Аҳмад Аъзам: «Адабий асар – тил ҳодисаси» (2012)
– Аҳмад ака, ўзбек насрининг бугунги мавқеи ҳақида гаплашсак. Яхши биласиз, ўтган асрнинг 90-йилларигача кимдир бирор қисса ёзса машҳур бўлиб кетар эди. Не тонгки, ўшаларнинг айримларинигина бугун ёдга оламиз. Икки йил бурун Ёзувчилар уюшмаси йиғинида жонкуяр мутахассислардан бири Мустақиллик йилларида юз йигирмадан ортиқ роман чиққанини таъкидлаб, уларнинг рўйхатини тақдим этди, бунинг устига мажлис қатнашчиларига шу йўриқда анкета саволларига жавоблар йиғди.
Табиийки, рўйхатдаги асарларнинг аксариятини адабиётчилар ҳам, ёзувчиларнинг ўзлари ҳам ўқимаган бўлиб чиқди. Ҳайронман, ҳозир ўқимаслик мода касалликка айланиб қолмадимикан?
– У пайтлари… бошқа нарса ҳам бор эди – катта асар ёзишга, эълон қилишга унча-мунча одамнинг ҳадди сиғмас, қиссани ҳам насрнинг равиш-йўналишларини яхши ўзлаштирган, поэтикасини ҳис қила олганлар ёзган, бу ҳам аввало муаллифнинг малака чиғириғидан ўтиб, жамоатчиликнинг яхши кутиб олишига шуури етгани тақдирда эълон қилинар эди. Тоғай Мурод, Мурод Муҳаммад Дўст каби у пайтлари ёш адибларнинг қиссалари тили, бадиияти, поэтикаси билан ярқ этиб кўзга ташланган. Адабиёт олдида, Сўз олдида масъулият жуда катта, кейин асарнинг ҳар бир жумласи, ҳар бир сўзига қарайдиган Ваҳоб Рўзиматов каби қаҳри қаттиқ синчиларининг назаридан қолиш, бемаза ёзибсан деб заҳрини сочадиган Маҳмуд Саъдий каби таҳрир пирларига рўпара бўлиш доим кун тартибида турар эди. Ёшларнинг ўз адабий давраси ҳам яхшигина ҳакам, янги чиққан асар аввало шу давранинг ўзида муҳокамадан ўтар, бемаза нарса босилиб қолса, ўқиган одамга ҳам худди беҳурматликка учрагандек таъсир қилар эди. Шунинг учун ҳам оз ва соз ёзилган аксарият асарлар. Адабий тилимиз мартабаси ортган, бўшроқ ёзадиган ёш ёзувчиларнинг асари ҳам ишлов берилмай, пухта таҳрирсиз чиқмас эди. Адабий тилимизнинг катта ривож босқичи ҳам шу даврда кечди. Ҳа, дарвоқе, ҳозир бир нечта ёзувчиларимизнинг ёзганларини эълон қилмаётганлари сабаби ҳам шунга келиб тақалади – бугун текин таҳрир қилиб берадиган заҳматкаш “мардикор”лар замони ўтди. Кўп нарсалар қандай ёзилган бўлса, шундай чиқиб ҳам кетяпти. Бунинг бир яхши томони ҳам бор: шерикликка сунъий асар яратилмайди. У даврларда, очиқ гап, баъзи ёзувчиларимиз романлари ҳам унинг устида нашриётдами, редакциядами етти букилиб тер тўкиши билан қаторга кирарди. Қандай ёзган бўлса, шундай эълон қилаётганларнинг миси ўз-ўзидан чиқяпти, буларнинг тили пала-партиш, тозаланмаган, албатта бунақа асарни қўлга олган китобхоннинг умуман китобдан кўнгли қолади.
Тил масъулиятининг йўқолиши сўз санъатига яқин ҳам келмайдиган нарсаларни урчитиб юборди. Тўғри келган одам хаёлига келган нарсани ёзяпти, қўлбола ривоятлардан тортиб қотирма романларгача. Илоннинг нималигини билмаган болакай чақишидан қўрқмай ушлайверади, тарих нима, унда ҳақиқатан нималар кечган, одамлар қандай яшаган, руҳияти қандай бўлган, қанақа шеваю оҳангларда гаплашган, буни ўйлаб ҳам ўтирмай, бир манбани ўқиса, шунга суяниб ёки “бадиий” кўчириб, “бородурман-келодурман” деган ясама “тарихий” тилда жилд-жилд романлар ҳам ёзиб ташланяпти. Майли, ёзсинлар, шу ёзганлари ҳужжат, манба асосида бўлса керак, уларнинг маърифий қиммати ҳам бор, лекин тадқиқот десинлар, изланишлар, таассуротлар десинлар, лекин роман деб жанрнинг обрўсини тўкмасинлар.
