Шоира Санобар Фахриддинова ҳаёти ва ижоди ҳақида...
Санобар Фахриддинова — 1957 йилнинг 19 март куни кўҳна Кеш - Шаҳрисабзда зиёлилар оиласида таваллуд топган. Отаси Низомхон Фахриддинов - Қашқадарё вилояти туманларида ички ишлар бўлимлари бошлиғи, кейинчалик Шаҳрисабз шаҳрида савдо тизими бош тафтишчиси (ревизор), онаси Саида Турдибек қизи - Қарши шаҳрида жиноят ишлари бўйича судда ижрочи, кейинчалик Шаҳрисабз шаҳри савдо тизимида хизмат қилишган. Оилада уч ўғил, уч қизнинг тўртинчиси бўлган Санобар болалигидан адабиётга, шеъриятга қизиқди. Аслида ўз даврининг шоиру замони бўлган бобоси Турдибек Мирзо (Бухоро хони мирзоси, шўролар томонидан қатл қилиниб, китоблари ёқиб юборилган)нинг хислатлари 10 ёшли қизалоқда бўй кўрсата бошлаган. “Ўқитувчимга” номли илк ёзган шеъри “Ленин учқуни” (ҳозирги “Тонг юлдузи” ) газетасида босилганида Санобар 3-синфда таълим оларди. Волидаси Саидахон ая қизидаги интилишни кўриб, унга достонлар, шеърий китоблар олиб келиб берар, шунингдек, адабиёт, мусиқа тўгаракларига олиб бориб келишдан эринмасди...
Санобар мактабда ҳам пешқадам ва аълочи, фаол ўқувчилардан бўлиб, мактаб ёшлар кенгаши раиси ҳамда ҳафталик деворий газета муҳаррири эди. Адабиёт, химия ва физика фанларидан ўтказиладиган олимпиадалар ғолиби бўлиб келган. 1974 йили адабиёт фани бўйича илк марта Самарқандда ўтказилган республика олимпиадасида юқори ўринга лойиқ, деб топилган. 1974 йили шаҳардаги Қори Ниёзий номидаги мактабни аъло баҳоларда якунлаб, Миллий Университетнинг журналистика куллиётига ўқишга кирган. Университетда ҳам ёшлар кенгаши аъзоси ва факультет газетасининг муҳаррири бўлган Санобар Фахриддинова қатор илмий ишлари билан собиқ иттифоқ олийгоҳлари талабаларининг Ленинградда ўтказилган илмий анжуманларида қатнашишга муяссар бўлган. 1979 йили у олийгоҳни имтиёзли диплом билан тугатиб, университет йўлланмаси билан Ўзбекистон Шарқшунослик илмий текшириш институтида ходим бўлиб иш бошлаган. 1982 йилда эса “Гулхан” журналининг хатлар бўлими ходими бўлиб хизмат қилган. 1985 йили «Ёш куч», 1986 йили «Саодат» журналларида бўлим бошлиғи, 1994 йили Ўзбекистон телерадиоканалида сиёсий шарҳловчи, катта муҳаррир, 2003 йили “Оила ва жамият” газетасида муҳаррир ва шунингдек, “МАТБУОТ РИВОЖИ” масъулияти чекланган жамиятнинг Бош директори лавозимларида фаолият кўрсатган. Айни пайтда “Жоним фидо” китобининг тўртинчи серияси устида ишлаяпти...
Шоиранинг қатор шеърий тўпламлари чоп этилган. Унинг юзга яқин шеърлари республикамизнинг таниқли санъаткорлари томонидан куйланиб, уларнинг кўпчилиги «Йилнинг энг машҳур қўшиғи» деган номга сазовор бўлганлиги ҳам Санобарнинг халқчил шоира эканлигидан далолат бериб турибди. У “Бир даста гул”, “Тонгда келган фаришта”, “Умидли дунё”, “Кўнгилга ўғри тушди”, “Юрак, сенга ишондим”, “Наволарга кўчган ҳисларим” яна бир қатор шеърий тўпламлар ва “Жоним фидо” бешта публицистик тўплам китобларининг муаллифи. Москва, Латвия, Литва, Полша, Венгрия, Чехословакия, Болгария мамлакатларининг "Шоиралар баёзи" да шеърлари чоп этилган.
Унинг шеърларида ҳаётий ҳақиқатларнинг образли ифодасини кўрасиз, таъсирланасиз, тилингизнинг учидаги гапингизни топгандай, дардингизга малҳам суртгандай бўласиз. Сўзлар оҳанггига берилиб унга эргашасиз, роҳатланасиз. Санобар - ҳаёт ошиғи, «шеърни суйгич кўнгиллар» дўсти, яхшининг, яхшиликнинг фидоси... Унинг сатрларида туйғуларининг самимий ва рост акси мужассам. Шоиранинг ютуғи ҳам шунда.
Санобар Фахриддинова Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси. Унинг меҳнатлари «Ўзбекистон ижодкор аёллар уюшмаси»нинг «Атиргул» мукофоти, "Меҳнат фахрийси" медали ҳамда ҳукуматимизнинг «Мустақилликнинг 15 йиллиги» нишони билан тақдирланган.