Инобат Ибрагимова. ТУҒИЛГАН КУН. Ҳикоя
Саид ўртоғи Набижонни жон қулоғи билан эшитарди. Унинг айтишича дадаси туғилган кунига велосипед совға қилибди. Ўзи хорижда ишлаётгани учун аясига тайинлабди: Набижон уй ишларида сенга ёрдамчи бўлиб қолганидан севиндим, велосипед олиб бериб қувонтирмоқчиман, ўша кун келгунига қадар ўзига билдирма, дебди. Тоғдан тушиб борса, аяси чиройли дастурхонлар тузаб қўйганмиш, қариндошлари келибди. Ўша куни дадаси билан телефонда гаплашибдилар. “Совға ёқдими, деб сўраган эдилар, негадир йиғлагим келди. Ўзимни аранг тутдим-да, ҳеч нарса совға қилмасангиз ҳам майли, ёнимизда бўлсангиз шуни ўзи етарли, девдим, жим бўлиб қолдилар. Бизни эшитиб ўтирган катта энам: кўнгли бузилди, балаларини соғинган-да, қуриб кетсин, шу ғурбат элнинг ош-нони ҳам, деб йиғлади.
–Жўра, раҳмат сенга, уйга кетганимда молларимга қараб турганинг учун, – деди Набижон ва сумкасидан “Ёввойи йўрға” китобини чиқарди. – Тоғам совға қилди, ҳар доим китоб совға қилади. Ўқи, дадангга ўхшаб ғурбат элларда оилангдан узоқда қийналиб ишламаслик учун ҳам ўқишинг керак, деб тайинлайди доим. Тоғам олим, кўрмаган шаҳари қолмаган. Айтганча, аям сенга ҳам ширинликлар берганди...
Саид ширин хаёлларга берилди. Икки кундан кейин унинг ҳам туғилган куни. Уйларида ҳеч туғилган кун нишонланмаган. Менга ҳам велосипед совға қилсалар эди. Кўпдан шу ҳақда орзу қилади. Ҳамма жўраларида бор, биргина унда йўқ. Мактаби ҳам яқин эмас, биттагина қари эшаги бор эди, ишга ярамай қолди деб, дадаси уни қаергадир гум қилди.
Шундай хаёллар билан икки кун ўтди. Уйга кетгиси келди. Таътил бошланганидан бери тоғда мол боқяпти. Қишлоқда тузукроқ яйлов ҳам қолмаган. Зерикди. Ўртоқлари билан ўйнагиси келди. Дадаси подачиларга пул бергиси келмаганидан уни тоққа жўнатди. Набижонга маза-да, шунчаки подачи амакисига ёрдам бериш учун келади. Подачининг ўғли йўқ, қизлари бор, ўртоғи туғишган опаларидек уларни авайлайди. Умуман уларнинг оиласида бир бошқача муҳит. Ҳамма бир-бирига меҳрибон, бақир-чақир йўқ. Ҳатто подачи амакисининг ҳам бирор марта овозини кўтарганини эшитмади. Ўйинқароқлик қилса ҳам кечиради, жуда ҳаддидан ошса, паст овозда моллар омонат экани, омонатнинг сўроғи оғирлигини тушунтиради. Шунақа пайтлар Саид дадасини кўз ўнгига келтиради. Ҳеч қачон эркаламаган, арзимаган нарсаларга тутақиб кетадиган, ундан ҳеч кўнгли тўлмайдиган дадаси...
Подачи эрталабдан бери ўзи билан ўзи овора болага яқинлашиб нима гаплигини сўради:
–Бугун туғилган куним.
–Шундайми, неча ёшга кирдинг?
–Ўн иккига!
–Ўўў, катта йигит бўлиб қолибсан. Умринг узун бўлсин. Истасанг уйингга кетишинг мумкин, молларингга ўзим қараб тураман, аммо йўл ҳам анча узоқ, чарчайсан-да. Етиб олсанг, эрта кечи билан даданг бирор уловда келтириб қўярди.
Боланинг кўзлари севинчдан чарақлаб кетди.
–Молларимга қараб турасизми?
Подачи жилмайиб бош ирғади.
–Узоқ бўлса ҳам майли, чарчамайман, қисқа йўллардан юраман, кечга қолмай етиб оламан.
–Йўл олис, эҳтиёт бўлганинг яхши.
Бола қанот қоқиб учгудек йўлга тушди. Ҳаммани ҳайрон қолдириб кириб боради. Сингиллари олдига югуриб келади. Туғилган кунимни олдингизда ўтказаман, дейди. Аям палов қиладилар... Шу пайт паловнинг ҳиди димоғига урилгандек бўлди, оч қолганини ҳис қилди. Эрталаб бир бурда нон билан сут ичган эди. Майли, чидайди, буёғи оз қолди, ҳадемай қишлоқлар бошланади. Биронта улов чиқиб қолиши ҳам мумкин. Аксига олиб ҳеч кимнинг йўли уларнинг қишлоғи томонга тушмади. Шомга яқин ҳориб-чарчаб уйларига кириб келди. Сингиллари уни кўриб югурдилар, бир-бир ачомлади иккисини, улар ҳам соғинибди.
