ХИВАЛИК ЖАНГЧИ ҚЎШИҒИ. Инобат ИБРОҲИМОВА
“Ватанпарвар” газетаси тарихида энг ёрқин из қолдирган ижодкорлардан бири, бу шубҳасиз, истеъфодаги подполковник Азимбек Усмоновдир. Буни газета тарихидан хабардор инсонлар яхши билади. Устоз бизнинг тезкорлигимиздан ажабланарди, ҳайратланиб гапирса, рости ич-ичимдан хижолат бўлардим. Буни эътироф деб қабул қила олмасдим. Чунки тезлик хоҳлайсизми ёки йўқми, сифатга таъсир қилади.
Бугун катта ёшли инсонлар ёшларга ўрнини бўшатиб бермаётгани ҳақида иддаолар бор. Эҳтимол ҳақли даъводир. Аммо газета ишида кўп ҳолларда устозлар ўрни сезилади. Айниқса, Сўзга бўлган муносабатда!
Азимбек Усмонов бу борада жуда талабчан эди. Сўзни суиистеъмол қилишимизни қораларди.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида қанчалик мураккаб бўлмасин “Ватанпарвар”да кучли ижодкорлар жамоаси шакланди. Улар қандай бир жамоа бўлдилар? Масалан, Азимбек Усмоновнинг бу ерга хизматга келиши қандай бўлган? Келинг, бу ҳақда устознинг ўзидан эшитамиз.
...1995 йил эди. Худойназар ака (охирати обод бўлсин) “Муштум” журналига тез-тез келиб турар эди. Бир куни ҳарбий кийимда кўриб, ҳайратландим. Кўркам, янада салобатли, энг муҳими озод мамлакатнинг офицери.
–Агар ҳозир ўн саккиз ёшда бўлганимда, ҳеч ўйлаб ўтирмасдан, сиз билан ёнма-ён хизмат қилар эдим, – дедим.
–Ростдан ҳам хизмат қилишни истайсизми? – жиддийлик билан сўради.
Қандай қилиб? “Муштум” Республиканинг энг олди ва ягона нашри бўлса, масъул котибликдан бош муҳаррир ўринбосари вазифасини бажараётган бўлсам, эндигина атак-чечак қилаётган туман даражасидаги бир газетага мухбир бўлиб ўтиш... Хаёлимдан кечганларини тилимга чиқармадим, кўнглига озор етиши мумкин.
–Ҳали советдан қолган кийимлар бўлса... Бундоқ ўзимизни озод юртимизга мос ҳарбий кийимлар бўлса, шу заҳоти кетардим. Ундан кейин, жуда инжиқман, сиркам сув кўтармайди...
Қаранг, яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам фаришталар “омин”, дейишади, деганлари шу бўлса керак. Кўп ўтмай миллий армиямиз мустақил мамлакатимизга муносиб кийим-кечаклар билан таъминланди. 1996 йилдан “Ватанпарвар”да иш бошладим.
Миллатимиз ойдинларидан Турсуной Содиқовани (охиратлари обод бўлсин) яхши биласиз. Бир куни пойтахтнинг марказий кўчаларидан бирида кўришиб қолдик. Ҳарбий кийимда кўриб, юзларига табассум югурди ва шундоқ келиб, елкамдаги юлдузларни силаб, пешоналарига сурдилар... Кўнглимни оний бир севинч эгаллагани рост, ўша дам. Ғурурдан кўксим осмон бўлди. Бироқ опа мени тавоф қилмади, асли. У ҳарбий кийимдаги тимсолларда мустақил Ўзбекистонни кўрган ва уни тавоф қилган эди! Маънавиятнинг юксаклиги, она юртга эҳтиромнинг улуғворлиги акс этган бир унутилмас ҳолат.
8888888
БЕБАҲО ГАНЖИНАМ, ОЙИМ, ҚУЁШИМ, ҲУРРИЯТ!
Каттагина офицерлар жамоасида устоз алоҳида ажралиб турарди. Кўркамлиги, тартиби, маданияти, ҳарбий ишга эҳтироми, энг муҳими, Ватанга садоқати мана-ман дея бўй кўрсатиб турар эди. Бугун бир неча ўн йиллар берисидан туриб, сарғайиб кетган газета саҳифаларидаги унинг қаламига мансуб СЎЗ даъваткор кучи билан ҳамон қалбларни титратиб юборишига гувоҳ бўлиб турибман.
“Жоним, молим, орим – Ҳуррият” қасидаси муборак Мустақилликнинг 7 йиллиги шарафига ёзилган:
“Мен сенга мафтунман, мен сенга ошиқу девонаман, гўзалим, севгилим, ёрим Ҳуррият!
Сенсиз ҳаёт мен учун ўлим.
Сенсиз етти қат ер остига кириб кетаман.
Сенсиз ичи бўм-бўш бир буюмман.
Сен кўкрагимни тарк этсанг, менинг бир одамчалик – бир ҳайвончалик обрўйим қолмайди.
Менда обрўй бўлмаса, ғурур, ор бўлмаса, ўтганнинг ҳам, кетганнинг ҳам оёғи остидаги тупроққа, лойга, балчиққа айланаман...
