Санобархон Меҳмонова МЕНИНГ ДАРАХТЛАРИМ
«Бир гул очилгунча фурсат ўтибди,
Бир ишқ ўлмоғига бу муҳлат етмас.
Фақат бир қадарли туман тушибди —
Унда нималардир ошкора эмас.
(Севган шоирам, дилбар шоира,чинакам бадиият шоираси Фароғат Камолованинг *Ҳолатлар*китобидан)
«Мен сизнинг китобингизни ёстиғим остида авайлаб, тобутимгача олиб бораман»,- деб ёзади Марина Цветаева Анна Ахматовага мактубларида. Мен ҳам сизнинг китобингизни ўғирлатиб қўйишдан қўрқаман, Фароғат опа!
Сизни менинг шеърпараст кўнглим яхши кўради, менинг ҳокисор кўнглим баргизубга айланиб, сизнинг шеър ёзаётган лаҳзалардаги ҳолатингизга кириш учун, япроқларини дафтар қилганча ёзув столингизга кетиб қолади. Менинг девона кўнглим, менга бўйсунмайдиган шеърпараст кўнглим бошқа шоирларниям шунақа яхши кўрган, аммо яхши кўргани учун ўксиб, ўкситилиб инжиган. Аммо мен энди кўнгилни авайлаш илмини ўрганяпман. Уни сиздан ўксишига қўймайман. Чунки кўнглимдан Сизнинг дилбар ҳолатларингиз кетса, шеърга қайтишга қийналаман, ШЕЪРий руҳга қайтишга қийналаман.
Ўзим ҳам ҳайрон қоламан, менда доим бир нуқтаи-назар бор, шеър фақат ҳолатлардан иборат бўлиши керак, тамом-вассалом. Унга иддао, писанда, ҳатто амри-маьруф ва наҳйи-мункару даъватлар ҳам бунга, айнан бу жанрнинг ичига киришига қатъиян қаршиман. Кимгадир баҳонада айтиб олинадиган гаплар, суқиб олинадиган нишлару қанчалик усталик ва поэтик маҳорат билан амалга оширилмасин, барибир шеърни, шеърдан узиб, айириб, публицистик нутққа айлантириб, шеърга зулм қилади,- деб ўйлайман. Ҳамиша адабий давраларда шу фикрда қаттиқ туриб олганман. Шунда фаросатли, шеърга нисбатан ҳамиша эҳтиромли бўлган шоир Фахриёр хам буни қўллаб-қувватлаб: «Тўғри айтасиз,ўша бугун кўпчилик тан олаётган фалончи шоирларни шеърини ўқисанг, худди биров билан уришаётгандай таассурот қолдиради. Аммо Фароғат опада, хақиқатан шеърга ундай вазифа юклашлар йўқ, сиз айтгандай соф бадиий ҳолатларни таърифлайдилар!!!» деб меҳр билан эътироф этгандилар.
Қачонлардан бери «Менинг Дарахтларим» деган бир туркумни хаёлимда қоралаб юрибман. Унда қалбимга, руҳимга ўз сояси, меваси ва файзи билан қўр берган, файзли, нурли ва севимли инсонларим ҳақида ёзмоқчиман. Негадир илгари бунга истиҳола қилардим. Гўёки бу бошқалар наздида бир хушомад бўлиб туюларди. Аммо ҳадиси шарифда «Бир-бирларингизга бўлган меҳрларингизни билдиринг»,- деб бежизга даъват қилинмайди-ку. 2007 йилда, кўнглимда шеърдан, шаклу қофиялар ясаб, кун кўриб, тирикчилик қиладиган шоирлардан, ғийбатчию-фитначи шоиралардан жудаям қаттиқ безган вақтларимда, ўзимнинг ожизлашган адабий кайфиятимни кўтариш учун, Хоразмга Матназар Абдулҳакимни биргина кўриб, суҳбатларини олиш ва шу файз боис, шеърсиз яшолмайдиган бу ҳокисор кўнглимга таскин бериш учун борганман. Аммо, бир ой Хоразмда қариндошларимникида туриб ҳам у кишини бориб кўришга ҳаддим сиғмаган. Ҳали бунга муносиб эмасман, Паҳлавон Маҳмуду Бедил ҳазматларини таржима қилган бу том маънодаги ОРИФ зотга юзма-юз келадиган салоҳият менда йўқ,- дея, олдиларига боришга ўзимда журъат тополмаганман. Эҳтимол, туғма тортинчоқлигим бунга йўл бермагандир. Аммо Матназар Абдулҳаким бизни ташлаб, чин дунёга кетганларини эшитгач, бу суҳбат, бу дийдор менга армон бўлиб қолди. Ким нима деса, деяверсин мен аниқ биламан,ўз вақтида қилинмаган кечиккан эътирофлар ҳам, сўралмаган узрлар каби аччиқ бўлади. Кейин одамга алам қилади. Шоир, ижодкор ҳамиша руҳан рағбатга, далдага муҳтож. Таъкидлайман, хушомадга эмас, ДАЛДАга муҳтож. Нега, шуни ўз вақтида қилмаслик керак. Ахир қанча яшашимизни билмаймиз-ку! Нега айтиш керак бўлган ХОЛИС гапни айтгани истиҳола қиламиз….
