Биби Робиаъ Саидова. «Рўё»… антиутопик асар
Биби Робиаъ Саидова 1991 йилда Урганч шаҳрида туғилган. ЎзМУ филология факультетининг магистратурасини тугатган. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети докторанти.
2014 йили «Парвоз» номли, 2019 йили «Какку овози» номли ҳикоялар китоби ҳамда 2018 йили адабий-бадиий мақолалардан иборат «Ақл ва руҳ баҳси» номли китоби чоп этилган.
Аҳмад Аъзам “Рўё ёхуд Ғулистонга сафар” романининг бошламасида “…қанақа асар бўлиб чиқишидан қатъий назар, қисса дейманми, рўмонми ё кузатувларми, балки сафар таассуротларидир, ўқиб чиқсангиз, ундаги воқеалардан воқиф бўлсангиз кифоя”, деб асар жанрини хоҳлаганидай белгилаб олишни ўқувчининг ўзига ҳавола қилади. Гарчи биз асардан юқорида тилга олинган жанрларнинг кўпгина хусусиятлари синтезини кузатсак-да, унинг бадиий кўлами, шахс ва жамият муносабатларининг вақт нуқтаи назаридан катта бир даврни қамраб олганлиги ва ниҳоят ғоявий-фалсафий юки жиҳатидан роман деб қабул қиламиз.
Қолаверса, адабиётшуносликда роман жанри учун истифодада бўлган бироз умумий ва анъанавий ўлчамлар талабларига ҳам жавоб беради. Яъни: “Роман (франц. roman) — насрий асар жанри; муайян шахс ёки бир неча шахснинг шаклланиш ва камол топиш жараёни бадиий макон ва замонда тасвирланган асар. Роман ўрта асрларда роман тилларида ёзилган ҳар қандай асарни англатган. Романда шахс ва жамият ҳаёти бир-бирини инкор этмайдиган маълум маънода мустақил олам сифатида таҳлил ва талқин этилади. Худди шу нарса роман жанри мундарижасининг ўзига хослигини белгилаб беради. Муайян шахс тақдирининг оилавий-маиший, миллий, ижтимоий, маданий ва тарихий муҳит билан ўзаро узвий алоқада тасвирланиши роман жанрининг кўлами ва ғоявий-бадиий қимматини намойиш этади. Роман жанри марказида бош қаҳрамон образи туради. Бу бош қаҳрамон тақдири унинг жамиятда тутган мавқеи билан ҳар доим ҳам муштарак бўлавермайди. Аксинча, инсон ўз тақдирига нисбатан катта ёки инсоний фазилатларига кўра кичик бўлиши мумкин. Бинобарин, у билан унинг тақдири ёки жамиятдаги мавқеи ўртасида муайян зиддият бўлади ва худди шу зиддият роман жанрининг мундарижасини — сюжет чизиқларини ҳаракатлантириб туради. Бош қаҳрамоннинг шахс сифатидаги фазилатлари ана шу жараёнда, бошқа қаҳрамонлар билан муносабатида, курашида очилади. Бу муносабатларнинг кескинлиги ва бош қаҳрамон учун фожиали хотима билан тугаши ёки уларнинг енгил ва ҳажвий оқимда кечиши романнинг эпик жанр сифатидаги ўзига хос хусусиятларини белгилаб беради. Ҳар иккала ҳолатда ҳам бош қаҳрамон билан жамият, муҳит ёки урф-одат ўртасидаги зиддият ва кураш ўзида даврнинг ижтимоий ҳамда маънавий-ахлоқий муаммоларини қанчалик ёрқин ифодаласа, романнинг бадиий қиммати ва ижтимоий аҳамияти шунчалик катта бўлади…”1
Хўш, бу роман экан, энди у романнинг қайси типига киради, деган савол пайдо бўлиши табиий. Роман назарияси асосчиларидан бири М.Бахтин таснифлаган олти хил роман типига хос хусусиятларнинг элементларини “Рўё…”дан топиш мумкин. Умуман, М.Бахтиннинг ушбу заррабини орқали хоҳлаган романни назардан ўтказса, албатта бировида кўпроқ, бировида камроқ ўша типларга хос адабий-бадиий элементлар мавжуд эканлигига гувоҳ бўламиз. Аслида бундай таҳлил ҳар бир одамни текшириб, танасида ДНК борми-йўқлигини аниқлашга ўхшаб кетади.
Дастлаб, бизни қизиқтирган бошқа масала – бу роман бадиий адабиётнинг қайси адабий услубига мансуб, деган саволга тўхталиб ўтамиз. А.Камью “Исён ва услуб” мақоласида: “Воқелик ва хаёлот – бир бу-тунликнинг ажралмас қисмларидир. Санъаткор воқеликдан танлаб олган унсурларни бадиий тил ёрдамида хаёлот билан уйғунлаштирувчи ва у яратган бадиий дунёнинг тугал бўлишини таъминловчи восита – услуб деб аталади”, дейди. Адабиётшуносликда мактаб, йўналиш, ҳатто жанр деб турли хил номланадиган романтизм, реализм, модернизм, постмодернизм, дедектив, фантастика каби услублар қаторида утопик ва антиутопик ус-лублар ҳам мавжудлиги маълум.
