October 15

 Шодиқул Ҳамро. Унутилган озон пардаси (ҳикоя)

Йўқ, мурда тирилмади, тирик ўлди…Қабртошдаги ёзув. XIX аср

Кўплар қатори сен ҳам қалин асфальт ётқизилган энсизгина бу йўлакнинг оддий ва доимий бир йўловчиси эдинг: эрталаблари, сен шошилган кўйи шу йўлакдан ҳукумат маҳкамасига хизматга борар, кечки пайт руҳинг толиққандан имиллаб-имиллаб қадам ташлаганча яна шу йўлак орқали уйингга қайтардинг. Йўлак сен билан ҳаёт ўртасида солинган ягона кўприк эди, сен ҳар кун, ўзинг истайсанми ёки йўқми, барибир, ундан ўтиб‑қайтишга мажбур эдинг, зеро, бундан ўзга сен юришинг мумкин бўлган йўлакнинг ўзи йўқ эди.

Йўлак анча йил аввал, сен ҳали бу дунёга келмасингдан бурун солинган эди. Сен туғилганингда онанг ва отанг сени оппоқ чойшабга йўргаклаб шу йўлакдан олиб ўтишган, кейин тетапоя бўлганингда, биринчи марта мустақил қадам ташлаб йўлак орқали боғчага борган эдинг. Шундан буён деярли ҳар куни йўлакка пойи қадаминг тегиб келар, у қаттиққўл энагадай сени этагига солиб вояга етказган, илк чақалоқ йиғингдан тортиб шу кунга қадар бошингдан нималарни кечирган бўлсанг, барча-барчасининг унсиз шоҳиди эди.

Йўлакнинг шакли-шамойили, ўйдим-чуқурчалари, қисқаси, ундаги ҳар бир нуқта сенга ҳам ёд бўлиб кетган, агар кўзингни боғлаб қўйишган тақдирда ҳам адашмай‑нетмай, қоқинмай-туртинмай йўлакнинг у бошидан-бу бошига етиб олишингга шубҳа қилмасдинг.

Йўлакдан юриш баъзан сенга хуш ёқарди ҳам. Айниқса, уйдан ёки ишдан кайфиятинг кўтарилиб чиққан кезларда сен йўлакдан сакраб-сакраб қадам ташлаб ўтар, шунда у сени бахт сари олиб бораётгандай сирли ва жозибадор кўринарди. Аммо бахтга қарши бундай қувончли дамлар сенинг ҳаётингга интиқлик билан онда-сонда ташриф буюриб турарди.

Йўлакдаги ҳаёт — бу ерда йўловчилардан ташқари ҳам, муқим ўрнашиб олиб тирикчилик тебратадиган кишилар бор эди — сени бироз зериктирган, ҳатто гоҳида ғашингга ҳам тегарди. Лекин шунга қарамай сен эрталаблари, ўзингча «йўлак социбаси» деб ном қўйиб олган фаррош кампирга бош силкиб салом берар, сўнг йўлак адоғида ўтирадиган, афт-ангори исқирт тиланчи чолга ҳафтада бир-икки марта, шунда ҳам, агар чўнтагингда сариқ чақалар пайдо бўлиб қолса, хайр-садақа қилардинг.

Сен йўлакдан дам-бадам хаёлчан қиёфада ўтиб-қайтар, бу ўй-хаёлларинг қанчалик ғаройиб ва турфа хил бўлмасин, лекин ҳеч қачон айнан мана шу йўлак тўғрисида, уни ким, қачон қурган, деб сира ўйлаб кўрмаган эдинг. Бунинг устига, эҳтимол, йўлак остида қандайдир мўъжиза яшириниб ётгандир, бир кун келиб, бу мўъжиза юз кўрсатади-ю, ҳаммани ҳайратга солади деган ўй ҳеч қурса, шунчаки хомхаёл тариқасида ҳам сенинг хаёлларинг кўчасидан ўтмаганди. Сенга йўлакнинг ости худди унинг юзаси сингари таниш туюларди. Фақат кейинчалик бу ҳақида ўйларкансан, аҳволинг хароб ва забун бўлишига қарамай, ўзингга шундай қисмат насиб этганидан, оҳ, қандай мамнун бўлган, вужудингда кезинаётган қасосдай лаззатли ва тотли ҳисдан ўзингни тутолмай йиғлаб юборган ва шу баробарида узоқ йиллар йўлакни, йўқ йўлакни эмас, унинг остидаги мўъжизани топтаб келган оёқларингни чопиб ташлашга ҳам тайёр важоҳатга кирган эдинг.

