Михаил Булгаков ҳақида. Ҳайратомуз ҳақиқатга айланган аччиқ ҳазил. Шодиқул Ҳамро таржимаси.
Тарихда буюк шахсларнинг ҳаёти сирли воқеаларга бой бўлган, энг қизиғи, улар вафот этганларидан сўнг ҳам баъзи ажабтовур воқеалар рўй бериб турган. Масалан, буюк адиб Михаил Булгаковни хотирлаганда ҳам ана шундай сирли воқеалардан бири эсга тушади. Аниқроғи, ёзувчи вафотидан сўнг бир йигит камолга етадиган муддат ўтгач, ҳайратомуз бир воқеа юз беради.
1940 йил 10 мартда ёзувчининг садоқатли умр йўлдоши Елена Булгакова кундалигига сўнгги ёзувни битади: “Миша вафот этди”. Сўнг ўтириб узоқ ўй сурди, нима қилмасин, унинг оиласида охирги ярим йил жуда суронли кечди. Дўхтирлар ташхис натижалари билан танишгач, унга эрининг атиги бир неча кунлик умри қолганини айтишганди, М.Булгаков эса, бу “башорат”ни йўққа чиқарди — яна олти ой яшади. Бу вақтда бутун истеъдоди ва салоҳиятини “Уста ва Маргарита” романини ниҳоясига етказишга сарфлади. Чамаси, буюк адибнинг таваллоси шу эди. Буни шундан ҳам билиш мумкин эдики, ушбу асар қўлёзмалари сақланадиган хатжилд устига шундай ёзиб қўйганди: “Ўлим келмай туриб, ниҳоясига етказиш зарур”.
Янада ажабланарли томони шундаки, ёзувчи оғир хасталик туфайли кўзлари кўрмай қолган, тағин денг, 42 даража ҳароратда бутун тани-жони бамисли гуриллаган оловда ёнаётган эса-да, у “Уста ва Маргарита” романи устидан қилган охирги тузатишларни оғзаки айтиб турар, то кўнгли тўлмагунча таҳрирни давом эттираверарди.
Ўрни келганда яна шуни айтиш керакки, бу буюк асар — “Уста ва Маргарита” романи қўлёзмаси иккинчи жаҳон уруши даврида Тошкентда “жон” сақлаган. Гап шундаки, уруш йилларида Ўзбекистонга эвакуация қилинган Анна Ахматова, Константин Симонов, Андрей Платонов сингари рус шоир-ёзувчилари қаторида Михаил Булгаковнинг умр йўлдоши Елена Булгакова ҳам бор эди ва унинг йўлхалтасида ушбу роман қўлёзмаси энг ноёб бойлик сифатида эҳтиёткорлик билан сақланарди.
Афсуски, катта меҳнат билан яратилган янги романнинг тақдири ҳам қил устида эди. Шундай қилиб, бу асар орадан йигирма йил ўтгач, 1960 йилларда ёруғлик кўрди — “Уста ва Маргарита” романини дастлаб “Москва” журнали муайян қисқартиришлар билан нашр этди.
Елена Булгакова яхши эсларди: оғир аҳволда ётган Булгаков бир оқшом шундай васиятнома ёзиш ниятида эканини айтади: “Уста ва Маргарита” романи эълон қилингач, айнан ўзим романнинг илк вариантини ёқиб юборган кун қабрим устига биринчи бўлиб гул қўйган киши роман учун тўланадиган қалам ҳақидан муайян миқдорда улуш олиши лозим...”
Бу буюк адиб Михаил Булгаковнинг, аччиқ бўлса ҳам, охирги ҳазили эди. Садоқатли умр йўлдоши учун унинг оғзидан чиққан ҳар қандай лафз қонунга баробар эди. Шу боисдан, у бу ишни сидқидилдан адо этиши ҳақида эрига ваъда беради...
Афсуски, бу ваъдани бажариш фақат аёлнинг ўзига боғлиқ эмасди. Ҳа, шундай, кимдир ўз ихтиёри билан адиб қабри бошига айнан — муаллиф романининг илк вариантини ўз қўллари билан йиртиб, ёқиб юборган кун гул қўйиши талаб этиларди.