Шунинг учун ҳам сен менинг ягона молим, султонимсан, Ҳуррият!
Сенга кўз олайтирганнинг кўзлари ўйилади.
Сенга қўл кўтарганнинг қўллари чопилади.
Сени олмоқчи бўлганнинг жони узилади.
...Ахир сен менинг ҳаётим, дунёлару жаҳонларга бермас бебаҳо ганжинам, Ойим, Қуёшим сен-ку, Ҳуррият!
Сен каби улуғ неъмат менга жон бўлди.
Сен каби буюк орзу менга бебаҳо бир мол бўлди.
Сен каби бепоён шараф менга номус, ор бўлди.
Сен ила қад ростладим, куч-қудратга тўлдим, абадий ҳамроҳим, йўлдошим, шаҳаншоҳим Ҳуррият!
Мен сеники, сен меникисан”.
Ҳеч бир сўз, ҳеч бир эътироф, гўзал эсдаликлар устоз Азимбек Усмоновни ана шу қасида каби танита олмайди. Бу қасида унинг Ватанга муҳаббат билан лиммо-лим, топ-тоза қалбидир!
Унинг томирида Хоразм хонларининг қони оқади. Жалолиддин Мангубердининг бугун кўзларимиз кўниккан қиёфаси унга қараб ишлангани бежиз эмас. Унинг кўзларида эркпараст аждодларидан мерос ўт чақнаб туради. Ишонмасангиз буюк саркарда қиёфасига қайтадан зеҳн солиб боқинг-а.
УСТОЗ МАКТАБИ
Устоз ҳар бир мақола устида жиддий ишларди. Хонасига қамалиб, ўйларига ғарқ бўлиб, ёзарди. Кейин... кейин юқоридагидек қуйма Сўзлар юракларни забт этишга отланарди. Ҳеч қачон саҳифаларни тўлдириш учун ёзмаган, мудроқ қалбларни ҳам уйғотишга аҳд қилгандек ёзган.
“Жангчи қўшиғи”ни эшитганмисиз, ўқиганмисиз, ёдингиздами?
“Бир, икки, тенг ташла,
Қадамингни кенг ташла.
Ерлар гулдураб кетсин,
Саси фалакка етсин.
Ғаним билсин, бу юртда
Яшар жасур йигитлар.
Арслонкелбат, шерюрак,
Мисли лочин, бургутлар”.
Оёқ босма! Бу Ватан
Босқинларни хўп кўрган,
Бизни енга олмайди
Бир, икки, тенг ташла,
Қадамингни кенг ташла.
Қани эди, имкон бўлса-ю, устознинг, устозларнинг ёзганлари сарғайган саҳифалардан алоҳида бир китобга кўчса. Ватан ҳимоячилари ҳузурида тақдимотлари ўтказилса... Гўзал таржималар, воқеий ҳикоялар, ватанпарварлик энг баланд оҳангларда куйланган жасур жангчилар ҳақидаги тарихий ҳикоялар, руҳи баланд мақолалар...
Ватан учун азиз жонидан кечган шаҳидимиз Улуғбек Барноевнинг отаси Абдулла ака шундай деган эдилар: “Менинг жасур ўғлим ҳақида кўп ижодкорлар ёздилар. Аммо улар орасида офицер Азимбек Усмонов ёзган мақоладаги ҳар бир сўз жон-жонимга туташган...”.
Устознинг “Ватанпарвар”даги фаолияти бебаҳо бир мактаб бўлишга арзийди. Бу ерда унинг инсоний фазилатлари ҳақида ёзмадим. Чунки бир саҳифа торлик қилади. Ҳалоллик, поклик ҳақида сўз кетганида кўз ўнгимда ана шу икки сўзнинг тимсоли бўлиб Азимбек ака жонланади. У билан оддий емакни баҳам кўрганимиз лаҳзалардаги суҳбатларни ҳеч унутмадим. Ғийбат, фитналардан холи самимий давралар...
Устоз, “Ватанпарвар” газетасида кечган йилларингиздан розимисиз, ёки пушаймонлик ҳам ҳис этганмисиз, деган саволимга шундай деди:
–Мен омадлиман. Тақдир мени яхши инсонлар билан қаршилаштирди. Яхши инсонлар билан елкама-елка хизмат қилдим. Газетада кечган йилларимдан ғурурланаман...
МЕН ҲАМ ОМАДЛИ
Азиз устоз, мен ҳам омадлиман, Сиз билан ёнма-ён ижод қилганимдан ғурурланаман. Сиз ҳақингизда айтадиган гапларим кўп эди. Ярмини ҳам келтириш имконсиз. Ҳамма вақт бизни руҳлантиргансиз, мақтовингиз, маслаҳатларингизни дариғ тутмагансиз.
“Сиз ҳарбий журналистиканинг Акбарасисиз!” – деган эътирофингиздан бошим кўкка етди. Кимсан Азимбек Усмоновдан бундай таърифни эшитиш менга кечган йилларнинг беҳуда ўтмаганини англатгани билан қадрлидир.
Бор бўлинг, азиз Устоз!
Инобат ИБРОҲИМОВА, журналист
“Ватанпарвар”