Шаҳарга баҳор нафаси уфураётган кунларнинг бири эди. Сен ишдан қайтаётгандинг. Автобусдан бекатга тушиб қолганингдан сўнг, одатдагидай бекат тўсинига суяниб, тўрт қадамча нарида жойлашган гугурт қутисидай кичкинагина газета дўкончасидан оқшомги газета харид қилаётган кишиларни кузата бошлагандинг. Кўп ўтмай харид қилган газеталарига кўз югуртириб чиққан кишиларнинг ўша сенга таниш ҳангомаси эшитилиб қолганди: «Лаънатилар, яна ёлғон ёзишибди. Ахир, мен бу воқеа қандай рўй берганини ўз кўзим билан кўрганман-ку?! Бу ерда эса… тфу… «Жиғибийрони чиққан кўзойнакли киши қўлидаги газетани ғижимлаб-ғижимлаб ахлат қутисига улоқтирганди. Бошқа бири эса ёнидаги ҳамроҳига газета саҳифасидаги ниманидир кўрсатиб бурнини кинояли жийирганди. Ҳамроҳи унга жавобан масхараомуз кулиб:

— Шунақа-да энди, нима қиламиз, чидаймиз… — деганди.

Сен эса бекат тўсинига суянган кўйи улардан кўз узмай тургандинг. Шу пайт хаёлингда: «Кайфияти бузилган бу кишилар ҳозиргина ўзлари ахлат қутисига улоқтиришган шу газетада мен хизмат қилишимни билиб қолишса, нима қилишаркан?!», деган ўй пайдо бўлганди-ю рангинг оқариб, юрагинг ортга тортиб кетганди, йўқ, бу қўрқувга тушганингдан эмас, уятдан эди. Сен буларсиз ҳам газетанинг қадр‑қимматини, саҳифаларини тўлдириб турган жимжимадор мақолалар қай йўсинда ёзилишини яхши билардинг. Ўзинг ҳам газетадан қаттиқ жирканар, умрингни жаҳолат йўлига сарф этаётганингни редакцияда кечадиган ҳар бир дақиқа ҳис этиб, ич-этингни еб юрардинг. Аммо редакциядан ишдан бўшаб кетолмас, қандайдир мавҳум куч сени маҳкам тутиб турарди. Ким билади, балки бу ердан ишдан бўшаб, сўнг янги иш тополмай сарсон-саргардонинг чиқишини ўйлаб дамингни ичингга ютар, балки ўн йилдан бери навбатда турган ва яқинда тегиши керак бўлган уйдан маҳрум қилиб қўйишларидан қўрқиб, ишдан бўшаб кетолмас эдинг. Тўғриси, бу ҳақида ўзинг ҳам аниқ бир нарса билмасдинг. Гоҳида, ишдан ғазабинг қайнаганидан тутақиб-тутақиб уйингга қайтаркансан: «Эртадан бошлаб редакциясига қадамимни босмайман!», дея ўз-ўзингга сўз берар, аммо эртасига эрталаб, гўё кеча ҳеч нима бўлмагандай ва боз устига ишга кечикиб қолиб бош муҳаррирдан тағин танбеҳ эшитишдан чўчиб, шошилганча редакцияга жўнардинг.

Сенинг ҳаётинг мана шундай мужмал алпозда давом этиб келар, унинг чангалидан на тамоман халос бўлар, на унга буткул сингиб кетардинг.

Кўчада йўловчиларнинг қадами тийилиб, газета дўкончасини олди бўшаб қолганди. Ичкарида турган сотувчи чол туйнукчадан бошини амаллаб чиқарганди-да, у ёққа-бу ёққа харидор излаб аланглаб қарай бошлаган, сўнг кўзи сенга тушиб, беўхшов иршайиб қўйганди.

