October 22

Муаззам қиссаси. Шодиқул Ҳамроев

Мен айни дамдаги аҳвол-руҳиям, хаёлимни банд этиб олган ўй-фикрлар, юрагимни жунбушга солаётган туйғуларни ошкор этсам, эҳтимол, кимгадир ўта бачкана ва эриш туюлиши, ҳатто кимдир қариб мияси суюлиб қолиб, оғзига келганини валдираяпти, дея устимдан масхаралаб кулиши ҳам мумкин. Тўғри-да, ёши бир жойга бориб қолган, сочларини оппоқ қиров қоплаган, юзини ажин босган, қадди-қомати букчайиб бораётган кишининг кутилмаганда, худди алаҳсираётгандек, ўзини унутган куйи муҳаббат ҳақида гапириши, тағин денг, жўшиб эҳтиросу ҳаяжонга берилиши, баъзан гўдакдек қувониб ирғишлаши одамга ғалати туюлади.

Албатта, мен буни яхши тушунаман, аммо ким қандай ўйласа, ўйлаверсин, бу унинг иши, мени бошқаларнинг фикри заррача қизиқтирмайди, чунки мен ўзимни чўғи аллақачон ўчиб қолган ўчоқнинг кулини умид ва илинж билан титкилаётган ношуд-у нотавон кимса деб билмайман.

Билганим шуки, мен ҳар гал сени ёдга олиб, исмингни шивирлаб такрорлаганимда, қирқ йил муқаддам юрагим ҳаяжон-у эҳтиросга тўлиб, қандай потирлаб урган бўлса, ҳозир ҳам худди шундай туйғулар тўполонидан вужудим ўртаниб кетади.

О, йиллар шафқатсизлик билан юзимни безаб-бежаб, ўзининг аянчли изларини қолдираётган, сочларимга оппоқ қиров сочаётган, танимдаги куч-қувватни суриб олаётган, кўзларимнинг нури аста-секин сўниб бораётган бўлса-да, юрагим ҳамон сенинг исмингни эшитиб, ҳаяжондан ҳапқириб-ҳапқириб тушади.

Мен қирқ йилдан буён сенинг исмингни такрорлаб, умид ва илинж билан йўлларингга кўз тикиб яшайман, гўёки ҳозир сен кўз ўнгимда пайдо бўлиб қоладигандек, юрагим ўз-ўзидан орзиқиб кетаверади.

Қирқ йилдан буён сенинг исмингни умид ва илинж билан такрорлаб келаман, кўчалар, бозорлар, аэропорту вокзалларда, қўйингки, қаерда юрмайин, ҳамиша нигоҳларим билан сени излайман. Эҳтимол, шу атрофда юргандир, дея безовта тортиб, теварагимга аланглаб қарайман, баъзан одамлар ичида кимнидир сенга ўхшатиб қолиб, юрагим ҳапқирганча шоша-пиша унинг изидан югураман, аммо охир-оқибат ҳафсалам пир бўлиб ортимга қайтаман.

Баъзан эса, менга дафъатан рўпарамда сен пайдо бўлиб қоладигандек туюлаверади ва мен ана шундай саодатли дамларда истиқболинга пешвоз чиқиб, сени қарши олиш, ҳаяжон ва қувончдан азбаройи шошиб қолиб, ўзимни йўқотиб қўймаслик учун ўзимни руҳан минг марта ҳозирлайман, сенга айтадиган гапларимни қайта-қайта хаёлимдан ўтказиб, пишитиб оламан. Ахир, туйқус сенга кўзим тушгач, ҳаяжон босганидан довдираганча гапимни йўқотиб қўйиб, сени ҳам, ўзимни ҳам хижолатга қўйишдан доимо чўчиб тураман.

О, сен ақл ҳам, тафаккур ҳам идрок этолмайдиган, шиддатли хаёлар ҳам қамраб ололмайдиган, энг моҳир мусаввир ҳам шакл-шамойилингни чизишга ожизлик қиладиган қандай сирли хилқатсан, нега ўртанавериб адо бўлган юрагимни ҳеч қачон тарк этмайсан?! Наҳотки, қирқ йилдан буён юрагимни босиб ётган бу дард ҳеч қачон тўзим топмайди?!

* * *

Орадан қирқ йил ўтаётган, ҳар лаҳза, ҳар дақиқада сени эслаб, исмингни нажотбахш дуодек шивирлаб такрорлаб яшаётган бўлсам-да, лекин ҳеч қачон сенинг табассумдан ёришган чеҳрангни кўз олдимга келтира олмайман, ҳар гал бутун фикру хаёлимни жамлаб, сенинг қиёфангни тасаввуримда жонлантиришга уринаман, аммо ҳеч қачон бунинг уддасидан чиқа олмайман, худди уқувсиз ва нўноқ мусаввир каби бирпасда ҳафсалам пир бўлиб бўшашиб кетаман.

Бир сафар яқин танишларимдан бирига чўчибгина шу ҳақида гап очдим. У кутганимдан зид ўлароқ, ҳайрон ҳам бўлмади, тажжубга ҳам тушмади, устимдан ҳам кулмади, аксинча, хотиржам жавоб берди:

— Бунинг сира ҳайрон қоладиган жойи йўқ, — деди у. – Одам кимгадир қаттиқ кўнгил қўйса, унинг қиёфасини бутунлай унутиб юборади. Кейин эса, унинг қиёфасини тасаввурида яратишга интилаверади, интилаверади... Бу эса, юракдаги оловни баттар аланга олдиради. Ахир, парда ортида турган одам ҳамиша сирли туюлади... Чин муҳаббат деганлари аслида шу.

Унинг мулоҳазаларида жон бор эди, ҳақиқатан ҳам, мен сенинг сирли жилмайиб турган ҳолатингни тасаввуримда жонлантиришга жуда кўп марта уринган, ҳар гал завқ ва иштиёқ билан ишга киришарканман, ҳадемай хаёлимда сенинг муаззам сиймонгни яратаман, деб ўйлардим, аммо орадан ҳеч қанча фурсат ўтмай тасаввурларим нечоғлик шиддатли ва учқур бўлмасин, барибир, сенинг чеҳрангни яратишга ожизлик қилиб худди тонгги туман каби тўзғиб кетаётганини сезиб қолардим. Шундан сўнг беихтиёр сен энг чексиз тасаввур ҳам, шиддатли хаёл ҳам қамраб ололмайдиган сирли хилқат эканингга иқрор бўлардим.

Аммо бунга қарамай сенинг тундан улги олгандек тим қора кўзларинг, юракка санчилиб ботадиган ўткир нигоҳинг хотирамда қаттиқ ўрнашиб қолган эди. Сен ҳақингда ўйлаганимда, исмингни шивирлаб, тилга олганимда, энг аввало, тасаввуримда ана шу сирли нигоҳинг пайдо бўларди. Орадан қирқ йил ўтаётган, йиллар шафқатсизлик билан ҳар бир нарсага ўзининг муҳрини босиб келаётган бўлса-да, сен дафъатан қаршимда пайдо бўлсанг, мен сира иккиланмай, адашмай-оғишмай ана шу нигоҳларингга қараб, сени таниб оламан. Назаримда, сенинг нигоҳинг ҳеч қачон ўзгармайди, қариб-чўриб, сўниб битмайди, балки ҳамиша бирдек гоҳо маҳзун ва ғамгин, гоҳида эса, қувонч билан боқиб тураверади. Аслида ҳам сенинг сир-синоатга тўла нигоҳинг қуёш янглиғ хотирам қаърини ёритиб, доимо сени ёдимга солиб туради.

* * *

Яна қайта айтаман: мен сен ҳақингда ўзимни унутган куйи жўшиб гапиришим, эҳтиросу ҳаяжонга берилишим, гоҳо гўдакдек қувониб, ўзимни қаерга қўйишни билмай қолишим кимгадир кулгули туюлиши, ҳатто кимдир мени қариб-чўриб, мияси айниб қолган телбага ҳам чиқариб қўйиши мумкин.

Эҳтимол, яна кимдир дунёда шундай соҳир туйғу борлигига, унинг қудрати, истак-хоҳиши ва майли билан чечаклар чирой очиб, дунёга зебу зийнат бағишлаши, қушлар бетиним қўшиқлари билан ҳаммага завқ улашиши, унинг майин ва ёқимли эпкинлари силаб-сийпалаб ўтиши билан дағал ва зада тортган кўнгиллар бир зумда худди замзам сувига чайилгандек, покланиб, мусаффо ва тиниқ тортиши, агар у юракларни тарк этиб кетса, дунё худди чала туғилган гўдак сингари бирдан аянчли қиёфага кириб қолиши, кўнгилларда қабоҳат ва ёвузлик ин қуриб олиши, аслида у худди оҳиста бешик тебратаётган аёл сингари дунёни тутиб турганига мутлақо ишонмаслиги, буларнинг бари шунчаки чўпчак, дея қўл силтаб кетиши мумкин.

Мен айтаман: сиз сўзларимга шубҳа-гумон билан қараб инъкор этишга, бемаврид хулоса чиқаришга асло шошилманг, бу туйғунинг мўъжизакор қудратини ўз кўзингиз билан кўришни истасангиз, ортимдан юринг. Мен сизга Иброҳим ва Муаззам қиссасини сўзлаб бераман.

* * *

Уни қишлоқда, дарё ёқалаб ўтган тошйўлда учратдим. Мен кечки пайт дарё бўйига чиқиб, катта ҳарсанг тош устида хаёлга толиб бўлиб ўтиргандим. Қишлоқда ҳали баҳор тугаб улгурмаган бўлса-да, жазирама ёзнинг тафти сезилиб қолган, йўл ёқаларида сийрак ўсган ўт-ўланлар аллақачон қуриб-қовжираб, сарғиш тусга кирганди. Дарёнинг ҳам суви тортилган, унинг тубида бир ариқча сув тошларни базўр кўмганча жимир-жимир оқарди. Қуёш тобора уфққа оғиб борар, атрофга кечки салқин туша бошлаганди.

Мен анча пайт хаёлга ғарқ ўтирдим, бир чоғ тошйўлнинг кунчиқар томонидан икки аёл ва бир йигит келаётганига кўзим тушди. Улар илдам-илдам қадам олиб келишар, йигит қўлида қора рангдаги сумка кўтариб олганди.

Улар менинг қаршимдан ўтаётганда, ҳалиги аёллар бегонасираган кўйи кўз ости билан қараб-қараб қўйишди, анави йигит эса, илжайганча қизиқсиниб тикилди, ҳатто бошини ирғаб салом ҳам берди.

Рости гап, мен қанча синчков назар ташламай уларни танимадим, кўнглимдан қўшни қишлоқдан бўлишса керак, деган ўй кечди.

Улар ўтиб кетишгач, яна ёлғиз қолдим. Айни дамда хаёлларга ғарқ бўлиб ўтиришим ўзимга жуда ёқар, айниқса, атрофдаги сокинликдан руҳим ором оларди.

Орадан қанча фурсат ўтганини билмайман, бир пайт тошйўлда яна бояги йигитнинг қораси кўринди. Чамаси, у анави аёлларни кузатиб қўйиб, изига қайтиб келаётганди.

У бу гал қаршимга келиб, қўл узатиб сўрашди.

— Ака, яхшимисиз? – деди у. – Қишлоққа яхши келдингми?

— Раҳмат, — дея ўрнимдан туриб, у билан сўрашдим. – Ўзингиз яхши юрибсизми?

— Мен сизни танийман, — деди у гўдакдек соддалик билан илжайганча. – Сиз ҳақингизда кўп эшитганман, шаҳарда яшайсиз.

Менга ўттиз-ўттиз беш ёшлар чамасидаги, ўрта бўйли, сарғишдан келган бу йигитнинг содда ва самимий гап-сўзлари, ўзини тутиши ёқиб қолди, унга қараб туриб, кўнглимда аллақандай илиқлик уйғонгандек бўлди.

— Йўл бўлсин? – дедим мен.

— Қариндошларимиз меҳмонга келишган экан. Уларни кузатиб, қайтаяпман. Ўзим ҳув анави Полвонтепа қишлоғида яшайман, — деди у ва боши билан кунчиқар томондаги қишлоқни ишора қилиб кўрсатди.

Мен Полвонтепа қишлоғидаги одамларнинг кўпчилигини яхши танирдим, аммо унга қанчалик разм солиб тикилмай бари бир таний олмадим. Шу боис ундан сўрадим:

— Кимнинг ўғли бўласиз?

— Эй, асли мен бошқа қишлоқданман, — деди у негадир шошиб. — Тақдир экан, Полвонтепа қишлоғида уйланиб, шу ерда қолиб кетдим.

— Полвонтепада кимнинг қизига уйлангансиз?!

— Маҳмуд ака деган одамнинг қизига уйланганман.

— Қайси Маҳмуд ака? – дедим мен ва пешонамни тириштириб, полвонтепаликларни бир-бир хаёлимдан ўтказа бошладим.

— У кишининг дунёдан ўтиб кетганига анча йил бўлган, — деди ҳалиги йигит хаёлимни бўлиб. — Аммо сиз танисангиз керак, бир пайтлар қишлоғингизни подасини ҳам боққан. Шу Маҳмуд аканинг қизига...

Ҳаётда баъзан бир оғиз сўз ёки кутилмаганда рўй берган арзимас воқеа ҳам кўнгилнинг туб-тубига чўккан ва аста-секин унутилиб бораётган хотираларни дафъатан уйғотиб юбориши мумкин. Мен ҳам айни дамда шундай ҳолатга тушган, қаршимда аллақачон чим устида чордона қуриб ўтириб олган йигитнинг “Маҳмуд ака” деган сўзлари бирдан хаёлимни остин-устун қилиб юборган, кўз ўнгимдан олис болалик йилларим, Маҳмуд ака ва унинг телбасифат ўғиллари бир-бир ўта бошлаганди.

Ростдан ҳам, мен Маҳмуд ва унинг ўғилларини яхши танирдим, тақдир боши устидан барча шўришу азоби, кулфату ғуссасини аёвсиз тўкиб солган, эрмакталаб одамлар учун атай овунчоқ яратгандек, ҳаммасининг бирдек ақлу идрокини ўғирлаб қўйган бу оилани ким ҳам танимасди, дейсиз?

Орадан кўп йиллар ўтиб кетган бўлса-да, мен айни дамда ҳам Маҳмуд аканинг ўғиллари исмини адашмай-оғишмай айтиб бераман: тўнғичини Султон, ундан кейингисини Элжон деб аташар, адашмасам, қизлари ҳам бор эди.

Маҳмуд ака ўта содда, бўш-баёв, ҳатто лақматабиат киши эди, аммо унинг фарзандлари барчаси бирдек, ақли ноқис, уларнинг телба-тескари гап-сўзлари, беўхшов қилиқлари кўнгилда аянчли тасаввур уйғотарди.

Сира ёдимдан чиқмайди: Султон, эҳтимол, қайсидир кинода кўрганми ёки кимдандир эшитганми, доимо бир гапни оғзидан қўймай айтиб юрарди: Фашистлар бостириб келмаяптими?!

О, бу телба йигит йўлда кимни учратса, албатта, шоша-пиша шу саволни берар ва кўзлари жовдираб жавоб кутарди.

Одамлар унинг телба-тескари гап-сўзларию, беўхшов қилиқларига кўникиб кетишган, одатда, кўпчилик унинг кўнглини хотиржам қилиш учун атай: “Султон, сен хавотир олма, ҳаммаёқ тинч. Мабодо фашистларнинг қораси кўринса, ўзимиз сенга хабар берамиз”, деб қўйишарди.

