Аҳмад Аъзам. Нотўғри туш (ҳикоя)
Мен йигит бераётган нарсанинг нималигини, бу нарсани зинҳор-базинҳор қўлимга олмаслигим кераклигини билиб турсам ҳам, «Э-э, ана шунақасизлар-да, қўймайсизлар одамни. Ҳа, майли энди», деб бари бир оламан. Олмасам ҳам бўларди, у ҳам жуда ёпишиб, қўймай туриб олгани йўқ, қўрқоқ кўрингим келмадими, зинҳор-базинҳорлигига акслигим тутдими, ё шу дейман, одамнинг кўнгли ҳар доим ҳам асли нима бўлаётганини сезиб турадими, ишқилиб, компьютер клавиатураси қутисини оламан. Қийшиқроқ ушлаган эканман, ичидаги нарса шиғиллаб оғиб, жиччаси тўкилди ҳам. Худди шакарнинг қумидек майда, лекин ранги сўник-оқ, хира, кукунга ўхшайди. Киноларда кўрганман, ўша. Шуни клавиатуранинг қутисига солиб келаверибди. Юпқагина арзон картон қути. А бундай елим сувқоғоз халтачаларга жойлаб, сўрғичлаб, чет эл ҳарфларидан муҳрларни уриб олиб келмайсанми? Шунга ҳам пулини харжлайдиган аҳмоқ топилар экан-да, а? Яна ҳам ким билади, бордир-да. Булар шу ишнинг устаси-ку. Мелисанинг кўзини шамғалат қилиш учундир-да. Мени ҳам шунга топган-да булар. «Ҳа?», деса, «Акамларнинг компьютерларига янги клавиатура олиб келдим», дейди-да. Компьютерда кўп ишлаганидан клавиатураси дош бермайдиган зиёли одамдан ким гумонсирайди? Обрўни қаранг! Ҳа, булар ҳаммасини ўйлаган. Шунинг орқасидан нон егандан кейин устаси фаранг бўлиб кетади-да. Компьютер клавиатурасининг япалоқ қутичасини кўчада бемалол қўлтиғига қисиб келаверган. Ичида бошқа нарса борлиги кимнинг хаёлига келибди!
Йигитнинг ўзи ҳам ниҳоятда хушмуомала. Махсус мактабда ўқиганми дейсиз. Киноларда кўрганимдек юзи бузуқ бандит-безорилардан эмас, жуда боадаб, тарбияли, қўли кўкрагидан тушмайди. «Сизни деб келдим, ака. Сизга суяниб келдим, ака. Ўзингиз қўллаб юборасиз, ака». Муомалани қаранг, қандай акалик қилмайсиз? Бердию яна қўлини кўксига қўйиб кетди. «Ака, икковимизга ҳам катта пул бўлади бу», деди.
Мен шунда ҳам олиш керак эмаслигини билиб турган эдим, лекин олиб қолдим, яна менга ишонгани учун сидқидилдан раҳматлар айтдим. Ҳа, хайрлашаётиб, «Раҳмат!» деб ўзим ҳам таъсирланиб кетдим. Қаранг, қўлимдаги нарсани олиб қолиб бекор иш қилганимни билиб турибман, яна шу нарсани ишониб бериб кетаётгани учун миннатдорман. Мени яхши одам деб ўйлаганига ўзимни ҳам ишонтирди. Жуда ғалати-я? Унга «Бемалол, бемалол», деб қўяман. Нима бу, бемалол кетавер, деганимми ё яна хоҳлаганингча олиб келавер, демоқчи бўлдимми, билмайман.
