October 24

БУ НАҚАДАР ФУСУНКОР ОЛАМ Таниқли адиб Шодиқул Ҳамрога хат

Салом, Шодиқул дўстим.

Яхши биласиз, сиз билан талабалик йилларидан буён биргамиз. Илк ҳикояларингиз Тошкент давлат университетининг журналистика факультетида ўқиб юрганингизда чиққан. Ҳаммамизнинг ҳавасимиз келган эди. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида, “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи” журналларида чиққан шеърлар, ҳикоялар роса шов-шув бўларди. Ушбу адабий нашрларнинг ҳар бир янги сони талаш бўлиб, қўлма-қўл ўқилар эди. Ўқишни битирганингиздан сўнг ўзингиз ҳам “Ёшлик” журнали таҳририятида ишладингиз.

Сиз ўша вақтлардаёқ жаҳон адабиётидаги бадиий матн сифатини ўзгартириб юборган, хаёл ва тафаккурнинг бепоён кенгликларини кашф этган ёзувчилар асарларини кўп ўқирдингиз ва бизларга ҳам ўқиган китобларингизни қизғанмасдан совға қилар эдингиз. Шу ажойиб одатингизни ҳозир ҳам канда қилганингиз йўқ.

Фусункор реализм адабий оқимининг мумтоз намояндаси Хуан Рульфонинг “Педро Парамо” номли романини илк шеърларим эндигина матботда чоп этилган йиллари: “Мана шу китобни ўқинг”, – деб, менга бергандингиз. Ўша вақтда бу ғалати асар мағзини чақиш менга мураккаб туюлганди. Сиз эса, уни сув қилиб ичиб юборган, барча бобларини ёдлаб олган эдингиз. Ўқиб, мазмунини тўлиқ англаб етиш учун уни ҳар куни қўлимдан қўймай, сўмкамга солиб олиб юрардим. Афсуски, бу китобни ҳали ўқиб тугатишга улгурмасимдан сўмка-пўмкам билан бирга қўшиб ўғирлатиб қўйдим. Эски шаҳарда мен оилам билан ижарада турган кулбанинг эгаси Аниса оппоқи бизни “прописка”га қўймоқчи эди. Расмий идораларнинг қоғозбозлиги истеҳкомини забд этишда устозларимдан бири ёрдам бермоқчи, ўша куни биргаликда шаҳар ҳокими қабулига кирмоқчи эдик. Яқин “дўстларим”дан бирига бу ҳақда оғзимдан гуллаб қўйгандим. У пайт пойлаб юрган экан... Хуллас, учинчи қаватдаги ишхонамнинг эшигини қулфламасдан биринчи қаватга тушиб, устознинг келишини сабрсизлик билан кута бошладим. Бир вақт хонамга чиқсам, сўмкам йўқ... Унинг ичида қўлёзмаларим, уй ҳужжатлари, умр йўлдошим ва менинг паспортим, болаларимнинг гувоҳномаси ва янги пойафзал оламан деб жамғариб юрган пулларим бор эди... Ўғирлатиб қўйган пулларимга, ҳужжатларимга ачинмаганман, Хуан Рульфонинг сиз берган китобини йўқотганим учун жуда куйинганман.

