири адабиётнинг ижтимоий қудратини ифодалаши жиҳатидан ҳам диққатга лойиқ. Бу тасвирлар оломон қарашларининг тайинсизлигини англатишига кўра ҳам ғоят ибратли.
Асардаги барча персонажлари ҳақидаги гаплар асар қаҳрамони бўлмиш ёзувчи томонидан айтилади. Муаллиф ғулийларни бутун иллатию фазилати билан эринмай тавсифлайди. Аслида бундай ифода тарзи − ўта мушкул. Негаки, тасвирда муаллифнинг холис бўлиши жуда қийин кечади. Лекин Аҳмад Аъзам бунинг уддасидан чиққан. Бу ҳолат ўқирманни асарда тасвирланган воқеаларга жиддий ёндашишга, ундан ўзига яраша сабоқ олишга ундайди. Негаки, адиб “бундай қилма, ёмон бўлади” дейиш ўрнига ўша ёмонликнинг ўзини кўрсатиб, кўпроқ маънавий-эстетик самарага эришган.
Ёзувчи романнинг сюжет чизиғини ташкил қилган барча воқеалар тасвирини тўлиғича образлар руҳиятини очишга бўйсундиради. Баъзан китобхонга бундай воқеа ва одамлар ҳаётда бўлиши мумкин эмасдай туюлади. Аммо маълумки, ҳаёт реаллигини боридай кўрсатиш учун ёзувчи бўлиш шарт эмас. Бундай қилиш мухбирнинг ҳам қўлидан келади. Чинакам асарда кўнгил ва руҳий ҳолатлар ҳақиқати бутун серқирралиги билан акс этиши керак. Аҳмад Аъзам кўпчилик бошқа асарлари каби бу романида ҳам ўз бадиий ҳақиқатини ўз воқелиги бағрида, ўз эстетик мантиғига мувофиқ, ўз ижодий иқлимига мослаб ифодалашга эришади: «…навбатда занжир таққан ғулияларнинг занжирсиз болакайларнинг қўлидан ушлаб ё кўтариб турганини кўриб, тўхтаб қолдим. Болакайлар бир-бир ярим, икки, баъзилари уч ёшда, шу ернинг ўзида онасидан ташқари, отаси, ака-опалари тўдалашиб турибди, хуллас, харидга оила бўлиб келганлар. Бўлманинг тепасида «Занжиринг муборак, паҳлавон тойчоқ, Орзуингга етдинг, ширин қизалоқ!» деб икки қатор шеър ҳам чиройли қилиб ёзилган. Бўлмадаги мол тўлиғича занжир! Булар ўз болаларига занжир олишга келган! Яқинроқ бордим, бир эркак ғулий ичкарироқда, паст курсида ўтириб қўлидаги тизим занжирчани жингирлатди, бу ёқдан бир болакай қоқилмай, туртинмай адл борди, эркак занжир тизимини ечиб, мўъжазгина бўйинтуруқ тасмани боланинг бўйнига кийгизди-да, қўлидаги ялтироқ омбир билан қирс эткизиб қотирди, болакай баралла йиғлаб юборган эди, бу ёқдагилар шодон чапак чалиб юбордилар, онаси қувончдан ёшларини оқизиб, занжирини шўх шилдиратиб, отанинг бўйнидан қучоқлаб олди. Ҳалиги эркак ходим, болакай уввос солиб онасига талпинганига қарамай, уни маҳкам қучоқлаганча қаҳ- қаҳ уриб, билаклари, оёқларига ҳам худди бояги тарзда кишан солиб қотирди. Бола бақириб, занжирларини бетартиб жиринглатиб, бу ёққа онасига қараб чопди. Онаси билан отаси бахтиёр қийқириб, талашганча уни бошларига кўтардилар, икки опаси, бир акаси бор экан, шилдир-шилдир сакраб ўйинга тушиб кетдилар. Бўлманинг бу томонида бир қиз қўлидаги юмшоқ жазбар билан бошқа боланинг бўйни, билаги, тўпиғининг андазасини ўлчаётган, ўзимизнинг «фехедеё» бўлимларида ишлайдиган …аёлларга ўхшайдиган бир хотин эса онанинг қўлидаги қоғозларни ўз дафтарига расмийлаштираётган эди. Бояги болакайнинг йиғисидан юрак олдирган бу бола эркак ходим занжир тизимчасини жингирлатганда бормади, унга қараганча тўрсайиб тураверди. Онаси унга: «Бор, бор, амаки сенга ҳам занжир беради», деди. Бола «Боймийман!» деб оёқ тираб олди. Эркак ходим унинг онасига қаттиқ тикилиб қаради-да: «Яхши юриб кетганми ўзи?», деб сўради. Боланинг онаси бу саволдан бўзариб кетди».