Султон бу гапларга чиппа-чип ишонар ва бирдан кўзлари ёвқур чақнаб кетарди. “Ҳа, айтинглар, тағин бехабар қолиб кетмай. Фашистлар бостириб келиши билан уйдан автоматимни олиб чиқиб, ҳаммасини тариллатиб, отиб ташлайман”, дерди у.

Одатда, Султоннинг катта-катта тим қора кўзларида доимо аллақандай жунун шарпаси ўйнаб турар, у кўпинча алланималар дея ўз-ўзига ғўдраниб юрар, баъзан кутилмаганда, қаҳ-қаҳ уриб кулиб қолар, унинг совуқ ва аянчли кулгуси кўнглида ваҳм уйғотар, баъзан эса, қаҳру ғазаби, аламу изтиробини ичига сиғдиролмай қолгандек, буткул қутуриб кетарди, бундай пайтда унинг кўзлари қонга тўлиб, қип-қизил тортиб кетар, юзи бўғриқиб қўрқинчли тусга кирар ва у қўлидаги пода таёқ билан молларни шундай аёвсиз савалашга тушардики, таёқнинг зарбидан бечора сигирлар бўкириб юборарди.

Маҳмуд аканинг иккинчи ўғли Элжон эса, ўта уятчан ва тортинчоқ эди, у доимо одамдан ўзини олиб қочиб юрар, агар ёнига яқин борсангиз, бирдан қўллари билан юзини бекитиб оларди, уни гапга солиш, алланималарни сўраш ўта мушкул эди.

Мен олис болалик йилларидаги бу оғир ва аянчли, айни чоғда ғаройиб хотирларни ёдга оларканман, ўзимга дам-бадам тикилиб қўяётган ҳалиги йигитга саволомуз қарадим. У қарашимдан кўнглимда кечаётган ўйларни пайқади, шекилли, чуқур хўрсиниб қўйгандек бўлди.

— Ҳа, ака, — деди у аллақандай маъюс овозда, — буларнинг бари пешонамда бор экан.

Афтидан, у мен билан гаплашгиси, юрагидагини тўкиб солгиси келаётган эди, шекилли, чим устида бамайлихотир ўтириб олди.

— Менинг айнан Маҳмуд аканинг қизига уйланганимни эшитган одам ё ҳайрон бўлади ё устимдан кулади, — деди у ғамгин овозда. – Майли-да, ким қандай ўйласа, ўйлайверсин. Менинг ҳеч кимга оғирлигим тушиб қолган жойи йўқ. Тўғриси, шу чоққа қадар ҳеч кимга оғиз очиб, юрагимдагини айтганим йўқ, бугун сизга айтаяпман: Маҳмуд аканинг қизи Муаззамга уйланганимга ҳеч қачон пушаймон бўлмаганман. Бундан кейин ҳам афсус қилмайман. Тўғриси, Муаззамни биринчи марта кўрганимдаёқ ҳозир ўзим ҳам тузук-қуруқ тушунтириб беролмайман, юрагимга қандайдир олов оқиб киргандек бўлган, бутун таним қизиб кетган, ўзимни жуда ғалати сезганман. Боя сизга айтдим-ку, ўша пайтда ҳув анави пастдаги қишлоқда яшардим. Ёз бошланиши билан қишлоқдагилар мени дарёдан ариққа сув бошлаб келишга юборишарди. Ариқнинг қулоғи эса, Полвонтепа қишлоғининг этагида эди.

Ўшанда ҳам дарёга тушиб, тош-у шох-шаббаларни бостириб, ариққа сув очаётгандим. Ишга жуда берилиб кетибман, бир чоғ бошимни кўтариб қарасам, шундай бошим устида - жарлик тепасида қандайдир бегона қиз кўзини узмай ҳар бир хатти-ҳаракатимни берилиб кузатиб турган экан. Мен пешонамдан оқаётган терни қўлларим билан сидириб ташлаб, унга хижолат бўлгандек синиқ жилмайиб қарадим. Қиз эса, тикилиб турганидан хижолат бўлиб уялдими, бирдан кўзларини олиб қочди, сўнг юзини нариги томонга ўгириб олди. Унинг эгнидаги қизил гулли кўйлаги ўзига жуда ярашиб турар, майда ўрилган сочлари елкасини қоплаган эди. Мен ундан кўз узолмай тикилиб қолдим. Биласизми, ўшанда унинг жарлик устида мўнғайибгина ўтиришига меҳрим тобланиб қарарканман, юрагимга ёқимли илиқлик оқиб кириб, бутун таним қизиб кетгандек туюлган.

Шундан сўнг ўтирсам ҳам, турсам ҳам у ҳақида ўйлайдиган бўлдим, унинг жарлик устида ожизгина қиёфада ўтириши сира хаёлимдан нари кетмай қолди. Мен ўзимга нималар бўлаётганини тушунмасдим, кечаю-кундуз шу қиз ҳақида ўйлар, уни дам-бадам кўргим келарди. Шунинг учун нуқул оёғим Полвонтепа қишлоғи томонга тортиб кетаверарди. Ўшанда қишлоқдагилар айтса-айтмаса, сув бошлаб келишни баҳона қилиб, шу томонга йўл олардим.

Кейинчалик сўраб-суриштириб билсам, у ҳар куни жарликка икки бош қўйини ўтлатгани ҳайдаб келаркан.

Биласизми, ўшанда жуда қизиқ ҳолатга тушиб қолганман. Тўғриси, ҳозир сизга буни қандай айтишни ҳам билмайман, нима десам экан, ҳар куни Полвонтепа қишлоғига йўл оларканман, йўл-йўлакай ўзимча ўша қизга жуда кўп нарсаларни айтишни ўйлаб борар, хаёлимда бир-биридан чиройли сўзлар ғўжғон тортиб айланар, бундан ўзим ҳам завқланиб кетардим. Аммо унга кўзим тушиши билан бирдан ҳаяжон босганиданми, довдираб қолиб, гапимни ҳам йўқотиб қўярдим, юрагим кўксимдан отилиб чиққудек шитоб билан уриб қолар, пешонамдан шовуллаб, тер қуйилиб келарди. Бояги дадиллигим, журъатимдан асар ҳам қолмасди, унга анча пайт жимгина тикилиб ўтириб-ўтириб, сўнг бўшашиб изимга қайтардим.

Бир томондан, унга дабдурустдан гапиргудек бўлсам, жаҳли чиқиб, қарғаб беришидан, ҳайдаб солишидан чўчиб турардим. Ахир, у ҳали мени танимасди, кўнглимда нима борлигини билмасди-да.

Қисқаси, мен анча пайт нима қилишни билмай бошим гангиб юрдим. Фақат кунлардан бир кун юрак ютиб, ундан исмини сўрадим.

— Муаззам, — деди у эшитилар-эшитилмас овозда ва шу заҳотиёқ қуёшда қорайган юзи бирдан қип-қизил тортиб кетди, ҳатто жилмайиб қўйгандек ҳам бўлди. Буни кўриб, менинг ҳам юрагим ҳапқириб, ич-ичимдан суюниб кетдим. Ахир, нега қувонмай, унинг уялиб-тортиниб, эркалангандек овозда исмини айтишида юракка илиқ тегадиган қандайдир меҳр бор эди. Мен шуни ҳис этиб, унга яна меҳрим ортиб кетган, худди азалдан танигандек, кўнглимга жуда яқин олгандим.

Ўшанда мен ҳам унга исмимни айтганман:

— Менинг исмим Иброҳим, ҳув пастдаги қишлоқда яшайман.

Буни эшитиб, у ширингина жилмайиб қўйганди.

Биз шу тахлит танишганмиз.

Ўша кун бор-йўғи унинг исмини билиб олганимдан қувончим ичимга сиғмай қолган, димоғим чоғ, ўзимча аллақандай қўшиқни хиргойи қилиб қишлоққа қайтганман.

* * *

Ака, мен етим ўсганман, онамни эслай олмайман, уч ёшлигимда дунёдан ўтган эканлар. Отамни эса, эс-эс биламан, мени тунининг барига солиб, қаерга борса, ўзи билан олиб юрарди. Кейин отам ҳам касалланиб дунёдан ўтгач, тоғамнинг қўлида қолиб кетдим. Тоғам баджаҳл одам эди, аммо мени бирон марта ҳам уришиб-сўкмаган, етимлигимни ўйлабми, доимо кўнглимга қарарди. Янгам эса, мени ичида ўлардек ёмон кўрарди, лекин тоғамдан қўрққанидан дамини чиқармас, ўлганнинг кунидан чидаб келарди.

Хуллас, қувончимни ичимга сиғдиролмай юрган ўша кунлари Муаззамга уйланиш ниятига тушиб қолдим. Ахир, ёшим ўттизга бориб қолган, тенгқурларим аллақачон уйланиб, бола-чақали ҳам бўлганди. Аммо буни тоғамга қандай айтишни билмай ўйланиб қолдим. Сўнг ўйлай-ўйлай тоғамга бир оғайним орқали айттирдим. Тоғам ниятимни эшитиб, кўрамиз, дея индамай қўйибди. Шундан сўнг бир неча кун уялганимдан тоғамнинг кўзига кўринмай юрдим. Ахийри, бир кун эрталаб, дастурхон устида тоғамнинг ўзи гап очиб қолди:

— Жиян, уйланмоқчи экансан, деб эшитдим. Топганинг борми?

Ўшанда тоғамнинг гапини эшитиб, уялганимдан ерга кириб кетгандек бўлганман. Кейин ўзимни бироз тутиб олиб, тортинганча кўнглимдагини айтганман:

— Полвонтепа қишлоғида бир қиз бор экан. Исми Муаззам...

— Эй, ҳали келин ҳам топиб қўйганман, дегин, — деди тоғам ёйилиб кулганча. – Сен ҳам бало экансан. Майли, мен бир суриштириб кўрай-чи, кейин гаплашамиз.

Ўша куни кечга томон ўпкамни қўлтиқлаб, ҳовлиққанча яна Полвонтепа қишлоғига йўл олдим. Бу гал қарорим қатъий, ҳаммасини Муаззамга очиқ айтиб, унинг розилигини олиш эди.

Мен Муаззамни одатдагидек, дарё бўйида учратдим, у қўйларини ўтлатиб юрган экан. Менга кўзи тушиб, у ҳам ич-ичидан қувониб кетди, шекилли, бирдан юзи ёришиб, лабларининг четида кулги шарпаси югургандек бўлди, аммо буни сездирмаслик учун дарров бошини қуйи солиб олди. “Келишимни кутиб турган экан”, деган ўй кечди кўнглимдан. Мен шундан дадилланиб, тўппа-тўғри унинг олдига бордим.

— Муаззам, яхшимисан? – дедим ҳаяжондан энтикиб.

У “яхши” дегандек, жилмайиб қўйди.

— Муаззам, — дедим мен яна. — Сенга айтадиган бир гапим бор.

У бирдан сергак тортди ва ҳайрон бўлгандек, кўзларини катта-катта очганча тикилиб қолди.

— Муаззам, — дедим. — Яқинда тоғам уйларингга совчиликка боради...

У бир муддат ҳеч нарсани англамаётгандек, киприк қоқмай тикилиб турди, кейин эса, юзи бирдан қизариб кетди, фақат кўзларида аллақандай мамнун акс этгандек бўлди.

— Уятсиз, — деди у аллақандай эркаловчи овозда ва шошиб қўйларини ҳайдаганча қишлоғи томон кетди.

Мен унинг ортидан қарарканман, юрагим қувончга тўлиб борарди, назаримда, ўша дамда дунёда ўзимдан бахтиёр ва омадли одам йўқдек эди. Муаззамнинг эркаланган оҳангда “уятсиз” деган сўзлари қулоғим остида жаранглаб турарди.

Қишлоққа қайтарканман, “Муаззамнинг ҳам менга кўнгли бор экан. Эрта-индин тоғамни совчиликка юбораман”, деб ўй хаёлимни банд этиб олган эди.

Хуллас, мен ўзимча ҳамма иш битди, деб юрган пайтимда кутилмаганда, бари бирдан чиппакка чиқиб кетишига оз қолди. Ўшанда назаримда, дунё бирдан тескари айланиб кетгандек бўлди, қаттиқ қўрқиб кетганимдан нима қилишни ҳам билмай гангиб қолдим.

Қисқаси, Муаззам билан гаплашгач, орадан икки кун ўтиб, оқшом уйга келсам, тоғам ғазаби қўзиганидан ўзини қаерга қўйишни билмай турган экан. Менга кўзи тушиб, баттар жазавага тушиб қолди.

— Ҳов, овсар, латтачайнар, — деди тоғам менга кўзи тушиши билан. – Кимнинг ортидан илакишиб юрганингни биласанми ўзи?! Сен айтган ўша Муаззаминг ҳам, отаси ҳам ғирт жинни экан-ку! Уларни қишлоғида ҳеч ким одам қаторига қўшмайди, бу овсар шунга уйланмоқчи эмиш... Ҳей, топган қизингни....

Бу гапларни эшитиб, кимдир туйқус бошимга бир мушт туширгандек, бирдан гангиб қолдим, ҳамон жазавага тушганча бақириб-чақираётган тоғамга қўрқа-пўса қарадим.

Тоғам ҳадеганда жаҳлини босолмас, худди иззат-нафси топталгандек, тутоқиб гапирар, жаҳлдан юзи бўғриқиб кетган эди.

Мен анча пайтдан сўнг хиёл ўзимни тутиб олдим ва тоғамга ёлворгандек, мўлтираб қарарканман: — Бундай деманг тоға, Муаззам жинни эмас, яхши қиз! – дедим базўр.

Буни эшитиб, тоғам баттар тутоқиб кетди.

— Бунинг топган гапини қаранг: яхши қиз эмиш, — деди тоғам бўғилиб. – Яхши эмас, ғирт тентак. Оиласида биронта соғ одам йўқ. Шуни тушунасанми, ўзи?!

Ҳозир ўйласам, ўзим ҳам ҳайрон қоламан, умрим бўйи тоғамнинг юзига тик қараш тугул бирон марта ҳам гапини икки қилмаганман, аммо ўша дамда бошимга ёғаётган таъна-дашномларга тоқат қилолмадим.

— Тоға, — дедим ўзимда журъат топиб, — мен барибир Муаззамдан бошқага уйланмайман.

Афтидан, тоғам мендан бундай гапни кутмаган эканми, бирдан бўшашиб, жимиб қолди ва ҳансираб нафас олганча қаҳр билан тикиларкан: — Ҳали шунақа дегин, — деди. – Майли, кимга уйлансанг, уйланавер. Жиннига уйланасанми, телбага уйланасанми, бу сенинг ишинг. Фақат топганингни бу уйга олиб келаман деб хомтама бўлма. Сенга ҳам, топган хотинингга ҳам бу уйда жой йўқ. Энди кўзимдан йўқол!

Ўша оқшом мен тоғамнинг уйидан чиқиб кетдим. Бундан бошқа иложим қолмаганди. Аммо тоғам қутуриб, қаҳру-ғазабини сочган, бошимдан таъна-дашномларни ёғдирган, ҳатто уйидан ҳайдаб солган, энг ёмони, ўша пайтда қора тортиб борадиган тайин бошпанам бўлмаса-да, сира тушкун аҳволга тушмагандим. Аксинча, тоғамга кўнглимда борини очиқ-ойдин айтганим, Муаззамнинг шаънини ҳимоя қилганим учун ўз-ўзимдан хурсанд эдим.