Ёшлар ўқимайди, деймиз – шунақа нарсаларни ўқийдими? Ўзимизнинг ҳам савияси паст нарсаларга кўзимиз нурини кеткизишдан бошқа юмушимиз йўқми? Ахир, ўқийдиган нарсани ўқиймиз-да. Менга, очиқ гап, асарнинг бошланишидан ярим саҳифа, ҳаттоки, биринчи жумласини ўқиб кўриш кифоя, тортса – калла ташлаб ўқийман, ёқмаса, жойига қўйиб қайтиб қўлимга олмайман. Тил бадииятини эгалламай асар ёзиш –ўзига нисбатан беҳурматлик ва китоб аҳлига нисбатан ахлоқсизлик. Ахлоқсизликни сўккандан кўра, уни қулоқни бекитиб, эшитмаган маъқул деб биламан..
– Албатта, одамнинг ўша романларга бирваракай баҳо беришга журъати етмайди. (Адашмасам, ўша мажлисда ўша “мутахассис” томонидан “нега Эркин Аъзам роман ёзмайди?” деган хурмача дўқ ҳам урилган эди). Биринчидан, уларни ўқиш керак, иккинчидан вақт ва ундан сўнг ҳафсала ҳам зарур. Назаримда, биргина Қозоқбой Йўлдош уларни муттасил ўқиб, эринмай фазилатлар топиб мақола ёзиб ётибди. Ҳеч ким баҳсга ҳам киришмайди. Биз талаба эдик, Аҳмад Аъзам деган танқидчи бот-бот адабиёт газетасида енг шимариб катта олимларга ҳам қўрқмай ташланиб қоларди ва ҳақ гапини исботлар эди.Нега ахир, бугунги 60 ёшлилар ўша фаолликдан безиб қолишдими?– Айни кунларда адабий танқидчилигимизда мезон бўла оладиган фикрлар, етакчи танқидчиларимиз йўқ. Бевосита адабий жараёнга ижобий таъсир ўтказадиган фикр дарғаларини назарда тутяпман. М.Қўшжонов, О.Шарафиддинов сингари салобатлари билан қўр тўкиб, адабиёт даровазасидан кирмоқчи шунчаки ҳавасмандларни ҳайиқтириб турадиган устозларимиз ўтиб кетдилар. Адабий-танқидий тафаккур беэга қолгандек, унинг майдони ҳам ниҳоятда торайиб, таъсир кучи йўқолиб, ўзи таназзулга юз тутди Ўзингизни ёши ўтган танқидчи ўрнига қўйиб кўринг: бир умр бу борада меҳнат қилгансиз, ёзганларингизни илгари ўқувчилар назардан қолдирмаган, қайси асарларни таҳлилга олган бўлсангиз, ўшаларни ҳам излаб топиб мутолаа қилган, бугун сизни ҳам, сиз умр бўйи таҳлилу тадқиқот қилган асарларни ҳам ўқимайди. Замонга мослашиб янги нарсалар бозорига тушишга эса оёғингиз тортмайди. Нима қиласиз? Нима қиламиз? Э-э, бу замон қаёққа қараб кетяпти, ўтган ўртача ёзувчиларимиз майли, лекин нимага буюкларимиз ҳам эътибордан қоляпти, ҳа, ҳаммасига ОАВ, кўча матбуоти, Интернет сабабчи, адабиётга эса ғарбдан модернизм балоси кириб келяпти деб, ёмоннинг кучини япалоққа кўрсатамиз; кучимизни ўзимизга нисбатан ёш, лекин аллақачон элликни қоралаб, олдинга ўтишга одоб сақлаб турган адибларимиз ё шоирларимизга кўрсатамиз, янгича бадиий тафаккур ўзгаришларини ёт таъсирларга йўйиб, қани анъаналаримизга садоқат, қани буюкларимиз хотирасини ҳурматлаш деб наъра тортишга чоғланамиз – бефойда, ёшлар ғадир-будур бўлса-да, ўзлари кашф қилган йўлдан кетаверади, ўтмишимизнинг чўнг қояларини дарсликларда тиклаб қўйган бўлсак-да, уларга қарамайди. Ҳа-я, тортадиган наърамиз ҳам ичимизда – китоб ўқимагандан кейин ўтмиш изтироби билан ёзилган мақоламизни ҳам ўқимайди-да. Кейин, ўн кун, бир ой ўтириб ёзган мақоламизга ўзи зўрға кун кўраётган газета ҳемири ҳам бермайди.
