Тимсолларни тушунтириш. Аҳмад ОТАБОЕВ
Шодиқул Ҳамроев бундан уч йилча бурун “Ҳовлидаги дарахт” номли илк ҳикояси билан “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”дан “оқ йўл” олган эди. Ўшанда ҳикояни ўқиб, муаллифдан: “Ҳикоядаги Муҳожирни (персонаж) қаердан топиб олгансиз?” — деб сўрамоқчи бўлганман. Чунки тирикчилик тимсоли сифатида ҳикояда тасвирланган дарахтнинг тагига “доимо соябонли кепка кийиб юрадиган”, “қишлоғимизга четдан келиб қолган”, “насл-насаби, кимлиги” нотайин ўша Муҳожир дори сепиб кетган. Биламан, Муҳожир бўлмаганда дарахт тагига дори сепилмас, демак ҳикоя ҳам чиқмас эди.
Тараққиёт улкан бир давр адабий маҳсулини, яхлит бир тушунчалар, воситалар арсеналини шубҳа остида қолдираётир. ХХ аср жаҳон адабиётидаги янгиликларни назарда тутсак, бизнинг социалистик реализм ҳақидаги мунозараларимиз ҳам жуда ибтидоий туюлади. Айрим назарий масалаларда бир тўхтамга келгунимизча, билмадим, ҳали бизга қоронғулигича қолаётган асримиз бадиий кашфиётлари хрестоматияга кириб улгурадими... Ўтган аср классикларига берилаётган баҳолар эса ҳали тушимизга ҳам кирмагандай. Фаранги мунаққиди Р.М.Альберс Бальзак ҳақида: “Реализмнинг отаси реалист бўлмаган, у теософ бўлган”, деб ёзади. Ва бу кутилмаган фикрни мушоҳада қилиб кўрсак, етти қават осмонда туриб ҳатто чумолининг инидаги ҳатти-ҳаракатгача реал кузата олган “илоҳий” Бальзам ҳақидаги, демак реализм ҳақидаги тасавуримизга ўзгаради. Ҳамма-ҳаммасини — ўтган аср тарихий шароитини илм-техника даражасини, улуғ адибни тасаввурга келтириб кўрамиз. Ҳа, Бальзакка нисбатан осон бўлган...
Шодиқулга, у тенги ижодкорларга эса қийин, уларнинг оёғи ерда, булутнинг устида эмас. Ҳозирги замонга келиб одамнинг ақли нисбатан торайган демоқчи эмасман, аксинча замондошимиз жуда кўп нарсанинг гувоҳи бўлса-да, жуда кам нарсани билишига имон келтириб турибди. Мана шу иқрор уни “илоҳий” Бальзак бўлишдан тийиб туради. Ҳарқалай, замонавий ёзувчилар салафлари каби “самовий” қудратдан бенасиб яралганларга ўксинмайдилар, зеро, замонавий адабиёт, хусусан, ҳозирги замон насрида ҳамма нарсадан воқиф ва ҳамма жойда ҳозиру нозир “фаришта” талантига истеҳзо билан қараш туйғуси шаклланган. Бу — ишкомга бўйи етмаган тулкининг такаббурлигидан кескин фарқ қиладиган ҳол. Замонавий проза усталари улкан бир даврни, жамиятнинг ҳамма қатламларини миридан-сиригача таҳлил қилиб берган “инсоний комедия”ларни ўтган аср классикларига “қолдиришди”, яъни улар ҳамма нарсани билиш ва кўрсатиш вазифасидан аллақачон воз кечган.
Ҳа, улар — эркин дунё ёзувчилари. Бизда эсаётган илиқ эпкинлар улар гурунгининг сасини элас-элас олиб кела бошлади. Бизнинг ёш ёзувчилар озод бадиий тафаккур тўлқинларини туйғунлик билан илғаётгани, шубҳасиз, ҳали самарасини беради.
Шодиқул Ҳамроевнинг “Унутилган ОЗОН пардаси”, “Алвон мато остидаги ҳаёт” ҳикояларини ўқиган бўлсангиз, атиги иккита детални эслаб қолгандирсиз — “алвон мато” ва “”дарз кетган йўлак”ни. Мен бу деталларни ҳаётга, бугунга ёки 70 йиллик тарихга ишоралар, деган фикрдан йироқман. Чунки ҳикоялар реал ҳаётнинг тасвири эмас, улар ҳукм-хулосалардан холи, эркин бадиий тафаккурда туғилган манзаралар. Шодиқул биз кўниккан ёзувчилик вазифаси, хизматини бўйнига олмайди, ижтимоий муаммолардан қочади, ҳикояда бошқариб, буюриб, уқтириб турмайди. Биз аниқ кўриб турган нарсаларнинг оғини осмондан келтириб тасвирлайди ва тўнкарилган нарсаларнинг анъанага ёт тасвири абсурд турмуш картиналарига мантиқан мос келади. Унинг мавҳум чизгилари чин туюлган ҳақиқатларнинг аслида абстрактлигини аён этади. Ёзувчининг сатирик аллегориялари очиқ, аламли истеҳзоси, синчков зеҳни сўз санъати сирларини эгаллашга яхши иқтидори борлигини асослайди. Унинг тимсолларини тушунтириш, бирор-бир ғояга йўйиб, талқин этиш осон. Бироқ бу кераксиз иш.
Умуман, бадиий асардан ғоя қидириш дарахт танасига қулоқ тутиб, унинг нима ҳақида ўйлаётганини пайқашга уринишдай гап. Шундай ҳол юз берганда эса дарахтнинг “фикри” шаклан ва мазмунан қандайлигини эътироф этишдай ноқулай аҳволга тушиш керак бўлади.