August 28

АҲМАД АЪЗАМ ҲИКОЯЛАРИДА МАЪНАВИЙ-АХЛОҚИЙ МАСАЛАЛАР

АННОТАЦИЯ

Аҳмад Аъзамнинг “Одамнинг оласи” қиссаси инсон маънавияти, унинг ички дунёси, қиёфаси ҳақидаги ҳикоятлардан бири бўлиб, унда биринчи персонаж Шерқузийнинг ички дунёси, хусусан, унинг ички монологи, фикрлари ифодаланган. Бу қисса инсон маънавиятини асраб-авайлаш, муаммоларни ҳал этишга ундашда ўзига хос йўналиш бера оладиган асарлардан бири эканлигини эътироф этиш мумкин. Бу қаҳрамоннинг ҳикоя давомида юзага келган муаммони ҳал қилиш йўли унинг ёлғиз ўғли Султонга айтган сўзлари ва топган амалий ечимида намоён бўлди. Яъни, ота ўғлининг турмушга чиқишига қарши эмас, балки фақат ўзи учун бошқа уй қуришни, пул топишни, ўз уйини бошқаришини, ишлашини ва ҳоказоларни талаб қилади.
Муаллиф Шерқузий сиймосига салбий муносабатни кинояли нутқи орқали акс эттирса-да, бугунги кунда ота-оналарга ибрат бўладиган масалани илгари сургани, ҳар бир ота-она фарзандига ҳалол меҳнат каби талаблар қўйса, у ҳаддан ташқари қайғурмаса. Фарзандим мен кўрмаган шароитларни кўрса, ҳозирги ёшларнинг кўпчилиги ёруғликдан устун бўлишга интилмай, оила қадрига етган бўларди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугунги кунда ўзбек ҳикоячилигида маънавий-ахлоқий муаммолар талқини адиблар томонидан маҳорат билан акс эттирилган. Аҳмад Аъзам “Одамнинг оласи” қиссаси орқали ёшлар тарбияси ва маънавиятини шакллантиришда меҳнатнинг ўрнини кўрсатишга муваффақ бўлди. Бунда ёзувчиларнинг маҳорати туфайли мавзуларни ифодалашда бадиий образ воситаларидан ўринли фойдаланилган.

КИРИШ
Ёзувчи Аҳмад Аъзамнинг “Одамнинг оласи” номли ҳикояси инсон маънавияти, унинг ички дунёси, тийнати ҳақидаги ҳикоялардан бири бўлиб, унда етакчи қаҳрамон бўлган Шерқўзининг ички дунёси юқорида ҳам айтиб ўтилганидек, асосан, унинг ички монологи, ўй-хаёллари орқали очиб берилади. Шерқўзининг ким эканлиги ҳикоя бошидаги унинг уй тутуми рўзғор юритиши ҳақидаги тафсилотларданоқ намоён бўлади:
“Аслида-ку, Шерқўзи рўзғори, хўжалигидан нолимаса ҳам бўлади – жойида. Эшик олди бир текис вайш, ҳусайни, кейин яна бир қатор қора кишмиш, мускат… энг охири – эртаги даройи. Ундан сўнг худди шундай тартиб билан помидор, бодринг, картошка, ловия, булғори қалампир, аччиқ жайдари қалампир экилган. Уйнинг орқасида эса беда, маккажўхори, пиёз, озгина саримсоқпиёз, сабзи, яна уруғини Шерқўзи қайдандир топиб келган “суданка” деган емиш ўт. Ён томонда чоғроққина боғ, у ерда мевали дарахтнинг ёнғоқ билан шафтолидан бошқа қарийб ҳаммаси бор”.
Томорқадаги бадастрлик ҳовли атрофидаги тераклардан тушадиган фойда ва мол-ҳоли, қўй-қўзиси ҳақидаги маълумотлари билан биргаликда ёзувчининг қаҳрамонга берган кинояли изоҳи – ремарка билан биргаликда унинг пухта-пишиқ инсон эканлигини кўрсатган:
“Ҳовлининг чор-атрофи бир текис бўй тортган мирзатераклар билан ўралган. Ҳар биридан иккита болор чиқади. Агар қирқ сўмдан (Шерқўзи ошиқча сўрамайди – инсофи бор) пулласа, ўзича ўсадиган, ош-нон сўрамайдиган шу теракларнинг ўзи икки ярим-уч минг туради. Бу ҳам бир давлат-да, пул топиш осон эмас, лекин йўлини билиш керак. Шерқўзи пулга муҳтож эмас. Уч говмиш сигири (биттаси яқинда туғиб беради), икки зотли бузоғи, бир новвоси бор; буқаси эса боқувда, бурнига ўтказилган халқани силкитиб, пишқириб ётибди. Беш-олтита қўйи даштда – чўпонда”.
