Шодиқул Ҳамро. Уйига қайтаётган одам. Ҳикоя
“Кўзларингни оч, ўрнингдан тургин, сенга хушхабар олиб келдим. Энди сенинг исминг Муайяд. Исминг ҳам, Муайядга айланганинг ҳам, муборак бўлсин! Энди йўлга тушамиз, уйга қайтамиз, Муайяд...”
У қарийб қирқ кундан буён оғир дард хуруж қилганидан гоҳ ҳушига келиб, гоҳо ҳушини йўқотиб, жисму жуссаси оғриғу азоб ўтида қовурилиб ётган паллада дафъатан қулоғига чалинган овоздан кўзлари ўз-ўзидан чарақлаб очилиб кетди. Аммо у бу овоз қаердан эшитилгани, ким бунчалик сирли ва сеҳрли овозда гапираётганини англай олмади. Аслида айни дамда унга бу қизиқ эмасди, чунки у кўзларини йириб-йириб очганча, атрофга қўрқув ва ҳадик билан қараркан, кутилмаганда, ҳақиқатан ҳам, мўъжиза рўй бергани, анча пайтдан буён тинимсиз хуруж қилиб, жонидан тўйдирган дарддан туйқус халос бўлгани, жисму жуссаси пардек енгил тортиб, ўзини худди ҳавода учиб юргандек ҳис этаётгани, кўзига ҳамма-ҳамма нарса одатдагидан бошқача, тушдаги сингари сирли ва ғаройиб кўринаётгани, онг-шуури шунчалик тиниқ тортганидан энг паст товушлар, ҳатто ҳовли четида бир жуфт мусичанинг бир-бирига нозли кукулаши, дарахт япроқларининг оҳиста тебраниши, нариги уйда икки аёлнинг пичир-пичир гаплашаётганини ҳам қулоғига аниқ-тиниқ чалинаётганидан ҳайратга тушди. Ҳа, чиндан ҳам, мўъжиза рўй берган, у кутилмаганда, гўёки бошқа дунёга тушиб қолганди, о, йўқ, у умри қоронғу ва рутубат босган зиндонда тутқинликда ўтган, тақдирим шу экан, дея шўриш тортган бу қисмату аъмолига кўникиб қолган, ишончу орзуси буткул сўнган, бу тузоқдан халос бўлиш, ёруғликка чиқишига аллақачон умид ҳам қилмай қўйган, аммо кунлардан бир кун сира кутилмаганда зиндоннинг маҳобатли эшиклари шарақлаб очилиб, озодликка чиққан маҳбус сингари нима қилишни билмай довдираб қолганди.
У найзадек санчилаётган нурдан кўзлари қамашиб, атрофга ҳадиксираб қараркан, кутилмаганда, яна ўша овоз эшитилди: “Сенинг исминг энди Муайяд. Исминг ҳам, Муайядга айланганинг ҳам муборак бўлсин! Ортимдан юр, уйга қайтамиз, уйга, Муайяд”.
Муайяд бу овозни эшитиб, бир қалқиб тушди ва атрофига шоша-пиша аланглаб назар ташлади, аммо овоз қаердан келаётгани, ким бунчалик афсунгар оҳангда гапираётганини англай олмади, чунки на ерда, на кўкда бирон-бир кимсанинг қораси кўринмас, овоз гўёки шаффоф тортган ҳавонинг қат-қатида сузиб юрарди. Ким билади, эҳтимол бу овоз ўзининг вужудидан, юрагининг кўз илғамас сарҳадларидан таралаётгандир. Балки у ҳув олис-олислардан, етти қават осмоннинг ортидан эврилиб-гувраниб келаётгандир.
Ҳарқалай, нима бўлган тақдирда ҳам, Муайяд умри бино бўлиб, қулоққа чалинган заҳотиёқ худди Масиҳ нафаси сингари қотган дийдаларни юмшатадиган, қабарган кўнгилларга қайта жон бағишлайдиган, қудратли куч сингари бирдан фикр-хаёлини забт этиб, ўз изму ихтиёрига солиб оладиган бундай афсунгар овозни ҳеч қачон эшитмаганди.
О, йўқ, бу овоз илоҳий оят сингари салобат билан юракларга юк солиб янграрди, унинг жаранги олдида булбулнинг хониши ҳам, сувнинг майин шилдириши, эпкиннинг нозик саси, майсанинг оҳиста тебраниши, ёмғирнинг ёқимли шитир-шитири ҳам ўз-ўзидан хунук тортиб қоларди.
Йўқ, йўқ, бу шунчалик қудратли ва мўъжизакор овоз эдики, у дафъатан таралса, дунё туйқус карахт тортгандек сукутга толар, қутуриб эсаётган бўронлар ҳам, шаррос ёғаётган ёмғирлар ҳам бирдан тинар, салобат билан қад ростлаган тоғлар ҳам ўз-ўзидан увоқланиб қум зарралари сингари сочилиб кетар, ишва ва ноз билан чақчақлаб бетиним сайраётган қушлар ҳам худди уялгандек бирдан бошини қанотлари остига яшириб олар, хушбўй ифор таратиб, ифори дунёни масту мустариқ этадиган анвойи гуллар эса, хижолат тортгандек туйқус эгилиб қоларди.
Бу қудратли овоз унга Муайяд деган исмни ато этган, худди ташландиқ бола сингари кир-чирга ботган, ҳеч қачон меҳр кўрмаган, илиқ сўз эшитмаган, мудом таъна-дашному маломатлардан боши чиқмаган, адашиб-дайдиб юрган руҳини бу чирқин дунёнинг чангалидан халос этганди.
* * *
“Уйга қайтиш фурсати етди, Муайяд. Ортимдан юр, йўлга тушамиз”.
Шу овоз таъсирида Муайяд итоаткор тарзда уйдан чиқди.