Мана, ўтган йили менга “Латиноамериканская повесть” номли икки жилдлик қиссалар тўпламининг биринчи жилдини совға қилдингиз. Бу китобда Алехо Карпентьернинг “Концерт барокко” (“Барокко концерти”), Хуан Корлос Онеттининг “Бездна” (“Тубсиз гум”), Аугусто Рао Бастоснинг “Курупи” (“Курупи” – гуарани қабиласи мифологиясида ҳосилдорлик ва ёввойи ҳайвонлар пуштипаноҳи бўлган илоҳ), Эрнесто Сабатонинг “Туннель”, Хосе Мариа Аргедаснинг “Любов-Веселенная” (“Илоҳий муҳаббат”), Хулио Кортасарнинг “Преследователь” (“Изқувар”), Хосе Доносанинг “Похоронные мечты” (“Кўмилган орзулар”) номли қиссалари, энг асосийси Хуан Рульфонинг “Педро Парамо” қиссаси бор. Бу қиссаларнинг ҳар бири ўзгача бетакрор олам. Сўз санъатининг бундай мўъжизаларини ўқиб, ҳайратга тушасиз. Миф, фантастика тасаввурингизни шуур етмайдиган осмонларга олиб чиқиб кетади, хаёл, фикр, руҳни ниҳоятда кенг, теран тасвирлаш учун сўзлар, гаплар, жумлалар янгича тузилади, инсон руҳияти, у яшаётган борлиқ, кундалик турмуш ниҳоятда аниқ ва тиниқ тасвирланади. Орзу-армонлар, дарду фожеалар, бахт ва бахтсизликлар, зулм ва адолатсизликлар, ёвузлик ва муҳаббат образлар орқали реал намоён бўлади. Бадиий асарда биз ўрганиб қолган “воқеа, жой ва вақт бирлиги” қонуни бузиб ташланади. Бирваракайига барча воқеалар, маконлар ва замонлар тасвирланаверади. Марҳумлар нариги дунёдан тирилиб келади, бу дунёда тирик яшаётганлар нариги дунёга бориб қолади, бурунги замонда дунёдан ўтганлар билан суҳбатлашади. Бу адибларни ўқиб, сўздаги кашфиёт табиий фанлардаги кашфиётлардан ҳам юксак аҳамиятга эга эканлигини англайсиз. Абдулла Қаҳҳорнинг “Адабиёт – атомдан кучли” деган ҳикматининг мағзини чақасиз.

Хуан Рульфонинг “Педро Парамо” қиссасини ўқиб, ёзувчининг услубига, тасвир санъатига маҳлиё бўлиб қолдим. Уни неча қайта ўқисангиз ҳам яна ўқигингиз келаверади.

Таниқли адиб ва таржимон Олим Отахон Лотин Америкаси ёзувчиларининг бетимсол маҳоратлари, айниқса, Хулио Кортасар ва Марио Варгас Льоса каби ёзувчиларнинг асарлари ҳақида жуда кўп гапирарди, уларнинг романларини батафсил таҳлил қилиб берарди. Ўша суҳбатлардан бирида Олим ака менга: “Шодиқул менга Кортасарнинг “Другое небо” ҳикоялар тўпламини берган, китобни қайта-қайта ўқиб, тити-питисини чиқариб юборганман, варақларининг чоклари узилиб кетган”, – деган эди.

Шодиқул, қандай яхши, сиз доимо яқин дўстларга яхши китоблар улашгансиз.

Ишдан бўш пайтларимизда учрашиб қолсак, фақат адабиёт ҳақида гурунг берасиз. Айниқса, Педро Парамони кўп гапирасиз. Шундай зулмкор ва ёвуз диктаторнинг муҳаббатини, унинг севгилисига: “Сусана!” дея илтижолар қилганини ҳаяжон билан сўзлайсиз. Мексикалик Хуан Рульфонинг Гарсиа Маркес, Хулио Кортасар ва бутун Лотин Америкаси мамлакатларининг машҳур ёзувчиларига бадиий услуб ўргатганини, устозлик қилгани ҳақида мароқ билан гапирасиз.

Ҳа, Шодиқул, шеъриятда некарагуалик шоир Рубен Дарио қилган ишни насрда Хуан Рульфо амалга оширди. Дарвоқе, жаҳоннинг янги давр адиблари аксарияти Рубен Дарионинг бетакрор шеъридан ўрганган. Пабло Неруда билан Федерико Гарсиа Лорка Рубен Дарионинг новаторлигини муносиб эътироф этиб, қанчадан қанча адабий суҳбатлар қилган, мақолалар ёзган. Бу ниҳоятда мароқли ва қизиқарли мавзу.