Дамимизни ичимизга ютиб ўтираверамиз. Ҳаёт эса илгарилаб кетиб бораётир, адабий жараёнда, истаймизми, йўқми, ўтмишга тармашган иродамиз билан ҳисоблашмай, ботиний ўзгаришлар кечаётир. Дагиш ишини қиляпти, қирғоқнинг тагидаги қумларни аллақачонлардан бери ювиб ўтяпти, юпқагина юза турибди хотирамизда, қуриган чинорлари билан. Ўзимизни ҳали ҳам рўйхатдаги шу чинорлар соясида деб ўйлаймиз…
Тўғри, вақт ўтиши билан адабиёт саралаб, сараланиб бораверади, анча-мунча асарлар эскириб, тасарруфдан чиқади, уларнинг ўрнига янада янгироқ, янада тозароқ асарлар кириб келади. Бу – муқаррар кечадиган ички ривож қонунияти, бусиз сўз санъати яшай олмайди Лекин сиз айтаётган тўқсонинчи йиллар бошида фақат саноқли асарлар эмас, адабиётнинг янгиланиш жараёнининг ўзи тагдан буҳронга учради, айни пайтда шу буҳрон тубидан адабиётимиз келажаги ўлароқ янгича бадиий тафаккур қоялари ўсишга бошлади. Бу фақат шўро тузумининг патарот топиши билан боғлиқ эмас… Тўғри, янги Мустақиллик тузуми, янги даврдаги фикр эркинлиги айни бадиий тафаккурнинг эски маҳсулларидан қониқмай, унда ҳам ўзгаришлар қилиш талабини қўйди. Бу табиий ҳол, лекин бозор талаблари, эркинлик ҳавоси деб адабиётни ўз ҳолига ташлаб қўйишда жамият ўзгариши билан бирга ўзимиз “яратган” сабаблар ҳам бор. Китоб тарқалиши, савдоси буткул издан чиқиб, бадиий адабиётни тарғиб этадиган матбуотнинг номи кўпайгани ҳолда тиражининг тамом тушиб кетгани ҳам бир омил.
Вакуум бўш турмайди, профессинонал бақувват асарлар билан ўзини тўлдира олмаган вакуум бозор орқали савияси паст, адабиёт эмас, бизнесни кўзлаган олди-қочди бежамаларни сўриб олди. Ҳозир китоб дўконлари шуларга тўла.
Бунинг янада ўзимизга, адабий жамоатчиликка тегишли жиҳатлари бор. Янгиланиш тарихи бошланганига йигирма йилдан ошиб кетди, биз эса ҳалигача ўтган устозлар етагида юрибмиз. Ёшлар китоб ўқимайди, ҳамма Интернетга ёпишган деймиз, лекин нимани ўқимаяпти, нима яхши асарлардан юз буряпти китобхон? Эскидан қолаётган, эскираётган асарларни бизнинг тенгдошлар ҳам ўқимайди, чунки шўро замонида яратилган асарлардан ҳидини бир чақиримдан билиб қочамиз, янгилари эса ё йўқ, ё уларга дидимиз кўникмаётир. Ёшларга эса адабиёт дарсликларидаги шу эскилар ҳам юқмайди, ўзларига тўғри келадиган янгилар жуда кам.Нима ўқисин улар? Очиғи, шу саволни қўйяяпман-у, жавобига худди адабиётимиз ўтмишига тош отаётгандек, қийналяпман.
Албатта, янги асар, янгича тафаккур йўқ ердан пайдо бўлмайди, адабиётда давомийлик бор, у – адабий тилнинг равнақи, бунда узилиш бўлмайди. Лекин А.Қодирий асарлари яратилганига саксон-тўқсон, А.Қаҳҳор асарлари яратилганига эллик йилдан ошяпти, ҳозирги шаклланган авлод ёзувчилари шу асарлардан тил тарбиясини олган, лекин адабий тил чиққан довонида қотиб турмайди, ўсади, устозларимиз ҳам бир жойда қотиб турмайди-ку. Устозларимиз ҳам мен келган чегарадан у ёғига ўтмайсизлар деган ўгит бермаган. Тоғай Муроднинг халқона суюмли, Мурод Муҳаммад Дўстнинг баланд ҳаволи, теран фалсафага бой, Эркин Аъзамнинг ҳар бир сўзни чертиб олиб ёзилган тили яралиб бошлаганига ҳам ўттиз-қирқ йил бўляпти. Тил туйғуси она сути билан, ақл билан бирга берилади, кейин ўзгаради, сайқал топади, лекин илк асарлари тилидан унча узоққа кетмайди ёзувчининг тили. Демоқчиманки, адабий тилимиз ривожи саксонинчи йиллар охиригача келди, кейин ҳаёт ташвишларига ўралашдик, бозор тамойили деган гаплар чиқди, хуллас, унга эътибор ўлди. Ана шундан кейин, сиз айтгандек дўкон пештахталарини ўз дидини аяйдиган, ўзини ҳурмат қиладиган одамлар ўқимайдиган китоблар истило қилди.
