СЕВГИ. Инобат Нодиршоҳ
“Бўлмаса ишқ икки жаҳон бўлмасин,
Икки жаҳон дема ки жон бўлмасин”.
Алишер Навоий
Ниҳоят мақолани ёзиб тугатдим. Уч қоғоз бўлибди. Бош муҳаррирга олиб бордим. Қоғозларни олар экан, сўради:
–Севги ҳақидами?
Ростини айтсам, бу саволнинг ҳазил ёки чинлигини англаганим йўқ. Сўз латофати дегани шу бўлса керак, ўз-ўзимча ўйланиб хонамга кирдим, кейинги пайтларда ёзганларимни таҳлил қилдим. Ёмон нарсалар эмас. Аммо нимадир кам. Бу ҳақда кўпроқ ёзишим керак. Ҳаётнинг асоси севги! Борлигимиз, борлиғимиз севги. Шундай экан, севги ҳақида ёзмаслик мумкинми?!
ШАФҚАТ
Ишдан келдим. Негадир бўғилгандек бўлдим.
–Уйнинг ҳавосини алмаштирмабсан-да, – дедим қизимга.
–Алмаштирдим, – деди. Кайфиятсиз кўринди. Ишида бирон кўнгилсизлик бўлдимикан? Биров хафа қилмаган бўлсин-да. Саволга тутишдан ўзимни аранг тутдим. Ўзи гапириб қолар. Безовта кириб-чиқавериб, ниҳоят ёрилди.
–Ойижон... Бу сўздан ҳам оҳанги юрагимни ёрди. Пиёла тутган қўлим қалтираб кетди. Билдирмаслик учун хонтахтага қўйдим. Онаман – ёнаман, дегани шу! Тезроқ гапирса экан.
–Бир гап айтсам, хафа бўлмайсизми. Фақат “хафа бўлмайман” деб сўз беринг.
–Ҳиммм, сен аввал гапир-чи, – ичим ёниб кетай деди. Аниқ бир гап бўлган. Кеча навбатчиликда қолган эди. Қозоқ овулдан бирови ошиқ бўлиб юрганини айтган эди. Нега эътибор бермадимммм... Олиб қочган бўлса, қочиб қутулдимикан? Ҳаҳ-ҳҳ, она бўлмай ўлай...
–Ишдан қайтаётганимда болалар... (Ана, айтмадимми, олиб қочмоқчи бўлган ўша қозоқ бола. Эртагаёқ бораман уйига, йўқ-йўқ, ҳозироқ бораман... Яшин тезлигида хаёлимдан шулар кечди.) ариқ бўйида ўйнаётган экан. Зорланган йиғи овозини эшитиб, югуриб бордим. Бирортаси сувга тушиб кетди, деб ўйлабман. Қарасам, миттигина мушукчани бўйнига сим боғлаб, сувга пишиб ўтиришибди. Бечора мушукча бола каби йиғлаганини кўрсангиз юрагингиз оғрийди...
Хайрият, хайрият-ейй, мушук экан! Қолганини эшитмасам ҳам биламан. Мушукни бу ҳолда кўрган қизимнинг кўзларидан маржон-маржон ёшлари оқи-ииб, уни митти ва беақл золимлар қўлидан қутқариб, уйга кўтариб келган. Демак, мушукча ҳозир уйнинг аллақайси бурчагида, менинг кўзимдан панада асраляпти. Безовта кириб-чиқиш сабаби ҳам шу экан.
–Ойижо-оон, мушукча кўчада яшолмайди-да, жуда заиф, – ғилтиллаган ёшли кўзлар менга шундай боқдики...
–Розиман, – деганимни билмай қолдим.
КАТТА ҚИЗ
Туни билан тинимсиз ёққан ёмғирдан кейин ўйдим-чуқур қишлоқ йўли росмана ботқоққа айланди. Шу ҳолида ҳам эрталабдан гавжум эди. Йўл ёқасидаги пастак уйдан ўн бир ёшлардаги қизалоқ билан етти-саккиз ёшлардаги болакай чиқди. Укасининг қўлидан тутиб турган қиз кўчага бир қараб олди-да, укасига ўгирилиб, уни орқасига опичиб олди. Ва шу ҳолида дадиллик билан мактаб томонга юриб кетди.
Мактаб дарвозаси олдида турган Санобар муаллим уларни узоқдан кузатиб турди. Охири кутишга тоқати етмай уларга қараб юрди. Яна ёмғир томчилай бошлаган эди.
–Ноила, – деди опа-ука қаршисига етиб, – укангни тушир орқангдан, чарчаб кетдинг, қизим, тушир, ўзи юради, сумкасини мен кўтараман.
–Оёқлари лой бўлади, устоз, – деди ҳансираб қизалоқ.
–Ўзинг-чи, ўзингнинг ҳам калишчаларинг лойга тўлибди, касал бўлиб қоласан.
–Менга ҳеч нарса қилмайди, катта қизман, укам ҳали кичкина...
Санобар муаллим қўлида сумка билан тер ва ёмғир томчиларидан патила сочлари юзига, бўйнига ёпишган, букчайганича укасини еру-кўкка ишонмай кўтариб кетаётган фидокор қизалоқ ортидан ҳайрат билан термилиб қолди.