Шерқўзи характери тавсифи бу билан чегараланмайди, ушбу қаҳрамоннинг пухта инсон эканлиги унинг райижрокомга тўғри бориб, қилган хизматлари эвазига яп-янги жигули машинасини ундириб келганлигида ҳам акс эттирилган:
“Хуллас, марказга ими-жимида, ҳеч кимга билдирмай жўнаган Шерқўзи қайтишда ҳаммага кўз-кўз қилиб говмиш сигирининг қаймоғидек товланиб турган “Жигули”ни ҳайдаб келди. Қурғур, ўзи ҳам кийикдек бўлар экан, сал тизгинни бўшатсанг – учади-я, учади! Айниқса, Шерқўзининг бунга қадар керакли қоғозларигача тўғрилаб қўйиб, машина ҳайдашни ҳам ўрганиб олганини айтмайсизми!”
МУҲОКАМА ВА НАТИЖАЛАР
Ёзувчининг киноявий нутқи мазкур қаҳрамонга берган таърифларида ҳам ўз ифодасини топган. Хусусан, унинг янги машинани кўз-кўз қилиши “говмиш сигирининг қаймоғидек товланиб турган “Жигули”ни ҳайдаб келиши” орқали тасвирланган. Бундан машинанинг ранги қаймоқранг эканлиги англашилган.
Шундай бўлгани билан Шерқўзи ҳам барча инсонлар сингари ирим-сиримларга бефарқ эмаслиги унинг олашақшақнинг шақиллаб сайрашидан ёмон хабарни кутиши орқали акс эттирилган. “Бизни ташлаб қайга кетди ул қаро кўзим мани”, дея минғирлаб хиргойи қилиб ётган эди, қай гўрдан олашақшақ пайдо бўлиб, нақ тепасида шаққиллаб қолди. Шерқўзи чўчиб тушди, қўлидаги райҳонни дастурхонга ташлаб юборди. Кишт-э, нафасинг ўчсин! Ҳой Каромат, ҳайда буни, ҳозир чакки халтангни тешиб кетади”.
Олашақшақ детали ҳикоя сўнгида ҳам тилга олиниб, энди Шерқўзига у даражада таъсир кўрсатмаётгани тасвирланишидан асар қаҳрамонининг муаммоларни ҳал этишдаги устамонлигини сабаб сифатида келтириш мумкин. Шерқўзининг ўз укаси Мусонинг илмий иши бефойда ва бесамар эканлиги ҳақидаги ўйлари унга айтган сўзлари орқали гавдалантирилган:
“Олдин ўзларига хотин топсинлар! Олти йилдан берики, одамларнинг ичидаги гапларни топиш тўғрисида китоб – дастуриламал ёзяптилар (Диссертациясининг мувзусини Мусо ҳар келганида акасига деҳқонча қилиб қайта-қайта тушунтириб қўйган эди). Бирон бир қизнинг ҳам кўнглини текширсалар бўлармиди, зора, ўзларига майл билдирган чиқар…”.
Мазкур қаҳрамоннинг ҳикоя давомида юзага келган муаммони ҳал этиш усули унинг ўзининг ягона ўғли Султонга айтган гапларида, топган амалий чорасида намоён бўлган. Яъни ота ўғлининг уйланишига қарши эмас, фақат ўзи учун алоҳида 3 хонали уй солиши, шунингдек, пул топиб, ўз рўзғорини ўзи юритиши, ишлаши кабиларни талаб этади:
“Ота-бола ҳовлига чиқишди. Шерқўзи қайси теракларни йиқитиш кераклигини бир бошдан кўрсатиб турди. Султон эса болта билан кафтдек пўстлоғини учириб белги қилиб бораверди.