Эркин Аъзам нимага ёши олтмишдан ошиб роман эълон қилди? Ҳалиги мутахассис иддао қилгандек, олдинроқ нимага ёзмади? Нимага биз ҳавас қиладиган истеъдодларнинг бор-йўғи битта ё иккита романи бор? Бу кучи етмаганидан эмас, балки роман нималигини, унга қандай тил тажрибаси зарурлигини англаб, ўзини тайёр билмагунча қўли бормаганидан. Эркин ҳозир ҳам ёзиб ташлайвермайди, бундай ёзувчилар учун ёзиш – Сўз масъулияти, виждон иши. Ҳозир қаранг, буларни айрим ҳам дея олмайсан, қўш жилдлик, трилогия, ҳатто тетралогиялар чиқиб кетяпти, икки хатбошисини ўқийсиз-да, қайтиб қўлингизга олмайсиз – тили ёзувчининг тили эмас, тасвир йўқ, диалог йўқ, поэтика йўқ, бадииятнинг асос хоссаси – тили ғарибдан ғариб.
Китоб дўконларида савлат тўкиб турган муҳташам безакли “ёстиқ”ларни кўриб одам ҳайиқасан: э-э, бунга озмунча меҳнат сарф бўлганми, қоғозию бошқа харажатини қўяверинг, қанча умр сарф бўляпти; майли дейсан, катта қисми яхши ниятда қилиняпти-ку, эртами-бир кун бу оқим ҳам тиниқлашиб, ичишга ярайдиган бўлиб қолар, деб тилингни тиясан.
Олтмишни уриб қўйганларнинг фаол эмаслиги… ёш билан, оилавий, турмуш ташвишлари кўпайишига, моддий манфаат йўқлигига боғлиқдир. Лекин адабиётни кузатиб-ўқиб бориш сўнмаган бўлса керак дейман. Мен кўп гаплашадиганлардан Иброҳим Ҳаққул, Эркин Аъзам, Хуршид Дўстмуҳаммад доим ўқиб бориши мисолида тенгқурларимиздан кўпчлиги адабий жараёнга бефарқ эмас деган хулосага келаман. Шоир Хуршид Давронни гапирмайман, унинг фаоллигини ҳамма билади, тарихий сиймоларимиз ҳақида қатор насрий асарлар, тадқиқотлар яратиш билан бир қаторда Интернетда ҳар куни туркий адабиётлар, тиллар, маънавият ҳақида ўнлаб(!) китоблар эълон қилади, баҳсларга аралашади, ўз фикрларини мунтазам билдириб боради. Энди, барибир, кўпчиликнинг бунча жимиб кетишини маъқул кўрмайман. Тенгқурларимнинг пастга тушиб, тортишув-олишувларда қатнашмаса ҳам, тўрда қўр тўкиб ўтиришларини истар эдим, чунки уларнинг борлиги мажлис аҳлига адабиётнинг юкини ҳар ким елкалаб кета олмаслигини эслатиб туради. Қозоқбой акага келсак, у киши бизга тенгдош, демак қаторимизда фаол мунаққидимиз ҳам бор, омон бўлсинлар, лекин бошқалари… бармоқ билан санашга ҳам етмайдими дейман. Энди бугунги кунда танқид билан шуғулланишни ҳеч кимга осон тутиб бўлмайди. Бу иш жуда катта заҳмат ва рағбатни талаб қилади. Лекин, умид шулки, ёшлар етишиб келяпти, насрнинг йиллик муҳокамасида кўрдим, уларнинг чиқишларида асар ҳақида умумий гапириш йўқ, муайян концепция билан ёндашиш, аниқ фикрлаш бор. Шундоқ, кейинги авлодларнинг ўз танқидчилари бор, лекин менга улар ҳаддан ортиқ боодобдек, устозлар қошида тортиниб турадигандек туюлди.