Олдимизга қўйган саволга жавоб бериш учун аввало, утопик ва антиутопик услублар хусусиятларини ойдинлаштириб олиш зарурати бор. Маълумки, утопия бадиий адабиёт йўналиши ёки жанрининг номи Томас Морнинг 1516 йилда ёзилган “Утопия янги ороли ва олий давлат қурилиши ҳақидаги фойдали ҳамда қизиқарли олтин китоб” асаридан келиб чиққан. Юнон тилида – “мавжуд бўлмаган жой”, деган маънони беради. Луғатларда бу йўналиш илмий фантастикага яқин, муаллиф нуқтаи назарига кўра олий жамият шаклининг тасвири, хаёлий уйдирма, амалга ошмайдиган орзуларни ифода этувчи асар, деб таърифланади.21Утопик асарлар муаллифларнинг ўзи яшаб турган жамият аҳволидан, қонун-қоидаларидан, ижтимоий муносабатлардан қониқмаслиги ва уларни идеал даражада
кўриш истагидан пайдо бўлади. Бундай истак эса жамият таназзулининг умуммиқёс кўлам олганлигини англаб етишдан туғилади. Утопик асарларда анъанага кўра хаёлий мамлакатга бориб қолган ровий тилидан гапириш шарт ҳисобланади. Жамиятни ўзгартиришнинг илмий ва назарий методлари таклиф қилинмайди, жамиятнинг тасаввурдаги мукаммал шакли баён қилинади. Албатта маънавий-ахлоқий масалаларга – фан, санъат, тарбия, қонунчилик, маданиятнинг бошқа кўринишларига алоҳида урғу берилади.
Ғарбда дастлабки утопик асарлар муаллифи Платон ҳисобланса-да, утопия адабий йўналиш сифатида Уйғониш давридан бошлаб шаклланган. Машҳур бўлган асарлар сифатида қуйидагиларни санаб ўтиш мумкин: Кампанелланинг “Қуёш шаҳри”(1623) асарида хусусий мулк ва оила тушунчаси бўлмаган олий жамоа, у ерда давлатни бошқарувчи табақа томонидан фан ва маърифат ривожи қўллаб-қувватланиши, болалар тарбия қилиниши, тўрт соатлик иш куни назорат қилиниши ҳақида денгиз сайёҳи тилидан ҳикоя қилинади; Ф.Бэконнинг “Янги Атлантида”си (1627) “Сулаймон уйи” деб номланган донишмандлар йиғини томонидан бошқариладиган Бенсалем хаёлий мамлакати ҳақида; С.Сирано де Бержеракнинг “Бошқа дунё ёки ойдаги давлатлар ва империялар” (1657) асари Ойдаги утопик давлатга саёҳат ҳақида; Д.Вераснинг “Северамблар тарихи” (1675-1679) китоби кема ҳалокати туфайли Сиден номли капитаннинг хусусий мулкчилик ва солиқлар нималигини билмайдиган Северамб мамлакатига бориб қолиши ҳақида. 18-асрда Мореллининг “Табиат кодекси” (1755), 19-асрда Э.Белламининг “Юз йилдан сўнг”(1888) ва У.Морриснинг “Ҳеч қаердан хабарлар” (1891) романлари машҳур бўлди. 1898 йилда биринчи утопик драма – Эмил Верхарннинг “Тонглар” драмаси пайдо бўлди.3 16-асрдан 19-асрга қадар дунё утопик адабиёти хазинасига мингдан ортиқ асар қўшилган. Кейинчалик ҳам утопик адабиётга қизиқиш сўнмаган. Масалан, 20-асрнинг 1-ярмида 300 дан ортиқ утопик асарлар майдонга келди, биргина Англия ва АҚШда 1887 йилдан 1900 йилгача 50 дан ортиқ утопик асар ёзилган.24
Шарқда эса утопик асар элементларини одил шоҳ, доно вазир ҳақидаги эртак ва афсоналарда кўрамиз. Утопик йўналишдаги шоҳ асар Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри” китобидир.
Мавзумиз нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, утопик асарларда шахс ва жамият манфаатлари бирлашиб кетган, шахс орзу умидлари, руҳий озодлиги, интилишлари билан комил жамиятнинг тутуми, мақсадлари ягона бўлган хаёлий мамлакатни кўрамиз. Бундай асарлар инсонни ўз-ўзини, яшаб турган муҳитини тафтиш қилишга, фикрлашга, одам ва олам комиллигига эришишга ундайди.
Антиутопик асарларда эса шахс ва жамият манфаатлари айро, шахснинг орзу умидлари бўйсуниш ва хато қилмасликдан иборат, руҳий озодлик ёки шахсий фикр деган тушунчалардан мосуво, мустабид жамият ва унинг тутумларини бахт деб қабул қилишга кўниктирилган. Қизиғи шундаки, утопик йўналишга пародия сифатида юзага келган антиутопик асарлар ҳам инсонни ўзидан, яшаётган муҳитидан огоҳ қилади, қўрқувни енгишга, комил шахс ва жамият ҳақида тафаккур қилишга ўргатади.
