August 6

Аҳмад Аъзам. Мажнунтол тагида… (эссе)

Мен “Гулистон” журналига янги ишга келганман, туташ кирди-чиқди икки хонанинг оёқ ости жойидан битта стол теккан, шу ерда ўтириб ишлайман. Чекимга шеър қараш тушган, ҳар куни даста-даста “шеърлар”га жавоб ёзаман, шоир бўламан деганлар билан тортишиб, баобрў журналимиз шаънини ҳимоя қиламан. Столим олдида дермантин қопламаси тошдай қаттиқ бир эски курси — камина адабиётга даъвогарларни шу курсига ўтирғизиб қабул қилади. Ўзимнинг курсим ҳам авло эмас-у, лекин буниси шундай баобрў журналнинг салобатига сира тўғри келмас, ўтирган одамнинг бору йўқ обрўсини ҳам ерга тўкар эди.
Бир куни Миртемир домла ўз оёғи билан кириб келиб, шу курсига лоп этиб ўтириб олса! Ҳа, ўзи кириб келди, менга бир бош ирғаб, шу курсига ўтириб олди. Асқад Мухторнинг муҳташам кабинети, Ваҳоб Рўзиматовнинг ҳайҳотдек хонасига кирмай, тўғри менинг олдимга келибди. Ўрнимдан сапчиб турдиму қайтиб ўтиришни билмай каловланиб қолавердим. Ҳа, айтганча, Миртемир ўша даврнинг гумбур-гумбур “буюклар”и сирасига кирмас, ўзим ўқийдиган дунё адабиёти баландликларидан қараганда ҳам қандайдир тинч, дардини ичига ютган, тиғдек ўткир нур таратиб турадиган бир чўққи, шахс сифатида улуғ камтар эди. Унинг юксаклиги ўзи билан эди. Мана, шундай шоир: “Аҳмаджон сизми, шеъриятга сиз қарар экансиз, ҳукмингизга бир нечта шеър олиб келган эдим”, деб турибди! Ҳукмимга! Миртемирнинг шеърларини кўзга суртиб, ўқимай ҳам тушириб юборамиз, иложи бўлганда йўталганини ҳам босиб чиқарсак! Шу маънода бир нима деб ғулдирадим. “Йўқ, Аҳмаджон, мен сизга ўқиб бераман. Маъқул топсангиз, оласиз”, деди домла.
Миртемир шеър ўқишга тушди. Ўша қўсқи курсида, одам ўтиб-қайтадиган йўлакда. Унинг сал хаста, лекин тиниқ овози бор экан, овозки, сайқал топган дард.
Тасодифни қарангки, журнал тушиб кетгандан кейин нафас ростлаш ҳафтасими, шу куни шу икки хонада иккаламиздан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Барибир ҳозир биров кириб халал бериб қолмаса деб қизғаниб ўтирдим. Шоирнинг дийдорини бошқа одам билан баҳам кўргим келмасди.
Очиғи, шоир шеърларини ўқиганда қандайлигини ичимда баҳолашга ҳам ҳаддим сиғмай ўтирдим. Ўқиб бўлиб секин сўради: “Қалай? Нима дейсиз?” “Э-э, нима ҳам дейман, домла! Жуда ҳам зўр!” дедим шоша-пиша. Қўлимни чўздим: “Беринг, ҳаммасини босамиз”, дедим.
“Йўқ, бўтам, — деди Миртемир, мени “бўтам” деганига шоирнинг яқин одами бўлиб қолгандек мамнун эдим. — Кўчириб келай, кейин оласиз”. “Йўқ, йўқ. Овора бўлманг. Машинисткамиз кўчириб беради”, дедим. Миртемир қўлидаги даста қоғознинг юзини кўрсатди: “Буларни машинисткангиз кўчира олмайди-да. Фикрингизни билиш учун олиб келган эдим. Бўлди, ўзим тайёр қилиб келаман”.
