Инобат Ибрагимова. ҚАЙНОТА. Ҳикоя
Катта хонадон. Қизлар палахмон тошидек отилди-кетди. Ўғиллар ҳам навбати билан ўз уйларини қура бошлади. Навбат тўртинчи ўғилники эди. Аммо... Оила қурганига етти йилдан ошса-да, ҳали фарзандли бўлмади. Келин қариндошнинг боласи эди. Катталарнинг икки ўртани боғлайдиган сўқмоқлар йўқолиб кетмасин, деган эзгу ниятлари билан бунёд бўлган оила. Осонгина бузилиб кетиши мумкин эмас.
Умидворликда йиллар кечди. Кунларнинг бирида... Хушхабар барчани ота уйига йиғди. Тилларига чиқармаган бўлсалар-да, ҳамма шу кунни кутаётган экан: акалар, опа-сингиллар, ота-оналари. Бу табиий эди. Улар катта бир оила, қувонч-ташвишлари ўртада. Келиннинг ҳам кўзлари порлаб, елиб-югуриб хизматда бўлди. У худди бу хонадонга илк келган кунларига қайтгандек бахтиёр эди.
–Азиза қизим, – деди қайнотаси ҳаммалари дастурхон атрофига жамулжам бўлганида, келинига қараб, – сен чақалоғингни қўлингга олиб, остона ҳатлаб ичкарига қадам қўйишинг билан боқиб юрган қашқа ҳўкизимни сўйиб, элга тўй қилиб бераман. Хоҳ қиз бўлсин, хоҳ ўғил бўлсин, жонидан садқа.
Азизанинг доғ босган юзлари офтобдек ёришди. Бу ёруғлик ҳар кўнгилга кириб борди.
Ниҳоят ўша кутилган кун келди. Тонгда кўзи ёриди. Афсус. Бола ўлик туғилган эди. Қайнотасига бу хабар бошига гурзи тушгандек етиб борди. Эшитган жойида ўтириб қолди. Ўзига келиб, катта ўғлини чақиртирди. Унга ҳам хабар етган шекилли, машқи пастроқ кириб келди.
–Жаббор, – деди қария салом-аликдан сўнг, – шу қашқа ҳўкизни кўзимдан йўқот. Боғланган қозиғини олиб, кўздан панага қўй. Ўрнига ўтин тахлаб ташла. Ҳозироқ қил, шу ишни. Келининг қай ҳолда келади ҳали, Худо билади... Кўзи тушганида дарди янгиланавермасин.
Катта ўғил отасига бир сўз демай ишга киришди.
Азизанинг ўзига келиши оғир кечди. Олти ойлар чамаси вақт ўтиб, янгилик борлигини билишди. Энди ҳамма жимгина кутишни маъқул топди. Бироқ... иккинчиси ҳам ўлик туғилди. Азизанинг шарпаси қолган эди, гўё. Ҳовлига чиққанида, нима қилаётганини англамай бир жойда туриб қоладиган келинига қараб қариянинг юраги эзиларди.
Фарзанд кўриш дарди билан ёнаётган аёлнинг кўнглидагилари ўзига ва Оллоҳга аён. У учинчи бор ҳомиладор бўлди. Бу жуда оғир ва зўр кураш эдики, аёл ожиз қолди. Учинчи ўлик туғилган гўдак уни йиқитди. Доим гавжум, сершовқин хонадон келиннинг дарди билан қоронғилик ичида қолди. Ҳаёт давом этар, ёлғиз Азиза учун вақт ўз англамини йўқотган эди.
Бир-бирини қувалаб кунлар, ойлар ўтди. Инсон умид билан тирик. Сўнг нафасига қадар уни умид тарк этмайди. Азиза ҳам секинлик билан бўлса-да, ўзига келди. Яна ҳомиладорлик, умид, хавотир, яна умид, безовталик... Шундай кунларнинг бирида онаси уни йўқлаб келди. Ташқарида, ишком остидаги сўрида алламаҳалгача қудалар гурунглашиб ўтирди. Қария экинларга сув тарашим керак деб қўзғалди. Сўрида аёллар ўзлари қолди.
Қария ишларини битириб бўлганида атрофда тун сукунати чўккан, тўлин ой кимнидир тинглагандек уй тепасида туриб қолганди. Негадир аёллар ҳали ҳам бедор эди. Уларни безовта қилмаслик учун айвон томонга ўтди. Шу пайт келини Азизанинг ҳаяжонли овози уни жойида тўхтатди:
–Эна, агар бу гал ҳам шундай, қўлларим бўм-бўш қолсам, ўламан, аниқ ўламан, ортиқ бундай айрилиқни кўтара олмайман...
–Яхши ният қил, қизим, яхши ниятда ҳикмат кўп.
–Энажон, болам туғилсин-да ўлсин, деб ният қилмаганман-ку, ўн тўрт йилки, бола дарди, бола кўриш орзуси билан яшайман. Қўрқяпман, яна шундай бўлса, ўлмай қолсам ҳам олиб бориб, мени ҳам ўша гўдакларим ёнига кўмиб келинглар, барибир кўтара олмайман...