Сиз адабиётдаги янгиликни яхши кўрасиз, янги бадиий асарларни тарқиб қиласиз. Ўзингиз ҳам ёзган қиссаларингиз ва ҳикояларингизда янгиликка интиласиз. Яқинда “Муаззам” номли қиссалар ва ҳикоялар тўпламингиз нашрдан чиқди. Ўз услубингизга содиқ қолгансиз. Миф ва фантастика асарингизга бошқача жило бериб туради. Бадиий насрга янгича услуб билан миллий руҳ, миллий манзара, миллий фикр олиб кирасиз. Бадиий асар тили деган тушунчани кўпчилик ёзувчилар унчалик тушунмайди ҳам, ҳатто билмайди ҳам.

Сиз шеъриятни яхши кўрасиз. Бу ёзганларингиздан билиниб туради. Ташбеҳлар, тимсоллар, метафоралар насрда ҳам назмдагидек қўлланиши шарт. Бадиий сўзнинг ушбу азалий қонунига сиз садоқат билан амал қиласиз.

“Ҳовлидаги дарахт” номли ҳикоянгиз мазмуни азалий қадриятларимизга, миллий ўзлигимизга бориб тақалади. Миллий ахлоқ, урф-одатлар, анъаналарни тараннум этасиз. Аждодлардан авлодлар тўралишини, сулолаларнинг тарқалишини бизда шажара дейди. “Шажара” сўзининг яна бир синоними дарахтдир.

“Ҳовлимиздан оқиб ўтадиган ариқ лабидаги бу дарахт қишлоғимизда ягона ҳисобланади, – деб бошланади ҳикоянгиз. – Дарахтнинг кишини ҳайратга соладиган бир жиҳати бор эди. У йилда икки марта: баҳор ва куз бошларида гуллар, бироқ мева тугмас эди.

Дарахт отамга бобо мерос ёдгорлик ҳисобланар, шу сабабли уни ниҳоятда авайларди. Ва биздан ҳам шуни қаттиқ талаб қиларди”.

Ҳикоядаги тасвирлар, сўзлар рамзий маъно касб этади. Тўғри, юртимиз табиатида йилда икки марта гуллайдиган саксавул ва юлғун дарахтлари бор. Улар ҳам гуллайди-ю, бироқ мева тугмайди. Сиз тасвирлаган дарахт саксовул ҳам, юлғун ҳам эмас. Сиз ўзингиз хаёлан ўйлаб топган (русчасига “вымышленний”) дарахт тимсолига теран маънолар юклайсиз.

“Супада ёнбошлаб ётган отам ботаётган қуёшнинг алвон шафақларида товланиб турган дарахтимизга хаёлга чўмганча тикилиб турарди. Шунда мен:

– Ота, нега дарахтимиз ҳеч мева тугмайди? – деб сўрадим. Саволимдан отам ажабландилар шекилли, анча вақт худди нимадир қидиргандай юзимга тикилиб қолдилар, сўнг, “Мевами? Тугади, ўғлим. Мана мен, сен, опанг, синглинг ва аканг шу дарахтнинг меваларимиз...”

Ҳикоянгизни ўқиб, дарахт, яъни шажара ҳақида миф яратганингизни англадим. Наслни тоза сақлаш, ўзликни асраб авайлаш, озодлик ва эркни бой бермаслик каби ғоялар бу асарингизда образли тарзда тасвирланган. Бир оиланинг тақдири тимсолида бир юртнинг тақдири ҳикоя қилинган. Қадимда катта бобо сув бўйига суқуб қўйган ҳассадан кўкарган дарахт оиланинг файзи, ризқ рўзи, баракаси манбаи бўлади. Мухожир исмли одам ҳовли хўжайинидан пайванд олиб, ўзининг уйида ўстириш учун муқаддас дарахтдан новда кесиб беришни сўрайди. Аммо ота бунга кўнмайди. Баҳор келса ҳамки, дарахт негадир гулламайди. Бетобликдан боши ёстиққа теккан ота ташвишга тушади. Дарахтдан пайвандлик олишни ошкора сўраганида мақсадига етолмаган Мухожир бошқача йўл тутгани, ҳовлидаги дарахт эгасининг катта ўғлини йўлдан ургани, унга занжири узун чўнтак соат бергани, соатга учган бола бунинг эвазига дарахтдан яширинча учта новда кесиб, Мухожирга элтиб бергани маълум бўлади... Дарахт гуллайвермаганидан сўнг танасини болта билан бир пайраха чамаси тилиб кўришади, қуриган... Кейин белкурак билан дарахт илдизини ковлаб кўришади...