У бирдан кетиб қолди. Эсимда, дарвозагача кузатишга улгурмадим. Ҳовлида ўзим қолдим. Қўлимда клавиатуранинг япалоқ қутиси. У ёққа қийшайтирсам ҳам, бу ёққа қийшайтирсам ҳам, ичидагиси шиғиллаб, сизиб тўкилади. Айтдим-ку, яхшилаб бекитишмаган ҳам, деб. Бу вақтга келиб каллам ҳам ойдинлашиб, ўйлай бошладим. Хўп, олиб қолишга олиб қолдим, менга ишонишди, бунга раҳмат ҳам дейлик, нимага раҳмат айтиш керак, буни тушунмадим-у, бунга ҳам майли, лекин энди нима қиламан? Хўш, бу дунёда мен биладиган одам жуда кўп, қариндош-уруғдан тортиб ёру жўрагача барчасини ким санаб кўрибди дейсиз, билганларим неча минг, хуллас, тумонат. Шунинг ҳаммасини танийман, лекин шу ишни қилиши мумкин бўлган биронта одамни билмайман. Бунақа одамларни қандай билиб олишни ҳам билмайман. Ўзим бунақа нарсаларга тамомила бегона одамман. Мендан воситачи чиқмайди. Кимга ўтказаман, қандай сотаман? Мен ҳатто текинга оладиган одамни тополмайман. Билмагандан кейин шу-да. Тўғри келган одамга бериб юбориб бўлмайди-ку. Сиз унга тўғри кўнгилда берсангиз-да, у сизни мелисага ушлаб берса? Ҳа, тўғри қилади лекин. Яқин, сотмайдиган оғайнингиздан шуни сотишга ёрдам беришини сўрасангиз, оғайнингиз сизни сотмайди-ю, лекин «Бундан кўра ос ўзингни, ўлигингга чиндан куяйлик», дейди. Ҳозир ҳамма кино кўради, газета ўқийди, дунё воқеаларидан хабардор, маълумоти йўқ одамнинг ўзи йўқ. Эси бор одам расво ишга йўламайди. Ўзим ҳам кинолардаги наркоманларни бир қарашда билиб оламан. Лекин, ҳаётда, рости гап, уларни қаттиқ ишлаб чарчаган одамдан фарқлаб билмайман. Бу кўп ўқиганга қарамас экан. Аср вабоси, умр жафоси деб шунча жар солганлари билан менинг тумонат танишларим орасида битта ҳам бунақа одам йўқ, бўлмасин ҳам. Ўзим ҳам, очиғи, нашапоя билан ҳовлисупургини бир-биридан ажрата олмайман лекин. Ўсган муҳитим ҳам, ҳозир яшаётган даврам ҳам шунақа. Нима қилиб бу пангвошлар молини менга кўтариб келиб юрибди, сира ақлим етмайди. Хўп мени яхши одам деб ўйлашса, яхши ишларга тортишсин. Жиноятга аралаштиришгани нимаси, кошки қўлимдан ҳам бунақа иш келса, тавба! Ёғочнинг бўшини қурт ейди, дегани шумикан, а?
Асли ўзи буни олиб қолган ўзимда калла йўқ! Агар бу иш шунақа бировидан олиб, бошқасига ўтказиб, ўртада мўмай фойдани безарар еб ётавериш бўлганда мендан бошқа талабгор ҳам кўпайиб кетар эди. Борди-ю, бунинг изига тушиб, кузатиб юрган бўлсалар-чи? Қани, кимлар билан муомала қилади, балои азимни яна кимларга етказиб беради, алоқалари қанча кенг тарқалган, деб. Ипнинг бир учидан ушлаб келаверишса, бу учи қаердан чиқиб турибди? Бизникидан-да! Компьютери клавиатураси бузилган акасини бир кўриб қўяйлик, дейишса! Ана, энди ваҳимани кўринг! Нафасим бўғилиб, ҳаво етмай қолди. Даҳшат! Шунча йил ўқиганим, эл орасидаги обрўйим, компьютерда ишлашларим, савлат, пўрим кийинишлар, иззат-ҳурматим – ҳаммаси бир пул! Йўқ ердан! Арзимаган бир нарсага! Катта фойда эмиш! Нимаси фойда? Минг-икки минг доллардир? Япалоққина клавиатура қутисига қанча ҳам кукун жой бўларди, э-э, ана, борингки, ўн минг долларликдир. Одамнинг ҳаёти бундан минг марта қиммат-ку. Мен-ку каллам ишламай олиб қолибман, лекин уларнинг калласи қаёқда эди? Нимага тажрибаси йўқ, бу ишнинг кўчасидан ҳам ўтмаган одамга ташлаб кетишади? Йўқ, гап пулда эмас. Пул бугун бор, эртага йўқ. Ё яна тескариси. Бир қўй бир терининг ичида неча семириб, неча озади, дейдилар. Лекин йигитнинг изига тушганлар ҳозир уйимга кириб келса, қўлимдаги компьютер клавиатураси қутиси билан ушлаб, «Мана, ниҳоят биттасини далилий ашё билан ушладик! Яна бу киши зиёли эмиш, компьютерда ёзадилар. Қани, норасида гўдакларимиз соғлиғининг кушандаси, ўсмирларнинг Азроили, туш олдимизга, номард!», деб қўлимга кишан солишса!