Албатта антиутопиянинг утопиядан кескин фарқ қиладиган жиҳатлари кўп. Юнон тилида “ҳеч қаерда йўқ жой” маъносини берадиган антиутопия олий жамиятнинг акси бўлган мустабид тузум, тоталитар жамият ёки давлат тасвирланадиган адабий йўналиш ҳисобланади. Антиутопияда бўлиши ҳеч қачон орзу қилинмайдиган, ўйлаб топилган, хаёлий мамлакат акс эттирилади. Антиутопик олам шундай мантиққа қуриладики, инсон ҳеч қачон шахс ҳисобланмайди, унга ижтимоий қурилманинг бир унсури сифатида қаралади. Инсондаги “Мен” туйғуси ўчириб ташланади, ўрнига “Биз” пайдо қилинади. Агар утопистлар инсониятга ижтимоий ва ахлоқий фожелардан халос бўлиш, покланиш йўлини кўрсатсалар, антиутопия “умумий бахт-саодат” учун инсондан қандай қурбонликлар талаб қилиниши борасида ўқувчини тафаккур қилишга ундайди.15 “Антиутопияда эрксизлик ва зулм ҳукмрон бўлган жамият олами, шу жамиятнинг қонунларини ўзида синаб кўрган инсоннинг ҳис туйғулари орқали очиб берилади, антиутопиядаги энг муҳим хусусият шахс ва тоталитар жамият ўртасидаги конфликт ҳисобланади. Шунинг учун ҳам шўро адабиётида бу жанр таъқиқланган эди”, деб ёзади адабиётшунос олим М.Черняк.26 Зўравонлик – шахс устидан, тарих, табиат устидан зўравонлик антиутопияда марказий ўрин эгаллайди.37 Антиутопиянинг лейтмотиви бўлмиш зўравонлик мотиви қўрқув, коллективизим, ёлғизлик, якранглик ва турғунлик каби хусусиятларни ўзида жамлаган бўлади. Айс Де Трейн “Антиутопия ҳақида” мақоласида бу йўналишдаги асарларнинг учта асосий устуни борлигини айтади: Авваламбор, инсонни ички эркинлигидан, воқелик ҳақида танқидий фикрлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш; яна бири бу – қўрқув, инсонни яшаб юриши учун, ҳамма нарсага рози бўлиши учун яхшилаб қўрқитиш керак, масалан, атом бомбаси, экологик ҳалокат ёки шунга ўхшаш; ниҳоят учинчиси – бадиий асар сюжетининг шахс ёки бир гуруҳ шахсларнинг мавжуд тоталитар жамиятга қаршилигига қурилиши; аммо аксарият антиутопик асарларда бу кураш шахснинг мағлубияти билан тугайди”.48
Ушбу йўналиш 20-асрда гуллаб яшнади деса бўлади. Евгений Замятиннинг “Биз” романи қатор антиутопик асарларнинг пайдо бўлишига туртки бўлди. “Биз”дан сўнг Жорж Оруэллнинг “1984”, Рэй Бредберининг “Фаренгейт бўйича 451 даража”, Олдос Хакслининг “Ғаройиб янги дунё”, Станислав Лемнинг «Юлдузлардан қайтиш», «Футурологик конгресс», Курт Воннегутнинг «Утопия 14», Владимир Войновичнинг «Москва 2042» сингари бир талай романлари юзага келди. 19
Буларнинг ичида энг машҳури, юзлаб адабий тадқиқотларга сабаб бўлгани Е.Замятиннинг “Биз” романидир. 1920-21 йилларда Петроградда ёзилган бу асар 67 йилдан сўнг 1988 йилда ёзувчининг ўз ватанида биринчи марта нашр қилинган. Чунки 20-асрнинг бошларида содир бўлган Октябр тўнтариши одамлар онгида “социалистик жаннат”га олиб борувчи йўл деган ишонч уйғотган эди. Аммо аслида тоталитар жамият қурилганини, “коммунизм” деган ёлғон бахт ваъдаси билан инсон давлат машинасининг қадрсиз бир мурватига айлантирилаётганини англаган ёзувчи ўз асари билан бу “буюк орзу”нинг фожеали келажагини башорат қилган эди. Шунинг учун Е.Замятинга ҳужум, тазйиқлар бошланди ва у чет элда яшашга мажбур бўлди.
Ўзбек адабиётида шахс ва жамият масаласи реалистик, дедектив, тарихий, саргузашт асарларда қай бир даражада акс этган бўлса-да, аммо 21-асрга қадар соф антиутопик услубда қаламга олинмаган. Антиутопия назариётчиларининг ишларида ва адабиёт луғатларида таърифланган қоидалар ҳамда антиутопик асарлар намуналаридаги олға сурилган ғоялар, сюжет қурилиши, образларнинг вазифаларидан келиб чиқадиган бўлсак, А.Аъзамнинг “Рўё”сини ҳам антиутопик услубда ёзилган асар дейиш мумкин. Аммо баъзи жузъий тафовутлар бор албатта. Масалан, одатда антиутопик асарларда мавжуд тузумга қарши курашган қаҳрамонлар (“Фаренгейт бўйича 451 даража” романидаги ўт ўчирувчи Гай Монтегни ҳисобга олмаганда) ҳалок бўлади. “Рўё…”да эса ровий-қаҳрамон уйига қайтиб кетади. Иккинчи тафовут – аксарият антиутопик асарлар узоқ келажакда юз беради, “Рўё…”да эса бугунги кунда қаҳрамон хаёлий мамлакатга ўтиб қолади, аммо у ердаги вақт мавҳум. Агар бирорта тадқиқотчининг хаёлига “Рўё…”дан вақт хронотопини топаман деган фикр келиб қолса, ана шу ерига келганда машаққат чекиши тайин.
“Рўё ёхуд Ғулистонга сафар” романига қадар фақат Эркин Аъзамнинг “Чапаклар ёки чалпаклар мамлакати” қиссасида антиутопик услубнинг баъзи хусусиятлари мавжуд эди. Аммо “Чапаклар ва чалпаклар мамлакати” антиутопик асар элементлари нуқтаи назаридан тадқиқ қилинмаган. Фақат Қ.Йўлдошев ушбу асарга ўзбек адабиётидаги кейинги янгиланишлар сифатида, жамият ва шахс тасвиридаги ютуқ-камчиликларни кўрсатиш мақсадида тўхталиб ўтган.101
Антиутопия услуби ҳақидаги назарий ва амалий тадқиқотлар асосида А.Аъзам ва Э.Аъзамларнинг бу икки асарини келажакда жаҳон адабиёти тажрибаси билан, айниқса, Е.Замятиннинг “Биз” романи билан қиёслаб ўрганиш зарурати бор деб ўйлайман.