Аммо у энди остона ҳатлаётганда уй ичини аёлларнинг — уларнинг орасида хотини ва синглиси ҳам бор эди — уввос тортиб йиғлаган овози тутиб кетди, улар гўёки Муайяд уйни тарк этаётгани, энди у ҳеч қачон қайтиб келмаслигини сезгандек, алам ва изтироб билан ўкраб-ўкраб йиғлашар, йиғлай туриб, ҳирқироқ товушда алам билан алланималар дея дийдиё қилиб қўйишарди. Муайяд худди ҳаммаси шундай кечишини олдиндан билгандек, аёлларнинг алам ва изтиробдан ўзини унутганча йиғлаётганига эътибор бермади, ҳатто бошини ўгириб, уй ичига қарашга ҳам ҳафсала қилмай дарвозахона томон юрди.
Ҳовлининг темир дарвозаси икки табақаси ҳам аллақачон ланг очиб қўйилган, дарвозахонада эса, узун ўриндиқда эгнида тун, бошига дўппи кийган ва белларини қийиқчалар билан боғлаб олган ўн чоғли киши — улар қариндош-уруғи ва қўшнилари эди — бошини эгиб, ғамгин қиёфада ўтирарди. Муайяд уларга назар ташларкан, туйқус ўртада укасининг қаватида ўтирган ўғлига кўзи тушди-ю, бирдан юраги ҳапқириб кетди ва беихтиёр юришдан тўхтаб, унга тикилиб қолди: рости гап, у айни дамда ўғлини кўриб турганидан туйқус қувониб кетган ва унга аллақандай меҳри тобланиб қарарди. “Бугун келмаса керак, деб ўйлагандим, — дея кўнглидан кечирди у, — хайрият, худди билгандек, етиб келибди...”.
У яккаю ёлғиз ўғлини анча пайтдан буён илҳақ кутган, айниқса, жисму жуссасини илондек ўраб-чирмаб олган дард кўз очирмай қўйган дамларда ҳам алаҳсираган куйи уни қайта-қайта сўраган, ҳатто топинглар, дея худди ёш боладек хархаша қилганди. Аммо у ҳар гал оғриқ ва азобдан инграган куйи ўғлини сўраганда, боши устида ўтирган хотиними ё синглиси худди айбдордек кўзларини олиб қочганини кўриб, ҳаммасини сўзсиз тушунар, юрагининг туб-тубида милтираб турган ишончу умиди ҳам сўниб, кўзларини ожизгина юмиб оларди.
Ўғли бундан чамаси, бир йилча муқаддам қишлоқда аллақаёқдан пайдо бўлган, соч-соқоли ўсиб кетган, иркит қиёфадаги девонабашара бир кимсанинг ортидан эргашиб кетган ва шу кўйи қайта қорасини кўрсатмаганди, у қаерларда дайдиб-сандироқлаб юргани, қандай юмуш билан банд экани ва қачон уйга қайташини ҳеч ким билмасди.
Ўшанда бу девонабашара кимса қишлоқда баҳорнинг ёмғир-сочинли кунлари ортда қолиб, ёзнинг иссиқ тафти кезинаётган пайтда кутилмаганда пайдо бўлган, унинг бетартиб ўсиб кетган ва паталак босган соч-соқоли қиёфасига қўрқинчли тус бериб турар, эгнидаги кийимлари ҳам буткул кир-чирга ботиб, яғири чиққан, елкасида хуржунга ўхшаш тўрвани илиб олганди. Одамлар унга кўзи тушиб, ризқ-насибасини териб юрган девона бўлса керак, қишлоқда бир-икки кун ивирсиб юради-да, сўнг яна йўлига равона бўлади, дея ортиқча эътибор беришмаганди.
Аммо орадан бир ҳафта ўтса-да, ҳалиги девона аллақаёққа равона бўлишни хаёлига ҳам келтирмаган, аксинча, қишлоқ четидаги ташландиқ тегирмон ёнидаги деворлари нураб, тўкилиб қолган уйчани ўзига бошпана қилиб олганди.
Аслида унинг ҳеч кимга зиён-заҳмати тегмасди, у баъзан тўрвасини елкасига ташлаб қишлоқ оралаб қолар, ҳеч кимга сўз қотмас, ҳатто зорланганча дийдиё қилиб, хайр-садақа ҳам сўрамасди, одамлар азбаройи раҳми келиб берган яримта нонми ёки бошқа егуликларни индамайгина олиб, тўрвасига солар ва яна йўлига равона бўларди. Кўпинча эса, у хароба уйчадан ташқарига чиқмас, чамаси, қаттиқ толиққан одамдек, уйқудан бош кўтармасди. Бироқ орадан кўп ўтмай маълум бўлдики, бу девонанинг ғалати одати бор экан: у дарахтларнинг томирини ковлаб олиб, ҳафсала билан олов ёқар, сўнг ловуллаб ёнаётган гулхан атрофида қўлларини ҳавода телбавор силкитганча лўкиллаб ўйинга тушарди. У гулхан атрофидан айлана туриб, худди афсунгардек, тушуниксиз тилда оловга қараб алланималар деб шивирлаб қўяр, бундай пайтда унинг кўзлари аллақандай ёвуз чақнаб кетарди. У олов атрофидан шаррос терга ботганча бетиним айланаркан, баттар жазавага тушиб борар, баъзан бутун жисму жуссаси жунбушга келгандек, осмонга қараб оғзини катта-катта очганча қўрқинчли ва овозда қийқириб юборарди.