- Йигирмата, – деди Шерқўзи. – Етади. Йиқитиб, бутайсан-да, пўстлоғини шиласан. Кўзингга қара, электр симига ёнбошлатиб қўйма тағин. Дарахт болта урган тарафга қулайди, эсингдан чиқмасин. Айлантириб ғажиб ташлама, бир томонидан чоп. Бунга икки кун кетади. Кейин мана бу эски оғилни бузиб, ўрнини текислайсан.
Биронта шопир билан тоғдан беш-олти мошин тош ташийсан. Бирон тонна семон, уч мингта ғишт қуясан. Оғилнинг ўрнига, кейин ташиб қийналмайсан-да. Теришига, майли, ўзим қарашаман, аммо бошқа ҳамма ишни ўзинг қиламан, ўргатаман. Уч уй, биттаси мана бунақасига тушади. Бу ёғи айвон. Иморатни қулинг ўргилсин қилиб битирасан, ана ундан кейин – тўй. Келинни янги уйга туширмасак уят бўлади, ҳамма шундай қиляпти. Сенинг бошқалардан кам жойинг йўқ”.
Ёзувчининг киноявий нутқи асар қаҳрамонига нисбатан давом этади. Шерқўзи чордевор деб атаётган уй аслида яхши қилиб солинган беш хонали рисоладагидек уй эканлиги ушбу уйга берилган таърифдан ҳам англашилади.
“Ўзинг қара, шу чолдеворга келин обкелиб бўладими? – У пойдевори ердан бир қулоч кўтарилган, деразалари уч тавақали, томи шифер билан қопланган, оқланган беш хонали иморатга ишора қилди. – Сенга янги уй керак. Бир чол-у кампирга шу чолдевор ҳам бўлаверади. Сўғин… пул топишнинг ҳам йўлини ўйла. Токайгача сени боқаман? Энди бизни боқадиган вақтинг ҳам келди… Майли, сени кўчага ташлаб қўймайман – минг сўм бераман. Иморат учун. Ана, бор-э, новвосни ҳам тўйингга атадим. Бозордан биронта мол олиб бераман. Боқиб семиртирсанг – фойдаси сеники, зарар қилсанг – тўлайсан. Лекин қолганини ўзинг топасан. Тўйга ҳам беш-олти минг керак. Нима қиласан? Ишлайсан-да. Бригадирдан сўраб кўрай-чи, аравани берармикан. Кейин, пахта тугагач, Пиримнинг қаватига кириб тракторчиликни ҳам ўргансанг... Ҳозир тракторчи ҳам ойда икки юздан ошириб туширади. Ола хуржунни елкалаш осон эмас”.
Яъни шунча ташвиш билан бирга ўғлига бирор касб ёки ҳунар эгаси бўлиши кераклиги ҳам айтиб ўтилмоқда. Бу нарса қаҳрамоннинг мазкур фикрлари ва амалдаги ишларга даъвати инсон маънавияти шаклланишида ҳам муҳим жиҳатларни қамраган.
“Жамийки нарса пулга боғлиқ бўлиб қолди. Ҳозир қизлар то тўйгача, то шип этиб оёқ-қўлингни боғлагунча илжайиб: “Султон акажон, сизсиз менга дунё қоронғу”, деб юради, кейин хат олиб, хат беришлар қаёқда? Пул олиб, пул беришади.
Султоннинг қўлидан болта тушиб кетай дерди.
- Бунақада… уч йилда ҳам… - дея олди у.
- Ҳа? Уйланиш – олма пиш, оғзимга туш эмас. Агар бу ишларни эртароқ битираман, пулни бир ойда топаман, десанг ҳам – ихтиёринг.
Мен чўзиб ўтирмайман. Ёки шунча вақт мени кутиб ўтирмайди, деб қўрқаяпсанми? Кутади, яхши кўрса – кутади. Сен янги уйга тушириб оламан десанг, обрўйи-да, қайтанга боши осмонга етади. Ё яхши кўрмайдими?”8
Шерқўзи тилидан айтилаётган ушбу ишлар, яъни ўз ҳаётини ўз қўли билан барпо этишни ёшлар ўз қўли билан амалга оширса, ҳаётнинг, турмушнинг қадрига етган ва ҳаётда ажримлар сони камайган бўлар эди.