Миртемир шеърларини бижир-бижир араб имлосида ёзар экан. Университетда бир йил форс, бир йил урду тилидан дарс олган бўлсам-да, домланинг дастхатига тишим ўтмаслиги аниқ эди.
Виждоним қийналгани ана шу ердан бошланди: домла шеърларни ҳозирги имлога ўтказиб, ўзи олиб келиб бермоқчи бўлди, мен: “Сиз овора бўлманг, ўзим бориб олиб келаман”, деб туриб олдим, домлани кўндирмагунча қўймадим. Охири келишдик, шанба куни эрталаб домла мени уйида кутадиган бўлди.
Шу шанба куни эрталаб ёмғир ёғди. Каминанинг шамсияси йўқ, кейин шоир билан учрашувдан ҳаяжонлари босилган, устига устак, бир шоир жўрамиз йўқлаб келиб қолди, икковлашиб учинчи шоир жўрамизни сўроқлаб бордик, суҳбатимизга “суюқ ёнилғи” қуйилди, калла қизиди-да, Миртемирникига айни шу бугун бормаса ҳам бўладигандек туюлиб қолди. Астойдил йиғласа сўқир кўздан ҳам ёш чиқади деганларидек, йўқсилларнинг чўнтагидан баракали суҳбатга етарли пул чиқиб туриб, кундузни тонгга, тонгни эртаси кунга улаб юбордик. Камбағал бўлсак ҳам кўнглимиз бой дамлар эди-да.
Душанба куни ишга келсам, ўша яғир курсида Миртемир домла мени кутиб ўтирибди!
“Хайрият! – деди домла саломимга алик олиб. — Жуда хавотирда келдим. Шанба кутдим, кеча йўлингизга кўзим тўрт бўлди. Борай десам, на турар манзилингизни биламан, на телефонингизни. Журнал бу кунлари ишламаса. Ёш йигит нарса, мусофир, ёлғиз турса керак, ёмғирда кўчага чиқиб, қаттиқ шамоллаб ётиб қолган бўлса-я, бирон қаровчиси йўқ деган хаёлларга бордим. Қалай, бўтам, тузукмисиз? Мана, ўзингизни кўриб кўнглимнинг ҳовури босилди”.
Қай аҳволга тушганимни тасаввур қилаверинг: Миртемирдек инсонни икки кун мустар қилибман! Жуда уялдим. Минг ёмғирга қарамай борсам бўлар эди-ку. Хай, жўралар ҳар кунги жўра-да. Кейин, домланинг қўли ишга бормай, шеърларни кўчирмабди ҳам. Бугун эса фақат мени кўриб, кўнглини жойига тушириш учун келибди!
Э-э тавба, одам ҳам шунақа одамохун бўладими! Мен Миртемирнинг шогирдлари сирасига кирмас эдим, у кишини бир-икки уюшма мажлисида узоқдан кўрган эдим, холос. Энди эса уйига бориб, бир пиёла чой ичиб келмасам шеърлар ҳам бўлмас экан!
Бир кунни келишдик, бу гал ваъдани бузмай бордим. Миртемир оппоқ, жуда ҳам оппоқ дастурхон ёздириб кутиб ўтирган экан. Эсимда қолгани: домланинг олдида майда чорбурчак кесилган оқ қоқнон. Менинг олдимда патир. Қолгани эсимда йўқ. Овқат келганда ҳам домлага тиниқ милмилак шўрва, менга сергўшт қовурдоқ. “Доим парҳездаман, менга қараманг”, деб изоҳ берди. Кейин сўради: “Бўтам, озгина нўш этасизми?”. Бир зум анграйиб турдим. Бошдан ишни пишиқ қилганимда-ку домланики табаррук деб нўшнинг ҳам чангини чиқариб юборар эдим-у, лекин ноқулай, ҳам ҳаддим сиғмади.
Шусиз ҳам гап гапга қовушди, домла очилди ва кутмаганимда бир шеър ўқиб берди.