Ака, тоғам билан орамиз бузилиб кетгани яхши бўлмади. Бу ҳақида ўзим ҳам кўп ўйлайман. Ўшанда тоғам менга азбаройи юраги ачиганидан атай уришиб-сўкиб, ниятимдан қайтармоқчи бўлган, ҳатто уйидан ҳайдаб юборишгача борган, аммо қаёққа ҳам борарди, эртага кўзининг ёшини оқизиб, яна қайтиб келади, деб ўйлаган. Менга ёлғиз жигарим, деб юраги куйганидан шундай йўл тутган. Мен буни яхши биламан. Аммо менинг шундай йўл тутишдан бошқа иложим йўқ эди. Ахир, мен қандай қилиб Муаззамдан воз кечиб кетардим?! Тоғам эса, Муаззамнинг номини ҳам эшитишни истамасди. Тоғамнинг феълини яхши биламан, у жуда ориятли одам эди, мен Муаззамга уйлангудек бўлсам, қишлоқдагиларнинг гап-сўзи, маломатини эшитишдан чўчиб турарди, шунинг учун у мени ўлиб-тирилиб, ниятимдан қайтаришга уринганди.

Ҳарқалай, нима бўлганда ҳам, энди тоғамнинг уйига қайтиш ниятим йўқ эди. Айниқса, ўша оқшом тоғамнинг Муаззам ҳақидаги ҳақоратомуз гаплари кўнглимга жуда оғир ботган, ич-ичимдан ҳамма-ҳаммасини ёмон кўриб қолгандим. Агар билсангиз, ўша пайтда кўнглимдаги ниятим шу қадар қатъий эдики, Муаззамга етиш учун ҳеч қандай куч йўлимдан қайтаролмас, Муаззамдан бошқа ҳеч кимни кўришни ҳам, номини эшитишни ҳам хоҳламасдим; Муаззамни ўйлаган сайин қоп-қоронғи тортган кўнглим ёришиб борарди.

Қисқаси, тоғамнинг ўзидан бош олиб кетгач, икки-уч кун қишлоқдаги оғайниларимнинг уйида ётиб юрдим. Кейин хаёлимга қаердан келди, билмайман, тўппа-тўғри Полвонтепа қишлоғидаги қассобнинг олдига бориб, бошимдан кечирганларимни оқизмай-томизмай гапириб бердим ва ундан ёрдам беришни илтимос қилдим. Қассоб гапларимни сабр билан эшитгач, анча пайт ўйга толиб қолди. Кейин эса, у ҳам ниятимдан қайтаришга уриниб кўрди. – Буни умр савдоси дейишади, — деди у. — Кимга оғиз солаётганингни яхшилаб ўйлаб кўр, тағин эртага афсус қилиб юрма.

Қассоб яна алланималар дея узоқ насиҳат қилди. Аммо мен ўжарлик билан айтганимга туриб олдим, нима бўлса, пешонамдан кўраман, дедим. Шундан сўнг қассоб ноилож Маҳмуд аканинг уйига совчиликка боришга рози бўлди.

Муаззамнинг отаси Маҳмуд ака қассобнинг гапларини эшитгач, йўқ, демабди, фақат рўзғоримнинг тиргаги шу қизим, уни узатиб юборсам, баттар хароб бўламиз. Агар қизимга уйланса, биз билан бирга яшайди, деб шарт қўйибди.

Ўшанда қассоб ўзича ҳазил қилган бўлди: машойихлар етимнинг йўлдоши худо, деб бежизга айтмаган экан. Қара, бир кунда ҳам уйлик, ҳам келинлик бўлдинг...

Ака, ўша пайтда Маҳмуд аканинг шартига рози бўлмасдан бошқа иложим йўқ эди. Ўзимга бошпана топилганидан умуман хурсанд бўлганим ҳам йўқ, якка-ю ёлғиз илинжим Муаззамга уйланиш эди, шунинг учун ҳар қандай шартга рози эдим. Қассобга ҳам рози эканимни айтдим. Дунёда яхшилар кўп, буни одам бошига ташвиш тушганда билар экан. Қассоб савобталаб, танти одам экан. Мени етим эканимни билгач, уйидан жой берди, худди ўғлидек бошимни силаб, меҳрибон қилди, қўлидан келган ёрдамини аямади. Тўйга ҳам ўзи бош-қош бўлди, тўрт-беш сўм харажатини ҳам ўзи кўтарди.

Тоғамга уйланаётганимни айтмадим, балки ўзи эшитгандир. Чамаси, ўшанда тоғамнинг мендан қаттиқ кўнгли қолган экан, шу пайтгача йўқлаб келмади. Насиб бўлса, бирон кун ўзим олдига бораман. Орадан анча йил ўтди, балки энди тоғам мени кечиргандир.

Шундан сўнг орадан кўп ўтмай Муаззам билан тўйимиз бўлди. Буни росмана тўй деб ҳам бўлмайди. Маҳмуд аканинг ҳовлисида қишлоқнинг беш-ўн чоғли одами йиғилди. Мени куёв сифатида қассобнинг ўғли бошлаб борди. Маҳмуд ака ҳовлисининг четидаги томи осилиб қолган, кўринишидан омборхонага ўхшаб кетадиган иккита кичкина хонали уйни бизга ажратиб берган экан. Тўйгача Муаззам бу уйни супуриб-сидириб тозалабди, деворларини оқлаб қўйибди. Тўй куни уй ичига чимилдиқ ҳам тортиб қўйишган экан. Ўша куни аёллар қўшни ҳовлидан Муаззамни ясантириб олиб чиқишди. Унга қараб туриб, рости гап, таний олмай қолдим: унинг эгнида чўғдек тобланаётган атлас кўйлак, сочлари майда ўрилган, бошида катта оқ шойи рўмол ташлаб олганди. Муаззам жуда чиройли келин бўлган, ҳовлида тўпланган аёллар ҳам пичирлашиб шу ҳақида гапиришар, ҳатто уларнинг: — Худо ақлдан қисган бўлса ҳам, қурғурнинг ҳуснига қараб, кўз тўймайди-я, — деб айтган сўзлари қулоғимга чалинганди.

Ўша кун қишлоқнинг муллоси никоҳимизни ўқиб қўйгач, олдин Муаззам, сўнг мен чимилдиққа кирдик.

* * *

Ака, мен Муаззамга уйланганимга ўшанда ҳам, ҳозир ҳам сира афсус қилмайман. Ахир, нега пушаймон бўлай, Муаззамдек оқила қиз билан тақдирим қўшилганига доимо шукр қиламан. Тўйимиз ўтгач, бунга қайта-қайта ишонч ҳосил қилдим. Фақат тўйдан сўнг қишлоқдагиларнинг ишқилиб, куёвнинг ақлу ҳуши жойида эканми ёки у ҳам жинними, дегандек менга қаттиқ қизиқиб қолишгани, ҳатто дарвоза-ю девор тирқичларидан тинимсиз пойлашгача боришганига сира кўниколмай юрдим. Ўша кунлари уйдан ташқарига чиқишга юрагим безиллаб қолганди, ҳар қадамда одамлар нигоҳи билан тинимсиз таъқиб қилаётгани, кўчада тўқнаш келиб қолганда, сурбетларча афт-ангоримга қарашлари, турли хил кесатиқ гап-сўзлари, баъзан очиқ-ойдин кулишлари жонимдан тўйдириб юборарди. Аммо мен кўнглимга қанчалик оғир ботмасин, барига чидадим, устимдан кулган, ҳатто масхара қилганларга ҳам қаттиқ гапирмадим, шунчаки индамай қўя қолдим. Кейин-кейин ҳаммаси изига тушиб кетди.

Одамлар мени жинни эмас, тўрт мучам соппа-соғ, ақлу ҳушим жойида эканимга ишонишди, Муаззамга меҳрим баландлиги учун бу ерга келиб қолганимни ҳам тушуниб етишди. Шунинг учун кўпчилик ҳурмат билан қарай бошлади.

Ҳозир қишлоқда ҳеч ким бизнинг устимиздан кулмайди, масхара-ю майна қилишни хаёлларига ҳам келтиришмайди, фақат бизга раҳмлари келибми, ачиниб қараб қўйишади. Кўпинча эса, яхши гапириб, кўнглимизни кўтаришга ҳаракат қилишади.

Биласизми, ака, тўйимиз ўтгач, мен Маҳмуд аканинг юрагини қандай дарду бало кемириб, адо қилганини тушуниб етдим. Бечора Маҳмуд ака дунёдан куйиб-куйиб армон билан ўтди, фарзандларининг ақли ноқис, жинни туғилгани, қишлоқдагиларнинг очиқ-ошкора масхара-ю майна қилиши, ҳатто одам ўрнида кўрмай худди бедаво дардга йўлиққан кимсага қарагандек, ирғаниб қарашларини ўйлаб, дарди ичига сиғмай кетар, турса ҳам, ўтирса ҳам, худо қайси гуноҳим учун мени бундай жазолади, дея тинимсиз ёзғирарди.

У ўлими олдидан қўлларимни маҳкам ушлаб олиб, болаларимни ташлаб кетманг, дея қайта-қайта ёлвориб сўрагани сира кўз ўнгимдан нари кетмайди.

Ака, нимасини айтай, ўшанда нафақат Маҳмуд ака ва Муаззам, ҳатто қишлоқдаги одамлар ҳам мени бу дарду балоларга чидаёлмай эртами-кеч, келган томонига кетиб қолади, деб кутиб юришарди. Айниқса, Муаззам ҳаммадан кўпроқ шу ҳақида ўйлаганиданми, кўнглидан сира хавотир-у ҳадик аримасди. Баъзан кўчага чиқиб кетсам, у йўлга қараб, кўзлари тўрт бўлганини, хавотирга тушганидан безовталаниб ўзини қўярга жой тополмай қолганини, ҳовлига кириб келганимда, типирчилаб, у ёқдан-бу ёққа югурганча кўнглимни олишга уринишини сезардим. Аммо мен бу ҳовлидан бошимни олиб, аллақаёққа кетиб қолишни ҳеч қачон хаёлимга келтирмаганман. Бундай фикр хаёлим кўчасидан ҳам ўтмаган.

Қисқаси, Маҳмуд ака дунёдан ўтгач, ҳовлида ўзим бош бўлиб қолдим. Маҳмуд аканинг хотини анча йил бурун қазо қилган экан. У нуқул хотиним шўрлик болаларининг этагига ёпишган дардни кўтаролмай дунёдан кўзи очиқ кетди, зорланиб гапирарди. Оиланинг тўнғич ўғли Султон эса, мен уйланишимдан хиёл илгари боши айланиб, уйдан чиқиб, дом-дараксиз кетган, у ҳали-ҳануз қайтиб келмаганди. Раҳматли Маҳмуд ака ҳали кўзи тирик пайтидаёқ Султоннинг қайтиб келишидан умидини узиб қўйган, нуқул шўрлик болам энди туғилган уйини ҳам топиб келолмаса керак, деб куйинарди. Баъзан кимдир Султонни қайсидир узоқ шаҳарда кўрганини, соч-соқоли ўсиб, бир аҳволда юрганини айтиб қолар, буни эшитиб, Маҳмуд аканинг битта дарди мингта бўларди. Элжон эса, ўта ёввойи, доимо одамдан қочиб юради, отасидан ўлимидан сўнг кичкина уйчага қамалиб олиб, сира ташқарига чиқмайди. Муаззам ҳар куни бир коса ёвғон-у яримта нонни уйга киритиб беради.

Биласизми, ака, мен уйлангач, шуни англаб етгандимки, Муаззам акалари сингари буткул ақлу ҳушидан айрилган, на хатти-ҳаракати, на гап-сўзларини идора қилолмайдиган жинни эмасди. Ишонсангиз, унинг тўрт мучаси соппа-соғ, ақлу ҳуши ҳам жойида, ҳамма-ҳамма нарсани табиий ва тўғри идрок этади. Фақат биласизми, қишлоқдагиларнинг оиласи устидан очиқ-ошкор кулиши, кўча-кўйда “жинни, жинни” дея масхара-ю майна қилиши, очиқ жирканиб қараши, ҳатто бир лагандан иш ейишда ор қилиши унинг ҳали болалигидан қалбини буткул қабартириб, зада қилиб ташлаган эди. У одамларнинг ана шундай кўз очирмай қўйган таъқибу маломатларини эшитавериб, ҳеч кимга ишонмай қўйган, ҳамма нарсага ҳадик ва қўрқув билан қарар, кўча-кўйда ўзини савдойидек тутар, ўрни келганда оғзидан тупук сачратиб бобиллаганча, шаллақилик қилиш, ҳатто ўғил болалар билан ҳам теппа-тенг юлишишдан тап тортмасди. У ҳаётда оддийгина меҳр, андиша, ҳаё борлигини аллақачон эсидан чиқариб юборган, доимо одамлардан қочиб юрар, ҳеч кимга ишонмас, ҳамма нарсани ёмон кўрарди. Бахтсизликни қарангки, у онадан соппа-соғ, ақлу ҳуши жойида туғилган, аммо қаттол қисмат бошига аёвсиз ёғдирган кўргуликларни кўравериб, оғзига кучи етмаган одамларнинг таъна-дашноми, маломатларини эшитавериб, ақлдан озишига, жинни бўлиб қолишга бир баҳя қолганди.

Тўғриси, тўйимиздан сўнг дастлабки кезларда Муаззамнинг ҳуркак ва ёввойилигига, арзимаган нарсаларга ҳам бақириб ташлашига, баъзан куракда турмайдиган қарғишларига кўниколмай роса қийналганман. Ҳатто ўшанда асабларим қақшаб, юрагим сиқилиб кетганидан бу ҳовлидан бош олиб кетиш ҳақида ҳам ўйлаганман. Аммо дарров фикримдан қайтганман. Ахир, мени кетиб қолсам, Муаззам буткул ақлини йўқотиб, ростдан ҳам, жинни бўлиб қолиши тайин эди. Ўшанда Муаззамни ўйлаб туриб, бунга ҳеч қачон жазм қилолмаслигимни тушуниб етганман.

* * *

Ака, мен умримда кўп китоб ўқимаганман, китоб титкилашга вақт қайда дейсиз, эрта-ю кеч югур-югурдан бўшамайман. Аммо ёрининг ишқида куйиб-куйиб, охир-оқибат савдойи бўлиб қолган ошиқлар ҳақида эшитганман. Биласизми, бу савдойиликнинг даъвоси меҳр-муҳаббат экан. Ҳатто ҳайвонларга ҳам меҳрингизни берсангиз, эркалаб бошини силасангиз, улар ҳам буни сезмай қолмайди, оёқларингизга суюкаланиб, сизга ҳам меҳр кўрсатади, ўзининг миннатдорлигини билдиради.

Муаззам ҳам ҳар кун, ҳар дақиқада менинг меҳр-муҳаббатим, юрагим тафти, ишончу умидимни ҳис этиб, аста-секин сокин ҳаётга қайта бошлади. Унинг кундан-кун руҳан соғайиб, ҳаётга ишонч ва умид билан қараётгани, узоқ йиллардан буён юзига соя ташлаб келган қўрқув ва ваҳм шарпалари ўрнини хотиржам ва маҳзун ифода эгаллаётганини ҳис этиб турардим.