Шундан кейин сен уйингга кетиш учун йўлак томон бурилгандинг. Йўлак жим-жит, бир чеккада мук тушиб ўтирган тиланчи чол сени кўриб алланималар деб зорлана бошлаганди. Сен унинг қаршисидан ўтаётиб, азбаройи йиғлоқи овозига чидай олмай, беихтиёр қўлингни чўнтагингга узатиб, қўлингга илашган чақаларни юзига қараб ўтирмай хайр-садақа қилгандинг. Чол суюниб кетганди ва шу заҳотиёқ қоқсуяк қўлларни фотиҳага очиб дуо ўқишга тутинганди. Унинг лаби-лабига тегмай нелар деб жаврагани сенинг қулоғингга кирмаган, сен ўйчан нигоҳингни ерга қадаганча аста-секин кетиб борардинг — орадан йиллар ўтиб йўлак ўстида кечган мана шу лаҳзалар хаёлингдан қайта-қайта жонланар экан, нега ўшанда бир неча дақиқадан сўнг ҳаётингни тамоман бошқа изга солиб юборадиган мўъжизага Рўбарў келишингни сезмаганингни, ҳолатинг ҳам бошқача бўлмаганини ўйлаб ҳайрон қолардинг. Фақат энди — орадан талай йиллар ўтиб кетганидан сўнггина — буни ёқимли безовталик билан ҳис этар ва ҳозир ҳам ўзингга қисмат бўладиган мўъжиза билан юзма-юз келаётгандай, юрагинг туйғулар тўполонига тор келиб қоларди.

Сен чамаси йўлак ўртасига етиб қолгандинг. Шу чоғ кўзинг… йўқ, аввал йўлакнинг бўртиб турган ўрни диққатингни тортганди: сен — умринг бино бўлиб йўлак юзида бирор бўртиқ ёки шунга ўхшаш шикаст рехтани учратмаган, ҳар доим йўлак кафтимдай теп-текис ва сип-силлиқ деб ўйлардинг. Шу туфайли бўртиб чиққан жойга кўзинг тушиши биланоқ ажабланиб, юришдан тўхтаб, синчков разм солгандинг: йўлакка дарз кетиб, кичкина тирқиш пайдо бўлганини кўриб негадир юрагингга хавотир қўнганди, сен ён-атрофингга аланглзб, сўнг яна бошингни қуйи этгандинг. Бу сафар бояги тирқишдан сезилар-сезилмас кўзга ташланиб турган қандайдир дарахтнинг қизғишранг томирига кўзинг тушганди‑ю, дафъатан, қандай воқеа юз берганини тушунгандинг: йўлак остида қолиб кетган қандайдир дарахтнинг томири елкасидаги асфальтни ёриб юзага чиқиб келаётган эди… Сен бу ҳайратланарли манзарадан кўз узолмай қолгандинг. Ҳа, айтгандай, дастлаб сен «бу томир шу яқин орада ўсган биронта дарахтники бўлса керак», деган ўйга бориб, гирди-теварагингга изланиб қарагандинг. Лекин йўлакда бирор дов-дарахтнинг қораси кўринмай, фақат икки чеккада қайчиланиб бежирим қиёфага солиб қўйилган пакана бўйли буталарга кўзинг тушганди. Сен «бу томир, эҳтимол, шу буталарникидир», деган шубҳага бориб ҳам ўтирмагандинг, шўрлик буталарга ҳеч замон бундай бақувват томир битмаслиги сенга яхши маълум эди. Шундан сўнггина, елкасидаги асфальтни итқитиб юзага чиқиб келаётган томирни қанчалик қудратли эканини кўриб, чинакамига ҳайратга тушгандинг.

Шу кун хушнуд кайфиятда уйга кеч қайтгандинг.

Йўлакдаги номаълум дарахтнинг томири кишининг ақлу хаёлини ўғирлаб, сўнг ўз кўйида узоқ вақт асир қилиб қўядиган қандайдир ғаройиб сурат ёки шунга ўхшаш сирли нарса эмас эди. Томирнинг ҳақиқатан борлиги, асфальтни қирс-қирс синдириб ўзини тирик эканидан хабар бериши кўз ўнгингда содир бўлаётган эди, сен буни бошқача тушунишинг ёки кўриб кўрмасликка олиб, атай хаёлингни чалғитишинг мумкин эмас эди — чунки у ўз моҳияти-эътибори билан мўъжиза эди. Уни мўъжиза деб аташ унча тўғри бўлмас, чунки ростдан мўъжиза бўлганда кўп қатори сен ҳам бирдан ҳайратга тушар ва бу ҳайратинг икки кун, нари борса уч кунга чўзилар, кейин кўзларинг кўникиб, назарингда у оддий нарсага айланиб қоларди. Ахир, сен мўъжизалар асрида туғилиб яшаётган эдинг-да!