“Ҳе, содда болам! Хотин деб ўлиб-тирилиб пул йиғасан, тушуриб ҳам оласан. Тўйдан кейин уч-тўрт ҳафта чилланг чиққунча яшинмачоқ ўйнаб, қувлашиб ҳам юрасан. Кейин… бошланади – рўзғорнинг униси кам, буниси кам. Бир вақт қарабсанки, севги дегани донга қўнган чумчуқдек пир-р этиб учиб кетди, унинг ўрнига эса хотининг тўрт-бешта чурвақани қаторлаштириб туғиб ташлабди.
Шундан кейин дод сол, бақир, қайда – ёшлик қайтмайди, яшинмачоқ ҳам йўқ. Болаларинг катта бўлади, қўлини ҳалоллаш керак, уйлантириш керак. Улар-ку ҳеч нарсанинг ташвишини тортмай униб-ўсаверади, аммо сенинг бўйнингда – бир умрлик бўйинтуруқ!”
Ёзувчи гарчи Шерқўзи образига нисбатан киноявий нутқ орқали негатив қарашни акс эттираётган бўлса-да, бугунги кундаги ота-оналарга ўрнак бўладиган масалани илгари сурганлиги, агар ҳар бир ота-она ўз фарзанди олдига шу каби ҳалол меҳнат қилиш талабини қўйса, ўзим кўрмаган шароитни фарзандим кўрсин дея ортиқча эркалатиб юбормаса, бугунги кун аксар ёшлари оғирнинг остидан енгилнинг устидан бўлишга ҳаракат қилишмас, оиланинг қадрига етишган бўлишар эди.
“Жўраларинг ўқийди, битириб келиб ёғлиқ-ёғлиқ жойларни эгаллайди. Яна ўқийман дегани Мусо амакингга ўхшаб Масков, Ленинград, Киев деган юртларга боради, дунё кезади. Сен эса биримни икки қилай, чирқиллаб ётган болаларимнинг оғзига бирон егулик тиқай, деб, хотиннинг этагидан чиқолмай, шаҳар нима, саёҳат нима, томоша нима – билмай ўйин-кулгидан, дунёнинг гаштидан бебаҳра ўтиб кетасан. Доим шу қишлоғинг, вағ-вуғ йиғлаётган болаларинг, шу қора кетмон… Майли, нима қиласан энди, уйланаман, деб сўз бериб қўйгансан, устидан чиқ. Чидайсан-да энди, - дея Шерқўзи, гўё ўғли аллақачон уйланган-у ҳозир отасига кун кечиришнинг оғирлигидан Шерқўзи уйланишнинг “қора” манзарасини ўғлига аниқ-равшан чизиб берди, мисоллар билан тушунтирди, куйиниб уқтирди, унга жуда ачинди, бундай мушкул аҳволига ўзи мадад бўлолмаслиги учун таассуф билдирди: уйлангандан сўнг ҳар ким ҳам, агар у эркак бўлса ўз аравасини ўзи тортиши керак”.
Шерқўзи томонидан ўғли тасаввури учун чизилган ушбу “қора” манзара, албатта, Султоннинг энди мактабни битирибоқ севган қизига уйланишга аҳд қилиши хархашасига жавобан қилинаётган тадбир эди. Ўғлининг олий маълумотли бўлиш ҳақидаги орзуси ҳам бу орзуси олдида барбод бўлиши ота томонидан образли қилиб тавсифлаб берилади. Лекин ўғилда отасининг айтган ишларини бошлашдан бошқа чора йўқлигини билган отанинг бу ишларни қилдириш эвазига ҳеч нарса йўқотмаслиги ҳам бу образнинг ўта пишиқ кимса сифатида тасвирланганлигини далолатлайди.
“Ўзи эса бошқа нарсаларни ўйлади: оғилни йиқитиб, ўрнини текислашга вақти йўқ эди – айни муддао; лекин теракларга жабр бўладиган бўлди-да. Хай майли, йиқитиб, арчиб, яхшилаб тахлаб қўйилса, биронтаси сўраб қолар. Ана Соҳибназар ака бу йил иморатини бошламоқчи, болор излаб юрадими, келади-да. Бўлмаса, устига қора қоғоз ёпса, нам ўтмайди, қуриб ётади. Ўзи ҳам вақти келди – яна бир йил қирқилмаса, ўзаги чириб қолади”.