Бу ҳали ҳаммаси эмасди, оловнинг чўғи сўниб, кулга айлангач, бундан ҳам ғалати воқеа рўй берарди: афтидан, бу девона гулхан атрофидан айланавериб, буткул эси оғиб, нима қилаётганини ҳам билмай қоларди, шекилли, эгнидаги шалвираб қолган кийимларини апил-тапил ечиб бир четга улоқтирарди-да, чўғи ўчган оловнинг кулини ҳафсала билан танига суртишга тушарди. У ҳовучи тўла кўлни баданига ишқаларкан, бундан гўёки вужуди тийиқсиз лаззат туяётгандек, оғзини катта-катта очган кўйи “Оооо...” деб юборарди. Ҳадемай у бош-оёқ кулга беланар ва ҳансираб-ҳансираб нафас олганча, бир четда чўзилиб ётиб оларди.
Қишлоқда текин томошага ўч одамларга тап-тайёр эрмак топилган, улар девонанинг ақлга сиғмайдиган алмойи-жалмойи қилиқлари, унинг гулхан атрофида шаррос терга ботган кўйи лўкиллаб-лўкиллаб ўйинга тушишию, сўнг буткул эсини йўқотиб қўйгандек, бош-оёқ кулга беланишига қараб туриб, ўзларини тутолмай қотиб-қотиб кулишар, алланималар дея майна-масхара қилганча қийқириб қўйишарди. Девона эса, одамлар ўзидан кўз узмай турганини, ҳатто очиқ-ошкор устидан кулиб, майна-ю масхара қилаётганини парвойига ҳам келтирмасди, у гулхан атрофини айланиб, ўйинга тушиш-у, танини кулга белашга шунчалик берилиб кетардики, ҳеч нарсага эътибор бермас, ҳатто атрофига шунчаки кўз қирини ҳам ташлаб қўймасди.
Фақат қишлоқ болалари ҳақида бундай деб бўлмасди, улар аввалига девонанинг ажабтовур хатти-ҳаракатларини узоқдан аллақандай қўрқув ичида ҳадиксираб кузатиб юришди, унинг ёнига йўлашга юраклари дов бермас, кўча-кўйда рўбару келиб қолишганда ҳам, бирдан ранг-қути учиб, қочиб колишарди. Аммо орадан кўп вақт ўтмай нимадир рўй бердию, ҳаммаси бирдан ўзгариб кетди: болалар ичларига кириб олган қўрқув ва ваҳмни ҳам унутганча чувиллашиб, девонанинг ортидан изғиб юрадиган, ҳатто азбаройи қизиқиш ва иштиёқлари устун келиб, гулхан атрофида ўйинга тушадиган одат чиқаришди.
Афтидан, ҳамма гап девонанинг ўзида эди, аниқроғи, у одамлар ўйлаганидек, ақлу ҳуши оғиб қолган далли-девона, сайёҳ дайди эмас, балки зимдан ишини битирадиган ўлардек писмиқ кимса экан, у сеҳр-жоду қилдими ё бошқача йўл тутдими, хуллас, болаларнинг бош-кўзини айлантириб, ўзига оғдириб олди.
Болаларнинг девонага садоқати жуда баланд эди, улар ота-оналарининг уришиб-койишию жаврашларига ҳам парво қилишмас, кун узоғи шу саёқ дайдининг атрофида ўралашиб юришарди.
Бир тун эса, қишлоқ кутилмаганда, жим-жит тортиб қолди. Бундан ҳамма ҳайрон бўлди. Эртаси кун одамлар сўраб-суриштириб билишса, ҳалиги девона бир тўда болаларни ортидан эргаштириб, ими-жимида аллақаёққа бош олиб кетган экан. Ким билади, балки қишлоқда гулхан ёқишга арзийдиган дарахтларнинг томири тугаб қолдими ёки ҳадеб бир гўшада ивирсиб юриш жонига тегдими, хуллас, ҳалиги девона кутилмаганда, сирли тарзда ғойиб бўлганди. Унинг ортидан эргашиб кетган болалар орасида Муайяднинг якка-ю ёлғиз ўғли ҳам бор эди...
Шундан буён орадан анча вақт ўтди, аммо болалар қишлоққа қайтиб келмади.
Ўшанда Муайяд негадир ўғлининг девона билан бирга кетиб қолганига ортиқча эътибор бермаган, сандироқлаб юриш бир кун жонига тегса, бошини эгиб, қайтиб келади, келмай қаёққа ҳам борарди, деган ўйда хотиржам юрганди. Аммо у кутганидек, ўғли қайтиб келмади. Фақат бугун ўғли худди олдиндан билгандек, аллақаёқдан пайдо бўлибди. Эҳтимол, кимдир, балки тоғаси ё қариндошларидан бири овора-ю сарсон бўлиб уни аллақаердан излаб топган ва ҳол-жонига қўймай уйга бошлаб келгандир. Эҳтимол, ўғлининг ўзи ҳадеб ҳалиги девонанинг ортидан изғиб юриш жонига теккач, ҳафсаласи пир бўлиб, ҳаммасига қўл силтаганча уйига қайтиб келгандир.
Муайяд буни аниқ билмасди, аммо у ўғлига тикилиб қараркан, айни дамда ҳам унинг хаёли ўзида эмас, у худди адашиб бегона жойга келиб қолган ва ҳали нималар рўй берганини тузук-қуруқ англаб етмагандек, кўру карахт алфозда ўтирганини кўрди-ю, юраги совуқ тортиб кетди.
Бунга ҳозир унинг ўзи ҳам ҳайрон қолади, бошқа маҳал, айтайлик, тўрт мучаси соғ, оёқда эмин-эркин юрганида эмас, балки кутилмаганда дард қаттиқ хуруж қилиб, икки дунё орасида — аросатда ётганда, негадир ўғли сира хаёлидан нари кетмаган, туну кун у ҳақида ўйлаган, дард бир томон, ўғли бир томон бўлиб, вужудини аёвсиз қақшатган, юраги азобу изтиробга тўлиб кетган ва ана шундай таҳликали паллада туйқус онг-шуури ёришиб, савқи табиий тарзда ҳамма-ҳаммасини — анави турқи совуқ девона нега дарахтларнинг томирини ковлаб олиб, гулхан ёқиши ва ундан тийиқсиз лаззат тўйиши, бунда қандай сир-синоат борлиги, нега болаларнинг бош-кўзини айлантириб, ўзининг изму ихтиёрига солганча аллақаёқларга эргаштириб кетганини англаб етган ва аламу ўкинчдан титраб-қақшаганча хаёлан ўғлини бу йўлдан қайтаришга уринган, унга барча-барчасини қайта-қайта тушунтирган, панд-насиҳат қилган, танбеҳ берган, уришиб койиган, аммо сўзлари ҳавога учиб бесамар кетаётганини кўргач, ўзини тутолмай йиғлаган кўйи ялиниб-ёлворган, тавалло қилганди.