Сизга буни қандай тушунтирсам экан, Муаззам шундай кўз ўнгимда аста-секин ўзгариб борарди, баъзан унга қараб туриб, кечаги Муаззамни таниёлмай қолардим, чунки у кечаги ёввойи ва қўрс, ҳамма нарсага нафрат ва шубҳа билан қарайдиган, доимо нимадандир ҳадиксираб турадиган, кўзлари қўрқув ва ваҳима билан боқадиган Муаззамдан оғир ва босиқ, андишали, ҳар бир сўзини ўйлаб гапирадиган, меҳр-шафқатли, раҳимдил ва меҳрибон аёлга айланиб борарди.

Унинг кўнглида ўзимга нисбатан чексиз меҳр уйғонган, у фақат менинг ишончу ҳурматимни қозониш, қайноқ меҳримга муносиб жавоб қайтариш учун бутун вужуди билан интилар, интила туриб, руҳан соғайиб борарди. Мен буни уйда кечган ҳар дақиқада юрак-юрагимдан ҳис этиб турардим.

Айниқса, Муаззам кечаги ирқит, ўзига умуман қарамай қўйган, ҳамиша кир-чирга ботиб юрадиган қиздан саранжом-саришта, ораста ва нозиктаъб аёлга айланган эди. Чунки унинг юрагида ишонч ва умид чечаклари бўй кўрсатган сайин тўзғиб, харобага айланиб қолган, аллақандай ваҳимали ва қўрқинчли туюладиган ҳовлимизга бирдан файз кириб борарди, у эрта тонгда туриб, ҳаммаёқни супуриб-сидириб, чиннидек топ-тоза қилиб қўярди. Уйимиз олдидаги бир парча ерга райҳон эккан, унинг хушбўй ҳиди бутун ҳовлига таралиб турарди.

Ака, Муаззам билан бирга яшай бошлагач, яна бир воқеа рўй берганки, шуни эсласам, ҳозир ҳам кўнглим ғалати бўлиб кетади. Нима дейсам, ҳар куни эрталаб уйдан чиқаётганимда туфлимни топ-тоза, артиб қўйилганини кўрардим.

Аввалига бунга унча эътибор бермадим. Кейин эса, кимдир тундами ёки тонг азон пайти чанг-чўнгга ботган туфлимни тозалаб, артиб қўяётганини сезиб қолдим. Бир кун эрта тонгда уйғониб, ташқарига чиқсам, Муаззам берилиб туфлимни тозалаётганини кўриб қолдим. Ишонасизми, у шунчалик меҳр ва иштиёқ билан туфлимнинг чанг-чўнгини аритар эдики, ҳатто мен тикилиб турганимни ҳам сезмасди.

Мен ўшанда Муаззамга қараб туриб, аёлга меҳрингизни берсангиз, унинг ишончу эътиборини қозонсангиз, у сизни худодек кўришини, ўзини буткул сизга бағишланишини англаб етганман. Балки мен хато ўйлаётгандирман, аммо одамга бундан ортиқ бахт бўлмаса керак...

* * *

Тўйимиздан сўнг орадан икки йилча ўтгач, бир кун Муаззам омборхона шифтида осиб қўйилган, чақалоқлигида ўзи ётган бешикни олиб чиқиб, чанг-чўнгини аритиб тозалабди. Сўнг аллақаердан кўрпача-ю болиши ва ёпинғичларини ҳам топиб келиб, бешикни ясантириб, уйнинг тўрига қўйибди. Ўша кун оқшом мен даладан ҳориб-чарчаб уйга келгач, уй тўрида турган бешикка кўзим тушди-ю, рости гап, кўнглим жуда ғалати бўлиб кетди. Нима гап эканини дарров тушундим, аммо сир бой бермай Муаззамдан атай сўрадим:

— Бешик нимага керак бўп қолди?

Муаззам овозимни эшитиб, менга ялт этиб қаради, қараб туриб, юзи ва кўзларида қувонч шарпаси жилваланди, бир зум шундай — бахтдан сармастдек тикилиб турди-да, сўнг уялганидан югуриб ташқарига чиқиб кетди.

Муаззам аёл эди, у бутун вужуди билан она бўлишни, жажжи фарзандини дунёга келтириб, бағрига босишни истаётганди. Бу истак унинг бутун вужудини чўлғаб олган, мен буни унинг ҳар бир хатти-ҳаракати, гап-сўзларидан ҳис этиб турардим. Кейинчалик у тонг-азонда, мен ухлаётган маҳалда, бошига рўмолини ёйиб ташлаб олганча, бўм-бўш бешикни тебратганча паст овозда алла айтадиган одат чиқарди. Бир сафар ҳали тонг оқармаган пайт Муаззамнинг йиғлаган куйи алла айтаётган овозидан уйғониб кетдим. Эй, ака, унинг ўша пайтдаги ҳолатини эсласам, ҳозир ҳам кўнглим ўксиб кетади, юрагим бўшашиб, йиғлагим келади. Ўшанда Муаззам шунчалик ҳазин ва дардчил овозда алла айтардики, унинг ўзи эмас, балки юраги эзилиб-эзилиб йиғлар ва бу изтироб, нола-ю фиғонни эшитган ҳар қандай тошбағир одам ҳам чидаёлмай “дод” деб юборарди. О, бу шунчаки алла эмас, балки юрак-бағрини эзиб ташлаган дарду ҳасратини қўшиқ қилиб айтарди, ўзини унутиб йиғлаган кўйи нола қиларкан, худодан марҳамату иноятини аямасликни, ўзига фарзанд ато этишни агар нияти ижобаат бўлса, бу дунёдан армону ўкинчсиз ўтишини айтиб, йиғларди. Унинг селдек кўпириб-тошаётган нола-ю фиғони, дарду ҳасратини эшитиш жуда оғир ва азобли эди. Мен ҳам бунга узоқ чидаб туролмадим, кўнглим эриб кетгандек бўлди, юзимга кўрпани тортиб, қон бўлиб йиғладим ва йиғлаб туриб, худодан бизга фарзанд ато қилишни сўрадим.

* * *

Орадан тўрт йил ўтаётган бўлса-да, биз ҳали фарзанд кўрмагандик. Муаззам кечаю-кундуз шуни ўйлаганидан ғам-ғуссага ботиб, маъюс тортиб қолган, тинимсиз тоқатсизланар, дам-бадам юраги ҳасратга тўлиб кетганидан чуқур-чуқур “уф” тортиб қўярди. Мен ҳам унинг аҳволига қараб туриб, ич-ичимдан қийналардим ва ўзимча унга алланималар дея таскин-тасалли берган бўлардим.

Бир куни у дардини ичига сиғдиролмади, юрагидагини айтди:

— Мени дўхтирга олиб бориб кўрсатинг...

Ўша кунлари ўзим ҳам шу ҳақида ўйлаб юргандим. Эртаси кун эрталаб қишлоғимиз яқинидаги шаҳарчада жойлашган дўхтирхонага бордик. Дўхтирлар бизни қарийб бир ҳафта текширишди. Улар менинг соғлигим тўғрисида арзигулик бир гап айтишмади. Фақат буйрагингизда озроқ шамоллаш бор экан, даволансангиз ўтиб кетади, дейишди. Муаззамни эса, қандайдир ғалати аппаратлар билан қайта-қайта текшириб кўришди. Ўшанда Муаззамни текшираётган кўзойнакли дўхтирнинг ваҳимали овозда “Ё, тавба, буёғи қандай бўлди?!” — деган гаплари ҳали ҳам қулоғим остидан нари кетмайди.

Қисқаси, ўшанда дўхтирлар Муаззамни узоқ текширишди, ўзларича пичирлаб, алланималарни муҳокама қилишди. Кейин эса, ҳалиги кўзойнакли дўхтир Муаззамга “Сиз ташқарига чиқиб туринг,” дея менинг ёлғиз ўзимни олиб қолди.

Дўхтир курсига ўтираркан, менга кўзойнаги остидан ғалати қараб, Муаззам ҳақида сўраб-суриштиришга тушди: у кимнинг қизи, ота-онаси, қариндош-уруғлари кимлар... Хуллас, дўхтир тўсатдан шунақа кўп саволларни қалаштириб ташладики, мен жавоб беролмай гангиб қолдим. Бунинг устига дўхтирнинг ҳар бир саволи қандайдир қўрқинчли туюлганидан юрагим хавотирга тўлиб борарди. Ўшанда дўхтирнинг саволларига билганимча жавоб бердим. Ниҳоят, дўхтир Муаззамни Полвонтепа қишлоғидаги Маҳмуд аканинг қизи эканини эшитгач, худди ўзини қийнаётган жумбоққа жавоб топгандек, бирдан кўзлари чақнаб кетди.

— Шуни олдинроқ айтмайсизми? – деди у ҳовлиқиб куйи. – Бўлди, бўлди, ҳаммаси тушунарли.

Аммо мен ҳеч нарсани тушунмай анграйиб қолган, қўрқув ва хавотир билан дўхтирга қараб турардим.

Бироздан сўнг дўхтир менга юзланиб, тағин саволга тутди:

— Сиз уйланаётган пайтингизда ҳеч нарсани билмаганмисиз?

— Йўқ, нимани билишим керак эди? – дедим жаҳлим чиқиб.

— Эй, ука, ўзингизни босинг, — деди дўхтир. – Аввал яхшилаб сўраб-суриштириб, сўнг уйланиш керак эди. Билсангиз агар, Маҳмуд аканинг оиласи рўйхатда туради, фарзандларининг бари руҳий хаста бўлиб туғилган. Тиббиётда ҳали бу касалликнинг даъвоси топилмаган. Бундан ҳам ёмони, бу касаллик суяк суради. Шунинг учун бу касалликнинг олдини олиш мақсадида касалликка чалинган ўғил болалар уруғсизлантирилади, қизларнинг эса, онажойи олиб ташланади... Улардан насл қолмайди...

Мен дўхтирнинг хонасидан қандай чиққанимни билмайман, ҳушим ўзимда эмас, буткул карахт тортиб қолганимдан бошим ҳеч нарсани идрок этмасди. Аммо бунга қарамай эшик олдида тоқатсизланиб, чиқишимни кутиб турган Муаззамга кўзим тушиши билан базўр жилмайишга уриндим, бироқ бирон оғиз сўз қотишга тилим айланмади. Дўхтирнинг гапларини қайта хаёлимдан ўтказарканман, бўғзимга бир оғриқ келиб қадалганди. “Эй худо, дейман ичимда, бу шўрлик аёлни нега бунча қийнайсан, шунча жабру ситаминг етмасдими? Бу гапни эшитса, у ақлдан озмайдими? Энди уни қандай юпатаман, нима деб овутаман?!”

Муаззам билан жимгина уйга қайтдик. Йўл бўйи унга ҳеч нима демадим. Аммо у безовталаниб дам-бадам юзимга қарайвергач, охийри сабрим чидамади.

— Муаззам, — дедим атай хотиржам овозда, — дўхтир айтдики, иккаламиз ҳам соппа-соғ эканмиз. Фақат бироз даволанишимиз керак. Шундан сўнг албатта, фарзандли бўламиз.

Ака, Муаззам кўнглида ғубор ҳам йўқ, гўдакдек содда ва ишонувчан аёл, айниқса, менинг гапларимга ҳеч қачон шубҳа-гумон билан қарамайди, нима айтсам, ҳаммасини рўй-рост қабул қилади. Бу гал у ичимдан тўқиб-бичиб айтган гапларимга чиппа-чин ишонди, бирдан чиройи очилиб, юзига қон югурди ва қўлларимни маҳкам ушлаб олди.

Муаззамга ҳозирга қадар ҳеч нима деганим йўқ. У дам-бадам қачон даволанишга боришимни сўраб қолади. Мен эса, ҳали уни, ҳали буни баҳона қилиб, атай орқага ташлаб келаяпман.

Ака, сизга айтсам, баъзан ўзим ҳам бу сирни ичимга сиғдиролмай қоламан, юрагим тўлиб кетганидан “дод” деб юборгим келади, кечалари ўйлаб, уйқум қочиб кетади. "Эй, худо, бу азобни қачонгача ичимда сақлаб яшайман?!" — дейман. Ўзининг танидаги сирдан бехабар, ҳамон умид ва илинж билан яшаётган, худога тинимсиз ёлвориб, фарзанд ато қилишни сўраётган Муаззамни ўйласам, дарду аламим баттар ортади, дунёга сиғмай қолгандек бўламан.

Бир куни бу дардни ичимга сиғдиролмай ёлғиз ўзим яна ҳалиги дўхтирнинг олдига бордим-да, Муаззам ҳеч қандай руҳий хаста эмас, соппа-соғ эканини, ишонишмаса, қайта текшириб кўришларини айтдим.

Дўхтир менинг гапларимни диққат билан эшитди, кейин хайрихоҳ овозда гап бошлади:

— Ука, мен ҳаммасини яхши тушуниб турибман. Аёлингиз руҳан соғлом эканига ҳам ишонаман. Аммо бир пайтлар қайсидир дўхтирнинг хатоси туфайли бечора аёлингиз бир умр бахтсиз бўлиб қолган. Афсуски, энди бу хатони тузатишнинг умуман имкони йўқ. Илтимос, мени тўғри тушунинг, — деди у.

Мен дарду дунём баттар қоронғу тортиб, изимга қайтдим.

Ака, бундай ўйлаб қарасам, бу дунёда мени Муаззамдан, Муаззамни мендан бўлак ҳеч кими йўқ. Шуни ўйласам, унга меҳрим янада ортиб кетади. Уни ташлаб кетишни ҳеч қачон хаёлимга ҳам келтирмайман.

Ўзи бу гапларни шу чоққа қадар оғиз очиб ҳеч кимга айтмагандим. Бугун негадир сизга юрагимни бўшатиб олгим келди.

У шундай дея ҳикоясини тугатди ва негадир айбдордек кўзларини жовдиратиб менга қараб қўйди.

Унинг сўзлари, о, йўқ, булар шунчаки оддий, жўн ва омади сўзлар эмас, балки оғир, доғўли, изтироб ва ғам-андуҳга йўғрилган, айни дамда нурли кечмиш мени буткул кўру карахт қилиб ташлаган, юрагим ҳайрату ҳаяжонга тўлиб борар, қаршимда бошини қуйи солганча ўтирган, пешонасига битилган қисмату аъмолдан зорланмай-нолимай, бунинг учун на дунёдан ва на ҳаётдан бирон-бир нарса таъма қилмай яшаётган бу йигитга нисбатан кўнглимда ҳавасу ҳайратим, ҳурмату меҳрим тобора ошиб борарди. Ҳа, аниқ биламан, у айнан шундай яшашни аллақайси китоблардан ўқиб-ўрганмаган ёки кимлардандир сабоқ ҳам олмаган, балки ўзининг беғубор, содда ва самимий қалби билан англаб етган, бундан ҳеч қачон афсус-надомат чекиб, зорланмаган, балки беҳаловат уриб турган юраги фақат шундан таскин топаётган эди.

Мен яна шуни аниқ биламанки, кўнгли ғайр кимсалар кўзлари тўрт бўлиб қанчалик кутмасин, у ҳеч қачон Муаззамни ташлаб кетмайди, балки бу далли-девона қизни муқаддас ялов каби боши узра озод кўтариб яшайди, бу қаримсиқ дунёда у ўзининг елиб-югуриб, талпиниб-интилиб топган бахт-у қувончини ҳам, ўкинчу армони ва умрининг мазмун-моҳиятини ҳам шунда деб билади.