Бу тафсилотлар силсиласида муаллиф сўзларни жуфтлаб қўллаш, сифатларни уюштириб келтириш орқали ўқирманни асар қаҳрамонининг ақли ҳам бовар қилолмаётган ҳолат тасвирининг ҳаққонийлигига ишонтиради. Ёзувчи қаҳрамонни фавқулодда воқеалар жараёнида кўрсатаркан, ҳеч нарсани кўздан қочирмайди: ҳар бир тимсолнинг гапи, оҳанги, кўнглидан ўтказган ўйлари, ўша пайтда гавдасининг ҳолати каби майда тафсилларгача тасвирлайди. Бу батафсиллик ўқирманга образлар ҳолатини юракдан туйиш, уларни чуқур тушуниб, ҳамдард бўлишга олиб келади.
Ёзувчи асарда ўқирманни ипсиз боғлаб турадиган жўшқин воқеалар шиддатини эмас, балки қаҳрамонлар туйғулари товланишларининг хилма- хиллигини кўрсатишга кўпроқ эътибор қаратади. Романда шахс руҳияти тасвири, унинг дардлари, изтиробу умидлари ифодаси устуворлик қилади.
Адиб романдаги катта-кичик барча тасвирга юқоридан туриб, бироз киноя аралаш кулги билан назар ташласада, тақдири азалнинг қудратига ишонади. Инсон ҳар қанча мустақил, оёғида мустаҳкам турган бўлмасин, истаган дамда вазият қурбони бўлиши мумкинлиги асарда ҳаққоний кўрсатиб берилади. Бесабаб оқибат йўқлиги Холдор, ғулия, уч яшар болакай, бош қаҳрамонга йўл кўрсатгани, унинг китобини ўқиганлари учун тузалиш сабоғини ўташга мажбур ғулийлар тақдири уларнинг қисматида қандай битилган бўлса, худди шу йўсинда кечгани, фақат атрофдагиларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли фожеийроқ тус олгани романда ишонарли тасвирланган. Ўқирманнинг, эҳтимол, асар қаҳрамони ўша куни йўлга чиқмаганида ёки Жиззахга бошқа йўлдан келганида, ҳатто бошқа вақтда йўлга тушганида ҳам, у умуман Ғулистонга келмаслиги, у ердаги шаклланган одатий интизом бузилишига сабабчи бўлмаслиги мумкин эди тарзидаги ўйлари воқеалар тасвирига сирлилик ва шиддат бағишлабгина қолмай, асарга қадим романларга хос авантюристик руҳ ҳам беради.
Аҳмад Аъзам асарнинг бир ўрнида бош қаҳрамон тилидан: “…бошидан ўтмаганини ёзган ёзувчи ёзувчи эмас”,- дейди. Чиндан ҳам, Ғулистонда юз берган деярли барча воқеаларни кўпчилигимиз бошдан кечирганмиз.