Ҳозир эса Е.Замятиннинг романи билан А.Аъзам ва Э.Аъзам асарлари ўртасида услуб ва жанр, шахс ва жамият масалаларида ҳамоҳанглик борлиги сабабли “Биз”даги манзараларга ҳам тўхталиб ўтамиз:
Роман сюжети бир қараганда фантастик саргузаштга ўхшаб кетади. Воқеалар узоқ 26-асрда Ягона Давлат деган утопик мамлакатда содир бўлади. Уларнинг мақсади бутун сайёраларни забт этиб, ёввойиларча озодликда яшаётганларни бехато математик бахтга мажбуран эриштириш. Шунинг учун “Интеграл” номли космик кема ясаш билан машғул. Асар Д-503 номли инженернинг кундалик тарзидаги ҳикояларига тузилган. Фуқаролар шу даражада шахсидан маҳрум қилинганки, уларнинг исмлари йўқ, рақам билан белгиланган, рақамлари зарб қилинган кўкрак нишони тақиб юришади. Улар “Сақловчилар” деб аталадиган сиёсий полиция доимий равишда кузатиб туриши учун шиша уйларда яшашади. Ягона Давлатнинг ҳукмдори Марҳаматли Зот ҳар йили бир марта бир овоздан қайта сайланади, Ҳамфикрлилик куни деб аталадиган ягона байрам ҳам шу.1 11 Оила қуриш таъқиқланган, фақат танланган соғлом одамларга фарзанд кўришга рухсат берилади. Одамларнинг вақти соатма соат тақсимланиб жадвалга солинган, бир вақтда уйғонишади, бир вақтда овқатланишади, бир вақтда ишлашади. Тартиб-қоидаларга амал қилишни “Сақловчилар” Бюроси назорат қилади. Фуқароларнинг соғлигига Медицина Бюроси жавоб беради, инсонда руҳ, юрак, илҳом мавжудлиги, санъат, адабиёт, илм-фан, муҳаббат ва озодлик ҳақида тасаввурларнинг бўлиши тутқаноқ сингари касаллик ҳисобланади. Бунинг ўрнига Ягона Давлат Фани, механик мусиқа ва Давлат поэзияси жорий қилинган. Шахсий характер, шахсий фикр бўлиши ёвузлик деб баҳоланади ва қаттиқ жазоланади. Бунга Олий ҳукмдор ҳақида “нотўғри” шеър ёзган шоирнинг қатл қилинишини мисол келтириш мумкин. Шеърият биттаю битта давлат шоирига ишониб топширилган. Ҳаммага бир хил кийим жорий қилинган, бир-бирларига рақамларини айтиб мурожаат қилишади. Сунъий таом билан овқатланишади, дам олиш соатларида Мусиқали завод карнайларидан янграган Ягона Давлат марши садолари остида бир қаторда тўрттадан сафланиб юришади. Бу ҳаётни ҳақиқий бахт деб билишади. Бу давлат ўзга оламдан Яшил Девор билан иҳоталанган. “Девор ортида тартибоидани билмайдиган цивилизациядан маҳрум “ёввойи” одамлар яшайди”, деб уқтирилади фуқароларга.
Роман қаҳрамони Д-503 нинг ҳаётида 1-330 номли қиз пайдо бўлади. Қиз Яшил деворни бузиб бутун инсониятни бирлаштириш учун “Интеграл”дан фойдаланмоқчи бўлган “фитначи”лардан бири. Д-503 “севги туйғуси”ни ҳис қилади ва Қадимий Уйда яшовчи қизникига кўчиб ўтади. “Инеграл” тайёр бўлиб парвоз қилганда инженернинг ҳамкасбларидан бири сотқинлик қилади. Ва тутилган исёнчилар қатори инженерни ҳам Буюк Операция – (Х-нурлар билан миядаги тасаввур маркази аталмиш томирчани уч марта куйдириш) орқали тасаввурдан маҳрум қилишади. Сўнгра у ҳамма нарсани айтиб беради ва собиқ севгилисини 1-330ни Газ хонасида қийноққа солишларини бефарқ кузатади. Роман инсон руҳи деган касалликдан даволаниб яна “бахт” ато қилинган инженернинг “Мен ишонаман – биз ғалабага эришамиз. Чунки ақл ғалаба қилиши керак”, деган сўзлари билан якунланади.12 Тадқиқотчилар романни социалистик жамият келажагининг башорти деб баҳолашган. Дарҳақиқат, шўролар даврида шахс – “Мен” романга номи берилган “Биз”га, тўдага, қиёфасиз оломонга айлантирилди. Марҳамали Зот ролини кетма-кет алмашган шўро дикаторлари бажаришди. “Сақловчилар” Бюросида НКВД, КГБ қиёфасини таниш қийин эмас. Марҳаматли Зот сайлови фақат яккаҳукмрон партияси бўлган давлатдаги демократик сайловлар ўйини билан, шиша уйлар – қамоқхона казармалари, рақамланган фуқаролар – ГУЛАГ маҳбуслари билан, Яшил девор – шўро фуқароларини ташқи дунёдан ажратиб турган “Темир парда”билан икки томчи сувдек ўхшаш. Албатта унга бошқача баҳо берилган фикрлар ҳам бор. Жорж Оруэлл: «Ўйлайманки Замятин совет тузумининг ўз сатирасининг бош нишони қилиб олмаган… Замятиннинг мақсади, ўйлайманки, аниқ бир мамлакатни тасвирлаш бўлмаган, машиналашган тараққиёт бизга қандай офат билан хавф солётганини кўрсатмоқчи бўлган”, дейди.213
Аҳмад Аъзам романидаги ҳар бир воқеани, образни, диалогни, мамлакат тасвирларини ҳам худди шундай қиёслар билан шарҳлаш, тушунтириб бериш мумкин. Аммо бу иш структурал тадқиқот асбоб-ускуналари ёрдамида қилинадиган батафсил тадқиқотнинг вазифаси деб ўйлайман.