– “Асқартоғ томонларда” деган қиссангиз босилаётганда мен “Ёшлик” журналининг кичик ходими эдим. Очиғи, бу қиссада биз кўникиб қолган силлиқ мавҳумот ва мавҳумдай туюлувчи зиддиятларга қарама-қарши ўлароқ фавқулодда реалликни кўрганман. Ў.Усмоновнинг “Гирдоб” романидаги домлалар билан “Асқартоғ…”даги домлаларнинг, гарчи замон ўша-ўша бўлгани билан, фарқи анча эди-да. Бу билан Сизга пишанг бериб мақтамоқчи эмасман-у, ҳар қалай вақти-замонида ўзингиз айтган бир гап миямда муҳрланиб қолган: “Проза одам одам билан бемалол, очилиб суҳбатлашгани сингари табиий бўлиши керак”. Шундан бери қарайман, кузатаман, ўқийман. (Ёзганларингизнинг деярли барини ўқиган чиқарман). “Эл қатори” анча жимиб кетдингиз ҳам. Кейин: “Тиқин”, “Ҳали ҳаёт бор”, “Тугмачагул”, “Дутор билан танбур”, “Ўзи уйланмаган совчи”, “Рўё ёҳуд Ғулистонга сафар””, (шу романни андак истисно қилганда) табиий маромни кўраман. Ўйлаб қоламанки, бу бошқаларга ўргатиб ё татбиқ қилиб бўлмайдиган Аҳмад Аъзамнинг ўзигагина хос ижодий принципи бўлса керак…– Адабиёт, сўз санъати ҳақида гапириб турганда, одамнинг бирдан ўзига ўтиши жуда ноқулай. Саксонинчи йиллар жаҳон адабиётига айниқса ружу қўйган йилларим. Битта мен эмас, қирқ тўққизинчи йил авлоди деймиз, бизга дунёнинг сара асарларини мутолаа қилиш, ўрганиш бир урф эди. Мен рус тилини “твоя-моя” даражасида билган ҳолимда, ўқишни ҳарбийда бирданига Д.Ж.Селинжернинг “Над пропастью во ржи” асаридан бошлаганман. Кутубхонада бор экан, сўзни сўзга тўқиштириб, йигирма кунлар босиб ўтириб ўқидим ва шу билан рус тилидаги гўзал таржималар билан танишишга йўл очиб олдим. Хемингуэйнинг бир суҳбатини ўқиб, у ўқиган ёзувчилар асарларини қидиришга тушдим, адабиётшунос бўламан деганим учун ёзувчиларнинг ўз ижодлари, адабиёт ҳақидаги суҳбатлари, улар ҳақидаги тадқиқотларни ўрганиб, хаёлимда дунёнинг сара ёзувчилари рўйхатини тузиб олдим. Шу билан аста-секин жаҳон бадиий тафаккур майдонини ўз билигимча кезишга тушдим. Ҳозир ҳам Ясунари Кавабата, Хорхе Луис Борхес, Жан Пол Сартр, Ғуломҳусайн Саадий (русчада “Саэди”), Макс Фриш асарларини қайта мутолаа қилиб тураман. Тили оҳорли-тоза асарларни севаман, табиийки, “Қиссаси Рабғузий”, “Бобурнома” тили қанақадир энтиктирадиган ҳаяжонларга тортиб кетади, ростдан! “Ўткан кунлар”, “Ўтмишдан эртаклар”. “Болалик”, “Шум бола” ёшлигимдан тилига маҳлиё бўлганим асарлар. Тили унча тоза бўлмаган асарларни ўқий олмайман, жумладан қиёмига еткизмай қилинган таржималарни ҳам. Демоқчиманки, мени танқидчиликни ташлаб, ёзувчи бўлишга ундаган омил шу. Дунёнинг сара асарларидан жуда кўпини ўқиб юрдим, рус тилига қилинган шу таржималар орқали шаклландим. Ёзувчи бўлиб, у-бу нарсаларга эришган бўлсам, ана шу таржималар ва ўз адабиётимиздан териб-тергилаб олиб ўқишим туфайли. Ва бунда, албатта Самарқанд университетида Навоий бобомиздан чуқур дарслар олганимизнинг ҳам улуши жуда катта. Қанақа ёзувчи эканимга ўзим бир нарса дейишим қийин, баҳони китобхон беради. Мен қанақа ёзувчи бўлишга интилганимни гапиряпман. Шу ўқиш, ўрганишлар маромида ўқувчи, китобхонни ҳурматлаб, унга ақл ўргатавермаслик, ҳаёт ҳақида унинг ўзи ҳам биладиган хулосаларни тиқиштирмаслик, тенденцияю мафкурадан қочиш, холис туриб, тасвирдан фикр чиқариб олишни ўқувчининг ўзига қолдириб ёзиш йўлини танлашга ҳаракат қилдим. Ҳа, сиз айтгандай, одам билан одам очилиб гаплашгандек тасвирлашни. Бунинг тагида, албатта, тасвирни худди расмга туширгандек ўзини бериш назарда тутилмайди, детал, тафсилот, воқеа ҳам ўқиган одамда бошқа таассуротлар уйғотиши лозим. Ёзувчи холис қолади, ўзини билмасликка олади, баъзан анойи тутади, тасвирлари кераксиз ҳам туюлади, лекин тил оҳанглари билан тортиб туради ва шу оҳанглар китобхон кўнглида акс-садо бўлиб, фикр уйғотади. Орзуим шунақа чиройли. Қани эди шундай ёза олсам дейман.