… Мен ҳам шундай қараб турмасман. «Ҳақсизлик замони ўтиб кетган, инсон ҳуқуқларини топташга ҳаққингиз йўқ», дейман. Улар довдираб қолади. Қаранг, мени бўшанг бир зиёли одам, қўлига кишан солса тамом, бошини эгиб кетаверади, деб ўйлашган-да. «Айбсизлик презумпцияси бор, ахир!», деб наъра тортаман. Ана, лекин ана шу гапим яхши чиқмади, ўзим уларга тайёр дастак берибман! «Қанақа айбсизлик, акам, қанақа айбсизлик?! Қўлингиздаги картон қути тўла айбсизликми? А, бу айб бўлмай, нима, компьютер принтерига бўёқми? Кейин, яна қанақа приз… приздумия… нима дедингиз?» Ўқимаган, «презумпция» деган сўзни айтолмади, лекин мени ёмон шарманда қилди. Рост, қўлимда бир қути наркотик модда, айбсизлик презумпцияси деб турганимни қаранг! Шошган ўрдак ҳам боши билан, ҳам думи билан шўнғийди деганлари шу-да. «Хизмат бурчимизни ўташга халал беряпсиз!», дейишади яна. «Вазифамиз – сизни мана шу далилий ашё билан олиб бориб тиқиб қўйиш! Сиз эса қанча инсон ҳуқуқлари керак бўлса, шунча олиб, ўзингизни ҳимоя қилаверинг. Адвокат ёлланг, халқароларини чақиринг, марҳамат! Фақат ҳозир қаршилик кўрсатманг, бефойда». Кўряпсизми, жиноят устида ушлагандан кейин, тили ҳам бурро, гаплари милтиқнинг ўқидек…
Ана шунақа бўлиб, ваҳшатли хаёл қора босириқ ёпирилиб тушди денг! Кўкрагим ёрилиб кетай деди. Инграб юбордим. Вуҳ, фожиа! Эй, рост, инсониятнинг нафратидан даҳшатлироғи бўлмаса керак. Юрагим потирлаб, ўлиб қолай дедим. Падарингга лаънат! Молингнинг ҳам, қутингнинг ҳам, фойдангнинг ҳам, э-э, бор-э, ўзингнинг ҳам! Вэй, роса сўкиндим. Шу сўкинганим ҳам енгиллик берди шекилли, сал ўзимга келиб, қўлимдаги картон қути ичидагини «Ана, қушлар чўқилаб есин-э!» деб сочдим-да, қутининг ўзини шар-шар бурдалаб йиртиб, ҳар тарафга отиб юбордим. Ҳаракат қилганим яхши бўлди шекилли, нафас олишларим равонлашиб, каллам яна тиниқлашди. Шу сепиб ташланган кукуннинг қанча туришини тахминладим. Буларнинг ширин муомаласига учиш керак эмас, молидан кечмайди булар, пулини бериш шарт, дедим, шу тўлайдиган пулимга роса ачиндим, кейин бу ҳовлига сочилган кукунни қушлар чўқиса, улар ҳам банги бўлиб қолмасмикан деб ўйладим. Қушларга раҳмим келгани инобатга олиниб, айбимни албатта енгиллатадигандек туюлди. Лекин тўлайдиган пулимга ёмон куйиндим, ахир, мен ҳам ердан супуриб олмайман ёзув-чизув билан, кўзимнинг нурини бериб топаман. Боадаблигингни худо кўтарсин, бир куним сен учун мелисага сўроқ беришга қолдими! Бекорларнинг бешини айтибсан! Мени бунақа жиноий ишларга аралаштираман деб хомтама бўлма! Мендан бошқа ишонадиган одамларинг қолмапти-да, а? Яхши одамларга ишонасан-да албатта. Лекин мен фашистларнинг қўлига тушсам ҳам осонликча жон бермайман! Қаранг-эй, хаёлимга қанақа гаплар келяпти. Бошқаттан жаҳлим чиқиб, қатъий курашга чоғландим.