Буюк ёзувчига умрини бахшида этган Елена хоним ҳар йили айнан шу куни эрининг қабри бошига келиб, “яширинча пойлоқчилик” қиларди. Бу юмуш йиллар оша унга қарийб одат бўлиб қолганди. Ахир, 29 йилдирки, бу одатни канда қилмай келади.
Ниҳоят, 1969 йилнинг баҳорида — айнан шу куни Москвадаги Новодевич қабристонида бир ўктам йигит пайдо бўлади. У ёлғиз эди. Қабристон оралаб, кимнингдир қабрини изларди.
У излаб-излаб, ахийри топди ва лол қолди: бу қабрга биронта гул қўйилмаган. Йигит ҳеч иккиланмай дарвоза ёнидаги гуллар дўконига қайтди. Ва бир пасда бир даста гул олиб келди-да, Булгаков қабрига қўйди, бироз сукут сақлаб турди-да, энди кетмоқчи бўлганида ортидан сокингина овоз янгради: “Илтимос, шошилманг”. У ўгрилди ва кекса аёлга кўзи тушди. У йўлак четидаги ўриндиқдан туриб, нотаниш йигитнинг олдига келди: “Кечирасиз, исмингиз нима? Менга сизнинг уй манзилингиз ва телефон рақамингиз жуда зарур”, — деди аёл алланечук илтифот кўрсатиб.
“Сизга бу нима учун керак?” — ўнғайсизланди йигит. “Ҳозир мен сизга ҳеч қандай изоҳ беролмайман. Ишонинг, чиндан ҳам, менга сизнинг уй манзилингиз зарур. Сизни ҳеч ким ва нарса безовта қилмайди, хавотир олманг”, — бамайлихотир жавоб берди аёл.
Йигит ўзини қисқача қилиб таништирди: “Владимир Невельский, ленинградлик журналист”. Аёл унинг исм-шарифи, Ленинграддаги уй манзили, телефон рақамини ёзиб оларкан, миннатдорлик билдирди ва оҳистагина қабристон дарвозаси томон йўналди. Табиийки, ҳали йигит ҳеч нарсани тушуниб етмаганди — ҳайрон бўлганча аёлнинг ортидан қараб қолди.
Сўнг Ленинградга, уйига қайтди ва нотаниш аёл билан кечган бу ғалати учрашувни у тез орада унутиб юборди. Бироқ орадан икки ҳафта ўтгач, Москвадан унга почта жўнатмаси келгани ҳақидаги хабарномани ташлаб кетишди. В.Невельский тез орада почта бўлимига бориб, номига келган пулни олди ва шу ердаёқ санаб кўриб, кўзларига ишонмади — катта миқдордаги пул эди...
Бу кутилмаган воқеадан у, табиийки, анча пайт ҳайратланиб юрди, аммо бировга бу ҳақда ҳеч нарса демади. Тағин кутилмаганда, бир-икки кундан сўнг Ленинграддаги хонадонида телефон жиринглади: “Сизни Елена Сергеевна Булгакова безовта қилаяпти, — аёлнинг овозини эшитди у. — Сиз жўнатмани қабул қилиб олдингизми? Ҳа, уни мен жўнатгандим, марҳум Михаил Афанасьевич Булгаковнинг васиятини адо этдим. У буюк ҳазилкаш ва донишманд эди”.
Шундан сўнггина Невельскийнинг кўнгли ёришди — сирли тилсим очилди.
Шундай қилиб, орадан 29 йил ўтгач, буюк ёзувчининг садоқатли умр йўлдоши — Елена Булгакова эрининг сўнгги истагини бажо келтиришга муваффақ бўлди.
Ҳақиқатан, бу улуғ асар учун салмоғига яраша катта миқдорда қалам ҳақи ажратилган эди. Гарчи аччиқ ҳазил бўлса-да, муаллиф васиятига биноан, унинг бир қисми мутлақо нотаниш журналист Владимир Невельскийга насиб қилди. Лекин у умрининг охиригача бу ғайритабиий воқеани унутмади – яқинларига айтиб бериб юрди. Бироқ чамаси, у ва унинг оила аъзолари буюк ёзувчининг васиятига кўра, ато қилган пулларни шунчаки, яъни шахсий эҳтиёжлар учун ишлатишни ўзларига раво кўрмаган кўринади. Чунки бу пулларга унинг эвараси, адмирал даражасига кўтарилган Геннадий Иванович катер сотиб олади ва унга “Михаил Булгаков” деб ном берди.