Собиқ Иттифоқ таркибидаги барча республикаларнинг аҳолиси Ғулистондаги ғулийлар учун ўзига хос прототип бўлган дейиш мумкин. Асарда гўё йўл-йўлакай шунчаки эслангандай, тилга олинган: «Эсингиздами, бир вақтлар Тошкентнинг бинолари тепаси худди қизилга бўялганга ўхшар, одимда шиор, қадамда капэсэсга шарафлар, уларни кўриб кўрмас эдик, кўзимиз тушганининг ҳам бирортаси диққатимизни жалб қилмас эди. Бу ерда ҳам энди жуда бошқача чиройли безаклари бўлмаса, бошқаларига алахсимадим; одам кераксиз нарсаларга ҳам жуда ўрганар экан. Бизда ҳам, эсингиздами, илгарилари ҳаммасини партияга боғлар эдик. Тўй қилсак, икки ёшнинг боши қовушса ҳам, албатта, буни партиянинг ғамхўрлигидан деб, капеэсэсга шарафлар ўқиб, доҳийга раҳматлар айтар эдик. Худди болаларимиз ҳам марҳум доҳийнинг карами ва меҳрибонлигидан дунёга келгандек. Буларда ҳам, нима бўлмасин, занжир туфайли, занжирнинг тартиботи берган имконият сабабли, деб ёзилар экан» тасвири шу жиҳатдан диққатни тортади.
Романнинг ўзига хослиги шундаки, уни тўлиғича ижтимоий бадиият намунаси дейиш ҳам, ижтимоий муаммолар инсон руҳиятини очиш воситасигина бўлган асар деб санаш ҳам мумкин. Адибнинг эстетик манзара яратишда майда деталларни батафсил тасвирлаш усули ўқирманни ҳушёрликка, бирор тафсилотга бефарқ бўлмасликка, асарни синчиклаб ўқишга ундаб, унинг бадиий савиясини ўстиради. Романда қаҳрамон тушиб қолган иложсиз вазият китобхоннинг раҳмини келтириш учун эмас, тирик одамни яхши ва ёмон, кучли ва ожиз, эзгу ва ёқимсиз қирралари билан ҳаққоний кўрсатиш мақсадида тасвирланган. Умуман, қаҳрамонни ҳамиша ҳаракатда, ўзгаришда тасвирлаш, инсон шахсиятининг тинимсиз динамикасини унинг ўй-кечинмалари воситасида кўрсатиш А. Аъзам ижодига хос асосий хусусиятлардан биридир. Ўйчил, синчков, ҳаётдаги ҳамма ҳам кўра олмайдиган ҳолатларни назардан қочирмайдиган Аҳмад Аъзам бадиий сўз имкониятларидан усталик билан фойдаланиб, адабиёт ихлосмандларини ўзига тортувчи, миллий адабиётимизда ўзига хос ўринга эга асар ярата олган.
Бадиий ижод сиёсий, мафкуравий каби бўғовлар таъсирига тушганида, ўта жиддийлашади. Чунки у ўзидан юқорида турувчи бўғиннинг талабларига мослашган бўлади, юқорининг талаблари эса ҳамиша жиддийдир. Ижод эркинлашгани сари адабиётда лаззат, ўйин, киноя унсурлари кучайиб бораверади. Санъатнинг Х. Ортега томонидан пайқаб етилган “дегуманизация”лашуви, яъни ноинсонийлашуви айнан шу йўсинда намоён бўлади. Бу адабиёт зериккан бекорчиларнинг эрмагига айланганининг эмас, балки аслида ўзига хос бўлмаган ижтимоий, сиёсий, ахлоқий, фалсафий, мафкуравий ва ҳк. ортиқча юклардан қутулиб, одамнинг кўнгил товланишларидаги адоқсиз жилваларни акс эттиришга йўналтирилган ўз асл миссияси томон силжиётганининг белгисидир.
Бир пайтлар оммавийлик ва тушунарлилик ҳукмрон мафкура томонидан адабиётнинг асосий белгисига айлантирилганди.Ҳукмрон мафкурадан халос бўлган ижод бадиий адабиёт учун булардан муҳимроқ белгилар ҳам бор эканини кўрсатмоқда. Бу бадиий адабиётнинг хилма- хиллашувига имкон беряпти. Химла-хил адабиёт эса, шаксиз, хилма-хил шахсият шаклланишига хизмат қилади.