Сиз билан мени ҳеч қачон, ҲЕЧ ҚАНДАЙ МАНФААТЛАР боғламаган. Ҳатто, сизни охирги марта қачон кўрганимниям эслолмайман, аммо менинг юрагим сизнинг нозик юрагингизни ҳар кун бориб, зиёрат қилиб келади. Ҳисларим шунчалик ҳисларингизга яқинки…
Сизнинг китобингизни ҳамиша сумкасида олиб юрадиган, уни ўғирлатиб қўйишдан, ўзига ўхшаш шеърпараст дугоналарига олдириб қўйишдан қўрқиб яшайдиган, талаба қизнинг тийрак нигоҳлари уйғотди мени бу тонгда. Ўша қиздан қанчалик узоқлашиб кетганимни кўриб, жону жаҳоним силкиниб йиғладим, бу шундай йиғи эдики, ўша талаба қиз ва менинг орамга йиллар солган ҳамма деворларни кўзёши билан лой қилиб, тупроққа қориб ташлади. Бу шундай йиғи эдики, ботину зоҳиримдаги барча гарду ғуборларни тозалади. Яна ўша, «Вузгородок»даги ҳазин руҳ билан, ҳар бир дарахтидан шеър ёғилаётган боғлар, шу боғлар оралаб, «ҲОЛАТЛАР КИТОБИ»ни, хазинадай бағрига босиб, Гуландом Тоғаевага суюнчилаш учун, ҳовлиқиб-энтикиб кетиб бораётган шеърпараст қиз ва менинг орамдаги ўнбеш йиллик масофани тамомила йўқотди. Мен яна ўша шеърга банди бўлган, сизнинг«Ҳолат»ларингизга тамомила асир бўлган, ўша ойдин кунларимга қайтдим. У кунлар шунчалик нурлики, ҳеч нарсага алмаштириб бўлмайди. Ундан узоқроққа, «Тошкентга ўқишга борсам, дунёда мендан бахтли одамнинг ўзи йўқ, ўқишга киришдан ортиқ БАХТнинг ўзи йўқ,-деб ўйлайдиган, тонггача ухламай, гоҳ «Ахбаротнома» ёдлаб, гоҳ шеър ўқиб, Худодан уйдагиларининг кўнглига ўқишга юборишлари учун раҳм сўраётган, маъсум, шаффоф кунларимга қайтдим. Ва қушдай енгил бўлдим. Бу дунёда ҳеч бир шодлик, бу покловчи йиғига тенг келолмаслигини, мен биламан. Фақат, БУНИ ЙИҒЛАБ КЎРГАНЛАР билади. Шу йиғи учун, шеърнинг борлиги учун, сўзнинг борлиги учун, Сизнинг борлигингиз учун Худойимга шукр!!! Минг бор шукр!!! Биз бошқача бўлолмаймиз, бизнинг бахтимиз ҳам, бахтсизлигимиз ҳам, фазилатимиз ҳам, нуқсонимиз ҳам ШЕЪРдир.
ШЕЪРларингиз адабиётимиз учун, халқимиз учун севикли туҳфа бўлади. Мабодо, мен ҳовлиқиб, нотўғри айтган бўлсам — энг олий ҳакам бўлмиш Вақт сокинлик ва теранлик билан ТАҲРИР қилади, ўшанда ҳам сизнинг «ҲОЛАТ»ларингиз эмас, менинг қуйилиб келаётганидан ёзишга улгуролмаётган ҳисларим тушса керак, таҳрирга, зинҳор сизнинг шеърларингизмас…
Сиз менинг шоирамсиз,Фароғат опа!!! Мен сизнинг китобингиздан юрагимни ҳеч қачон ажратиб ололмайман. Ҳисларимни ҳисларингизга ошуфталикдан жудо қилолмайман…
Зеро, қалблар бир-бирига ошуфта бўлган бу шеър отлиғ мамлакатда бизни ҳамиша СЎЗ, СЎЗ бўлгандаям қандайдир мақсадларга восита бўладиган СЎЗлармас, қалбларни қалбларга туйғулар ила боғлайдиган илоҳий СЎЗ ҳамиша бирлаштириб туради.
Аҳзарваш ҳислардан кўкарар қониб,
Кузакларда қолган маъсума хаёл.
Ям-яшил бир туғни руҳига қадаб —
Қаршиланг, келмоқда Фароғат Камол.
Юрагим тонг бўлиб уйғотажакдур,
Шабнамда қалқиган боди-сабони.
Бир ютум май янглиғ симирар дунё —
Ишқнинг косасида Ғулом Мирзони.
«Бунда макрларга шафқат йўқ зинҳор,
Ёлғонга йўқ, дебон, заррача раҳмат.
Оламга ишқ тожин кийдирар бедор —
Ҳақнинг ҳур ошиғи Ҳалима Аҳмад.
Аҳли дил, аҳли дарк соғинар абад
Мукаррам дийдорни, Хуршид дийдорни.
Шариф Бухоронинг, кабир руҳлари —
Мангу қўлламасми, Усмон Қўчқорни.
Мен кимман, бу буюк туғёнлар аро —
Ўзига сиғмаган, ҳайрати урён.
Эй буюк кўнгилдош, буюк ошино —
Сиз менга, сўз беринг, эй, Шавкат Раҳмон.
Манинг-да бир гўзал яшагим келар,
Ишқнинг ҳасратига тўлганча дийдам.
Агар шеър завқида чайқалса дунё,
Айтинг эсламасми Санобарни ҳам.
Худо дейман, бу қандай ҳузн,
Бу қандайин поёни йўқ Ғам.
Бу туйғунинг озори учун
Ранжимагин мендан волидам.
Йиғлаётган қароқларимга,
Ранг беради, дайр-машшота,
Бухоронинг осмонидай кенг —
Кўзларингга чўкарман, ота.
Айт, қандайин жунун ичраман,
Бу паймонам ашкдан тўлмайди.
Кўтарилар минг бор фиғоним —
Нечун кўнглим кўтарилмайди.
Ҳали шундай шеърлар айтаман —
Дунё, эриб кетар кўзингдаги ғам.
Менинг телба-ошиғ жонимни
Юрагингга яшир, эй қалам.