Ўпириб-ўпириб Ўрмонжонга суз,
Шопириб-шопириб Шодмонжонга суз.
Қарама ҳеч кимнинг қош-қовоғига,
Давринг келибди-да, ҳукмингни юргиз.

“Домла, буни ҳам кўчириб қўйдингизми?” деб сўрадим. “Йўқ, бўтам. Буни бермайман. Тинч ўтирайлик. Ҳали булар от устида”, деб шоир синиқ жилмайди.
Шу, узр, учинчи сатрни мен шундай эслайман, сал бошқачароқдек эди шекилли, лекин тўртликнинг тагмаъноси битта — адолатсизлик эди. Сиртқи маъноси уюшмадаги бир ғирромликка ишора: домла кўп қатори лениниана пойгасига қўшилиб, “Ленин ҳақида достон” деган бақувват асар яратган. Асарнинг шов-шуви ҳам салобатли эди. Шу достон ўзбек адабиётидан ленинианага муносиб ҳисса сифатида Ленин мукофотига қўйилган ё қўйилмоқчи бўлган, ишқилиб, шу гап чиққан. Уюшма устунлари — ўзбек адабиётининг ўша вақтдаги оталари қараса, шундай юксак мукофот олдин ижтимоий хавфли ёт унсур, ҳозир ҳам минбарларда шиддати йўқ озғин бир бобойга кетиб қоляпти. Бу ёқда шўрога хизмат қилиб қўйган, унинг мўътабар курсиларида ўтириб шеъриятни ўтирғизиб-турғизаётганлар бор! Миртемирга Ҳамза мукофоти ҳам бўлаверади, бу ҳам катта ҳиммат, жон десин! Хулласи, Миртемир четга сурилиб, бошқа бир шоири калоннинг достони ўша мукофотга қўйилган, кейин барибир -ололмаган.
Бу гаплар, энди, чет-чопда туриб эшитиб қолганларимиз. Бунақа мукофотлар биз ёшларга тушимизда ҳам тегмаслигини билганимиз учун ўнгимизда ҳам қизиқмас эдик. Кейинроқ умумга теккан обрўмандлик касали бизга ҳам тегмай қолмади, лекин энди навбатимиз келганда бу иттифоқ дегани орден-медал, мукофоту унвонлари билан гирдибодга ютилиб кетди.
Лекин қизиқ ўйин, туяқуш сиёсатидек кети очиқ ва бешарм эди обрў талашиш ҳам. Миртемир домла кўнгли ранжиганини бировга достон қиладиган одам эмас эди. Миртемир ўша кўп буюклар орзу қилиб эриша олмаган жуда улкан мукофот соҳиби: унинг ўланлари авжида даштлар гул очиб, замон уйғониб, дунё-дунё гашт билан олам тўлғониб ётар, яъни унинг каъбаси, эзгу эҳроми шеърияти, оғу ҳам бол тўла бебаҳо жомига шайдолар сон мингта эди, шу боис ранжиганини кичкина бир лутф қилиб қўйган, холос.
Э-э, бу унвону мукофотларнинг орқасида талай имтиёзлар бор эди-да. Миртемир домла ҳам қариган хаста ҳолимга кунимга ярайди, бу шўронинг азобини кўрдим, озгина роҳатини ҳам кўрай-да, деб ўйлаган бўлиши мумкиндир. Шўро даври бутун қатағонларию меҳнат жабҳасидаги ғалабалари, қатор-қатор орден-медаллари, қаҳрамонлик унвонлари билан тарих саҳифасини тарк этди, уни куйлаган не-не ордену унвон соҳиблари ҳам тўрдан тушиб қолди. Қизиқ, шуларни кўрган бизга ҳам бу мантиқсиз дамлар бўлмагандек туюлади.
Миртемир ҳақида ёзилган биографияларда ҳаётининг каттагина бир даври бўлмагандек. Бошда ҳар йили, кейин икки-уч йилда биттадан тўплам чиқариб турган шоир 1939 йилги “Кўзи” тўпламидан кейин тўсатдан сукутга кетган-да, 1957 йилига келиб пайдо бўлган ва “Қорақапоқ дафтари”ни чиқарган. Орадаги ўн саккиз йил қаёққа кетди? Бу ўн саккиз йил шоир яшамаганми? Ёзмаганми? Каъбаси шеъриятни ташлаб, фақат ўлан эшитгани Иқонига кетиб қолганмикан? Ўзи ҳам айтади-ку:

Ғўза ҳам экканман, жувари, кунжут,
Қўлимда рақс этур тешаю ранда,
Йўл ҳам, қўналға ҳам мўл бу Ватанда,
Камчил ҳам бўлганман, тўқ, қувноқ ва бут…

Чувак ҳам тикканман, мол ҳам боққанман,
Қудуқ ҳам қазганман нақ ўн бир қулоч,
Зилол сувларида ювишарди соч,
Не-не қиз сочига лола таққанман.

Тақдиримга ҳеч ҳам ўпка қилмайман,
Қўлимдан келмайди деган пеша кам.
Баъзан кўзларимда томчи-томчи нам.
Ҳануз шеър ёзишни билмайман…

Бу шеър замирида ҳамма ғамни ҳам валломатлик қилиб кўтариб кетган одамнинг ҳаётдан гинаси бор, гўё меҳнат қувончи, гўё қишлоқнинг оҳорли манзаралари, лекин туби аччиқ. Чувак тикиши, мол боқиши, айниқса, не-не қизларнинг сочига лола тақиши ва… “Баъзан кўзларимда томчи-томчи нам, Ҳануз шеър ёзишни билмайман”, деган эътироф Миртемирнинг таржимаи ҳолида айтилмайдиган манзилларига ишора беради, шоирона томчи-томчи кўзёш ташбеҳлари тагидан ҳасрат синғиб туради. Миртемир бу ишларни қилмаган, балки тубсиз қудуқ тагида осмон ёруғлигига қараб орзулаган. Қатағон қилиниб, шу кичкина-ихчам жуссаси билан Москва — Волга каналини қазишга этап қилинган кезлари соғинган қишлоғи, чувак ҳам тикиш, мол ҳам боқиш, ўн бир қулоч қудуқ қазиш ўша аристоннинг орзулари бўлган, айниқса, қизларнинг зилол сувларда ювилган сочига лолалар тақиши зиндонбанднинг кўнглидаги эркинлик орзулари, юраги қонаб турган одамнинг зўрдан жилмайиши. Унинг шеърлари нечоғли шўх-шодон, қочиримларга бой, чиройли пардали бўлмасин, барибир дарддан, очиқ айтиб бўлмайдиган дардлардан яратилган эди. Қатағонда отилганлар отилиб, ўлганлар ўлиб кетди, лекин тирик қайтганларнинг оғзи муҳрланган, дардини фақат ўзига айтар эди. Овозини чиқармай. Миртемир юрак ютиб айтган бу содда сатрлар бекорга юракларни зирқиратмайди:

Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Бошқалар йиғласин, мен йиғлаб бўлдим.

Ўзимнинг пушаймонларим бор: шу бир-икки учрашувда яқин бўлгандек бўлдик, Миртемир юрагини очиб гапирди. Ҳозирлари ўзимдан хафа бўлиб кетаман: домлани гапга солиб, бошидан нималар ўтганини бир-бир ёзиб олмайманми! Шу тўртликни ўқиш билан катта кўнгил китоби очилай деган эди-ку! Мен нодон дунё адабиётига шайдоман деб ёнимдан ўтиб кетаётган озурда дунёни кўрмаганман. Бу дунё икки йилдан кейин қайтиш бўлди, ўзи билан қатағоннинг айтиш таъқиқ ҳасратларини олиб кетди, бизга фақат ишоралари қолди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 43-сонидан олинди.