У ёстиқдан бошини кўтаролмай алаҳсираган кўйи хаёлан жон-жаҳди билан ўғлини уйга қайтаришга интиларкан, юрагининг бир четида ёлқинланиб турган қасос ўти таъсирида ҳали-ҳануз гулхан атрофида лўкиллаб ўйинга тушаётган девонага кутилмаганда, ҳамла қилар, унинг паталак сочидан тутиб, аёвсиз судраб юрар, уриб-тепкилар, сўнг чалажон аҳволга тушгач, уни ўзи ёққан гулхан қаърига ғазаб билан итқитиб юборарди. У оловда ёнаётган девонанинг оҳу фарёди, ялиниб-ёлвориши, товба-ю тазарру қилишини тингларкан, юрагидаги қасосу интиқом ўти босилиб, бутун вужуди роҳат олаётганини ҳис этарди.
У аросат остонасига бошини қўйганча, қуюндек тўзғиган хаёллар қуршовида девонани минг марта ўтда ёққан, минг марта унинг оҳу ноласи, ялиниб-ёлвориши, товба-ю тазааррусини тинглаб, лаззат туйган эди.
Бир сафар у қаҳр-ғазаб билан девонани гулхан қаърига итқитаётиб, сира кутилмаганда, умри давомида ҳеч қачон эсламаган ва хотирасидан аллақачон ўчиб кетган ҳув болалигида момоси айтган сўзлар туйқус ёдига тушганди. Бу шундай ғайритабиий тарзда рўй бергандики, у катта шол рўмол ёпинган, енглари узун кўйлак кийган момосининг сўзларини худди қаршисида тургандек, аниқ эшитганди.
“Ҳамма бало-қазони у бошлаб келади, — деганди ўшанда момоси. — Унинг қадами теккан жой худди қарғиш теккандек қуриб битади. Унинг битта кўзи бор, у ҳам бўлса, пешонасида. Аммо уни таниб олиш, кўзи пешонасида эканини кўриш ҳаммага ҳам насиб этмайди...”
У момоси шу гапларни айта туриб, туйқус қўрқув ва таҳликага тушиб қолиши, сўнг шоша-пиша аллақайси дуоларни пичирлаб ўқишга тутинишини ҳам эслаганди.
Муйаяд беҳол инграган куйи момоси айтган ҳалиги кўзи пешонасидаги маҳлуқ ҳақида ўйлаётиб, туйқус хаёлида дарахт томирларидан гулхан ёқиб, унинг атрофида лўкиллаб ўйинга тушаётган ҳалиги девонанинг ирқит қиёфаси пайдо бўлганди...
Буларнинг бари унинг безовта тортган хаёлида худди тушдаги каби сирли тарзда кечган, у қарийб қирқ кун дунёдан узилиб, аросатда ётганда, ҳалиги девона билан қайта-қайта юзланган, ҳар гал уни мағлуб этиб, интиқом олганда, вужудида чексиз мамнунлик туйган, қувончдан энтикиб, ўз-ўзини овутган, алағда кўнглига таскин-тасалли берган, сўнг эса, кутилмаганда, еру кўкни титратиб, ҳалиги афсунгар овоз янграб, ҳамма-ҳаммаси ўзгариб кетган ва у Муайядга айланиб қолганди.
Муайяд алланимадан безовта тортиб, тоқатсизланиб ўтирган ўғлига қараб-қараб, ҳовлидан чиқди-да, тупроғи тўпиққа урадиган тор йўлдан қишлоқ ўнгиридан оқиб ўтадиган дарё томон йўл олди, йўқ, тўғрироғи, ҳалиги овоз уни шу томонга бошлаб кетди.
* * *
Муайяд қишлоқдан чиқаётиб, пешонаси ерга теккудек бир алфозда ўт орқалаб келаётган гўрковни учратиб қолди. Ва шу чоғ кутилмаганда, ортидан кимнингдир зардали овози эшитилди:
- Ҳой, гўрков, бугун қишлоқда жаноза борлиги эсингдан чиқдими?! Ҳамма сени излаб юрибди, бирор жойдан қорангни топиб бўлмайди. Ҳадемай шом тушиб, майит кўмилмай қолса, гуноҳи бўйнингга тушишидан қўрқмайсанми?
Бу қишлоқ мулласининг овози эди.
- Менсиз кунларинг ўтмайди, - деди гўрков минғирлаганча бошини кўтариб муллага қараркан. – Фақат гўр қазиш зарур бўлса, мен эсларингга тушаман. Бошқа пайт бирон кимса одам ўрнига кўрмайди. Яна дағдаға қилишини кўринг...
- Бўлди, ҳадеб нолийверма, - деди мулла дарров муросага ўтиб. – Ҳали оғиз очмай туриб, нолишга тушасан. Савобни ҳам эсингдан чиқариб юборибсан.
- Эй, савоб билан қорин тўядими? – деди гўрков баттар тутақиб. – Тупроққа беланиб, кун узоғи лаҳад қазийсан-у, эвазига қўлингга тўртта чақа тутқазишади. Яна ўлганнинг устига тепгандек, нариги дунёда савобини оласан, дейишади. Эҳе, ўша савобингни ҳам...