Асар давомида Шерқўзи укаси Мусонинг ҳам олдига бориб, ўзини “сил” касалига чалинган кимса сифатида кўрсатиб, сохта кўзёш қилиб, унинг ҳам раҳмини келтириб, кейинроқ ҳеч қандай касал эмаслигини билдириб, ярашиб олади ва ўғлининг бемаҳал уйланиш ҳақидаги можароси туфайли юзага келган барча муаммоларни ўз фойдасига ижобий ҳал этади.

“... Мусоқулбой бу йил ёқлармикан? Китоб ёзиш шунча қийин ишми, а? Ҳа, одамларнинг ичидагини билиш осон эмас-да. Ҳеҳ-ҳе, “Туйғуларини оёқости қилишга ҳаққингиз йўқ” эмиш. Ол-а! Ҳа, мана туйғуларини оёқости ҳам қилмадик, катта йўл ҳам очиб бердик. Қани, бу кишининг туйғучалари неча кунга чидар экан? Йигирмата теракни йиқитишни бир ҳафтага чўзади. Кейин оғилни йиқитганда бир чангиб берсин, бир чангиб берсин! “Ота, бу...ни бир едим, иккинчи емайман, ўқишга бораман”, деб чопиб келади олдимга. Ишларни санаб берганимда кўзи чиқиб кетди-ю, яна бу киши хотин олармишлар”.
Укасининг илмий иши инсон ҳислари билан боғлиқ бўлганидан жиянининг севгисини оёқости қилмасликка даъвати оддий баландпарвоз гап эканлиги, ҳақиқий ҳаёт анча мураккаб, ёшликдаги айрим туйғулар ўткинчи эканлиги Шерқўзининг ички монологи орқали акс эттирилган. Асар сўнггида қаҳрамоннинг бошқа оиланинг яхши бир қизини келин қилиш ҳақидаги ўйлари эса ота-онанинг ўз фарзандига доимо яхшиликни раво кўришини исботлайди.
“Шу Соҳибназар аканинг саккизинчига ўтган қизчаси қўғирчоқдеккина бўлибди-да. Э, тавба, умр жуда тез ўтади-я! Соҳибназар ака биринчи хотинини туғмаслиги учун қўйиб юборгани худди кеча эди. Мана, қизи бўй етиб қолибди. Онаси жуда покиза аёл. Султонбойни бир амаллаб ўқишга жойлаштирсак, икки-уч йилни ўтказиб шу жамалаксочга бир оғиз солиб кўрамиз-да”.
Кўринадики, ҳикоянинг етакчи қаҳрамони бўлган Шерқўзи ёзувчи томонидан киноявий нутқ асосида асли “оласи ичида”ги одам сифатида таърифланаётган бўлса-да, унинг ҳаёт ҳақидаги қарашлари, меҳнат ва билим эгаллаш орқали рўзғор тебратиш ҳақидаги фалсафаси, ёшликнинг гўрлиги туфайли хатога йўл қўймаслик учун қўллаган “шумлиги”, ҳаттоки илм қиламан деб оила қурмай юрган укасини ҳам уйланишга кўндира олганлиги кабилар унинг асли бугунги кунда жамиятда юзага келаётган оталар ва болалар, ака-укалар орасидаги муаммоларни ҳал этишда ўзига хос ечимни кўрсатаётган қарашларни илгари суришда қўл келган дейиш мумкин.
ХУЛОСА
Умуман, ушбу ҳикоянинг инсон маънавиятини шакллантиришда, уни муаммолар ечими сари ундашда ўзига хос йўналиш бера оладиган асарлардан бири сифатида кўришга арзишини эътироф этиш мумкин.
Хуллас, сўнгги давр ўзбек ҳикоянавислигида маънавий-ахлоқий муаммолар талқини ёзувчилар томонидан маҳорат билан акс эттирилмоқда. Аҳмад Аъзам “Одамнинг оласи” ҳикояси орқали ёшлар тарбияси ва маънавиятининг шаклланишида меҳнатнинг ўрни масаласини кўрсатишга эришган. Бунда мавзулар ифодасида бадиий тасвир воситаларининг ёзувчилар маҳорати туфайли ўринли қўлланилганлиги ҳам қўл келган.

Рўзибоев Бобир Мирзақулович Самарқанд вилояти Булунғур тумани 69-мактаб ўқитувчиси, ГулДУ мустақил тадқиқотчиси Абдураҳимова Севара Маликовна Самарқанд вилояти Булунғур тумани 10-мактаб ўқитувчиси