Дарвоқе, кунлар ўтган сайин ўзинг ҳам бу мўъжиза эмас, унутилган, аниқроғи, хўрланиб, ёвузларча шу кўйга солинган қисмат эканини англаб борардинг.

Томир ҳақида сенинг хаёлингда кечаётган ўй-фикрлар оддий эди. «Бу ерда бир пайтлар танаси қучоққа сиғмайдиган дарахт ўсган! — томир тўғрисидаги сенинг дастлабки ўйинг шундай эди — табиийки, унда мана бу йўлакдан ном-нишон бўлмаган. Кейин дарахтни кесиб, йўлак солишган… Ҳа, ҳа, айнан шундай, бу ердан йўлак ўтказиш учун дарахтни кесиб ташлашган. Балки, номаълум дарахтнинг яна турфа хил хислатлари бўлган ва бу нарса кимларнингдир аламини келтирган. Шунда улар йўлак ўтказиш зарурлигини важ қилиб, дарахтни танасига болта уришгандир, эҳтимол, бу йўлак — йўловчилар ўтиб-қайтиши учун солинган шунчаки йўлак эмас, аксинча, дарахтни кесган кимсаларни қотиллигини яшириб турган ниқобдир.

Дарахт ва йўлак. Қисқаси, сенинг томир ҳақида барча ўйларинг охироқибатда шу йўлакка келиб тақалаверарди. Шунинг таъсирида сенинг йўлак тўғрисидаги бурунги тасаввурларинг емирилиб, ўзгариб борар, йўлакдан ўтиб-қайтаётганда оёқларинг худди юзага чиқиб қолган ана у томирга ўхшаш бошқа томирни ҳам топтаб эзғилаётгандай сесканиб-сесканиб қадам ташлардинг.

Аслида-ку томирнинг ўзи ўз ўтмиши ҳақида сени кўп нарсалардан огоҳ этиши мумкин эди. Сен уни билакдай йўғонлигига, вужудида соғлом қон жўш урган кишининг юзидай қип-қизил пўстлоғига тикилиб туриб, томир ўз вақтида дарахтни тириклик суви билан таъминлаб турган жон томир саналган, — деб ўйлардинг — йўқса, у аллақачон ер остида чириб битган бўларди. Бақувватлиги туфайли ернинг қайсидир чуқур қатламидан бош кўтариб келяпти. Уни йўлга чиққанига эллик, балки олтмиш йилдан ошгандир…

Баъзан сен хаёлингда ялт этиб пайдо бўлган ўй таъсирида беихтиёр даҳшатга тушиб қолар, бу ўй ғайришуурий туюлса ҳамки, ўзингда уни инкор этадиган куч сезмасдинг. «Эҳтимол, бу томир ҳам асфальт остида қолиб кетган мурдалар суягидан ўсиб чиққандир?!» деган фикр ҳам сени худди шундай кўйга солган эди. Кўп йил аввал хорижлик бир ёзувчининг шундай воқеа тасвирланган ҳикоясини ўқиган эдинг. Ҳозир у ёзувчининг исм-шарифи ва ҳикоянинг тўла баёни ёдингда қолмаган, фақат ундаги «йиллар ўтгандан сўнг, бир пайтлар исён кўтаргани учун мустабид ҳукмдор томонидан темир ғилдиракли машиналар остига ташланиб янчилган, кейин устига қора асфальт тортилган кишилар суягидан дарахтлар ўсиб чиқди», деган лавҳа хотирангда маҳкам ўрнашиб қолган эди. Ўшанда, ҳикояни ўқий туриб, сен бу фикрга мутлақо қўшилмаган, «ёзувчининг шунчаки хаёлоти…» деб қўйган эдинг. Ҳақиқатан, мурдалар суягидан дарахт ўсиб чиқишини қандай қилиб тасаввурга сиғдириш мумкин?! Аммо сен йўлакдаги томирга тикилиб туриб, бир пайтлар «хаёлпараст», деб атаган хорижлик ёзувчига энди ўзингни руҳан яқин ҳис этар ва мурдалар суягидан дарахт ўсиб чиқиши мумкинлигига ишониб турардинг.