- Энди кўп нолийверма, - деди мулла жеркигандек оҳангда. – Ҳамма сени кутиб турибди, имилламай тезроқ юр!
Мулла яна алланималар дея гўрковни койиганча, қишлоқ томонга ўгирилди-да, тез-тез қадам олиб йўлга тушди.
Гўрков ҳам норози оҳангда тўнғиллай-тўнғиллай унинг ортидан эргашди ва ҳадемай улар қишлоққа кириб, кўздан ғойиб бўлишди.
Муайяд боя тўхтаган жойида тошдек қотиб қолган, қимир этишга ўзида мажол сезмасди: мулла билан гўрков ўртасидаги можарони эшитиб, у буткул эсанкираб қолганди, йўқ, йўқ, айни дамда у ўзини худди кимдир боши устидан ҳақорату таъна-дашномлар ёғдирган, маломатларга кўмиб ташлаган, шаънини аёвсиз топтагандек ҳис этар, юраги алам ва ўкинчга тўлиб, хўрлиги келарди.
У илгари, ҳали Муайядга айланмаган, қишлоқнинг жоҳил ва олчоқ одамлари орасида умргузаронлик қилган кезларда бундай можаро-ю машмашаларни деярли ҳар куни эшитар, унинг ўзи ҳам бундай қабилдаги гап-сўзларни айтган, аммо бунда кўнгилга тошдек оғир ботадиган, кўнгилни хира қиладиган бирон-бир ёмонлик аломати борлигини ҳеч қачон хаёлига келтирмаганди.
Аммо энди унинг исми Муайяд эди, у аллақачон Муайядга айланган ва у дунёга Муайяднинг нигоҳи билан назар ташларкан, кечагина у бутун вужуди билан интилган, кўнглини қувонтирган барча-барча нарсаларнинг ранг-туси, маъно-моҳияти туйқус ўзгариб, аянчли ва хунук тортиб қолганди. Унинг назарида, умри кечган қишлоқ худди суви аллақачон айниб, бадҳўй ҳид таратаётган ҳовузга ўхшарди, у ҳали Муайядга айланмаган пайтларида буни ҳеч қачон сезмаган, ҳатто бир лаҳза бўлса-да, хаёлига келтирмаган, аксинча, худди ўлжа ташлашаётган ёввойи қабила сингари одамлар билан олчоқларча талашиб-тортишиб, ёқа бўғишиб, жон-жаҳди билан шу гўша томон интилган, ҳар доим, ҳар дақиқада бу маконда узоқ-узоқ қолиб кетиш илинжида елиб-югурганди.
У шуларни хаёлидан ўтказаркан, умри ғафлатда кечганини англади-ю, бутун вужудини азобли оғриқ ўраб-чирмаб олди.
“Вақт ғанимат, йўлга тушамиз, Муайяд.”
У дафъатан қулоғига чалинган овоздан бирдан ҳушёр тортди, қоп-қоронғи тортган кўнгли ёришиб кетгандек бўлди ва яна йўлга тушди.
Овоз уни дарё бўйига бошлаб келди. У шарқираб оқаётган сув бўйидаги саҳни чоғроқ сўпадек келадиган улкан тош – у эсини танигандан буён бу улкан шу жойда турар, уни на қишнинг аёзли изғирини емириб адо қилган, на баҳорги тошқинлар ўрнидан қимирлата олганди — устига кўтарилди ва дарахтлар билан бўрканган, у ер - бу ерда уйларнинг томи оқариб кўринаётган қишлоқ томон ғамгин назар ташларкан, дафъатан Муайядга айланиб, қаримсиқ ва маккор дунё усталик билан қўйган тузоқдан озод бўлганидан қувониб кетди.
Ҳа, унинг исми Муайяд эди, бу исм ҳам, жисму жуссаси шаффоф тортиб, Муайядга айлангани ҳам ўзига ёқар ва энди у суюқоёқ аёлнинг тўшагидек фаҳш ва разолатга ботган қишлоққа қайтишни ҳеч қачон истамасди.
У ана шундай хаёлларга ғарқ бўлиб, анча пайт улкан тош устида турди, сўнг кутилмаганда, яна ўша овоз янгради: “Уйга қайтиш фурсати етди, Муайяд! Бошингни баланд тут, кўзларингни кўк сари тик, уйга қайтамиз!”.
Муайяд улкан тош устида сомеъ турганча бутун вужуди билан бу овозга қулоқ тутар, уни тинглаган сайин тош қотган дийдаси, о, нафақат дийдаси, балки бутун вужуди мумдек эриб борар, кўзларидан шовуллаб қуйилаётган кўзёшлари юзини ювиб тушарди.
Наҳотки, сўзда ҳам шунчалик сеҳру жозиба, латофату қудрат жам бўлса? Жон оладиган ҳам, жон ато этадиган ҳам сўз деб шунга айтадиларми?!
Муайяд бу ўй хаёлига қандай келганини ўзи ҳам билмайди, аммо селу селоб бўлиб ҳалиги овозни тингларкан, кутилмаганда, кўнглида бу қудратли овоз соҳибини кўриш, ҳеч қурса, унинг жамолига бир қур назар ташлаш истаги пайдо бўлди. Шу боис у кўзларини катта-катта очганча ён-атрофига, пойида шарқираб оқаётган дарёга ва осмонга умиду илинж билан аланглаб қаради, аммо ҳеч кимни тополмади. Бу овоз соҳиби нега кўриниш бермайди? У қандай сирли хилқат ўзи? Қаерлардан келаяпти бу овоз? Ерданми, кўкданми ёки шарқираб оқаётган сувнинг, ғир-ғир эсаётган ёқимли шабаданинг овозими бу?!
“Фурсат етди, энди уйга қайтамиз, Муайяд!” — дея овоз янграган заҳотиёқ Муайядни қандайдир қудратли куч тош устидан оҳиста кўтариб, кўк сари шитоб билан учириб кетди.