Ҳовлининг ўртасида туриб олиб, наркотик савдосига қарши мардларча нутқ сўзламоқчи эдим ё сўзлаётган эдимми, лоп этиб хотиним келиб қолса бўладими! Нима демоқчи эканим унча эсимда йўғ-у, лекин гапларим жуда залворли, ибрати катта эди. Жуда хурсанд бўлиб кетдим. Шунақа бир шодландим! Сиз хотини келганига деб ўйлаяпсизми? Йўқ. Ўзимнинг хотиним-ку. Кейин, у ҳеч қаёққа кетгани ҳам йўқ эди. Эшикка чиққандир, билмайман, хуллас, кепқолди-да. Энди хотининг эшикка чиқиб келса ҳам кўнглинг шодликка тўлиб кетаверса. Йўғ-э, ҳаммаси эви билан-да. Демоқчиманки. қувониш керак, лекин бу учун соғиниш, соғинишга эса сал вақт керак, хотининг қўшниникига элакка чиқиб келса ҳам, дарвозанинг олдини супуриб кирса ҳам теринггга сиғмай кетаверсанг, бўлмайди-да энди. Қаранг-эй, хотин ҳам шунақа деб ўйлабди, «Бунча сакрайсиз? Ҳеч қаёққа кетганим йўқ-ку, шу ерда эдим», дейди. Бечора, мени ўзини кўрганимга шунчалар хурсанд деб ўйлабди! Ҳеҳ-ҳей, кўнглимнинг кўчаси-эй. Йўқ, оғайнилар, хотинни кўрганда қувониш ҳам яхши, лекин энди ўз хотинингни ҳар куни ҳар соатда доим кўриб турасан, тинмай, дам олмай хурсанд бўлаверсанг, хотин ҳам бунга чидамайди. қочиб кетиши ҳеч гап эмас.
Мен лекин уни кўриб ниҳоятда хурсанд бўлиб кетдим. Келиб уйғотиб юборди-да мени. Бошимга тушган балои ногаҳондан халос қилди – бу кулфатларнинг баригинаси туш экан! Тушлигини англаганимдан кейин шундай яйрадим, ирғишлаб юбордим, роса сакрадим. Учдим ҳамми дейман. Хотиним шу аҳволимни ўйлаган, мени кўрганига ўзида йўқ деб. Унга тушимни батафсил айтиб бердим. Энг аввало менга компьютер клавиатураси қутисига наркотик модда солиб келган йигитнинг ниҳоятда тарбияли эканини, киноларда бунақаларни башараси бузуқ бандит-безори қилиб кўрсатишларинининг нотўғрилигини, лекин, мана, мени одоби билан ҳам алдай олмагани, хушмуомаласи ғирт сохта эканини, мени наркотик савдосига тортиш қўлидан келмаганини яхшилаб тушунтириб, қутининг ичидагини қаерларга сепганим, қутининг ўзини бурдалаб йиртиб, қаерларга отиб юборганимни бирма-бир кўрсатдим. Хотиним «Жуда тўғри қилибсиз. Фойдаси бошидан қолсин!», деб мени маъқуллади, жуда кўнглим яйраб кетди. Қанақадир бир беғам, беғубор, қандайдир хурсанд бир хурсандчиликка чўмиб қолдим. Қандай тушунтирсам, хўш, биласизми, ана шу тинч ҳаёт, оддий яшашимизнинг қандай яхши эканини англаб қолдим-да бирдан. Ҳақиқатан ҳам яхши-да. Сиз ҳам бир ўйлаб кўринг, тинч бўлсангиз, наркотик савдосига аралашмасангиз, виждонингиз тоза, хавотирингиз йўқ, уйингизга мелиса исковуч итлар билан келмайди, келса ҳам ҳеч нарса топа олмайди, сиз нима қилдим десангиз, хотинингиз тўғри бўпти, деб турса, бахт-да шу, ахир! Ёнингиздаги бахт шу! Фақат тушуниш керак. Хотинимга шуни тушунтирдим. Мана шу бахтни деб қандай пуллардан воз кечганимни билиб қўйсин-да. Пул топишни мен ҳам биламан. Ҳа, ўртада туриб, анча фойда кўрсам бўлар эди, лекин мен ўқиган одамман, билиб туриб жиноятга қўл урмайман, билмаганимда бошқа гап эди.