Номаълум дарахтни ким, қачон ва нега кесган, бу томир чиндан марҳумлар суягидан ўсиб чиққанми, деган саволларга сен барибир тайин жавоб тополмас, бу сенинг назарингда худди тили кесиб ташланган кишидан, тилингни ким кесди? деб сўрашга ўхшарди. Бора-бора, сен бундай жумбоқ саволлар билан хаёлингни ортиқ чалғитмай қўйдинг, энди сенга «дарахт қандай қиёфада бўлганкан?» деган ўй тинчлик бермай қўйганди. Сен дарахт, шубҳасиз, улкан ва забардаст бўлган, деб мулоҳаза қилардингу лекин бу қиёфани тасаввурингда жонлантиролмас, ўй-хаёлларинг қанчалик чуқур ва кенг бўлмасин, бу кўнгил истагингни суратини чизолмай тўзғиб кетарди. Бироқ ҳали олдингда ўша номаълум дарахтнинг айнан ўзини кўриш учун имкон бор эди. Офтоб тафтида томирнинг бадани қизиб ниш отаётганди…

Сен томир тўғрисида бирор кимсага лом-мим деб оғиз очмаган, юрагингни тўлқинлантирган барча қувончу ташвишингни ичингга сиғдира олгандинг. Бусиз ҳам томир йўлакни ёриб юзага чиққанидан бошқалар хабар топиши ҳеч гап эмас эди, чунки йўлакдаги дарз кенгайиб, ариқча шаклини олган ва томир шундоққина кўзга ташланиб қолганди. Ким билади, эҳтимол яна кимдир сен каби уззу кун томир ҳақида ўйлар ва у ҳам ниҳол униб чиқишини сабрсиз кутиб юргандир. Аммо, томир тепасида ўзингдан бошқа кимсага кўзинг тушмаган ва бундай ўй хаёлингга ҳам келмаган эди.

Томир отган ниш аста-секинлик билан бўй чўзиб, ниҳолгача айланиб бораётган кунларнинг бирида, томирни яна кимдир кузатиб юргани сенга ўз-ўзидан маълум бўлиб қолди. Бу воқеа, сен қаёқдандир ярим қопча тупроқ топиб келиб, томирнинг устини беркитиб қўйган туннинг эртаси куни рўй берди. Томир устига тупроқ солишдан мақсадинг, униб чиқаётган ниҳолчани ўйлаб шундай қилгандинг. Бунинг устига йўловчиларнинг кўз ўнгида унинг очиқ ётиши кейинги кунларда кўнглингда турли хил шубҳалар уйғотаётган эди.

Сен эрталаб тупроқ билан беркитилган томир қаршисидан ўтаркансан, уни ишончли қўлларга топшириб кетаётгандай кўнглинг буткул хотиржам тортган эди. Кун бўйи сен томир тўғрисида деярли ўйламадинг. Ишдан ҳам ҳар кунгидан кеч қайтдинг. Автобус сени бекатга ташлаб кетган пайтда кўчада ҳеч кимнинг қораси кўринмас, газета дўкончасининг эшигида муштдай қулф осиғлиқ турарди. Сен бекатда тўхтамай йўлак томон юрдинг ва йўлакка ҳали биринчи қадамингни ташламай туриб, йўлак ўртасидаги ғилдирак босқони минг пудли асфальт ётқизадиган машинага ва уни атрофида ўралашиб юрган қизил нимчали йўлтузатувчиларга кўзинг тушди-ю, қўққисдан мушт егандай хаёлинг остин-устун бўлиб, гандираклаб кетдинг. Сен шу заҳотиёқ йўлтузатувчиларга қараб «Тегманглар!» дея қичқириб, сўнг ўша томон югурмоқчи бўлдинг, аммо қаттиқ қўрқиб кетганингдан нафасинг ичингга тушиб, овозинг чиқмай қолди, оёқларинг ҳам ўзингга бўйсунмай, худди тушдагидай ўрнингда типирчилай бошладинг. Қанча пайт ўз-ўзинг билан овора бўлиб қолганингни билмайсан, ҳушинг пича жойига келганда, асфальт ётқизадиган машина йўлакни банд этиб кетиб борар, унинг орқасидан белкуракларини елкаларига ташлаб олишган йўлтузатувчилар эргашишган ва уларнинг ортида ҳозиргина тўшалган бир парча қора асфальт қорайиб турарди.