Муайяд ақлбовар қилмайдиган тезликда шиддат билан юқорилаб борар, аммо у сира қўрқув ва ваҳимага тушмас, худди кимдир авайлабгина бағрига босиб кетаётгандек, ўзини хотиржам ҳис этарди. Ҳадемай еру замин кўздан ғойиб бўлди, у бошини қуйи эгиб, пастга қараганда, кулранг булутлар кўрпадек тўшалиб ётганига кўзи тушди.
Муайяд шундай алфозда қанча вақт учганини аниқ билмайди, унинг назарида, дарё бўйидаги тош устидан осмонга кўтарилганидан буён орадан бор-йўғи бир неча лаҳза ўтгандек туюларди. У шитоб билан юқорилаб бораркан, ғир-ғир эсаётган шамолдан жисму жуссаси роҳатланар, яна узоқ-узоқ учишни истарди.
У осмоннинг аллақайси қаватига етганда, кўз олдини кутилмаганда, ям-яшил ранг худди парда каби тўсиб олди: ҳаммаёқ ям-яшил тусга кирган, бу ранг шунчалик тиниқ ва шаффоф эдики, юқоридан ёғилаётган нурдан жимир-жимир тобланиб, кўзни қамаштирар, узоқроқ тикилишга имкон бермасди. Муайяд бу ям-яшил уммон қаердан пайдо бўлгани, бу қандай сир-синоат эканига сира ақли етмас, фақат ҳайратга тушганидан энтиккан кўйи шитоб билан учиб борарди. О, бу яшил макон худди мавжланган денгиз каби солланиб ётар, Муайяд ҳам аллақачон ям-яшил тусга кирганди.
У, чамаси, бу яшил уммон оралаб яна анча пайт шитоб билан юқорига кўтарилди, бир чоғ учишдан тўхтаб, оёқлари юмшоқ нарсага теккани сезди ва шошиб кўзларини очди: унинг қаршисида ям-яшил ўт-ўлан билан қопланган чексиз яланглик ястаниб ётар, осмонда гарчи қуёш кўринмаса-да, ҳаммаёқни ёп-ёруғ нур чўлғаб олганди. Ҳайратланарли томони шундаки, худди кекса боғбон меҳру маҳорат билан парвариш қилгандек, ялангликнинг қоплаган ўт-ўланларнинг бўй-басти бир хил, бир текис, ранги ҳам шунчалик тиниқ ва шаффоф эдики, беихтиёр кишининг ҳайрату завқини қўзғарди.
Яланглик узра аллақандай сирли сукунат чўккан, тиқ этган товуш қулоққа чалинмас, фақат майин шабада эсиб, ўтлар худди нозлангандек оҳиста-оҳиста тебраниб қўярди.
Муайяд лолу ҳайрон алфозда ялангликка тикилиб қолди: у айни дамда нима қилишни, қайси манзилни қора тортиб йўлга тушишни билмасди, о, йўқ, тўғрироғи, ич-ичидан тоқатсизланиб, ўзини бу сирли маконга бошлаб келган бояги қудратли овоз бутун вужудига титроқ солиб, яна янграшини кутарди.
У айни дамда бу овоз ҳадемай яна қулоғига чалинишига ва ўзини яна қандайдир ақлни шошириб қўядиган сирли хилқатлар томонга бошлаб кетишига сира шубҳа қилмасди, фақат юраги ҳапқириб, интиқлик билан яна ўша афсунгар овоз қулоғига чалиниши кутиб турарди.
Аммо нимадир рўй бердими ёки сирли овоз уни унутиб қўйдими, ҳарқалай нима бўлган тақдирда ҳам, орадан анча фурсат ўтганига қарамай унинг қулоғига тиқ этган товуш чалинмас, ҳаммаёқни оғир жимлик қоплаб ётарди.
Муайяд тоқатсизланиб, мушкул аҳволга тушиб қолди, негадир ҳадеганда ҳалиги сирли овоз қулоғига чалинмаётганди ва у энди қандай йўл тутишни, қайси манзилни мўлжал тортиб юришни билмай аросатда турган пайтда ҳув ялангликнинг нариги томонида, кўз элас-элас илғайдиган жойда оқ матога ўралиб олган бир тўла одамга кўзи тушиб, бирдан ҳушёр тортди. Ҳа, ҳақиқатан ҳам, бир тўда одам олисдан ўзига томон шошиб келаётган, улар бош-оёқ оппоқ ҳарир матога ўраниб олганидан худди яланглик бўйлаб бир уюм оппоқ булут сузиб келаётганга ўхшарди. Ҳадемай улар кўзга аниқ-тиниқ ташланиб қолди: улар етти нафар эди, оқ матога буткул ўралиб-чирманиб олишганидан фақат юзлари хиёл қорайиб кўзга ташланар, афтидан, еттовлон нимадандир кечикиб қолишдан чўчигандек, шоша-пиша ҳаллослаб югуриб келишар, юз-кўзларини хавотир ва ҳадик қоплаб олганди.
Шамолдек елиб келган еттовлон ўн қадамча нарида кутилмаганда, бирдан тўхташди ва унга аллақандай безовта ва хавотирли нигоҳ билан тикилиб қолишди.
Бу ғалати одамлар қаёқдан пайдо бўлди? Ким улар ўзи, нега унга бундай таҳдидли тикилишади? Уларнинг мақсад-муддаоси нима? – Муайяд хаёлидан кечаётган саволларга жавоб тополмай еттовлонга қўрқув билан чўчинқираб қараб турарди.
Афтидан, еттовлон Муайядни айни шу фурсатда ялангликда пайдо бўлишини олдиндан билган ва унинг истиқболига пешвоз чиқиш учун бу ёққа шоша-пиша етиб келганга ўхшарди. Ким билади, эҳтимол, улар ушбу фурсатни узоқ вақтдан буён тоқатсизлик билан кутиб юришган ва ниҳоят, бугун муродлари ҳосил бўлиши, Муайяднинг етиб келишини эшитиб, бу ёққа шамолдек елиб-югуриб келишгандир?!