Бир маромда, узмай ёза олмаганман, бир ишда ишлаган пайтларим ёзмаганман, шунинг учун кўп жойда икки йилга бориб-бормай, бўшаб кетаверганман. Фақат ТВда ўн бир йилдан ошиқроқ ишладим, шу пайти ҳам ёзмадим, орада муҳарририят алмашганда учта ҳикоя ёзиб қолганимни истисно қилса. “Рўё”гача бир маромда келган бўлсам, ўша ўзим эканман. “Рўё”ни дардда ётиб, дард билан ёздим. Ишқилиб тугатай деган хавотир, М.М.Дўст айтгандай, “васваса билан” охирига етказдим. Ҳаммаси ўзининг табиий маромида, ютуғу камчиликлари билан бирга бўлсин деб, одатимга хилоф равишда тилига ҳам қайта тегинмадим. Яна ёзишни мўлжал қилган, бошлаб қўйилган нарсаларим бор, уларга ҳам вақт қолиши, куч етиши керак эди. Худо хоҳласа, сиз айтган, менга хос ижодий принцип шу уринишларимда кўринса керак. Билмайман яна нима дейишни, куч берса, ёзаверай-чи; ёзишнинг ўзидан ҳам каттароқ гап йўқ мен учун.
– Ёш ёзувчилардан бири бундан роса 15 йил бурун “бу ёғига адабиёт элитарлашади” деган фикр айтувди. Ўзи-ку ёзувчи ўшандан буён тамоман жим. Лекин ҳар замонда ён-веримга қараб, мен ғафлатдалигимда адабиёт жонивор “элитарлашиб” қолмадимикин дейман… Сиз ҳам шунақа фикрга борганмисиз?..– Бу саволга жавобни мисолдан бошласам. Саксон еттинчи йилмиди, ёзувчилар уюшмасига Париждан “Аксион поэтик” деган журнал вакиллари келди. Улар билан танишдик, суҳбатлашдик. Гапдан гап чиқиб, қайсимиздир бизда Эркин Воҳидов, Абулла Ориповнинг шеърий тўпламлари саксон-юз минг нусхада чоп этилишини айтган эди, французлар анграйиб қолди. “Мен сизларда қанча нусхада босилади?” деб қизиқдим, э-э, буларни тоза уриб кетган экан-ку деган маънода. Улардан бири “Юз-икки юз нусхада. Буни ҳам шоирнинг ўзи чоп қилдиради, ёру дўстларига тарқатади, ўтса яна чиқаради. Катта тираж беш юзга боради-да”, деди. Мен ажабланиб, “Дунёга машҳур шоирларингиз ҳам шу аҳволдами?”, деб сўрадим. “Ҳа, мен буюкларни айтяпман”, деди. “Шеърият бундай бўлса, прозанинг аҳволи қандай? Масалан, Францияда яшаётган Нобел мукофоти лауреати Семьюэл Беккет асарлари қанчадан босилади?”, деб сўрасам, “Беккетни уни тушунган одамларгина ўқийди. Булар ҳам кўп эмас. Беккет театри ҳам бор, унга эллик-олтмиш хос одамларгина тушади” деди. Мен Чингиз Айтматовни сўрадим, “Унинг асарлари катта тиражларда босилар экан-ку сизларда ҳам?” деган саволимга, “Ҳа, Айтматов катта тиражда босилади. Лекин у бестселлер”, деб гапни лўнда қилди.
Узун мисол бўлди, лекин нима демоқчилигимни биляпсиз. Китобхон деганимиз бир хил юксак дидли одамлардан таркиб топмайди, ўқиётган омма қизиқиши, диди, билими, савияси, дунёқараши турли даражада бўлган қатламлардан иборат. Бутун дунё китобхони шундай. Дўкон пештахталарини асар эмас, асарлар босиб кетди деймиз, демак, шунча нарсага талаб бор, уни ўқиётган омма бор-да. Нашриётлар ҳам ўтмайдиган молини савдога қўймайди. Бадиияти теран асарларни диди теран китобхонлар ўқийди, бу қатлам унча қалин эмас, озчиликни ташкил қилади, келиб чиқадики, адабиёт элитарлашяпти. Дунёнинг илғор адабиётлари шундай: ҳар бир китобхон қатламининг ўзига яраша маҳсуллари бор, лекин, келинг, шунақа дейлик, юксак адабиётни бозор адабиётидан паст кўрмайди, айни пайтда бозор адабиётини ҳам юксакка кўтармайди. Ҳаммаси ўзининг ўрнида, ўз мароми билан ривожланади. Хусусан ўзимизнинг шароитга келсак, адабиётнинг бачки новдалари ғовлаб кетиши бор, лекин бу шохлар мангу кўкариб турмайди. Элитар адабиёт умуман адабий жараённи озиқлантириб, бачки новдаларни қайчилаб туради бари бир.