Мен ана шундай хаёлларга ғарқ бўлганча Иброҳимга узоқ тикилиб қолдим. Бир чоғ у кутилмаганда, ўрнидан қўзғалиб, кетишга чоғланди.

— Ака, — деди у жилмайиб, — мен энди уйга борай. Бизникига ҳам меҳмонга ўтинг.

— Раҳмат, насиб бўлса, ўтарман, — дедим мен шошиб.

У хайр-хўшлашгач, тошйўл бўйлаб Полвонтепа қишлоғи томон кетди.

Мен унинг ортидан қарарканман, туйқус яна сен ёдимга тушдинг ва сенинг исмингни изтироб ва армон билан шивирлаб такрорладим, исмингни такрорлай туриб, юрагим ноҳақ танбеҳ эшитган етим боладек ўксиб кетди: тақдир шу далли-ғўлли йигитни сийлаган, унинг умр йўлини безаб ташлаган, кўнглини қувончу умидга тўлдирган бахтни нега менга раво кўрмади?!

Яна сенинг исмингни муқаддас битикдек эҳтирос ва ҳаяжон билан такрорларканман, ҳамма-ҳаммаси қайта ёдимга тушди-ю, бирдан руҳим, о нафақат руҳим, балки бутун жисму жуссам изтиробу алам ичида қолди. Ва айни дамда ўзимни шунчалик ношуд, нотавон ва ожиз ҳис этдимки, алам ўти вужудимни ўраб-чирмаб олганидан ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. Руҳим қақшаб кетган, юрагим аламу изтиробга тўла, гўё ер билан битта бўлиб ўтирардим.

Эҳтимол, ўшанда ўзимда журъату шижоат топиб, қалбимни тинимсиз ўртаётган, инон-ихтиёрим, хоҳишу иродамни буткул ўз измига солиб олган бу ўжар ва шафқатсиз туйғуларга сени ҳам ишонтирганимда, тилсимланган қалбингга адашмай йўл топганимда қисмату аъмолим бошқага кечирдими?!

Қирқ йилдан буён юрагимни босиб ётган ва тинимсиз изтиробга солаётган бу дард қачон интиҳо топади, тилсимланган бу қўрғоннинг эшиклари қачон очилади?! Яна қанча пайт бу ўжар туйғулар ўз ҳолимга қўймай ҳаётнинг қоронғи ва қўрқинчли сўқмоқларида сарсон-саргардон адаштириб юради?!

Наҳотки, менинг муроду муддаом ҳеч қачон ҳосил бўлмайди, умиду ишончим баҳорги чечак каби гуркираб очилиб, бўй кўрсатмайди, юрагим қувонч-шодликдан энтикиб, сарғайган юзим ёришмайди?

Наҳотки, умримнинг сўнгги нафасигача йўлларингга умид ва илинж билан кўз тикиб ўтаман?! Юрагимни шафқатсизлик билан тиним билмай кемираётган бу дарду изтироб, ғам-ғусса ва армон-у ўкинчнинг адоғи борми?!

Мен тошйўлдан тобора узоқлашган сари кичрайиб бораётган Иброҳимдан кўз узмай турарканман, яна сенинг исмингни шивирлаб такрорладим ва яна изтиробли хотиралар ёдимга тушди.

* * *

Ўшанда мен ҳали бу туйғулар қалбимда макон тутмаган, ҳаётим тинч ва осуда кечаётган кунларнинг бирида ғаройиб туш кўргандим. Тушимда зим-зиё тун қаърида ёлғиз ўзим елкамда тобут орқалаб аллақаёққа кетиб бораётган эмишман. Тобут шунчалик оғир, зил-замбил эдики, тобора елкамдан босиб келар, оёқларимни судраб, базўр қадам ташлардим. Бунинг устига тобутнинг ваҳимасидан қаттиқ қўрқувга тушган, қўл-оёғим тинимсиз қалтирар, жисму жуссамдан шаррос тер ёғилиб келарди. Мен бу азобга чидаёлмай кимнидир ёрдам чақириш учун атрофимга аланглаб қарар, аммо теварагимда бирон-бир тирик жоннинг қораси кўринмасди. Мен зулукдек қоп-қора тун қаърида тобутни елкалаб кетиб борар, аммо йўлнинг адоғи ҳам кўринай демасди. Бунинг устига тобут ичида ким ётганини ҳам, уни орқалаб қаёққа олиб бораётганимни ҳам билмасдим.

Бу қўрқинчли туш узоқ давом этди, сўнг туннинг аллақайси палласида қоп-қора терга ботган кўйи ваҳм билан уйғониб кетдим. Мен кўрган тушимдан қаттиқ қўрқувга тушган, тўшакда қимир этишга мажолим етмай ётардим. Бу туш ҳақида ўйлаган сайин юрагим баттар қўрқув ва ваҳимага тўлиб борар, назаримда, эрта ё индин ҳаётимда қандайдир фалокат рўй берадигандек туюларди. Мен ўзимча бу тушнинг таъбирини турли хил нарсаларга йўяр, аммо ҳеч қайсидан кўнглим таскин топмасди.

Шундан буён кўп тушлар кўрдим, аммо улар қанчалик сирли ва ғаройиб бўлишига қарамай, барини тезда унутиб юбордим, аммо бу туш хотирамда шундай маҳкам ўрнашиб қолгандики, ҳар қанча уринмай барибир уни унутолмасдим.

Ўша дамда бу туш фикру хаёлимни буткул банд этиб олганидан танишларимдан унинг таъбирини сўраб-суриштирар, қадимги китобларни титкилаб ўзимни қийнаётган саволларга жавоб излардим, аммо кўнглимни қониқтирадиган бирон-бир жўяли фикр топа олмасдим.

Фақат бир гал эски шаҳардаги китоб дўконида тасодифан оппоқ соқоли кўксини қоплаган бир чол билан тасодифан суҳбатлашиб қолдим ва унга ҳам тушимни айтиб бердим. Чол гапларимни диққат билан эшитгач, негадир узоқ ўйга толиб қолди. Кейин хўрсингандек, оғир тин олди-да: — Бу тушнинг таъбирини излаб овора бўлманг, — деди у, — барибир тополмайсиз. Тушнинг таъбири умрингиз қатида яшириб қўйилган. Умрингиз ўтган сайин тушнинг ҳам таъбири аён бўлиб бораверади. Яна яратганнинг ўзи барчасини билгувчидир...

Чол бошқа ҳеч нарса демади, назаримда, у бирдан маъюс тортиб қолган, юзи ва кўзларини аллақандай тушуниксиз ифода қоплаб олган эди. Кейин эса, у менга эътибор бермай қўйди, бироз муддат ўзича аллақайси китобни титкилаб турди-да, кутилмаганда индамай-нетмай дўкондан чиқиб, одамлар орасига сингиб кетди.

Рости гап, чолнинг аллақандай сирли сўзлари, ўзини тутиши мени баттар қўрқувга солиб қўйган, кўнглим ғаш тортиб, ҳамма нарсага чўчиб қарайдиган бўлиб қолгандим.

Шундан сўнг ҳар гал бозорга борганимда одамлар орасидан ўша чолни излар, баъзан дўконларга бир-бир бош сўқиб чиқардим, аммо уни ҳеч қаерда учратмадим.

Қисқаси, мен ана шу туш таъсирида юрган кезларим сенинг дорилфунунга ўқишга кирганингни эшитиб қолдим ва илгаридан таниш эканимиз, битта қишлоқда ўсиб-улғайганимиз ҳаққи-ҳурмати сендан шунчаки ҳол-аҳвол сўраш мақсадида олдингга боргандим. Сира ёдимдан чиқмайди: афтидан, сен ҳали бу сершовқин ва ҳаловатсиз шаҳарга кўниколмай қийналганингдан тоқатсизланиб турган экансан, шекилли, менга кўзинг тушиши билан бирдан суюниб кетган, у ёқдан-бу ёққа югурганча ўтирғизгани жой тополмай қолгандинг. Сен худди йўқотган қўғирчоғини кутилмаганда, топиб олган қизалоқдек, қувониб кетган, кўзларинг завқ билан боқар ва менга меҳринг тобланиб қараб-қараб қўярдинг.

Ўшанда сенинг ҳали шаҳарнинг нуқси-нафаси урмаган булоқ сувидек тиниқ юзинг, содда ва самимий гап-сўзларинг, эгнингдаги одмигина кўйлагинг, сочларингни уқувсизлик билан турмаклашинг, умуман, бутун борлиғинг дафъатан менга ўзим доимо соғиниб, қўмсаб яшайдинг олис қишлоқни ёдимга солиб юборган, сенга завқ билан қарарканман, юрагим орзиқиб кетган эди.

О, йўқ, сен худди овчи таъқибидан қочиб, кутилмаганда, шаҳарга келиб қолган, кўзлари жовдираб, ҳамма-ҳамма нарсага қўрқув билан ҳуркак назар ташлаётган оҳуга ўхшардинг, қаршингда ястаниб ётган ва сени бетиним бағрига чорлаётган безаб-бежалган, ялтироқ, ўзинг илгариги кўниккан табиий ва сокин ҳаёт оқимига мутлақо ўхшамаган шаҳарга хавотир ва ҳадик билан қараб турардинг.

Ўшанда мен сенинг торгина хонангда булоқ суви сингари тиниқ қалбингдан отилиб чиқаётган сўзларингни тинглаб, узоқ вақт роҳатланиб ўтирдим. Кейин эса, мен кетишга чоғлангач, сен худди меҳрибон синглимдек изимдан эргашиб, катта кўчагача кузатиб чиққан ва тез-тез келиб туринг, дея қайта-қайта тайинлаган эдинг.

Мен дорилфунуннинг орқа томонидаги маҳаллада жойлашган кафтдек кичкина ижара уйимга қайтарканман, гўёки узоқ йиллардан буён ўзим англамаган ҳолда излаб юрган, гоҳида хаёлимнинг олис ўнгирларида кўриниш бериб ўтган, ҳали ўзим ҳам номини тузук-қуруқ билмаган муқаддас нарсамни дафъатан топиб олгандек, юрагим ҳапқириб урар, сенинг бояги кулиб қарашларинг, содда, самимий сўзларинг хаёлимдан сира нари кетмасди. Ўша оқшом сен ҳақингда ўйларканман, юрагимга ёқимли илиқлик оқиб кириб, аста-секин бугун вужудимга ёйилаётганини ҳис этгандим. Бу шунчалик қудратли, роҳатбахш ва ёқимли туйғу эдики, у аста-секинлик билан бутун жисму жуссамни мавҳ этиб борарди. Ўша тун тонгга қадар кўзимга уйқу келмади ва илк марта ҳаяжон билан сенинг исмингни шивирлаб такрорладим.

* * *

Тўғриси, аввалига мен буларнинг бари шунчаки ўткинчи хомхаёл, деб ўйлаб, тан олишни сира истамаган ва ҳатто ўша тунда аллақандай енгилтаклик билан эҳтиросу ҳаяжонга берилганимни ўйлаб, ўз-ўзимдан уялиб кетгандим. Кейин эса, бу ҳақида ортиқ ўйламасликка, ўзимни бошқа нарсалар билан чалғитишга, охир-оқибат ҳаммасини эсдан чиқаришга уриндим.

Аммо кунлар ўтган сайин негадир хаёлларим тўзғиб, ўзим англамаган ҳолда беихтиёр сен ҳақингда ўйлайдиган, ҳатто баъзан соғиниб, қўмсайдиган бўлиб қолдим. О, йўқ, мен бутун вужудим билан қанчалик тан олишни истамай барибир юрагимни аллақачон забт этиб олган бу ўжар туйғулар жунбушга келиб, тинимсиз сен ҳақингда ўйлашга ва исмингни шивирлаб такрорлашга ундарди. Ўшанда арзимас нарсаларни ҳам важ қилиб, довдираганча сенинг олдинга боришимни, алаҳсирагандек, алланималар ҳақида узоқ гапирганимни эсласам, ҳозир ҳам хижолатга тушганимдан ўзимни қаерга қўйишни билмай қоламан.

Бу – ўшанда сенинг билганларинг, билмаганларинг эса, тунлари дарахт ёки бутанинг ортида бекиниб, сенинг учинчи қаватдаги сарғиш нурга чўлғанган деразангга тикилар, гўё сен ҳозир деразадан қараб қоладигандек, юрагим ҳаяжонга тўлиб, кўз узмай турардим. Одатда, сен тун алламаҳал бўлган, атрофни қуюқ қоронғулик қоплаган маҳал хонанг чироғини ўчириб, уйқуга кетардинг. Мен ҳам секин ўрнимдан қўзғалиб, ижара уйига йўл олардим. Мен ҳар тунни шундай ўғридек пўсиб ўтказар, баъзан зиёга чўлғанган деразангга тикилиб тонгга қадар қолиб кетардим.

Ўшанда мени бир нарса қаттиқ ҳайратга солган: чамаси сен ўзингни кимдир яширинча кузатиб тургани, нигоҳи билан тинимсиз таъқиб этаётганини зоҳиран сезардинг шекилли, баъзан кутилмаганда безовта тортиб, шошганча, дераза табақасини очар ва кимнидир излаганча аланглаб, тун қаърига узоқ тикилиб қарардинг.

Буни кўриб, мен азбаройи чўчиб кетганимдан шоша-пиша дарахт ортига яширинар ва ҳатто нафас олишга журъатим етмай қоларди. Баъзан эса, тун бўйи деразанг қилт эмас, тикилавериб кўзларим толиб кетарди.

Ўшанда ўзимни буткул изму ихтиёрига солиб олган, бир дам ҳол-жонимга қўймаётган бу туйғуларни сенга айтишга кўп марта чоғланган, ҳатто нималар дейишни олдиндан ўйлаб, хаёлимда пишитиб қўйган, бироқ бунга ҳеч қачон журъатим етмасди. Ҳар сафар сенинг олдинга йўл оларканман, туни билан қайта-қайта хаёлимдан ўтказган ўйларни бугун албатта, айтаман, деб кўнглимдан кечирар, ҳатто бу жуда осон ва енгил туюлар, аммо сенга кўзим тушиши билан бирдан хаёлим остин-устун бўлиб, тўзғиб кетар, бошим ҳеч нарсани идрок этмай довдираб қолардим. Сўнг эса, хаёлимга келган бутунлай бошқа нарсалар ҳақида алжираган кўйи гапирар ва охир-оқибат бўшашганча изимга қайтардим.

Ўшанда неча марта сенинг олдинга қатъият ва ишонч билан йўл олганимни, аммо ҳар гал бўшашиб, шалвираган кўйи изимга қайтганимни бугун санаб адоғига етолмайман. Охир-оқибат эса, сенинг юзинга қараб туриб, юрагимни ўртаётган бу туйғуларни очиқ-ошкор айтишга ҳеч қачон журъатим етмаслигига, ҳар сафар айни шу ҳолат такрорланишига кўзим етгач, оддийгина хат ёзишга аҳд қилдим. Назаримда, энг осон ва қулай йўли ҳам хат ёзиш эди. Аммо ўшанда бор-йўғи тўрт сўздан иборат хатни ишонасанми, юз марта ўчириб, юз марта қайта ёздим. Ҳар гал хатни ёзиб бўлгач, кутилмаганда, сенга нимасидир ёқмай қоладигандек туюлар ва дарров уни йиртиб ташлаб, янгисини ёзишга киришардим.