Ҳарқалай, нима бўлган тақдирда ҳам, еттовлон бу ерга айнан Муайядни излаб келгани ва ундан алланимани сўраш учун тараддудланиб тургани аниқ эди.
Еттовлон анча пайт киприк қоқмай Муайядга бош-оёқ тикилиб турди, сўнг ўртада турган, бўйи хиёл новчаси кутилмаганда сўз қотди:
- Муайяд, - деди у хирқироқ овозда ҳаяжонланган кўйи. Унинг овозида хавотир ва ҳадик аниқ-тиниқ сезилиб турарди. – У ёқда булоқнинг кўзини ёпиб келмадингми, ишқилиб?!.
Муайяд бирдан сергак тортди, кўзларини катта-катта очганча, ҳалиги кишига қаради, аммо у дафъатан ҳеч нарсани тушунмади. Шу боис довдираган кўйи:
- Қанақа булоқ? – деган сўз бўғзидан қандай отилиб чиққанини ўзи ҳам билмай қолди.
У хиёл иддао ва зарда билан шу сўзни айтаркан, кутилмаганда, алғов-далғов тортиб, тўзғиб ётган хаёлида дарахтларнинг томирини кесиб олиб, гулхан ёқадиган ва шундан тийиқсиз лаззат тўядиган, насл-насабининг тайини йўқ ҳалиги девонабашара кимса ва унинг этагидан тутиб, уйдан бош олиб кетган ўғлининг қиёфаси лоп этиб пайдо бўлди-ю бирдан ҳамма-ҳаммасини — еттовлонни бу ёққа қандай мақсад-муддао бошлаб келгани, улар нега чўчиб, ҳадик ва хавотир аралаш савол берганини англаб, бирдан дарду дунёси қоп-қоронғи тортиб келди.
Еттовлон эса, унинг бўғзидан ҳали сўз отилиб чиққан заҳотиёқ худди жисму жуссасида чидаб бўлмайдиган оғриқ хуруж қилгандек, юзлари буришиб, азоб билан инграб юборишди ва бирдан аламли овозда нола-ю фарёд қилишга тушишди: - Вой-дод-ей, икки дунёмиз ҳам куйиб кетди. Пешонамиз бунчалик шўр бўлмаса, вой-дод-ей...
Еттовлоннинг аччиқ ва аламли оҳ-ноласи, дод-фарёди ялангликни тутиб кетди, улар уввос тортиб, йиғлаган куйи ғазаб билан ортга ўгирилди-да, боя келган томонга яна шамолдек елиб кетишди. Ҳадемай еттовнинг аччиқ йиғиси қулоққа элас-элас чалина бошлади ва ахийри, уларнинг қораси буткул кўздан йўқолди.
Муайядга энди ҳамма-ҳаммасини — ҳалиги еттовлон аслида ким, уларни буёққа қандай мақсад-муддао бошлаб келгани, нега улар ўзининг бўғзидан отилиб чиққан бир оғизгина сўздан бунчалик аламу изтиробга тушишганини англаб етган ва шундан у ношуд ва нотавон кимсадек бирдан ожиз аҳволга тушиб қолганди.
Муайяд шалвирабгина оёқда базўр тураркан, шошиб, ўзининг истиқболига чиққан ҳалиги еттовлон унга буткул нотаниш ва бегона эмас, балки бобоси ёки отаси каби кўнглига яқин кишилар эди, буни у боя уларнинг хайрихоҳ ва илҳақ қарашидан сезганди.
Муайяд яна шуни ич-ичидан англаб турардики, агар еттовлоннинг юрагини тим-терс қоплаб олиб, хавотиру таҳликага солган шубҳа-гумонлар пардек тўзғиб, муроди ҳосил бўлганда, уларнинг юзи дафъатан қувончдан ёришиб кетар ва шодон қичқирганча меҳру илтифот кўрсатиб, уни ўзлари билан бирга олиб кетишарди.
Аммо унинг бўғзидан отилиб чиққан биргина сўз худди золим ҳукмдорнинг шафқатсиз ҳукмидек, ҳаммасини бирдан остин-устун қилиб юборган, еттовлон алам ва изтиробдан ўзларини қўярга жой тополмай ачиқ-ачиқ фарёд чекканча жўнаб қолганди.
* * *
У шундай алфозда ер билан битта бўлиб анча пайт ўтирди. Бир чоғ юз-қўлларига урилган алланиманинг иссиқ тафтидан чўчиб бошини кўтарди ва ҳалиги еттовлон кетган тарафда гўриллаб ёнаётганча кўкка ўрлаётган оловга кўзи тушди-ю, қўрқув ва ваҳимадан карахт тортиб қолди. Ҳув анча олисда нимадир чарсиллаб аланга олганча кўкка ўрлар, бутун яланглик ва ҳаво аллақачон қип-қизил чўғга айланган, қайноқ ҳаво томоқни куйдириб ўтганидан нафас олиш тобора қийинлашиб борарди. Бундан ҳам даҳшатлиси шунда эдики, олов буралиб-буралиб ёнганча бало-қазодек Муайяд томонга шитоб билан бостириб келарди...
Муайяд кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бу офат қаердан пайдо бўлгани, бунчалик ваҳима солиб, нима ёнаётганини ўйлашга ҳам ўзида фурсат тополмади, бу оташ-аланга аллақачон унинг бутун вужудини куйдира бошлаган, у азоб ва оғриқдан инграганча ўзини у ёқдан-бу ёққа ташларди.