“Мен дарахт остидан бир белкурак тупроқ ковлаб олган эдим, димоғимга қандайдир бадбўй ҳид урилди, энгашиб тупроққа яхшироқ разм ташладим: унга қандайдир сарғиш нарса сингиб кетган эди. Отам минг азоб билан, типирчилай-типирчилай ўрнидан қўзғалди ва қалтироқ қўлларини чўзиб мен ковлаган тупроқдан бир сиқим олиб, кўзига яқин келтирди-да:

– Остига дори сепилган экан, ваҳшийлар! – деди у илондай вишиллаб ва дарахт пойига судралиб келди-да, тупроқни сидириб, томирларини ушлаб кўрди. Томирларни дарахтларнинг тириклик белгиси – намлик тарк этмаган эди...”

Ҳикоянгиз шундай якунланган. Муҳожир образида халқимиз бошига қанча балою кулфатлар солган истибдод замонининг ёвуз вакиллари назарда тутганингиз сезилади. Пахта майдонларига одамлар бошидан самолётларда бутефос сепилгани, “Оден” тракторларда дорилар пуркалгани, ариқларда қип-қизил заҳарнинг сувга аралашиб оққани, қанчадан қанча заҳматкаш деҳқонларнинг, пахтакор аёлларнинг жигари шишиб ўлгани, қанчадан қанча навқирон ёшларнинг пушти куйиб кетиб, бефарзандлик дардига мубтало бўлгани эсимиздан чиққани йўқ. Маккор ва ёвуз душман миллатимизнинг ҳаёт дарахтини қуритмоқ учун неча бир ёвузликларни ўйлаб топгани ҳаммамизга яхши маълум. Ҳикоянгизда ҳовлидаги дарахт эгасининг қамалгани, бир вагон маҳбусларнинг ўша гуллаган дарахтга қараб югурганларини тасвирлагансиз. Сиз бу тимсоллар орқали ўтган асрнинг 37 йилги машъум қатағон даврига ишора қилганингизни ҳам англадим. Бироқ қанчалик ҳаракат қилмасин ёвуз душманлар миллатимиз ҳаёт дарахтининг илдизини ўзлари хоҳлагандек таг-туги билан қурита олмади...

Проспер Меримининг “Маттео Фальконе” ҳикоясида ота сотқин ўғлини ўз қўллари билан милтиқда отиб ташлайди. Миллат бошига не бир кўргуликлар тушишига сабабчи бўлган энг мараз иллат бу – сотқинликдир. Сиз ҳикоянгизда бу иллатни ўзгача тасвирлагансиз.

“ – Ўғлим! – деди отам менга – дарахтнинг устига чиқиб, кесилган шохларга қара-чи...

Мен кўз очиб юмгунча дарахтга чиқиб олдим: ростдан дарахтнинг учта шохчаси кесилган экан. Қайчи ўтмас бўлганидан шохлар тишлаб тортилгандай ғажиб ташланган эди.

Топдингми? – деди отам – унда яхшилаб разм сол-чи, намлик борми?..

Шохлар қуриб қолган эди. Мен отамдан кўзларимни олиб қочдим”.

Сотқин ўғил образини тасвирлаганингиз таъсирчан чиққан. Ота ўз ўғлини қаҳр билан ҳовлидан ҳайдаб юборади.

Душманларнинг, агар бир халқни пароканда қилмоқчи бўлсанг, аввало унинг маънавияти илдизларига болта ургин, ёшларини йўлдан оздиргин, қаблидаги ёвуз ҳаракатлари тарихдан аён. Бугунги глобаллашув замонида дунёда ёвуз ниятлар билан маънавиятимизга тажаввуз қилишга ҳаракат қилаётган қанча душманлар бор. “Жаҳолатга қарши – маърифат” деган ғоя бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб.