– Адабиёт , хусусан, насрнинг ўзини олганимизда ҳам ҳад-ҳудудсиз бир макон. Умрбод ўқувчи бўлиб яшаб унинг сарҳадига етиш қийин. Фақат машҳурларнинг асарларини ўқишга улгуриш ҳам маҳол. Бизда классик романчилик анъаналари бор. Ҳозирги кундаги проза бари бир кечагидан фарқ қилади. Бу ҳам табиий. Сабаби бугунги одам бугунги шарт-шароитга мослашиб яшаяпти ва ўз-ўзидан фикр-ўйи ҳам, муаммоси ҳам кечагиникидан фарқ қилади. Кеча сокин ва турғун бир кечмишда яшаётганимизда Тоғай Мурод халқона оҳанг ва дардлар билан қиссалар ёзганида севиниб, севиб ўқишга тушиб кетганмиз. Бугун, масалан, шу кайфиятдаги ёзувчи чиқишига ва сўнг одамлар унинг асарларини ёпирилиб ўқишига кишининг кўзи етмайди. Пафос дегани ҳам айрим замонларда кўтарилиб, бошқа вақтда тушиб йўқолиб кетади шекилли-да. Умуман олганда бугунги ўзбек насрининг ўрнини қандай баҳолар эдингиз?– Нима бўлганда ҳам насрнинг ўзи ҳам, аҳамияти ҳам йўқолмайди. Ўзгаришлар тубдан ё очиқ кечиши мумкин, лекин миллатнинг маънавий эҳтиёжи бир-икки давр ё навбатдаги мафкура билан қониб қолмайди. Бадиий тафаккур ҳаракати азалий-мангу жараён. У ҳозир сустлашгандек, унинг гуркираб кетишига ҳаво етмаётгандек туюлар, лекин туб оқимлар ҳаракатдан тўхтамай, ўз ишини қилиб, янги истеъдодларни етиштириб ётибди. Мен, масалан, ўзимга нисбатан ёш, лекин аллақачон катта адиб бўлиб танилган Назар Эшонқул, Сиз, Исажон Султон, Улуғбек Ҳамдам кабиларни назарда тутяпман. Бир давр шеъриятини бадиий тафаккурдан айрича олмаслик керак, бизда кейинги йиллари, Мустақиллик замонида шеърият янгича талқинлари билан олдинга ҳам ўтди, унинг Фахриёр, Абдували Қутбиддин, Баҳром Рўзимуҳаммад, Азиз Саид, Хайрулло Файз сингари устунлари борки, булар ўзларидан кейингиларининг эркин фикрлашига кенг йўл очиб беряпти, жуда ёшлар орасида унда-бунда чиқиб, ўзларининг янгича фикрлаш тарзини намойиш этаётгалари бор, мен шуларга қараб, жараёнга некбин ёндашишга уринаман. Ҳозир бугунги ўзбек насрига бир қарашда аниқ ташхис бўладиган баҳо бериш мушкул масала, Изланишларнинг жуғрофияси жуда кенг, кўпи юза қатламда, ҳали шаклланмаган, айтганимдек, туб оқимлар кечяпти, ҳали унча юзага чиқмаган, кейин, адабиётимиз, жумладан наср тарғиботи шу реклама замонида ўгай соҳа бўлиб келяпти. Ҳозирча, эртанги наср ҳам аниқ белги бераётгани йўқ, лекин тагдан қалқиб турибди, ёриб чиқиб қолар деб умид қиламиз. Зеро, ҳар қандай шароитда ҳам адабиёт ривождан тўхтамайди. Янгиланиш руҳи, янгиланиш эҳтиёжи бугунги ўзбек насрининг хос аломати бўлса керак.
– Таниқли ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст шоир Фахриёр билан суҳбатида (“Ёшлик”, 2012 й. 4-сон) япониялик Х.Муроками, бразилиялик П.Коэльоларни пуфлаб шиширилган “даҳо”лар деб атайди. Тўғримикан? Шунингдек, “Уруш ва тинчлик”, “Ака-ука Карамазовлар”, “Мастер ва Маргарита”, “Арсеньевлар ҳаёти”, “Доктор Живаго”, ҳатто Айтматовнинг айрим романларини ҳам “орқаси кенг” баъзи зиёлиларгина ўқияпти десак бўлади. Ўзи адабиётда қандай асарлар яшаб қолади?– Кейинги ўн беш йиллар мобайнида иш, сиёсат ва турмуш ташвишлари билан бўлиб, илгаригидек кўп ўқий олмаганман. Жараёндан узоқлашдим, ёшликдаги ишонч кетди, ҳакамлик қилишга ҳаддим сиғмайди. Кейин, рус тилидан бошқа хорижий тилларни билмайман, бинобарин, чет адабиётни аслиятида ўқишим имкони йўқ. Мен ҳам кўп қатори жаҳон адабиёти намуналарини рус тили орқали, русларнинг танловида, улар тавсия қилганларини ўқийман. Масалан, Муракамини ҳам, Коэльони ҳам мутолаа қилганман. Кафкани, Сартрни, Борхесни севиб ўқиган одамда кўтар-кўтар бўлган бу ёзувчилар унча ҳайрат уйғотмайди. Масалан, буларнинг ҳеч бирини Камю даражасига қўймайман. Памук асарлари ҳам менга халқаро Нобел мукофоти оладиган даражада туюлмади. Сиз тилга олган асарлардан Толстой ва Достоевский романларини баҳодан баланд туришини таъкидлашни истар эдим, Ч.Айтматов асарлари эса ҳали вақт, замон синовида.