Муайяд азоб билан тўлғанаркан, бу офатдан жонини қандай қутқазиш ҳақида ўйлар, назарида, айни дамда илкис ўрнидан туриб, тескари тарафга — ҳув олис-олисларга қочиб кетиш – бу бало-қазодан халос бўлишнинг якка-ю ягона йўли эди.
Муайяд ҳам шундай йўл тутди: у жон ваҳмида ўрнидан отилиб турди-да, ортига қараб қочишга тушди.
У яланглик бўйлаб ваҳима ва қўрқув ичида шитоб билан югуриб борар, баъзан оёқлари чалишиб кетиб, гурс этиб юзтубан йиқилар ва икки-уч қадам думалаб кетарди, аммо шу заҳотиёқ апил-тапил ўрнидан туриб, яна олдинга интиларди.
Муайяд ҳарсиллаб, бутун аъзойи-бадани селу селобга ботиб узоқ югурди, тинка-мадори қуриб, буткул ҳолдан тойди, аммо оловнинг жазирамаси баттар ортса ортдики, асло сусаймади. У аллақайси жойга етганда, суяк-суягига ўтиб, азоб бераётган оташ-аланга забтига чидаёлмай инграганча тўхтади ва бошини базўр кўтариб, олдинга қаради, қаради-ю, қаршисида даҳшат билан ўрлаётган олов уммонига кўзи тушиб, “дод” деб юборди. Ахир, у оловдан қутулиш учун тескари томонга қочиб кетаётганди-ку?! Яна қаршисида бу бало-қазо қаердан пайдо бўлди? Наҳотки, у мўлжални нотўғри олган, бу бало-қазодан қочиб қутулиш ўрнига унинг бағрига ўз оёғи билан кириб бораётган бўлса? Йўқ, йўқ, бундай бўлиши асло мумкин эмас, боя у мўлжални бехато олган, бу бало-қазога тескари томонга қочган эди. У қўрқув билан кўзларини катта-катта очганча, қаршидаги олов уммонига қараркан, беихтиёр шошиб ортига ўгирилди ва ҳозиргина келган томонига қараб қочишга тушди. Ишқилиб, бу гал мўлжални хато олмаса бўлди, бу бало-қазога албатта, чап беради, ҳадемай уни доғда қолдириб кетади. Фақат бундай таҳликали паллада оёқлари панд бермаса бўлди, танидаги куч-қувватни йиғиб, оловнинг тафти ҳам етиб бормайдиган ҳув олис-олисларга қочиб кетади ва бу балодан халос бўлади. Ҳа, шундай, бошқача бўлиши мумкин эмас, у ҳали Муайяд деган исмни олмаган кезларда не-не савдоларни бошидан кечирган, қанчадан-қанча офатларга чап берган, шу боис ўзини омадли деб биларди. Бу сафар ҳам омад ундан юз ўгирмайди: бу оташ-аланга юрагига қанчалик ваҳима ва қўрқув солиб кўкка ўрламасин, бари бир унинг бир тукига ҳам зиён етказолмайди.
Бу сафар у, чамаси, мўлжалдан адашмади, фақат энди танидаги куч-қувватини йиғиб, тезроқ югурса бас, жонини қутқариб қолади.
Муайяд ана шундай илинжу ишонч билан ҳаллослаб югуриб бораркан, олов юзи, қўлларини куйдириб, чидаб бўлмас оғриқ қўзғаганидан инграб юборди ва чайқалиб-чайқалиб тўхтаркан, не кўз билан кўрсинки, яна ўз оёқлари билан осмонга ўрлаётган оловнинг бағрига кириб бораётган экан...
Товба, нималар бўлаяпти, ўзи, сира ақли етмай қолди?! Нима бало, у қўрқув ва ваҳимага тушганидан буткул эси оғиб, қайси томонга қочишни ҳам билмай қолдими? Яна ўз оёқлари билан бу бало-қазонинг бағрига кириб бораяптими? Одам ҳам шунчалик овсар ва ландовур бўладими, товба, офат ҳамла қилиб турганда, қайси томонга қочиб, жонини қутқазишни ҳам билмаса... Бу балодан энди жонини қандай асрайди, кимнинг пойига бош уриб, нажоат ва имдод сўрайди, қаердан паноҳ топади? Аслида уни тинимсиз таъқиб этаётган, бутун вужудини куйдириб азоб бераётган олов ҳам ўчоқда ёнадиган оддий оловга сира ўхшамайди, қандайдир сир-синоатли, оташ-у жазирамаси шунчалик ўткир эдики, суяк-суяккача куйдириб боради. Ё бу олов эмас, пешонасига битилган қисмату аъмолми? Демак, у ўзини қанчалик тўрт томонга уриб, қочишга, жонини халос этишга уринмасин, аюҳаннос солиб, дийдиё қилмасин, ялиниб-ёлвормасин, барибир, бу қисматдан қочиб ҳам, тониб ҳам қутула олмайди.
Муайяд шу ўйларни хаёлидан ўтказаркан, бирдан худди тақдирга тан бергандек, ожиз ва нотавон аҳволга тушиб қолди, у энди қочишни ҳам хаёлига келтирмас, аъзои танида қўзғалган мислсиз оғриғу азобга дош беролмай изтироб билан инграганча илондек тўлғаниб, ўзини у ёққа-бу ёққа отарди.
Ҳадемай олов уни буткул ўраб-чирмаб олди. Муайяд ёнарди, олов унинг ичига кириб олган ва кўзлари, қулоқлари, буруни, оғзи ҳамда тирноқларининг остидан вишиллаб тилини кўрсатар, бутун танини куйдириб, азобга соларди. Муайяд олов бағрида қип-қизил чўғга айланган, аммо у негадир ёниб-ёниб бир ҳовуч кулга айланиб қолмасди. Айни дамда унинг ўзи бу мислсиз азобдан халос бўлиш учун ёниб-битиб, бир сиқим тупроққа айланиб қолишни истарди. Аммо олов бунга имкон бермасди...