Сен қачонлардир шундай воқеа рўй беришини мутлақо кутмаган, аниқроғи, ниҳол униб чиқаётган томир устига асфальт ётқизишга ҳеч ким журъат қилмаса керак, деган ўй билан ўзингни овутиб юрардинг. Сен хато ўйлаганингни, беҳудага кўнглингга таскин-тасалли бериб келганингни энди тушуниб етгандинг, бироқ кеч тушуниб етгандинг. Шундай бўлишини аввалроқ билган тақдирингда ҳам нима ўзгарарди?! Сенга ва томирга ким ҳам шафқат қўлини чўзарди?! Ахир сен йўлакни оддий бир йўловчиси эдинг-ку?! Йўлак сенинг изму-ихтиёрингга бўйсунмас, истак-хоҳишинг, юрагингнинг уриши билан ҳисоблашмас эди-ку?! Мана бу гал ҳам оқибат шундай тугади-ку! Томирни кашф этган кундан бери сенинг кўнглингда неки шаффофлик қанот ёзган бўлса, барчасига қора асфальтдан тамға босилгани ростку?! Энди сезяпсанми, қора аждарҳодай узала тушиб ётган бу йўлакнинг макру маҳобатини?!

Сен ҳали тафти совумай нафасни бўғадиган бадбўй ҳид анқиб ётган бир парча асфальт устидан тун алламаҳал бўлганда уйингга қайтдинг. Бу ҳали муқаррар мағлубият аломати эмасди. Томир сени юрагингга кўчиб ўтиб чуқур илдиз отган ва энди тақдирга тан бериб, бурунгидай бепарво яшаб кетишингга йўл қўймас эди. Сенинг томирларингда ғазабнок қайноқ қон гупуриб, вужудингни ўч олиш ҳисси чулғаб олганди. Сен уйингга етиб келибоқ қазноқда занг босиб ётган болтани олиб, яна йўлак томон кетдинг.

Сен тунда бирон тирик зоғга сездирмай амалга оширган режанг ҳам бундай натижа билан тугашини кутмаган эдинг. Ўша кун эрталаб уйингдан чиқиб, йўлак томон югурганингда томир тепасида тўрт-беш киши тўпланиб туришар эди. Сени сезилар-сезилмас рангинг оқариб, оёқларингга қалтироқ кирди. Сен «сезиб қолишмадимикин?!» деган хавотир билан тўпланиб турган йўловчиларга яқинлашдинг. Улар сенга шунчаки кўз қирини ташлаб олишиб, сўнг эътибор ҳам беришмади. Мешдай қорин солган девсифат киши сочилиб ётган асфальт парчаларини ёнидагиларга кўрсатиб, асабийлашиб гапирарди.

— Бадният кимсалар ҳам кўп дунёда, йўлакни бузиб нима заруракан?! Кечагина шу ерга асфальт ётқизиб кетишганди. Бугун яна бузиб кетишибди — деди у.

Қолган йўловчилар «биз ҳам ҳайронмиз», дегандай елка қисишиб, жим туришар, гўё улар кўришмаётгандай, томир тўғрисида гапиришмасди.

Сен, тун бўлганига қарамай, томирга зиғирча зарар етказмасдан асфальтни қўпориб ташлаганингни кўриб, қизарганча, мийғингда мамнун жилмайиб қўйдинг.

Шу кундан эътиборан сен билан йўлтузатувчилар ўртасида пинҳона ўйин бошланди. Сен болта билан асфальтни қўпориб ташлаган туннинг эртаси куни қаердандир хабар топган йўлтузатувчилар, томир устига қайтадан асфальт тўшаб кетишган эди. Сен ишдан қайтаётганнингда, йўлак бошида турибоқ буни сездинг, бироқ ўтган галгидай ўзингни йўқотиб қўймадинг, оғироғир қадам ташлаб янги тўшалган асфальтга яқинлашдингу тўхтамамадинг, шошилиб йўлингда давом этдинг.

Дарвоқе, энди бошқача йўл тутишинг, масалан, тунда амалга оширган режанг ҳам чиппакка чиққанини кўриб, янги чора излашинг мумкин эди. Аммо сен бу тун ҳам айнан шу йўлни танладинг. Сен ўзинг сезмаган ҳолда йўлтузатувчиларга қасдма-қасд иш тута бошлаган эдинг. Сен толиқиш ёки қўрқув шарпасини сезмай қўйган эдинг.