Асар Тошкентдан йўлга чиққан ровий-қаҳрамоннинг Жиззах йўлидан ихтиёрсиз равишда бурилиб бориб қолган мамлакат тасвири ва ўзининг ташрифи билан юз берган воқеаларга қурилган. Мамлакатнинг номи Ғулистон “ғул” – занжирдан олинган. Шунинг учун: “Амалдори ҳам, ҳайдовчиси ҳам, қўриқлаб юрган каттаю кичик аскарлари ҳам, хуллас ҳаммаси занжирга чулғанган… Шу қадар кўникиб кетганларки, усиз юрмайдилар, юрмаганлар ҳам, юришни тасаввурларига ҳам келтирмайдилар.” Одамларнинг исми йўқ, бир-бирларини “ғулий” деб аташади. “Ғулия” деб аталадиган мадҳияларини ҳамма бирваракайига куйлайди. Болаларини ҳам юра бошлаганидан бошлаб занжирга чулғайдилар. Одамларнинг нафақат ҳар бир қадами, ҳатто нигоҳлари ҳам занжир манфаати учун хуфиялар ва энг замонавий кўрув-эшитув ускуналари билан назорат қилинади. Бу қуллик салтанатини бошқариб турувчи кўринмайди, аммо унга ва занжирга худога топингандай топинадилар: “Бир куни холдор ғулийдан сўрадим: – Энг каттангиз ким?
У мен шу пайтгача деворда қанча кўрган бўлсам, шунча эътибор қилмаган расмга ишора қилди. Аммо расм мени тушунмас, табиийки, менга ҳам ҳеч нарсани тушунтирмас, нуқул буюриб турган эди холос… Расмига қараганда ҳар бир ғулийга шундай таъкид билан қараб турадиган бўлса, ҳа, унда бор ғулиётнинг туйғулари унинг измида, унинг буюриши билан ўзи қиладиган ишни битта деб билади, бинобарин, Ғулистондаги қатъий тартиб ҳақиқатан ишончли қўлларда ва бу ишонч яна айланиб келиб, ҳар бир ғулийга сингиб кетган”. Мамлакат ҳаёти қатъий тартиб-интизомга ва ёлғонга қурилган. Электрон бўёқ мўъжизаси билан ҳар лаҳзада ўзгартириб туриладиган газета-журналлар, қомусий китоблар занжирга эътиқодни мустаҳкамлайдиган ёлғонлар билан бойитиб турилади. Ғулийларнинг олма етиштиришдан олий мақсадлари организмда темирни кўпайтириб алал оқибат болаларни ҳам занжир билан туғиладиган бўлишига эришиш: “Fулистонда занжирбанд бола олиш борасида жуда кенг кўламда иш олиб борилади, бутун ғулий халқи бугун бўлмаса, эртага, жилла қурса, яқин келажакда шундай намуна зурёд дунёга келишига ишончи комил ва шу йўналишда илҳом билан ижод қилади”. Яъни: “Даҳо ғулийбоши ўз халқи руҳиятини чуқур англаган ҳолда, унинг олдига ҳеч қачон етиб бўлмайдиган мақсадни белгилаб қўйиб, охири йўқ йўлдан ишонч билан бошқариб бораверади, йўл, табиийки, тугамайди”. Фуқароларга занжирсиз юртларда яшаётганлар ёввойи, ҳайвон қатори махлуқлар эканлиги уқтирилади. Ўзгача фикрлайдиганларга занжирдан маҳрум қилинишдек олий жазо берилади. Холдор ғулий айтади: “Сарваримиз бизда ғулийларни ўй ўйлашдан халос этиб, қийналмай яшашларига шароит яратган, зеро, ғулий учун ўйлашдан ҳам оғирроқ азоб йўқ”.
Ниҳоят ровий-қаҳрамоннинг Ғулистонга нима мақсадда келганлигини аниқлаш учун машинасидан топиб олинган китобини ўқиб кўришади ва занжирсиз яшаш мумкинлиги ҳақида тасаввур пайдо бўлиб эътиқодларига путур етади. Ровий-қаҳрамон бош назоратчи Холдор ғулий билан гаплашгач, айтади: “Қисса, ҳикоя, новеллаларимда мен тасвир, кечинма, ҳа-ракатларни бериш учун эътиборсиз ёзиб кетган шунақа сўзларни айтдики, уларда ғулиётни таъсирлашга қаратилган замонавий тилсимлар бўлиб, ҳаммаси муайян шифрлар билан кодланган экан. Мана, “осмон”, “булут”, “қушлар”, “кенг дала”, “сўлим маъво”, “тизгинсиз ўйлар”, “парвоз”, “югуриш”, “интилиш”, “талпиниш”га ўхшаган ўнлаб, балки юзлаб сўзлар ғулийнинг қатъий кўнглига, ҳозир айтганимдек, тубдан, таглама таъсир ўтказиб, ўз ҳаётини яна бир марта танасига ўйлаб кўришга ундаб юборар экан. Шунинг учун ҳам китобимни ўқиганларни тозалаш сабоғидан ўтказиш учун навбатлар тузилган, сабоқдан ўтган ва ўтмаганлар орасида катта ихтилоф чиқиши хавфи етилиб келаётган экан”. Ҳақиқатан ҳам фуқаро тарафдорлар ва қаршиларга бўлинади. Ҳатто давлат топшириғи билан ровий-қаҳрамонни севиб қолган ғулия қиз ҳам бош назоратчига “Энди қайтмайман, дастурни бажариш баробарида мен кўнглимдек кўнгил топдим”, дейишгача боради. Китобни ўқиганлар Тозалаш сабоғидан ўтказила бошлайди. Ғулистон раҳбарияти ровий-қаҳрамонга ишора билан қайтиб кетишига изн беришади. У Жиззахга манзилига етиб келганда машина йўл ўлчагичи ҳам, орадан ўтган вақт ҳам унинг Ғулистонда бўлганлигини, неча ойлаб қолиб кетганлигини тасдиқламайди.