СОҒИНЧ
Ёш оиланинг янги уйга кўчиб ўтганларига кўп бўлмади. Уларнинг икки боласи бўлиб, каттаси тўрт яшар, кичиги эмизикли эди. Кичигига онасининг қучоғи етарли эди аммо каттаси Азимжон... У янги уйга кўниколмай тез-тез хархаша қиларди. Бобомни соғиндим, деб йиғлайвергач отаси машинада бир-икки олиб бориб келди. Аммо унинг раъйига қарашга эркакнинг вақти йўқ, эртадан кечгача ишда эди.
Бугун эрталаб ҳам Азимжон ишга отланган отасининг машинаси атрофида ўз-ўзидан ҳиқиллаб айланди. “Бобомга бораман, бобомга олиб боринг”, деб отасига ялинди. Отанинг ўғилчасига раҳми келди.
–Ишдан келиб олиб бораман, бобонгни уйида ётиб келамиз, – деди боласининг бошини силаб.
–Алдайсиз, – деди бола кўзлари тўла ёш билан отасига қараб, – ҳар доим шундай дейсиз, олиб бормайсиз.
Бола аразлаб айвон зинасига бориб ўтирди. Ичкаридан укасининг ҳам йиғлаган овози эшитилди. Отаси унинг аразлаганидан фойдаланиб, тезгина чиқиб кетди. Бола машинанинг ортидан чопди. Ланг очиқ дарвоза ёнида тўхтаб инқиллаб-синқиллаб уни ёпа бошлади. Эркак машинадан тушиб дарвозани ўзи ёпмоқчи бўлди-ю, аҳдидан қайтди. Кичкинтой шу ишга андармон бўлгани яхши, деб ўйлади. Машина ойнасидан қараб, ўғилчасининг астойдил ҳаракатига завқи келиб, жилмайди.
Азимжон дарвоза ортида туриб, кўчани яхшилаб кузатди. Дадаси кетган томонга қаради, кейин орқа томонга қаради. Кўчанинг шу тарафидан бобосининг уйига борган эди. Машинада бўлса ҳам йўлни эслаб қолганди. У бир пас шу томонга қараб турди-да, кейин чопқиллаб кетди.
Мана шу катта кўприкдан кейин яна бироз юрса, икки томони дарахт йўл келади. Азимжон таниш жойларни кўриб, яна илдамлади. Кейин икки томони дарахтли кўчага бурилди. Сув ичгиси келди, яна илдамлади. Катта бинонинг олдига келиб қолди. Бобосининг уйи йўқ эди. У ёқ бу ёққа аланглаб ариллаб йиғлаб юборди. Ҳар томондан катталар келиб, уни ўраб олишди. Бундан у баттарроқ қўрқиб, йиғлай бошлади. Кейин формали амаки келди. Уни кўтариб, ўша катта бинога олиб кирди. Сув ичирди, қўлига ширинликлар берди. Бироз ўзига келганида исмини сўради.
–Азимжон, қаерга кетаётган эдинг, – деб сўради мулойимлик билан.
–Бобомнинг олдига.
–Бобонгни исми ким?
–Бобом!
Эркак болани етаклаб ташқарига чиқди. Қариялар онда-сонда йиғилиб қоладиган эски чойхона тарафга юрди. Азимжон энди ўзини анча босиб олган эди. Ўша атрофдаги ёш-ялангдан болани таниш-танимасликларини сўради. Ҳеч ким жўяли гап айтмади. Шу пайт кўчадан бир йигит от миниб ўтди. Болакай қийқириб юборди: от, от! Ёнидаги эркакка қараб деди:
–Бобомнинг ҳам отлари бор, қоп-қора, ка-аатта, уйдай келади, мана шунча отлари бор, – шундай деб беш бармоғини ёйиб кўрсатди.
Болани кузатиб турган чойхоначи кулиб юборди.
–Бу бола Қурбон чавандознинг набираси, – деди кула-кула, – этакдаги Жарқишлоқдан.
–Қаердан биласиз? – ажабланиб сўради эркак.
–Бешта, уйдай келадиган қора отлар бу яқин-ўртада фақат Қурбон чавандозда бор, – деди чойхоначи, – жуда довруқли отлар, кўпкари чопадиган.
Бу вақтда Азимжонларнинг уйида гўё қиёмат қўпганди. Она бир аҳволда, ота чорасиз. Ота уйига болани қидириб борганида ҳеч нарсадан хабарсиз қариянинг ўзи чиқиб келди. Боласини сўрашга ҳам ҳоли келмай, бўшашиб остонага ўтириб қолди.
Қария ўғлининг аҳволидан ёмон бир воқеа юз берганини сезди. Савол беришга улгурмади. Шу пайт “бобожон!” деган қувончли қийқириқ янгради. Участка нозири билан етаклашиб келаётган Азимжон унинг қўлидан чиқиб, югурганича ўзини бобосининг қучоғига отди. Қариянинг оппоқ соқолларига юзларини ишқалаб, қиқирлаб бўйнидан маҳкам қучиб олди.
Азимжоннинг отаси эса ҳарчанд кўзёшини яширишга уринмасин бунинг уддасидан чиқолмади. Қария келиб елкасидан қучоқлаган ўғлига ҳайрон боқди. Ўғил отасини қўйиб юбормай бир қўли билан телефон рақамларини терди ва деди: “Онаси, Азимжон отамни кўргани келибди...”
Инобат НОДИРШОҲ