Йўлтузатувчилар ҳам худди келишиб олишгандай ҳар кун йўлакка келиб-кетишни канда қилишмас эди.

Ҳаммани ҳайратга солиб қўйган бу пинҳона ўйин беш марта такрорланди. Сенинг ҳали-бери бас қилиш ниятинг йўқ, аксинча, кун сайин фикринг қатъийлашиб борар, баъзан, «токи улар ниятларидан қайтишмас экан, мен ҳам асфальтни бузишдан тўхтамайман!» деб ўз-ўзингга сўз бериб қўярдинг.

Сенинг ҳар доим ўзингдан кўнглинг тўқ эди. Тунлари ими-жимида йўлакка бориб-келар, эрталаблари эса йўловчилар сингари «нималар бўлаяпти ўзи, ҳеч нарсага тушунолмай қолдим?!» қабилида ўзингни гўлликка солардинг. Фақат томирдан кўнглинг нотинч эди. Ҳозирча йўлтузатувчилар сени томир учун асфальтни бузаётганингни сезишмаган чоғи ҳали томирга тегишгани йўқ, мабодо сезиб қолишгудай бўлса, ҳеч иккиланмай шартта кесиб ташлашлари аниқ эди. Ким билсин, эҳтимол, аллақачон сезишган, аммо уларга томирдан кўра сени қўлга тушириш муҳимроқдир. Қўлга туширишганларидан сўнг, томирни кесиб ташлашни мўлжаллаб қўйишгандир. Улар қандай ниятда эканлиги сенга қоронғи эди.

Тунда сенинг йўлакка қатнашинг оғир кечадиган бўлди. Афтидан, улар сенинг изингга астойдил тушишган кўринади, йўлакни тунлари назоратчи қўриқлаб чиқадиган бўлди. Тунда йўлакда йўловчилар юриши ҳам таъқиқлаб қўйилди. Ҳақиқатан ҳам сен учун хатарли дамлар бошланган, салгина эҳтиётсизликка йўл қўйиш бошингга муқаррар фалокатни етаклаб келарди. Шундай вазиятда ҳам сен икки марта назоратчиларни доғда қолдириб йўлакни бузйшга муваффақ бўлдинг. Шундан сўнг йўлакдаги ваҳимали миш-мишлар баттар авжга минди. Тунги назоратчилар сафига яна икки киши келиб қўшилди — энди улар тўрт нафар бўлишди.

Аксига олиб, бу тун лаънати назоратчилар йўлак бўйлаб у ёқдан бу ёққа юриш ўрнига томир атрофида туриб олганча алланималар тўғрисида шивир-шивирлаб, бамайлихотир тамаки тутатишарди. Сен аллақачон томир яқинига етиб келиб йўлак четидаги буталар орасида болтани кўксингга босганча пусиб ётардинг. Вақт имиллаб ўтар, кутавериб нафасинг димиқиб кетди, аламингдан ичингда асабий сўкиниб-сўкиниб қўярдинг. Ҳаётинг қил устида тургандай хавфли бўлишига қарамай, асфальтни қўпориб ташлай туриб уйингга қайтиб кетишни хаёлингга келтирмас, назарингда, агар бу тун йўлак бузилмай қолса, сен ҳамон ўзингни устун санаб келаётган бу ўйинда бирваракайига ҳамма ютуқларингни бой бериб, мағлуб бўлишинг муқаррардек туюларди. Шу боис тишингни‑тишингга босиб назоратчилардан кўз узмай ётардинг.

Машриқ ёришиб, тонг отиб кела бошлади. Йўлакда уйқудан уйғониб уйидан чиққан бир-икки йўловчининг қораси кўринди. Назоратчилар ҳам ўринларидан қўзғалишди. Улар иккига ажралишиб йўлакнинг икки томонига қараб юриб кетишди. Сен улардан кўз узмай ётардинг. Назоратчилар ортларига қарамай кетиб борар, улар бирбирларидан чамаси ўттиз қадамча узоқлашган пайт, сен болтани кўтариб ўрнингдан турдинг ва лип этиб йўлакка ўтиб, асфальтни кўчираркансан, икки кўзингни назоратчилардан узмас, «ҳозир сезиб қолишади!», деган ўйдан юрагинг ола-тасир уриб, пешонангдан совуқ тер ёғилиб келарди. Назоратчилар ҳеч нарсани пайқашмади, шекилли, пинак бузмай кетиб боришарди.