Кўриниб турибдики, хаёлий мамлакатдаги тузум тасвири, сюжет-ларнинг моҳиятига кўра тузилиши, муаллиф ғоясининг бўрттирилган ғайриинсоний ҳолатлар воситасида берилишида бу асарларда ҳамоҳанглик бор. Антиутопик услуб анъаналарига вақт-макон, ғоя нуқтаи назаридан, насрий асар анъаналарига масалани қўйилиши, мотив, тугун, конфликт, кульминация ва ечимнинг қурилиши жиҳатидан амал қилинган. Аммо А.Аъзам романи тасвир услубининг батафсиллиги, ҳолатлар ва фикрларни далиллаш учун кўплаб ҳикоя ичида ҳикояларнинг берилишига кўра юқоридаги асарлардан фарқ қилади. Антиутопик услубдаги асарда оптимистик руҳга ўрин қолдирилмайди, жамиятни ўзгартирмоқчи бўлганларнинг тўла тўкис мағлубияти билан якунланади. Аҳмад Аъзам романида иккита умидбахш шуъла қолдиради. Биринчиси – муаллиф-ровийнинг машинасидан топилган китоб ва китобдан Ғулистон фуқароларига юққан занжирсиз юриш туйғуси, шунингдек, Ғулистоннинг кейинги тақдири очиқ қолдирилиши. Иккинчи шуъла – занжир тақишга олиб келинган болалардан бири-нинг дўконга кириб қолган ровий-қаҳрамонга кўзи тушиши: “Онаси уни қўлидан етаклаб бораётганда бола, феълликкина экан, йиғламади. Эркак ходимнинг тиззасига ўтирганда менга қараб олди, бўйин тасмани қотираётганда ҳам, қўл-оёғига кишан тақилаётганда ҳам мендан кўзини узмай, миқ этмай тураверди. Ҳатто занжирчалари тақилиб, ота-онаси, катта икки акаси қийқириб, бошқалар чапак чалганда ҳам болакай менга бот-бот тикилди. Шунча издиҳомнинг ичида менга кўз тиккан фақат шу болакай эди! Бола нигоҳида у нима демоқчи бўлди, «Озод одамсиз-ку, қаранг, булар мени нима қилди?», деб сўраяптими ёки: «Манави одамга қаранглар, занжири йўқ экан», деб айтмоқчимикан, билмадим, лекин унга қараб кўзимни қисиб қўйган эдим, кичиккина жилмайди, жилмайиши болаларча беғубор, катта ғулийларга сира ўхшамас эди”.
Агар Аҳмад Аъзам жамият ва шахс ўртасидаги зиддиятни, тоталитар тузум қиёфасини антиутопик йўналишда қўрсатиб берган бўлса, худди шу мавзуни атоқли грузин ёзувчиси Нодар Думбадзе “Абадият қонуни” романида адабиётнинг энг оммавий ва анъанавий – реализм услубида қаламга олади. Реализм юқорида тилга олинган утопик ва антиутопик услубларнинг ўртасида турадиган услуб дейиш мумкин. “Реализм – воқеликни, мавжуд борлиқни бадиий адабиёт ва санъат (тасвирий санъат, театр, мусиқа ва б.)нинг ифода воситалари орқали ўзига ўхшаш шаклларда ҳаққоний акс эттириш. Адабиётда реализм – ҳаётни воқеликдаги воқеа ва ҳодисаларга мувофиқ равишда образлар орқали акс эттириш методи. Реализм адабиётнинг ўзини ва ташқи оламни билиш воситаси сифатидаги аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда воқеликни барча зиддиятлари билан қамраб олишга интилади, ёзувчига ҳаётнинг барча томонларини чекланмаган ҳолда акс эттириш имкониятини беради. Реализм методига асосланган адабиётда ҳаёт ҳақиқатини тасвирлаш тамойили устувор аҳамиятга эга. Бинобарин, реализм адабиёти жаҳон адабиёти тараққиётидаги энг юксак босқич ҳисобланади”.114 Бу умумий таърифга Н.Маллаев таҳрири остида чиққан «Адабиётшунослик терминлари луғати»даги «…Турмушни ростгўйлик билан тасвирлаш, типик характерларни типик шароитда бадиий умумлаштириш шу даражада қудратлики, агар ёзувчи ўз даврининг илғор ғоявий позициясидан четда турган ёки унга ётсираган бўлса ҳам, у реалист ёзувчи бўлиб етишади ва ўз райидан қатъий назар, ўзи эътиқод билан ҳимоя қилган қолоқ, консерватив қарашларга қарши курашади», деган қўшимчани ҳам илова қилсак, Н.Думбадзе шахс ва жамият муносабатини бизга қайси заррабин орқали кўрсатгани ойдинлашади. Ҳа, ҳақиқатан ҳам ёзувчи «ўз даврининг илғор ғоявий позициясидан четда турган ёки унга ётсираган» реалистлигини шўро жамияти ёзилган, ёзилмаган қонунлари билан шахсни маънан, керак бўлса, жисмонан маҳв этиши масаласини кўтариб чиққанлигида кўриш мумкин. Қаҳрамонлар – ёзувчи Бачана, руҳоний Иорам, этикдўз Булика касалхонанинг юрак хасталиклари бўлимида ётишининг ўзи билан ёзувчи жамиятнинг шахсга тазйиқи оқибатига ишора қилади. Роман сюжети палатадаги воқеалар ва қаҳрамонларнинг, асосан Бачананинг ҳикоялари, хотиралари, тушлари чизиқларини туташтириш асосига қурилади. Бачана ҳаётини бағишлаган ҳалоллик ва адолат, руҳоний умрини тиккан иймон ва эътиқод мавжуд жамият томонидан иллат сифатида қабул қилингани, уларнинг ҳамма қатори ёлғон, товламачилик, нафс занжирларини тақиб юрмаганлари учун жазоланганлиги очиб берилади.