Қария келинининг гапларидан кейин зилдай бўлиб қолган оёқларини аранг кўтариб айвонга чиқди. Ўрнига оғир чўкаркан, пичирлади: “Оллоҳ, келинимни ноумид қилма...”
Хавотир, умидлар қоришиғида кутилган ўша кун келди. Э, воҳҳҳ... Аёл кўзлари юмуқ ҳолда шифокорларнинг ташвишли овозларига қулоқ тутди: “қизалоқ экан... нафас олмаяпти”, “орқасига шапатила”. Азиза кўзларини очди, доя қўлидаги сас чиқармаётган чақалоққа қаради, “оҳ-ҳҳ” дегандек чуқур хўрсиниб, кўзларини ҳорғин юмди. “Онанинг қон босими тушиб кетяпти...”
Аёл комага тушиб қолди. Шифокорлар ҳам тайинли гап айтмасди. Номаълумлик ҳаммани эзиб ташлади. Қария жим кутиб туролмади. Бош шифокор қабулига навбат ҳам кутмасдан жаҳд билан кирди-ю, бир оғиз “қизиммм...” деб чўккалаб қолди. Кўзёшлари оппоқ соқолини ҳўл қилди. Бош шифокор шошиб туриб, совуқ сув тутди. Тирсагидан тутиб, туришига ёрдамлашди, юмшоқ ўриндиққа ўтирғизди, ёнига ўтириб ўзига келиб олишини кутди.
–Қизим, – деди бош шифокорнинг кўзларига термилиб, титроқ овозда, – касалхонангизда келиним жон беряпти... Тирик қолиши сизнинг қўлингизда.
–Қўлимиздан келган ишни қиламиз, умидсиз бўлманг, келинингизни исм-фамилиясини айтинг.
–Азиза, Азиза Бурҳонова, – деди қария умид билан термилиб.
Бош шифокор столдаги кнопкани босиб, кимгадир Азизанинг касаллик тарихи варақасини зудлик билан келтиришини тайинлади. Бунга қадар қария ҳам анча ўзига келиб қолди. Вазиятни тушунтирди.
–Келинимни ҳаётга қайтарадиган ягона малҳам, бола, – деди қария юраги ёниб, – ёшлик қилиб, боласидан кечганлар бордир, илтимос, ўшандай воз кечилган гўдак бўлса, келинимга беринг, у ҳали ёш, яшаши керак. Ишонаман, у бебаҳо она бўлади.
Аёл боягина унга келтирилган касаллик тарихи билан танишар экан, ўйланиб қолди. Қоғоздан бош кўтариб, қарияга деди:
–Отахон, бугун тонгда бир қизалоқ туғилган...
У гапини тугатмаёқ қария унинг қўлларини маҳкам тутиб олди ва жон ҳолатда ёлворди:
–Жон қизим, бошқа ҳеч нарса деманг, майли хаста туғилган бўлса ҳам, уни келинимга беринг, ҳозироқ, ҳозироқ бориб чақалоқни келинимнинг куйган кўксига қўйишсин, боланг тирик, деб айтишсин, Шаҳноза тирик, деб айтишсин. У қизининг исмини Шаҳноза қўймоқчи эди, шу исмни ҳаммамизга севдирган. Мени айтди дейсиз, кўрасиз, у кўзларини очади, қизча уни ҳаётга қайтаради. Фақат тезроқ...
*** ***
Орадан йиллар кечди. Азиза кейинчалик икки ўғил туғди. Опа-укалар бир-бирларига меҳрли бўлиб улғайишди. Бугун Шаҳнозанинг тўйи экан. Бобосига бу кунни кўриш насиб этмади. Қария Шаҳнозанинг дунёга келиш сирини ўзи билан қабрга олиб кетмоқчи эди. Аммо ўғил ичига сиғдира олмади. Бир куни ичиб келди ва хотинига бу қизча уларники эмаслигини айтди.
–Бу менинг қизим, Шаҳноза менинг қизим, – деди Азиза кескин оҳангда, қизалоқни маҳкам бағрига босиб. – Агар кўнглингиз тўлмаётган бўлса, боламни олиб, ҳозироқ кетаман!
Бу даъводан қайнонаси ҳанг-манг бўлиб қолди. Қария ғазабини зўрға жиловлади. Оппоқ қошлари тагидан кўзини ўқдек қилиб ўғлига тикди ва дона-дона қилиб деди:
–Келин ҳеч қаерга кетмайди. Бу уйдан кимдир кетиши керак бўлса, сен кетасан. Шунчаки кетмайсан, қайтиб бу остонага қадам босмайсан. Нобакор ўғил, сен билан эртага тонгда гаплашамиз.
Ота-ўғилнинг тонгги суҳбати пинҳона кечди. Шундан кейин ўғли қайтиб ичкиликни оғзига олмади. Шаҳнозани суюб-эркалаб вояга етказди.
Бу сир... У энди сир эмас. Олижаноб бир отанинг фидокорлиги дея оғиздан оғизга кўчиб юради. Сир очилиб, туйғулар ўзгардими? Йўқ. Шаҳноза оиланинг тўнғич фарзанди, икки азамат уканинг опаси, Азизанинг жони, отасининг ишонган боғи бўлиб қолаверди.