Кейин, ўша кун кечга томон хатни авайлаб тумор сингари буклаб, чўнтагимга солдим-да, сенинг олдинга ошиқдим. Сира ёдимдан чиқмайди: ўша паллада гўёки қисмату аъмоли ҳал бўладиган кимсадек, қўл-оёғим ўзимга бўйсунмай тинимсиз қалтирар, азбаройи ҳаяжонга тушганимдан пешонамдан шаррос тер ёғилиб келарди.

Ўшанда мени ҳайрату тажжубга солган нарса шундаки, сен мен узатган хатни ҳайрон ҳам бўлмай, бирон-бир сўз ҳам қотмай индамайгина олдинг, фақат кутилмаганда юзинг бирдан қип-қизил тортиб кетди, менга уялибгина қараркансан, негадир сирли жилмайиб қўйдинг. Тўғриси, ўшанда мен юрагим хавотирга тўлиб, бунинг мутлақо аксини кутган, сен хатни кўришинг билан кўзларингни катта-катта очиб ҳайрон бўлишинг, сўнг нима гап эканини англагач, бирдан жаҳлинг қўзиб кетиши, ҳатто азбаройи дилинг оғриганидан юзинг-кўзинг демай ҳайдаб солишинг, ҳалиги мактубни эса, бурда-бурда қилиб йиртганча юзимга отишингни ўйлаб, чўчиб тургандим.

Аммо сен хатни индамай олиб, эгнингдаги халатинг чўнтагига солиб қўйганингни кўриб, кўнглим бирдан хотиржам тортди, ҳатто қувончдан юрагим энтикиб кетгандек бўлди.

Фақат шундан сўнг ўртамизда оғир сукунат тушди, бирон-бир сўз қотишга на сенинг ва на менинг журъатим етмас, гўёки иккаламиз ҳам тубсиз ўй-хаёлларга ғарқ бўлиб қолгандек эдик. Орадан имиллаб қанча вақт ўтганини билмайман, ахийри, менинг сабрим чидамади, кетишга чоғландим.

— Мен энди борай, кейин келаман, — дедим мен. – Яхши қолинг.

— Майли, — дединг сен жилмайиб. – Яхши боринг.

Мен кўчага чиққач, худди елкамни босиб турган зил-замбил юкдан халос бўлгандек, бирдан енгил тортган, кўксимни тўлдирганча ютоқиб нафас олдим. Кейин эътибор берсам, боя сенинг олдинда азбаройи ҳаяжонга тушганимдан, шундай тер босган эканки, кўйлагим нам тортиб кетибди. Ўша дамда мен ўзимни гўё ҳаётнинг қалтис ва хатарли синовидан омон-эсон ўтиб олган кимсадек, енгил ҳис этар, кайфиятим чоғ, кўзимга ҳамма-ҳамма нарса чиройли ва ёқимли кўринар, азбаройи қувонганимдан лаб-лунжимни йиғиштиролмай йўлдан ўтиб-қайтаётган одамларга нуқул кулиб қарардим.

Кейинчалик мен сенинг хатни олаётган пайтдаги ҳолатинг, юз-кўзларингда қалқиб чиққан ифодалар ҳақида кўп ўйладим, хаёлан қайта-қайта таҳлилу мушоҳада қилдим ва охир-оқибат шунга амин бўлдимки, сен ҳамма-ҳаммасини – менинг аҳвол-руҳиям, хаёлимни банд этиб олган ўй-фикрлар, ўзингга ипсиз боғланиб қолганим, кеча-ю-кундуз фақат сени ўйлаб яшаётганимни аллақачон сезган ва кунлардан бир кун қаршингга келиб, ҳаяжонга тушганимдан гўдакдек довдираганча барча-барчасига иқрор бўлишимни зимдан кутиб юргансан. Сенинг ўша дамдаги ҳолатинг, ўзингни тутишинг ва юз-кўзларингни қоплаб олган ифодаларни бундан бошқача изоҳлаб бўлмайди, ҳамма-ҳаммаси сен бу сирдан аллақачон воқиф бўлганинг, ҳатто бундай ҳаяжонли дамда шошиб, ўзингни йўқотиб қўймаслик учун руҳан ҳозирлик кўрганингдек дарак бериб турарди.

Ҳа, шундай, бундан бошқа бўлиши мумкин эмас. Агар сен бу сирдан бехабар бўлганингда, ҳеч қурса, хатни кўрган заҳотинг ажабланган кўйи бу нима, дея сўраган бўлар, ҳатто иззат-нафсинг таҳқирлагандек, бирдан жаҳлинг чиқиб, аразлаган кўйи кетиб қолардинг. Сен эса, хатни кўриб, сира ажабланмадинг, ҳайрон бўлиб, тажжубга ҳам тушмадинг, аксинча, барчаси рисолада шундай битилганини билгандек, ийманибгина хатни олдинг-да, чўнтагингга солиб қўйдинг.

Демак, сен ҳам узоқ пайтдан буён юрагинг ҳаяжон-у орзиқишга тўлиб шундай хўшсаодат дамларни кутиб юрган, ёлғиз қолган кезларда тубсиз хаёлларга берилган, худди мени сени ҳар дақиқада ўйлаганим каби сен ҳам мен ҳақимда ўйлаб юргандирсан. Ўша кун мен кетгач эса, сен ҳам ниҳоят ниятинг ижобаат бўлганидан қувончингни ичингга сиғдиролмай югургилаб хонангга кирган ва шоша-пиша хатни ўқишга тушгандирсан. Буларнинг бари менинг тахмину фаразларим, ўша кун хатни олгач, кўнглингдан нималар кечгани, хаёлингни қандай ўйлар банд этиб олганини билмайман.

Ҳарқалай, нима бўлганда ҳам, ўша кун мен худди қисмат кутилмаганда сахийлиги тутиб, йўлини очган ва армону ўкинчи барҳам топиб, муроди ҳосил бўлган кимсадек, бахтдан буткул сармаст эдим, хаёлимни сенинг хатни олаётгандаги ҳолатинг, ийманибгина жилмайишинг банд этиб олган эди.

Ўша тун алламаҳалгача ухламадим, сен ҳақингда ўйладим ва исмингни шивирлаб, қайта-қайта такрорладим.

* * *

Ўшанда орадан роппа-роса бир ҳафта ўтгач, мен яна умид ва илинж билан яна сенинг олдинга йўл олдим: бу гал менинг кўнглим анча хотиржам тортган, ҳатто сен мени кўришинг билан бирдан суюниб кетиб, меҳр билан қарши олишинга қаттиқ ишониб турардим.

Бироқ сен менга кўзинг тушиши билан гўёки алланимадан саросимага тушгандек, бирдан безовта тортиб қолдинг, шоша-пиша нигоҳларингни қочаркансан, яхшимисиз, дея шунчаки номига мулозамат қилгандек бўлдинг. Назаримда, сени нимадир қаттиқ хавотирга солиб турар, хаёлинг ҳам ўзингда эмас, буткул тинчингни йўқотиб, безовта тортиб турардинг. Сени бундай аҳволда кўриб, менинг ҳам юрагимга хавотир оралади, аммо нима бўлди, деб сўрашга ботинолмадим. Аммо тезда сенинг ҳолатинг ўзгарди, юзингдаги бояги саросимаю хавотир ўрнини бирдан аллақандай кибрли ва беписанд ифода эгаллаб олди, сен гўёки ўртамизда ҳеч нарса бўлмагандек, ўзингни ўта бепарво ва лоқайд тутар, истамайгина гапирар, баъзан зўраки жилмайиб қўяр, кўзларингда эса, аллақандай мавҳум ифода шарпалари сузиб юрар, улардан бирон-бир маънони ўқиб бўлмасди. Мен сенга қараб туриб, кеча ёноқлари лоладек қип-қизил тортиб қарши олган, қарашларидан меҳр, ибо ва ҳаё ёғилиб турган қизни тополмасдим, орадан ўтган бир ҳафта ичида нималар рўй берганини билмайман, аммо сен бирдан ўзгариб, гўёки бошқа одамга айланиб қолгандинг. Сен мени қандай мақсадда келганим, муроду муддаом нима эканини жуда яхши билар, бироқ била туриб, ўзингни атай гўлликка солиб тургандек, бутунлай бошқа нарсалар ҳақида гапирардинг.

Йўқ, йўқ, сен гўёки менинг сабр-тоқатим, шижоату иродам ва қурбу қувватимни синаб кўраётгандек, умуман бошқа нарсалар ҳақида аллақандай эзмаланган кўйи гапирар ва гапларинг оҳангида ич-ичингдан масхара-ю майна қилиб, кулиб ўтирганинг сезилиб турарди. О, йўқ, сен менинг юрагимдаги сир-асрорни билиб олгач, энди шаддодлик ва қувлик билан устимдан кулиб ўтирганга ўхшардинг.

Мен ўзимни бундай алфозда кутиб оласан, дея мутлақо кутмаган эдим, шундан умиду ишончи кутилмаганда саробга айланган кимсадек туйқус довдираб қолган, қаршингда ўта ожиз ва ночор аҳволда ўтирардим.

Ўшанда сенинг оғзингга маҳтал бўлиб термулганча қанча вақт ўтирганимни билмайман, аммо сенинг юз-кўзингни қоплаб олган ўша совуқ ва кибрли ифода ўзгарай демас, нигоҳингда зиғирча бўлса-да, меҳр-шафқат учқунлари кўринмас, истамайгина гапирар, афтидан, ич-ичингдан мени тезроқ кетишимни кутиб турардинг. Охийри сабр-тоқатим чидамади, сенга ёлворгандек илтижоли қарай-қарай кетишга чоғландим. Сен эса, илгаригидек “ўтиринг, борарсиз-да, қаерга шошасиз”, дея илтифот ҳам қилмадинг, аксинча, кетаётганимни кўриб, юзингда бирдан мамнунлик ифодаси югуриб, енгил тортгандек бўлдинг.

— Майли, яхши қолинг, — дедим мен ўкинч билан.

— Яхши боринг, — дединг сен истамайгина.

Кетдим, умидсизлик ва тушкунликдан юрагим вайрон бўлиб кетдим.

О, ҳозир ҳам бу ҳақида ўйласам, азбаройи умидсизликка тушганимдан юрагим музлаб, бутун вужудим совуқ тортиб кетгандек туюлади, ўшанда сенинг мавҳум ва сирли ифодалар шарпаси сузиб юрган юзингга, кўзларингга қараб туриб, ўзимга нисбатан на меҳр-шафқат ва на рағбату хайрихоҳлик кўрган, сенинг киприк қоқмай кибрли ва беписанд қарашларинг юрагимдаги худди баҳорги майса каби мавж уриб ўсиб жўнаган умиду ишончимни бир зумда яксон қилиб ташлаган, назаримда, сен нигоҳ билан худди сен кимсан-у, мен кимман, кўрпангга қараб оёқ узат, деб айтаётган эдинг.

Ўша кун юрагим алам ва ўкинчга шунчалик тўлиб кетгандики, ўз ёғимга ўзим қоврулганча энди сен ҳақингда ҳеч қачон ўйламасликка, исмингни қайта тилга олмасликка, ҳамма-ҳаммасини унутиб юборишга ўз-ўзимга сўз бергандим.

“Тўғри-да, — дея алам билан ўйлаганман, — мен кимман-у, у ким?! Мен базўр кунини кўриб юрган қашшоқ ва ночор одамман. Дорилфунунда сабоқ олишим ҳали ҳеч нарсани англатмайди. Мен шунчалик ночорманки, уни бойвуччалар танда қўйиб олган анави шоҳона қаҳвахоналарга таклиф этишга, кўрган кўзни ёндирадиган тилла-ю дурлар билан сийлашга, ҳатто ўрни келганда бир қучоқ гул туҳфа қилишга ҳам қурбим етмайди. У буни жуда яхши билади ва шунинг учун тақдирдан мендан кўра бой, омадли, оғзидан чиққанини бир зумда муҳайё қилишга қодир, ҳамиша малика сингари кафтида кўтариб юрадиган йигитни кутаётгандир. Эҳтимол, у мени ҳеч қачон назарига илмаган, ҳамиша беписанд қараган, шунчаки танишлигимиз учун ўлганнинг кунидан муомала-ю муроса қилган, ҳар гал қувончдан ўзимни йўқотиб қўйганча олдига борганимда сиртдан жилмайиб ўзини хушнуд кўрсатган бўлса-да, аслида ич-ичидан устимдан кулгандир”.

Мен ана шундай совуқ ва нохуш ўйларни хаёлимдан ўтказарканман, тобора тушкунлик гирдобига ғарқ бўлиб борар, ич-ичимдан ўзимни ёмон кўриб кетар, кўнглимдаги ҳаммасига қўл силтаб, сени буткул унутиб юбориш, исмингни ҳеч қачон қайта тилга олмаслик ҳақидаги фикрим тобора қатъий тортиб борарди.

Мен бир ҳафта, нари борса, ўн кун ўз-ўзим билан ана шундай аёвсиз олишиб юрар, ўзимни буткул бошқа нарсалар билан чалғитишга уринар ва ҳатто исмингни қайта тилга олмайман, дея қасам ичардим. Аммо мен бутун вужудим билан сен ҳақингда ўйламасликка, номингни тилга олмасликка қанчалик уринмай бари бир охир-оқибат қурбу қувватим ва иродам қалбимни тинимсиз ўртаётган ўжар ва саркаш туйғулар қаршисида ожиз қоларди, сўнг ўз-ўзидан хаёлимга яна сенинг ёдинг бостириб кирар ва беихтиёр яна исмингни шивирлаб такрорлашга тушардим.

О, сен бамисоли афсунгарга ўхшардинг, менинг кўнглимда тинимсиз ғалаён кўтараётган туйғуларни, хаёлимни банд этиб олган ўй-фикрларни, ўзингга буткул ипсиз боғланиб қолганим, бугун эшигингдан қувиб солсанг, эртага бари бир ҳеч нарса бўлмагандек, яна бошимни эгиб, қайтиб бориб марҳамату иноят сўрашимни жуда яхши билардинг. Шунинг учун сен худди эртаклардаги қаҳри тош қотган малика сингари шафқату илтифот, меҳр ва марҳамат кўрсатишни, қалбинг эшикларини очишни ҳеч қачон хаёлингга келтирмас, мени атай қийнаш, юрагимни азобга солиш учун пинак бузмай турардинг.

О, сенинг сир-синоат тўла кўзларингга қараган сайин юрагимдаги олов баттар аланга олар, сенинг ҳеч қурса бир марта марҳамату эътиборингга сазовор бўлиш, меҳру муҳаббат ва ишончингни қозониш учун ҳамма-ҳамма нарсага тайёр муте ва нотавон бир кимса айланиб қолгандим.

О, сен ақл ҳам идрок этолмайдиган қандай сирли ва жодули хилқатсан, нега инон-ихтиёрим, журъату шижоатим, қурбу иродамни буткул мавҳ этиб, қўл-оёғимни ипсиз боғлаб ташладинг?!

Ўша пайтда назаримда, ер шунчалик тош қотган, осмон эса, шунчалик узоқлашиб кетган эдики, сенинг шафқатсиз нигоҳларингдан қочиб яширинишга, кўзларингга ҳеч қачон кўринмасликка бирон-бир имкон тополмасдим.