Агар роман воқеалари мавҳум макон ва мавҳум замонга кўчилса, романда тасвирланган жамиятнинг амалдаги ва қоғоздаги қонунлари сал бўрттирилса, уларнинг ижрочиларининг қиёфалари реал шахсларга кўчирилиб тасвирланса антиутопик асарга айланади қолади. Муаллиф роман сюжетига Бачана Рамишвилининг олдига келиб кетувчи одамлар қиёфаларинии киритар экан, уларнинг кўтариб юрган масалалари, ички дунёси, ақидалари орқали жамиятнинг қиёфасини, руҳий аҳволини акс эттиради. Масалан, Бачанага ўзини узоқ бир қариндошингизнинг қўшнисининг ўғли Нугзарман, деб таништириб касалхонага келган одам билан бўлган суҳбат бунга яққол мисол бўла олади.
“– Ўтинаман сиздан, ҳурматли Бачана, бошлиқларга илтимоснома ёки райкомимиз секретарига икки энлик хат ёзиб берсангиз…
– Менинг нима алоқам бор? – деди ҳайрон бўлиб Бачана.
– Нега алоқангиз бўлмас экан! Сиз инсонпарвар ёзувчисиз, депутатсиз, Марказий Комитет аъзосисиз! Дардимни сизга айтмай, кимга айтаман? – ўз навбатида Дарахвелидзе ҳам астойдил таажжубланди.
– Қаерда ишлайсиз?
– Абхазияда, тамаки тайёрлаш соҳасида.
– Бошлиқларга нима деб ёзишим керак?
– Секретаримиз билан қалин дўстсиз, мактабда бирга ўқигансизлар, буни ҳамма билади.
– Менинг олдимга сизни ким юборди?
– Секретаримизга фақат яхшиликни раво кўрадиган одам юборди… Битта конверт сизга, иккинчисини хоҳлаган одамингизга беришингиз мумкин… – Дарахвелидзе чаққонлик билан иккала конвертни ёстиқнинг тагига тиқиб қўйди”.
Шундан сўнг у тамакига хашак ва сув қўшиб сотганликда айблашаётгани, унинг ўрнини бошқа одамга ярим миллионга отишаётганини айтади. Бачанадан райкомга айтиб, қамоқдан олиб қолишини сўрайди.
Албатта шўро замонида яшаб шўронинг асл қиёфасини чизиб кўрсатиш осон эмас эди. Ёзувчи тоталитар жамият маҳсули бўлган ана шунга ўхшаган образларни романга киритиш, уларнинг диалоглари, хатти-ҳаракатлари орқали Бачанани қабул қилолмаган жамият манзарасини чизиб беради. Биргина ана шу лавҳанинг ўзидан ўқувчи жамиятнинг бир қанча хос хусусиятлари ҳақида хулоса чиқариши мумкин: 1) ҳар қандай даражадаги мансабдор учун ўғрилик турмуш тарзига айланган, 2) райком, яъни давлат вакили ўз ҳудудида ҳокими мутлоқ, ҳатто давлатга қарши қилинган жиноятни ҳам ёпа олиш қудратига эга, буни Нугзарманлар ҳам яхши билади, 3) пора олиш ва бериш жамиятда ўрнатилган урфга айланган, 4) жамиятнинг ёзилган қонунларидан гўё қўрқишади, яъни ревизия, қамоқ, аслида ҳаммаси учун чиқиб кетиш йўллари ҳам қуриб қўйилган, 5) жамият жиноятчи фуқаролар занжирини ўзи тайёрлайди – ўғри ишонч билан депутатга келяпти, у райкомга боғланади, сўнгра ревизорга ва терговчигача занжир узайиб бораверади, 6) бу жамиятда мансаблар инсоннинг иқтидори ва фазилатига қараб эмас, поранинг қанчалигига қараб тақсимланади. Албатта жанр талаби ва реализм тамойиллари ёзувчидан ўз гапини айтиш, ғоясини илгари суриш учун реал ҳаётий лавҳаларни тасвирлашни талаб қилади. Аммо бу ҳаётий лавҳалар рамзий деталлар, хаёлий воқеа-сюжетлар билан иш кўрувчи адабий йўналишлардаги асарлардаги барча бадиий функцияларни бажара олади. Қуйидаги эпизодни ёзувчи роман сюжети структурасига сингдириб юборган, асарнинг концепциясини очиб беришга хизмат қилувчи лавҳалардан бири дейиш мумкин. Бачана муҳаррирлик қилаётган газетада ўзининг қилмишлари ҳақида фельетон тайёрланаётганидан хабар топган мўйна фабрикаси директори кириб келади.
“ – Фельетонни олиб ташлаш керак! – деди узил-кесил Маглаперидзе.
– Овора бўласиз!
– Сизга шундай бир одам қўнғироқ қиладики…
– Худонинг ўзи қўнғироқ қилмайдими! Газета териб қўйилган, уни тўхтатиш давлатга эллик минг сўмга тушади… Келинг, беҳуда гапни чўзмайлик…
– Қанчага? – сўради кулиб Маглаперидзе.
– Эллик минг сўмга! – такрорлади Бачана.
– Ўзим тўлайман.
– Давлат сизнинг садақангизга зор эмас!
– Давлат, азизим, мен билан сизга ўхшаган одамлардан ташкил топган. Агар одамлар бир-бирларини қўллаб-қувватламасалар, давлат қулайди. Наҳотки шуни тушунмасангиз?
Бу одамнинг сурбетларча тиржайиб туриши Бачананинг асабини эговларди.
– Агар фирибгарлик ва пул найрангларини ўзаро қўллаб-қувватлаш деб тушунсангиз, катта хато қиласиз, ҳурматли Сандро! Ҳамма нарса пулга сотилавермайди!
Маглаперидзе ўрнидан турди.