Ҳозиргиларидан қандай асарлар яшаб қолади, деган саволнинг жавоби келажак китобхонига ойдин бўлади. Ҳар ҳолда, аччиқ ҳақиқат, шаккоклик эмас бу, кўп асарларимиз тарих чиғириғидан ўтмайди. Кимдир ё кимларнингдир хоҳиш-иродаси билан эмас, замон ўзгариши, мафкура – фикрлашимиз янгиланиши билан қанча асарларимиз ўтмиш мулкига айланди, бу жараён ҳали давом этяпти, адабиёт эҳтимол шафқатсизларча ўзини тозалаяпти, бизнинг ёзганларимиздан қанчаси бир куни ўтмиш мулки бўлиб қолади, бу – бошдан дўппини олиб, хотиржам ўйлаб кўрадиган масала.
– Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги ташкил этилган “Ижод” жамоат фонди кўмагида адабиётимизнинг кўзга кўринган асарларини инглиз, испан, немис, рус тилларига таржима қилиш ишлари бошланяпти. Ўзбек адабиётининг қайси намуналари дунё миқёсида бизнинг юзимизни ёруғ қилади деб ҳисоблайсиз?– Э-э, шу саволнинг жавобига қийналаман. Гап ўзинг кимсан деган эътирозга рўпара келишимда ҳам эмас. Адабий танқид билан шуғулланмай қўйганим боиси шунда. Дунё адабиётининг энг зўр асарларини ўқийвериб, ўзимизга чоғиштириб кўра бошлаганда, очиғи, айни шу янгиланишни “уриш” эмас, қўллаб-қувватлаш кераклигини англаб, “оташин” курашнинг бефойдалигига ақлим етди. Чунки, шўро даврида шунча довруғ қозонган адибларимиз бўлишига қарамай, бадиий тафаккурда ёш, навқиронлигимизча қолганмиз. Адабий тилимиз ҳали довонлар ошиши керак. Буни нечоғли зарурлигини бадиияти, дунёбинлиги бизникидан тубдан фарқ қиладиган, тафаккур тарзи ўзгача асарларни ўз тилимизга ўгирган таржимонлар жуда яхши билади. Таглама орқали биздан қилинган таржималарда ғалати ҳолат пайдо бўлади, тили, бадиияти ғариб, лекин воқеаси, сюжети чет эл китобхони учун қизиқ туюладиган хомашёдан бинойидек асар яратилади. Четга чиққан яхши асарларимизнинг ўзи ҳам жуда кам, бир миллат адабиётини таниш учун тўла тасаввур бермайди. Лекин ўзим ўқиб келаётган чет эл ёзувчилари асарларига хаёлан қиёсласам, биздан уни таржима қилса бўлади, буниси бўлмайди, деган гапларни айтишга, очиғи иккиланаман, гапни бемалол қўйиб юборишга кўрпамиз калталик қилмасмикан дейман. Чўбир отлар пойгасидан воз кечиб, ўзимизга қайтайлик, аслимизни тиклайлик; эгамен мамлакат, мустақил миллатмиз, тилимиз давлат тили, ўзимизга қолди деб, уни бунча топтамайлик, ривожлантирайлик. Аввал адабий уйни саришта қилиб олайлик, дунёга чиқиш қочмайди… Юзимиз биринчи галда ўз китобхонимиз олдида ёруғ бўлсин. Адабиёт, адабий асар биринчи галда тил ҳодисаси, у миллий тилда яратилади, унинг миллий жаранги бўлса, четдагилар эшитади, йиртиқ карнайу тешик чилдирма билан дунёга чиқишни ўйлаш.. ҳай, билмадим.
Ижод фонди ғайрат қилаётган эканми, омадини берсин! Лекин бу ёқдаги эмас, у ёқдаги коньюктурага қараш керак. Ўзимиз ошна-оғайнигарчилик қилиб тузган расмий рўйхат бўйича қилган ишимиз у ёқда изсиз йўқолиб кетиши мумкин.
Ҳа, яна бир гап айтмоқчиман, яхши асар уни ўқийдиган яхши китобхон бўлсагина, уни кўзлаб ёзилади, бинобарин, китобхоннинг асар яралашида ҳиссаси катта. Бу учун ҳам унинг танглайи яхши китоблар билан кўтарилган бўлиши керак.