Бунинг устига ўша дамда мен ўзимни буткул йўлини йўқотиб, аросатда қолган кимсадек ҳис этар, юрак ютиб, сенинг олдингга боришга ҳам журъатим етмас, шунинг баробарида сени кўрмасам ҳам туролмасдим.

* * *

Ўшанда тумордек кичкина хатим қоронғулик қаърига отилган тошдек, изсиз кетган, кўнглимни қоплаган шубҳа-гумонлар таъсирида қандай йўл тутишни билмай буткул гангиб юрган бўлсам-да, кейинчалик сенга яна кўплаб хатлар ёздим. Бу хатлар дугонанг орқали сенинг қўлингга етиб бораётганини билардим, аммо сен уларни ўқиганинг ёки кўзинг тушган заҳотиёқ асабларинг чатнаб кетиб, азбаройи жаҳлинг чиққанидан йиртиб-йиртиб ахлат қутига ташлаб юборганингни билмасдим.

Ким билади, балки сен ёлғиз қолганингда ҳеч кимга сездирмай пинҳона бу хатларни такрор ва такрор ўқиган, менинг ўтли сўзларим, иқрору ўтинчим сенинг кўнглинг торларини майин чертиб ўтган ва сен ҳам вужудингни чўлғаб олган туйғуларнинг жилвакор рақсидан масту мустариғ бўлиб, чексиз хаёлларга берилган, ҳатто дафъатан кўнглингда уйғонган шафқат туфайли менга раҳминг келган, шунга азоб-уқубат, жабр-ситам етказганингдан пушаймон бўлиб, кўзинга ёш ҳам олгандирсан.

Ким билади, эҳтимол, сен худди эртаклардаги малика сингари минг битта шарт қўйиб, менинг меҳру муҳаббатим, иродам ва сабр-тоқатимни обдон синаб кўраётган, ҳамма вақт ўзингни атай бепарво ва беписанд қиёфага солиб кўрсатган, аслида эса, беҳаловат ураётган юрагинг бутунлай нарсаларни айтаётгандир.

О, сенинг қалбингда қандай сирли ва нозик туйғулар кезинаётгани, масъум хаёлингни қандай ўйлар банд этиб олганини қани энди билсам эди. Ҳаётимда энг ушалмас орзу-армон ўшанда ҳам, ҳозир ҳам, сенинг худди тилсимлаб ташлангандек, сирли қалбингга бир қур назар ташлаш эди...

Наҳотки, менга бу бахт ҳеч қачон насиб этмайди?!

* * *

Уч йил умрим ана шундай аросат ичида кечди, на сен илтифоту марҳамат кўрсатиб, зада тортган кўнглимни қувонтирадиган бир гап айтдинг ва на мен аҳду иқроримдан тониб, ҳамма-ҳаммасига қўл силтаганча бошимни олиб кетдим.

Уч йил умрим ана шундай тушкун ва умидсизлик гирдобида ғарқ бўлиб ўтди, менинг муроду муддоам, аҳду ишончим ва умидим худди ҳавода муаллақ қотган шардек лопиллаб ўйнар, бевақт қўзғалган шамол ёки довул уни чилпиррак қилиб айлантирганча аллақаёқларга учириб кетиши тайин эди. Аслида мен ҳам шундан қўрқар, шуни ўйлаб, доимо хавотир ва ҳадик ичида юрагимни ҳовучлаб яшардим.

Мен орадан кўп йиллар ўтгач, бу ҳақида қайта-қайта ўйладим ва ўшанда сенинг қалбингда умиду ишонч уйғотганча, қўлларингдан тутиб ўзим тасаввуримда яратган сирли дунёга бошлаб киришга, сенинг ўта нозиклик билан ураётган юрагинг сас-садоси, талпинишини англаб етишга ақлу шуурим, қувваи ҳофизам ожизлик қилгани, шубҳа ва бадгумонликнинг чилвир тўридан халос бўлолмай кўзларим буткул сўқир бўлиб қолганига дафъатан иқрор бўларканман, юрагим бирдан ўкинчу армонга тўлиб кетар, жисму жуссамни алам ўти ўраб-чирмаб олганидан ўзимни қўярга қўйишга жой тополмай қолардим, баъзан тунлари азобли ўйлар қуршовида тўшакда тўлғаниб чиқардим.

* * *

Ўшанда ҳаммаси қора шарпанинг ижара уйимга кутилмаганда кириб келишидан бошланди.

Шаҳар кеч куз оғушида яшар, дарахтлар ёппасига япроқларини тўккан, йўлак четларида хазонлар уюлиб ётар, оқшомги изғирин этни жунжиктириб юборарди. Дарахтларнинг баланд шохида қўниб олган қарғаларнинг нохуш қағиллаши совуқ кунлар келаётганидан дарак бериб турарди.

Мен кечки пайт одатдагидек, ижра уйида ёлғиз ўзим, ҳозир аниқ эслай олмайман, аллақандай китобни ҳафсаласиз варақлаб ўтиргандим. Шу чоғ кутилмаганда, кўча эшигини кимдир тақиллатгандек бўлди. Мен шошиб уйдан чиқдим ва эшикни очдим: остонада қора шарпа турарди. Унга кўзим тушиб, рости гап, бирдан ажабландим, кўнглимдан бемаҳалда нега келибдикин, деган ўй кечди.

Тўғри, мен уни илгаридан танирдим, биз, у гарчи қўшни қишлоқда яшаса-да, битта мактабда ўқиган, ўзимдан бир ёш катта эди, айни дамда эса, дорилфунуннинг номдор факультетида таҳсил оларди. Шу пайтга қадар у билан орамизда бирон-бир илиқ муносабат ёки борди-келди бўлмаган, баъзан кўча-кўйда ёки дорилфунунда тасодифан учрашиб қолсак, азбаройи таниш эканлигимиз учун шунчаки бош ирғаб, саломлашган бўлар ва индамай ўз йўлимизга кетардик.

Унинг отаси туманда каттагина амалдор эди, шунинг учун у болалигидан сиркаси сув кўтармайдиган эрка ва тантиқ ўсган, мактабда ҳам ўқитувчилар доимо унинг қош-қабоғига қараб турар, ҳамиша унинг истак-хоҳишига қараб иш тутишар эди. Дорилфурунда ўқий бошлагач, унинг димоғи янада кўтарилиб кетган, одамга кибр билан беписанд қарарди. У доимо сўнгги русумда кийинарди, рости гап, қадди-қомати келишган эканидан кийим-бош ҳам унга ярашиб турарди.

Эҳтимол, мен кутилмаганда унинг исми қолиб, қора шарпа деб атаётганим сени ажаблантирган, ҳатто бу сенга қандайдир эриш ва ҳатто бачканаликдек туюлаётгандир. Йўқ, мен уни ёқтирмаганим, жиним суймагани учун атай устидан кулиш, масхара-ю майна қилиш мақсадида шундай атаётганим йўқ. Бундай ўй ўшанда ҳам, ҳозир ҳам хаёлимга келгани йўқ. Бунинг бошқа сабаби бор. Гап шундаки, ўша оқшом у бош-оёқ қора либосга бурканиб олган эди: эгнида оёқларигача ёпиб турган қора чарм камзул, бошида қимматбаҳо қора қундуз телпак ва қўлида эса, дасти узун қора соябон кўтариб олган эди. Уни айни шу қиёфада қоронғулик қаъридан дафъатан илғаб олиш жуда мушкул эди. Мен унга кўзим тушган заҳотиёқ, кўнглимдан худди қора шарпага ўхшайди, деган ўй кечган эди, шунинг учун уни қора шарпа деб атагандим.

Қисқаси, ўша оқшом у бемаҳалда нега келдикин, дегандек ҳайрон бўлиб қараётганимни сезди, шекилли, бирдан ўзи гап очди:

— Шу томонга йўлим тушган эди, — деди у хижолатомуз овозда. — Сизни ҳам бир кўриб кетай деб келдим.

— Яхши қилибсиз, — дедим мен. — Қани, уйга кирамиз.

Биз изма-из уйга кирдик. Мен ғарибгина яшар, бир даҳлиз ва каттагина хонадан иборат ижара уйим анча эски, ҳатто деворнинг сувоқлари ҳам кўчиб тушган, бир пайтлар жимжимадор нақш солиниб, бўялган шифти эса, йиллар таъсирида ранг-тусини йўқотиб, қорайиб қолган эди. Бу ижара ҳовлининг соҳибаси бўлмиш ёши бир жойга бориб қолган кампир ўғли ва келини билан шаҳар чеккасидаги янги маҳаллада яшар, мен ҳар ойнинг биринчи куни унга ижара ҳақини унга олиб бориб берардим. Аслида кампир ҳам, унинг ўғли ҳам ижара пулига қараб қолмаган, улар ўзига тўқ яшашар, ўғли ўзига қолса, бу ҳовлини аллақачон сотиб юборган бўлар, фақат онасининг раъйидан ўтолмай индамай турарди. Кампирнинг кундан-кун путуридан кетаётган кафтдек кичкина бу ҳовлини ушлаб туришдан мақсади бошқа эди: раҳматли чолимнинг тобути шу ҳовлидан кўтарилган, эртага қазойим етса, менинг ҳам тобутимни шу ердан олиб чиқишса дейман...

Кампир қариб-чўриб қолганидан анча пайтдан буён ҳовлига келмай қўйган, фақат мен борганимда у эзмаланиб бу гўшадаги ҳар бир нарсани қайта-қайта сўраб-суриштирар, сўзининг охирида кўзига ёш олиб, ҳовлига кўз-қулоқ бўлиб туришимни қайта-қайта тайинларди. Мен қарийб беш йилдан буён бу ҳовлида ёлғиз ўзим яшаб келардим.

Қисқаси, ўша оқшом қора шарпа сескангандек кўзларини аланг-тажанг ўйнатиб ичкарига кираркан, ҳамма нарсага қайта-қайта синчков назар ташлаб чиқди. Сўнг бурчакдаги ёпинғичларининг ранги ўчиб, ҳилвираб қолган курсига омонатгина ўтираркан, зўраки кулганча, кошонангиз ёмон эмас экан, деди у. Унинг сўзларида аллақандай истеҳзо ва кесатиқ оҳанги сезилиб турар, ҳатто у уйдаги буюмларга бурнини жийиргандек ижирғаланиб қараганини яширмасди. Аммо мен унинг истеҳзоли сўзлари кўнглимга оғир ботаётган бўлса-да, эътибор бермасликка уринардим. Биз бир муддат у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирдик, бироқ гапимиз ҳадеганда қовушиб кетавермас, ўртага оғир жимлик тушарди. Менинг хаёлимни ҳали-ҳануз у бемаҳалда нега келдикин, деган ўй банд этиб олган, шу боис унга дам-бадам саволомуз қараб қўярдим.

У энди курсида оёқларини чалиштириб бамайлихотир ўтириб олганча, учи тўғдек ўткир соябонини худди ҳасса каби қўлида айлантириб ўйнаркан, диплом иши ёзиш билан банд экани, китоб титкилайвериб, мияси ачиб кетганидан бироз ўзини чалғитиш учун кўчага айлангани чиққанини айтди.

— Дилпомни ҳимоя қилсам, иш тайёр, — деди у ўзига ярашмаган мақтанчоқлик билан. – Қишлоққа кетиш ниятим йўқ, шаҳарда қоламан.

У яна алланималар ҳақида узоқ гапирди. Кейин вақт алламаҳал бўлганда, унинг кетишга чоғланганини кўриб, тўғриси, хиёл енгил тортгандек бўлдим.

Қора шарпа ҳовлига чиққач, кутилмаганда, илкис мен томонга ўгирилди-да, негадир менга қаттиқ тикилганча аллақандай таҳдидли овозда сен ҳақингда сўради:

— ... ни ҳам кўриб турибсизми? – деди у киприк қоқмай юзимга тикиларкан. Унинг нигоҳи қаҳрли ва совуқ эди, шундан юрагим сесканиб кетгандек бўлди. Аммо мен ҳали саволига жавоб беришга улгурмай туриб, у яна сўз қотди:

— Эй, ука, ойга қўл узатган одамнинг оёқлари бақувват бўлиши керак, — деди у очиқ истеҳзо билан менга бош-оёқ қараркан.

У бир муддат айнан шундай киприк қоқмай кибр билан тикилиб турди-да, сўнг терс ўгирилиб, хайр-хўшлашишни ҳам эп билмай тез-тез юрганча қоронғулик қаърига сингиб кетди.

Мен қора шарпанинг таҳдидли сўзлари-ю юракка санчилиб ботадиган совуқ нигоҳидан шунчалик карахт тортиб кетгандимки, эшик олдида анча пайт нима қилишни билмай серрайиб туриб қолдим. Сўнг судралиб қадам олганча уйга кирарканман, ич-ичимдан қандайдир азобли оғриқ қалқиб-қалқиб кўтарилиб кела бошлади, мен ўзимни худди шафқатсизларча ҳақоратланган ва қадр-қиммати топталган кимсадек ҳис этар, айниқса, қора шарпанинг “Ойга қўл узатган кишининг оёқлари бақувват бўлиши керак” деган сўзларини қайта хаёлимдан ўтказарканман, нафрату аламим баттар ортиб борарди.

Ўша пайтда менинг онг-шуурим бирдан ёришиб кетиб, ҳамма-ҳаммасини англаб етдим. Ҳа, ҳа, қора шарпа ҳамма-ҳаммасини сўраб-суриштириб билган ва бир ҳамладаёқ мени йўлидан супуриб ташлаш мақсадида атай ижара уйимга келган. Боя унинг ёвуз чақнаб турган кўзлари, беписандлик билан очиқ-ошкор ирганиб қараши шундан дарак бериб турарди.

Мен буларни хаёлимдан ўтказарканман, юрагим баттар аламу изтиробга тўлиб кетди ва дардимни ичимга сиғдиролмай телбалардек гандираклаб ҳовлига чиқдим-да, қоронғулик қаърига қараб, сенинг исмингни айтиб чақирдим. Мен сира ўзимни босолмас, жисму жуссамни хўрлигу маломат ўраб-чирмаб олганидан ўзимни унутган кўйи йиғлаб юбордим, йиғлаб туриб, нола қиларканман, сенинг исмингни айтиб, қайта-қайта чақирдим.

Ўша тунда юрагимдан қайнаб-кўпириб чиқаётган бу илтижо-ю нолам, аламу изтиробим, ўтинчу фарёдларим сенга етиб бордими ёки қоп-қора тун юҳо сингари ютиб юбордими, билмайман.

Билганим шуки, шундан сўнг қора шарпа худди бир ҳамладаёқ ўлжасини мавҳ этишга шайланган қушдек қанотларини кенг ёйиб, ваҳм ва салобат билан сенинг бошинг устида айлана бошлади.

Бу нохуш ва совуқ хабарлар менинг безовта тортган руҳимга ёмон таъсир қилар, юрагимга тиғдек санчилиб, асабларимни қақшатар эди.