Хотинимга шу гапларни тушунтираман, у ҳаммасини тушунмаса ҳам мени маъқуллайди, шунга хурсандман. «Бизга кераксиз ҳали. Фойдаси бошидан қолсин. Сиз аралашманг», дейди хотиним. «Ҳа, агар менинг наркотик савдосига аралашганимни биров билиб қолса борми?», деб қўрқитаман хотинимни. «Йўқ, йўқ! – деб ёлворади хотиним. – Сира аралашманг! Юзини тескари қилсин ўшаларнинг! Буни йўқотиб яхши қилибсиз. Соғ бўлсангиз бўлди. Қарзингизни ҳам узасиз». «Нимадан қўрқасан? Тушимда эди-ку», дейман завқланиб. Эй, роса яйрайман, нимага бошқа пайтлари бунақа яйрамаганимга ҳайрон ҳам бўлиб, яна хотинимга уқтираман. «Сен бу тинч ҳаётимизнинг қандай чуқур бахт эканининг қадрига етяпсан-у, лекин унча етмаяпсан-да. Бу жуда катта бахт, ахир!», дейман. «Йўқ, етяпман, қадрига етяпман. Ҳақиқатан чуқур бахт», деб маъқуллайди хотиним ҳам. «Тасаввур қиласанми? Оддий кунларнинг замиридаги бахтни англаш керак. Шунда ҳеч қачон бахтдан камчилигимиз бўлмайди», дейман. «Тасаввур қиляпман, оддий кунларнинг замиридаги бахтни англагандек бўляпман», дейди хотиним ҳам. Тўла англамаяпти-ю, лекин шунга интиляпти, яхши-да, эр-хотин ялакат мағизмиз, хурсандман шунга. Бахтни ким қаёқлардандир ахтариб юрмаймиз, ўзимизда истаганча бор, деҳқончилик; менинг орқамдан уйга исковуч ит билан мелиса келмайди, бу ерда биров наркотик савдоси билан шуғулланмайди, ўзи наркотик модда нималигини ҳеч ким билмайди ҳам, фақат киноларда кўрган, шакарнинг қумига ўхшаган майда нарса деб билади, холос; исковуч ит билан келганда ҳам тутиш гумон, агар тушида қўлига ушлаганидан ит ҳид олмаса…. Йўғ-э? Ҳали бунақаси бўлмаган.
Тушликка туш-ку, лекин кўнгил душман, қўлимга супургини олдиму ғайрат билан ҳовли супуришга киришдим. Супургини қия келиштириб ушлаб, чаққон-чаққон супураман. «Супуриб бўлай, кейин ўнта исковуч ити билан келмайдиларми!», деб қўяман. «Тушингиз экан-ку, қўйинг, ярим кечаси ҳовли супурадими, ахир», дейди хотиним. «А туш бўлмаса-чи? Бирдан келиб қолишса-чи? Ҳа, хўп, ярим кечаси ҳовли ивирсиб ётиши керакми? Одам яшайдиган жой-а?» дейман-да янада учиб-қўниб супуришга тушаман. Рост-да, эшикли уй, «ассалом алайкў-ўм» деб кириб келиб туришса яна.
Ҳовлини қатрон қилиб тозаладим. Билмайман, яна бир нималар қилдим шекилли. Кейин унча эсимда йўқ, хотинга яна бир нарсаларни уқтирмоқчи бўлдим шекилли, ҳовлини ўзи эмас, мен супурганим алам қилдими, билмайман, гапимни қайтариб ташлади: «Ҳой, менга қаранг, одамга ўхшаб ухлаб, тўғри туш кўрсангиз бўлмайдими?». Анграйиб қолибман. Яхши ҳам анграйибман, бўлмаса қўпол гапиришим ҳеч гап эмас эди. «Нима, одамга ўхшамадимми? Тушнинг ҳам тўғри ё нотўғриси бўлар эканми?», деб сўрадим, албатта, жаҳл билан. «Одам ухлагандан кейин дам олади-да. Худо кўрсатмасин, тушингизда бир нарса бўлиб қолсангиз, кейин мен нима қиламан?», деди хотиним. Қаранг, гап қайтаряпти десам, мени ўйлаяпти экан. «Э-э, қанақа нотинч одамсиз, мунча ғулдирадингиз, ухласангиз-чи», деди яна. Шу гапни қачон айтгани унча ёдимда йўқ.
Эрталаб кўзимни очсам, ҳаммаёқ майин оппоқ нурга тўлиб қолган. Сакраб туриб, деразага қарасам, қор ёғибди, майда, шакарга ўхшаган оппоқ қор. Э-э, оқлик қандай яхши-я! Баҳри дилинг очилиб кетади.
Чой ичиб ўтириб, бирдан ҳаммасини эсладим, кейин кўрганим, ҳалиги хотиним келиб уйғотгани ҳам тушим экан: устма-уст, тушимнинг ичида уйғониб, яна туш кўраверган эканман. Одамлар ҳақида, ухлаб ётганида ундай бўлибди, бундай бўлибди, юраги ундай қилибди, қон босими бундай чиқиб кетибди деган гапларни эшитиб, ҳайрон қолар эдим, энди билсам, рост, ухлаётган одамга шодлигу ҳаяжондан ҳар бало келиши мумкин экан.
Хотин тўғри айтади-эй: одамга ўхшаб ухлаш керак.