Асфальт остидаги томир кўзга ташланиб қолгандан сўнг сен назоратчиларни кузатмай қўйдинг, энди сезиб қолишган тақдирда ҳам, бир амаллаб қочиб қутулишга кўзинг етарди. Муҳими, бу тун йўлак бузилган ва сен тезроқ бу ердан кетишинг керак эди. Бир неча дақиқа муқаддам сенинг ўзинг ҳам буни кўнглингга тугиб қўйгандинг. Бу ерда кечаётган ҳар бир дақиқа сени хавф-хатар чангалига етаклаб бориши аниқ эди. Аммо сен бир зумда ҳамма-ҳаммасини — ҳаётинг таҳлика устида турганию ҳадемай тутиб олишлари мумкинлигини унутиб қўйган, бояги жонсарак қиёфанг фавқулодда ўзгариб вазмин тортиб қолгандинг. Сен ерга тиззалаб ўтирган кўйи баданига асфальтнинг қора нуқси уриб қолган томирга маҳлиё бўлиб тикилардинг.

Сенинг хаёлларингни қандай сеҳр-жоду ўғирлаб қўйди?! Ахир, сен ҳозироқ бу ердан жўнаб қолиш зарурлиги ва бу ўйин эртага ҳам давом этишини яхши билардингку?! Йўқ, қилт этмасдинг, сажда қилаётгандай шу алпозда ўтириш сенинг ўзингга ич-ичингдан ёқар ва узоқ-узоқ ўтиргинг келарди.

Эвоҳ! Ушбу ғафлат дақиқалари сени ёсуман кампирдай авраб фалокат чоҳига олиб тушган бўлса ҳамки, кейинчалик бу ҳақида ўйлаб ҳеч қачон афсус чекмаган эдинг. Нега эканини ва томирга тикилиб шууру-руҳиятингда нималар ўтганини ўшандагидай ҳозир ҳам аниқ изоҳлаб беролмас, фақат шу ўтиришинг ҳамон барча-барчасидан афзал туюлар, ўшанда бундан ҳам даҳшатлироқ хавф бошинг устига соя ташлаб турганини билганингда ҳам ўрнингдан қимир этмаслигингга қаттиқ ишонардинг…

Икки киши сени икки мушагингдан туртиб ўрнингдан турғазишгандан сўнг, ҳушинг ўзингга келди. Шунда ҳам, икки ёнингда турган кишиларга бошингни ўгириб қарамадинг, нигоҳингни ҳамон томирдан узмасдинг. Бир зумда йўлак йўловчилар билан тирбанд бўлиб кетди, тўпланганлар бўйинларини чўзиб, шунча кундан буён ҳаммани ҳайратга солиб келган сирли шахс — яъни сенга ва оёқларинг остида ётган болтага қизиқсиниб тикилишар, бир-бирларига «ахийри қўлга тиширишибди, азаматлар», «тунлари йўлакни бузадиган шу ғаламис экан-да», деб шивирлашишарди.

Кўп ўтмай чинқираб овоз берганча машина етиб келди. Икки назоратчи сени машинага олиб чиқишди. Сен тахта ўриндиққа чўкиб, юзига темир панжара ўрнатилган туйнукчадан бояги важоҳати ўзгариб, энди сенга ачиниб қарашаётган йўловчиларга киприк қоқмай тикилдинг. Ушбу дамда хаёлингни банд этган ўйларни мабодо ошкор этсанг, ана у йўловчилар сени «эси оғиб қолган ғирт жинни»га чиқариши ва «шу туфайли йўлакни бузиб юрган экан-да» дейиши аниқ эди. Сенинг шуурингда кезинаётган ўйлар тонгда фаришталар чайиб кетган гўдак юзидай пок-покиза эди: сен гўзаллик тўғрисида ўйлардинг. Ўзингнинг ҳозирги ҳолатинг, сўзлашинг, кўз қарашинг, юрагингни уриши, хуллас, буткул қиёфанг сенга гўзал бўлиб туюларди. Ҳаётингни мана шу дақиқаларидагина гўзаллик ёвузлик чангалига тушганида янада гўзалроқ тус олишини дафъатан англаб етган эдинг…

“Ёшлик” журнали, 1990 йил 7-сон