– Сиз ҳали пати чиқмаган жўжахўрозсиз, ҳурматли Бачана. Қичқиришни эндигина ўрганяпсиз, эҳтиёт бўлинг, тағин пих ёрмасингиздан олдин овозингиздан ажралиб қолманг!
– Маслаҳатларингизни эътиборга оламан.
– Яна бир гап. Моэм айтадики, инсонда бешта туйғудан ташқари яна олтинчи туйғу ҳам бўлади, мана шу олтинчи туйғусиз қолганлар бир тийин…
– Қанақа туйғу экан у? – сўради Бачана мийиғида кулиб.
– Пул, ҳурматли Бачана, пул! – деди Маглаперидзе ўшандай табассум билан.
– Шунга қарамай, эртага фельетон газетада босилиб чиқади, кейин тегишли органлар унга ўз муносабатларини билдиришади.
– Ва редакция улардан жавоб кутади!
– Ҳеч шубҳасиз!
– Сизга раҳмим келади, ҳурматли Бачана, жудаям раҳмим келади…”
Ёзувчи бу ерда мулоқот қилаётганларнинг иккаласини ҳам жамият вакили сифатида тақдим этаётган бўлса-да, ўқувчи кўнчилик заводининг директори жамиятнинг эгаси, демакки жамиятнинг овози билан гапираётганини ҳис қилади. Бу жамиятнинг ўзи олчоқ, муттаҳам, шафқатсиз, ўз ҳаёт тарзини бузишга журъат қилган одамни топтаб ташлашга тайёр, шунинг учун “эҳтиёт бўлинг, тағин пих ёрмасингиздан олдин овозингиздан ажралиб қолманг”, деб ўз қудратига, ёвузлик қудратига ишонч билан қўрқитади. Ушбу услуб антиутопик романлардаги жамиятнинг шахсни қўрқитиш услубидан фарқи йўқ.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, А.Аъзамнинг “Рўё ёхуд Ғулистонга сафар” романи ўзбек адабиётида антиутопик услубда ёзилган, шахс ва жамият муносабатлари лейтмотив қилиб олинган дастлабки асарлар намунасидир. Романда тоталитар давлат шахсни ички озодликдан маҳрум қилиши, руҳан қул даражасида бошқариб туриш учун мудом қўрқувда ушлаб туриши – зулм қиёфаси очиб берилган. Романнинг А.Аъзам прозасига хос “биров билан ўтириб гурунглашгандай” услубда ёзилганлиги, шу аснода шўро даврига ҳам, ўз ҳаётидаги воқеаларга ҳам эркин ўтиб кетиб яна романга қайтиши жанр имкониятларидан кенг фойдаланганини кўрасатади. Ғайриинсоний қонун-қоидаларга қурилган жамият шахснинг бахт ва бахтсизлик, эзгулик ва ёвузлик, озодлик ва қуллик борасидаги ту-шунчаларининг ўрнини алмаштириб юбориши очиб берилган.
Н.Думбадзенинг “Абадият қонуни” романи эса реалистик услубда ёзилган, воқеалар ҳаётнинг ҳаққоний манзараларига қурилган. Туш, диалоглар, ёрдамчи персонажларнинг ҳикояларини воқеа ичида воқеа тарзида роман сюжетига моҳирлик билан киритиш орқали қаҳрамоннинг характери, руҳий олами, жамият ва шахс ўртасида зиддиятлар келиб чиқишининг сабаблари очиб берилган.
Бу икки адиб икки хил адабий услубда шахс ва жамият муносабатларини, руҳий қуллик фожеаларини, инсон юрагидаги илоҳий мукаррамлик ва ҳайвоний тубанликларни тадқиқ қилар экан, одамзоднинг бир-бирига меҳр-шавқатли, маънан бой бўлишини, юксак, гўзал ғоялар билан яшашини, ўз аъмоллари, бир-бирларига муносабатлари билан ҳайвондан устун туришини орзу қиладилар.
1 Ўзбекистон Миллий энциклопедияси. – Т.: 2004 й. 7-том, – 468-б.2 Тимофеев Л.И., Тураев С.В.: Словарь литературоведческих терминов. – М.: Просвещение, 1974. – 509 с.3 Литературная энциклопедия терминов и понятий / Под ред. А.Н.Николюкина. Институт научн. информации по общественным наукам РАН. – М.: НКП «Интелвак», 2001. – С.1600.4 Вечер в 2217 году / Сост., авт. предисл. и коммент. В.П. Шестаков. – М.: Прогресс, 1990. – 720 с.: ил с. 6-10 (Утопия и антиутопия ХХ века)».5 Литературная энциклопедия терминов и понятий / Под ред. А.Н.Николюкина. Институт научн. информации по общественным наукам РАН. – М.: НКП «Интелвак», 2001. – 1600 ст., с. 38.6 Черняк М. А. Современная русская литература. – СПб.: САГА, 2004. – 336 с.7 Николенко О. Н. От утопии и к антиутопии (О творчестве А. Платонова и М. Булгакова). – П.: Полтава, 1994. С.208.8 http://dugward.ru/publ/s12.html9 Вечер в 2217 году / Сост., авт. предисл. и коммент. В.П. Шестаков. – М.: Прогресс, 1990. – 720. С.10-15 (Утопия и антиутопия ХХ века).10 Қозоқбой Йўлдошев. Ёниқ сўз. – Т.: Янги аср авлоди, 2006. Янгиланишлар мунтазамлиги. 123 б.11 Шестаков В.П. Утопия и антиутопия XX века. – М.: Прогресс, 1990. – С. 720.12 Замятин Е.И. Мы. – М.: Азбука, 2006. – 224 с. http://SamoLit.com/13 Оруэлл Дж. «1984» и эссе разных лет. – М., 1989. – С.308-309.14 Ўзбекистон миллий энциклопедияси, – 7- жилд. Т.: 2004. – 375 б.