–Молларни кимга ташлаб келдинг? – Саидни кўрган заҳоти эр-хотин жонҳолатда бараварига сўради. Боланинг кўзлари катта-катта очилди. Энди оғиз жуфтлаган эди, дадаси жаврашга тушди:
–Фаросатинг борми, молларни тоғда қаровсиз қолдириб бўладими? Товуқмия.
–Эргаш подачи қараб тураман, деди. Туғилган кунинг бўлса, борақол...
–Қандай туғилган кун? Ҳамма кунга ўхшаган бир кунда, шунга шунча жойдан лаққиллаб келишинг керакми? Ҳозир чиқиб Ҳайит киракашдан сўрайчи, мошинаси юриб турган бўлса, қайтиб тоққа ташлаб келади. Уям отасини баҳосини қўйволади, тўрт чақирим ерга. Эй, турган-битганинг зараркунандалик, садқаи бола кет. Туғилган кунмиш...
–Тезгина ювиниб овқатингни еб ол, – деди аяси серрайиб қолган Саиднинг қўлига сочиқ тутиб. – Тайёр турмасанг, даданг машинани гаплашса, шошиб қоласан.
Саид ҳаммомга кирди. Кўзларидан дув этиб ёш қўйилди. Ўкириб юбормаслик учун устидан муздек сув қуйди, энтикди, қайноқ кўзёшлари юзини куйдирди, бошидан яна сув қуйди, яна, яна... Ташқаридан аяси билан дадасининг ўзаро гаплашаётганларини эшитди.
–Нима бўлди, машина йўқмикан?
–Айтдим-ку, отасини баҳосини сўрайди, деб. Кеч бўлди, тоғ йўли хавфли дейди. Энди эрталаб саҳар пиёда чиқади, бугун ётиб дамини олсин.
–Ҳа, майли, ишқилиб Эргаш подачи молларга қарасин-да, подачиларга ҳам ишониб бўлмайдиган замон. Эрта саҳар уйғотаман, овқатингизга қаранг, совуб қолди.
Аёл саҳар ўрнидан турди. Ўғлини чақирди: Саид! Аразлаган, кўнглидан кечди аёлнинг. Дадасини жаҳлини чиқармаса, бўлмас эканми, а? Ювиниб-тараниб чиқди-да, ўғлининг хонасига йўл олди. Тўшаклар тахмондан олинмабди. Ҳайрон бўлди, тунда жаҳл қилиб тоққа чиқиб кетдимикан? Айвондаги хонтахтага кеча кечқурун овқат қандай қўйилган бўлса, шу ҳолида турарди. Хафа бўлибди. Аёлнинг кўнгли хижил тортди. Икки ой деганда тоғдан тушганиди, кўнглига қарасам бўларди.
Қўйларнинг безовта баърашидан хаёли бўлинди. Емиш ейдиган вақти бўлди. Қўра томон юраркан, ўзини оқлагандек ўйлади: шу қўй-қўзилару мол-ҳолнинг ҳаммаси Саид билан сингиллари учун-ку, шу болаларни деб эр-хотин тиним нима билмаймиз. Ғўр бола буни қаердан билсин. Қўйларга емишини берди. Ҳовли адоғидаги оғилнинг очилиб ётган эшигига кўзи тушди. Қийшайган эшик кўзига хунук кўринди. Кечаси шу эшик тарақлаб очилган экан-да. Шамолда очилиб кетдимикан? Эскирибди... Шу он тонг бағрини тилиб юборган фарёддан аёлнинг эшик тутмоқчи бўлган қўллари ҳавода муаллақ қолди, оёқларидан мадор кетди. У жонҳолатда овоз келган томонга интилди. Эрининг овози... бу форма кийган одамлар нега келдийкан? Саид, Саидга бир гап бўлган...
–Сойдан ўтаётиб, қоронғида оёғи тойиб кетган бўлса керак, – деди улардан бири кутилмаган ғамдан ўзини йўқотиб қўйган эр-хотинга қараб, – жасадни дам олувчилар кўриб қолибди, сой тепасида яшайдиган мактабдоши таниди, ўғлингизни.
Аёлнинг қулоқларига ортиқ гап кирмай қўйди. Саид...Саид... онангни мол ўлдирсин Саид... онанг ўлса бўлмасмиди Саид...
Саид... У кўп нарса истаганмиди?
Бир чимдим меҳр!
Уни оч-наҳор олис йўлга солган қандай куч эди?
Бир чимдим меҳр!
Бир чимдим меҳр шунчалар қаҳатмиди?
Бисёр эди!
Унда нега Саид?..
Улашишни билмас эдилар, биттагина табассум, биттагина ўпич, бир оғиз ширин сўз болаларни бахтиёр қилишини билмасдилар...