Сиз ҳикоянгизда бу фикрларни сўзма-сўз айтмагансиз, лекин тасвирлаган тимсолларингиз, фусункор фантазиянгиз моҳияти, мазмуни ўқувчиларни доимо ёвузликдан огоҳликка даъват этиб туради. Фикрдан тимсол чиқмайди, бироқ тимсолдан кўплаб фикрлар туғилади.

Сизнинг асарларингизда метафора асосий роль ўйнайди. Жумлаларингиз оҳанрабо шеърнинг бандларига ўхшайди. Асарларингизда ички оҳанг ва шеърият бор.

Яқинда австралиялик болалар ёзувчиси Алан Маршаллнинг “Дарахтлар гапира олади” номли ҳикоясини ўқидим. Қўлтиқтаёқ билан юриб дарё бўйига борган ногирон болакай, унинг гапира олмайдиган қум ювиб, олтин изловчи киши билан қандай дўстлашгани ва суҳбатлашгани ҳақида ҳикоя қилинади. Ҳеч ким ким билан гаплашмайдиган, тўғрироғи гаплашолмайдиган кишини одамлар Индамас Жо деб аташади. Ногирон болакай унинг кўнглига йўл топади, у билан самимий ва қувноқ суҳбатлашади. Индамас Жо болакайнинг қувноқ ва самимий гапларидан жилмаяди. Юз-кўз ифодалари, имо-ишоралар билан гаплашади. Худди Муҳаммад Раҳмон “Пантомимо учун сюжет” номли шеърида “Гунгларда ҳам забон бўлади” дегандек. Ёзувчи унинг юзида зоҳир бўлган табассумни оққуш кенг қанот ёзиб парвоз қилганига ўхшатади. Унинг кўзларида чарақлаган шодлик ва меҳрни дарахтларнинг одамга тикилишига ўхшатади, Индамас Жо дарахтларнинг қариндоши, дарахтлар қавмидан эди дейди. Ҳикоя якунида болакай қўлларини силкитиб, Индамас Жо билан “Хайр!” дея хайрлашади.

“Индамас Жо ям-яшил буталар орасидаги дарахтга суяниб турар, ўзи ҳам худди дарахтлар ичидаги дарахтга ўхшар эди.

– Хайр, – деб садо берди у, менинг назаримда гўё дарахт гапиргандек туюлди”.

Индамас Жонинг “Хайр” деб сўзлагани боланинг хаёлида рўй беради. Ёзувчининг фантазияси реал хаётда рўй берган воқеалардан ҳам кўра муҳим ва ҳақиқий ҳодисаларни, руҳиятни ифодалайди.

Мана, ёзувчининг маҳорати. Дарахтни одам, одамни дарахт қилиб тасвирлайди. Бу фусункор олам бизни ўзига маҳлиё этаверади.

Фин шоираси Эйла Квиккахонинг “Аёл” сарлавҳали шеъри ҳам бадиий тафаккурнинг ноёб намунасидир.

Мен дарахт бўлганимда эди

илдизларимни суғуриб,

чопиб борар эдим

сенинг деразангнинг ёнига.

Афсуски, мен дарахт эмасман,

деразамнинг ёнида

сени кутиб ўтирибман

ёлғиз.

Дарахт одамдан кўра самимийроқ, меҳрибонроқ, табиийроқ, деган фикр ифодаланади. Айни дамда, шоир аёлнинг руҳий ҳолатини кучлироқ тасвирлайди. Аёлнинг табиатида ҳаё, ибо деган хислатлар бор. У эркакка суянишни, меҳр-эътибор истайди. Бу шеърни ўқиганда, севги да дарахт мавзуси Одам Ато замонларидан бошлангани ёдга тушади. Бу теран фалсафа ва нозик чизгилар ўқувчига кучли таъсир қилади.

Шодиқул, дўстим, токи фусункор адабиёт бор экан, сиз билан бизнинг суҳбатимиз давом этаверади.

Таваллудингизнинг олтмиш йиллиги билан чин юракдан қутлайман. Ҳамиша соғ-омон бўлинг.

Сиздан кўплаб янги асарлар кутиб қоламиз.

Ҳурмат билан,

дўстингиз Рустам МУСУРМОН