Аммо ана шундай умидсиз ва ожиз аҳволга тушиб қолганимга қарамай юрагимнинг туб-тубида мубҳам бир ишонч хира тортиб, милтираб турар, сен ҳамма-ҳаммасига тез ва осонгина қўл силтаб, мени ташлаб кетмаслигингга, қора шарпа ёвуз афсунгар сингари афсун ўқиб, қанчалик уринмасин, бари бир, сенинг қалбингни забт эта олмаслигига, йўлларингни боғлаб, ақлу ҳушингни тилсимлаб ташлашга ожизлик қилишига, бир соадатли кунда сен худди узоқ вақт давом этган уйқудек дафъатан чўчиб уйғонган малика сингари шууринг бирдан ёришиб, буларнинг бари ёлғон ва рўё экани, безовта тортган юрагинг бутунлай бошқа нарсаларни айтиб, ураётгани англаб етишингга ва шунда туйқус мени ёдга олиб, шошиб йўлга тушишингга, узр ва хайрихоҳлик билан тўлин ойдек зиё таратиб, кулбамга кириб келишингга, майин жилмайишинг ва жонбахш шивирлашларинг билан куйиб адо бўлган юрагимга малҳам қўйишингга ишониб турардим.

Ўша пайтда менинг тушкунлик ва умидсизликка тўлган юрагимга фақат ана шу омонатгина ўй ишонч бағишлаб турарди.

* * *

Ўша йил қишни хавотир ва қўрқув ичида беҳаловат ўтказдим. Назаримда, бугун ёки эртага яна қандайдир қўрқинчли воқеа содир бўлади-ю, мен сени бир умрга йўқотиб қўядигандек туюларди.

Бунинг устига ўша кунлари қора шарпа тинимсиз сенинг атрофингда гирдикапалак бўлиб юргани, ҳатто унинг танноз онаси ва синглиси атай шаҳарга келиб, сени кўриб кетишгани, энди баҳорга чиқиб, сизларни унаштириб қўйишлари ҳақида эшитгандим.

Бу хабарлар нечоғлик совуқ ва нохуш бўлмасин мен худди чўкаётган одам хасдан нажот излагандек, ўжарлик билан ўз билганимдан қолмас, қора шарпа қанчалик ялтоқланмасин, дуру гавҳар, тилло-ю кумушларини йўлларингга сочиб, бошингни айлантиришга уринмасин, барибир, ҳеч қачон сенинг қалбингга йўл топа олмаслигига, сен охир-оқибат ҳаммасидан ҳафсаланг пир бўлиб, уни итдек қувиб солишингга ва мени қошингга чорлашингга умид қилиб турардим.

* * *

Шаҳарда баҳорнинг илиқ ва ёқимли нафаси сезилиб қолган, кутилмаганда шитоб билан эсган шамоллар яп-яланғоч дов-дарахтларни туртиб-силкитиб уйқудан уйғотаётган, ариқлар бўйида ва йўл четларида ям-яшил майсалар бўй кўрсатаётган пайтда сен ҳали таътиллар бошланишига анча вақт борлигига қарамай негадир кутилмаганда шошиб қишлоққа жўнаб кетдинг.

Менга айтишдики, қора шарпа ҳам сен билан бирга қишлоққа йўл олган экан. Яна айтишдики, уйингга совчилар келиб, оёқ тираб олишибди, онанг, аканг, хуллас, уйдагиларингнинг барчаси рози, фақат сенинг бир оғизгина “хўп” ёки “йўқ” деган сўзинг қолган экан. Шу боис сен шошиб қишлоққа йўл олибсан, ортингдан ялтоқланиб эргашган қора шарпанинг ҳам раъйидан қайтармабсан.

О, гап топгувчилар яна айтишдики, сен шунга йўл босиб, ҳориб-толиқиб келганингга қарамай қишлоқда бор-йўғи бир оқшом қолибсан, кейин эртаси кун эрталаб яна шаҳарга томон йўлга тушибсан.

О, худо қарғаган ўша оқшом уйингда нималар рўй бергани, тақдирнинг қора қозонида қандай савдолар қайнагани, унинг остига ким жонини жабборга бериб ўт қалагани менга буткул қоронғи эди. Эҳтимол, ўша оқшом уйдагиларнинг сенинг оғзингга маҳтал бўлиб тикилган, онанг эса, қаршингда ўтириб, бу савдо ҳар бир қизнинг бошида бор, тагли-тугли оила экан, қолаверса, йигит ҳам сени яхши таниркан. Совчилар келиб, ҳоли-жонимизга қўймаяпти. Сенинг ўзинг нима дейсан? – дея сўрагандир.

Сен эса, онангнинг сўзларини эшитиб, азбаройи уялганингдан бирдан юзинг қип-қизил тортиб кетган ва сўнг анча пайт сукут сақлаб туриб, бошингни қуйи солганча эшитилар-эшитилмас овозда: - Сизлар нима десангиз шу! – дегандирсан.

О, сенинг ана шу бир оғизгина сўзинг қаттол қисматнинг олмос шамшири янглиғ бир зарб билан ҳамма-ҳаммасини узил-кесил ҳал этган, бирон-бир эътирозу ўтинчга ҳожат қолдирмаганди.

Албатта, буларнинг бари менинг тахмину фаразларим, хаёлимни банд этиб олган шубҳа-гумонлар, аслида эса, ўша кун сен кутилмаганда нега шошиб қишлоққа йўл олганинг ва яна тезда шаҳарга қайтганинг сабабини билмайман. Айни дамда бу мен учун унчалик муҳим ва қизиқ ҳам эмас. Муҳими шундаки, сен ўша кун эрталаб шаҳарга қайтиш учун йўлга чиққансан. Шунда сенга қишлоқ оқсоқолининг кўзи тушиб қолган. Сен уялибгина оқсоқолга салом бергач, у балли, қизим, деган. Сўнг у қаёққа кетаётганингни сўраган. Сен табиийки, шаҳарга, ўқишга бораётганингни айтгансан. Буни эшитиб, оқсоқолнинг ғамгин юзи бирдан ёришиб кетган ва шоша-пиша шундай деган: эй, қизим, сени худонинг ўзи етказди. Нима қилишни билмай бошимиз қотиб турганди. Шаҳарга етиб борган заҳотиёқ уни топиб, айтгинки, зудлик билан йўлга тушсин. Отасининг аҳволи жуда оғир, уч кундан буён йўлга қараганидан жон беролмай аросатда ичида ётибди...

Ўшанда оқсоқолдан бу нохуш хабарни эшитиб, сенинг кўнглингдан нималар кечганини билмайман. Эҳтимол, сен мени ўйлаб, юрагинг эзилиб кетгандир?! Балки менга азбаройи ачинганингдан оқсоқолга шаҳарга етиб борган заҳотиёқ бу хабарни етказишингни айтгандирсан.

Ўшанда оқсоқол елкасидаги оғир юкдан халос бўлгандек, кўнгли хотиржам тортиб, сен билан хайрлашган. Сен эса, ўша кун автобусда саккиз соат-у ўттиз дақиқа йўл босиб, қора шарпа билан бирга шаҳарга кириб келгансан. Аммо сен негадир бу хабарни менга етказишга шошилмагансан. Қора шарпа хонанг остонасигача кузатиб қўйгач, сен йўлда қаттиқ толиққанингдан кўзларинг ўз-ўзидан юмилиб кела бошлаган ва ўзингни тўшакка ташлаб, тош қотиб ухлаб қолгансан.

Эртаси кун эрталаб эса, сен шоша-пиша дорилфунунга, ўқишга боргансан, ҳалиги хабарни менга етказишга яна вақт тополмагансан.

Фақат ўша кун кечга томон мени сени дорилфунунга олиб борадиган торгина йўлакда тасодифан учратиб қолдим. Сен менга кўзинг тушган заҳотиёқ, негадир чўчиб кетгандек бўлдинг, кўзларингни катта-катта очиб, қўрқув билан қарадинг. Сўнг эса, синиқ жилмайиб, шундай дединг:

— Кеча қишлоқдан келгандим. Отангизнинг тоби йўқ экан. Сиз тезда етиб бораркансиз...

Мен бу хабарни эшитиб, бирдан юрагим оғир қалқиб тушди, туйқус кўз ўнгимда кўп йиллардан буён хасталаниб, тўшакдан туролмай ётган отамнинг озиб-тўзиб, қоқсуяк бўлиб қолган қиёфаси пайдо бўлди. Бўғзимга изтиробми, ўкинч қадалди. Ва сенга қарарканман, аламли овозда, нега шуни кеча айтмадингиз, дедим базўр.

Ўшанда сен нималар деганингни ҳозир эслай олмайман, ҳушим ўзимда эмасди, бошим бирдан карахт тортгандек, ҳеч нарсани идрок этмай қўйганди. Сен билан хайрлашишни ҳам унутиб, ижара уйи томон югуриб кетдим.

Ўша пайтда шундай ожиз ва имконсиз аҳволга тушиб қолган эдимки, ҳозир ҳам ўйласам, "дод" деб юборгим келади. Қани энди, қанотим бўлса-ю, отамнинг қошига учиб борсам, унинг бошида ўтириб, ҳеч қурса, азобу оғриқдан қуриб-қақраб ётган лабларига бир қултум сув тутсам... Йўқ, назаримда, қишлоқ шу қадар олис ва узоқда эдики, қанча югуриб-елмай барибир етиб беролмасдим.

Мен ўша кун кечқурун соат ўн бир-у қирқ бешда жўнайдиган поездга чиқиб, қишлоққа йўл олдим. Йўл-йўлакай худога илтижо-ю нола қилиб кетдим: отамнинг жонини олмай тургин, художон?!.

Менинг оҳу нолам, илтижо-ю ўтинчларим худога етиб бормадими, йўлдаги дайди шамоллар тўзғитиб, аллақаёқларга учириб кетдими, билмайман, кечикиб етиб бордим. Отам ўша, сен қишлоқдан йўлга чиққан кун оқшом пайти уч кун аросатда ётиб, жон таслим қилган, эртаси кун қабрга қўйишган экан.

Қишлоқ оқсоқоли мени бағрига босаркан, кеча сен келиб қоласанми, дея кўп йўлга қарадик. Аммо сендан дарак бўлавермагач, ноилож отангни уйига қўйиб келдик, болам, деди. Ўшанда оқсоқол негадир хабар юборгандик, айтишмадими, деб сўрамади, мен буни бошқалардан эшитдим.

Ўша пайтда уйимиз, о, нафақат уйимиз, балки ҳайҳотдек кенг дунё ҳам отамсиз ҳувиллаб қолган, бошимни тошга уриб, қанчалик дод солиб йиғламай бари бир юрагимдаги аламу армон ва изтироб ўти сира босилай демасди.

Қишлоқда бир ҳафта турдим, сўнг яна шаҳарга қайтдим. Ўшанда сен ҳақингда ўйларканман, кўнглимдан илк марта аламли ўйлар кечди: унинг менга қандай қасди бор эди? Нега ўша оқшом шаҳарга етиб келган заҳотиёқ отам касал эканини айтмади? Ё анави қора шарпа уни йўлдан урдими?!

Мен ана шундай аламу изтироб ўтига қовурилган кўйи шаҳарга қайтиб келдим.

Сен эса, орадан бир кун ўтиб, кутилмаганда дугонанг билан бирга кўнгил сўрагани ижара уйимга кириб келдинг.

О, агар билсанг, ўшанда менинг аҳвол-руҳиям, юрагимни ўртаётган аламу ўкинч, дарду изтироб сени юзим қувончдан ёришиб, қарши олишга, ғойибдан келган бу бахтга ишонмагандек довдираганча истиқболингга пешвоз чиқишга сира имкон бермасди.

Ўшанда дугонанг негадир ташқарида қолди, сенинг ёлғиз ўзинг ичкарига кириб, курсига омонатгина ўтирдинг.

— Бундай бўлишини билмагандим. Ўша оқшом...

Аммо сенинг узрхоҳлик билан айтган сўзларинг бўғзингда қолиб кетди, мен қаҳр билан сенга қарарканман, юрагимда кўпчиб ётган аламу изтироб бирдан қайнаб-тошиб юзага чиқди:

— Ўзининг отаси қадрига етмаган одам бошқанинг қадрига етардими?!

Бор-йўқ гап шу. О, мен шафқатсизлик билан айтган сўзлар сени шунчалик титратиб юбордики, бирдан юзинг оқариб, кўзларинг маюс тортиб қолди, назаримда, сен дафъатан мунғайиб, чўкиб қолгандек туюлдинг. Кейин эса, кутилмаганда кўзларингда нафрати ўти чақнади, бир муддат шундай тикилиб турдинг, аммо бирон оғиз сўз қотмадинг, балки шаҳд билан ўрнингдан туриб, отилиб ташқарига чиқиб кетдинг.

Биламан, мен ўшанда ўйловсиз гапларим билан сенинг нозик қалбингга озор етказган, аччиқ, изтиробли ва аламли хотираларни қайта ёдингга солиб қўйгандим. Бир пайтлар амалдор отанг кутилмаганда аллақандай суюқоёқ аёлга илакишиб қолгани, ҳатто уни деб сизларни ташлаб кетгани, кейин орадан бир неча йил ўтгач, абгор аҳволда бошини эгиб қайтиб келгани, аммо онанг уйга киритмагани, бечора бундай хўрликни кўтаролмай ичкиликка берилиб кетгани ва охир-оқибат аллақаерларда ўлим топганини ўшанда сенинг юзингга солганимни, шуни рўкач қилиб, аламдан чиқишга уринганимни ҳозир ҳам ўйласам, худди жирканч ва тубан ишга қўл урган кимсадек, ўз-ўзимдан нафратланиб кетаман, бунинг учун ўзимни ҳеч қачон кечиролмайман.

Ўшанда дарду дунёнг қоп-қоронғи тортиб, йиғлаб-йиғлаб кетдинг. Мен сенинг ортингдан кузатиб чиқолмадим, бунга ўзимда на куч ва на журъат топдим.

* * *

Бундан ҳам ёмони орадан бир ҳафта ўтгач, рўй берди. Ўшанда адашмасам, ҳафтанинг чоршанба куни эди, мен кечга томон дорилфунундан толиққан кўйи ижарага уйига қайтдим. Кўча эшигини очаётиб, алланима “тап” этиб, оёғим остига тушганини кўрдим. Мен ҳайрон бўлиб, қарасам, ерда каттагина кулранг конверт ётган экан. Мен уни дарров қўлимга олиб, сиртига кўз ташладим: ўзимнинг исм-шарифим ёзилган экан. Демак, кимдир мени излаб келган, аммо тополмагач, бу конвертни эшик тирқичига қистириб кетган, деган ўй кечди кўнглимдан.

Мен конвертни кўтариб уйга кирарканман, кўнглимда бу хат кимдан келибдикин, деган қизиқиш тобора ортиб борарди. Шунинг учун уйга кирган заҳотиёқ апил-тапил ҳалиги сирли конвертни очдим: унинг ичидаги тумордек букланган бир талай қоғозларга кўзим тушиб, рости гап, аввалига ҳеч нарсани тушунмадим. Сўнг хаёлим сал ёришиб, туйқус англаб қолдим: бу сенга тўрт йил давомида ёзган хатларим эди...

О, сен бу хатларни худди муқаддас оят битилган тумор янглиғ шунчалик эҳтиёткорлик билан асраб-авайлаб сақлаган эдингки, улар худди ҳозиргина ёзилгандек, бус-бутун, ранги ҳам сарғайиб кетмаган эди.

Мен буткул ўзимни йўқотганча, уй ўртасида ўтириб, хатларга тикиларканман, туйқус ақлдан озиб, савдойи бўлиб қолган кимсадек, қаҳ-қаҳ уриб, кулиб юбордим, кулиб туриб йиғладим, йиғлаб туриб кулдим...

Мен бари бир сенинг ақлли, оқила ва доно, фавқулодда журъатли ва қатъиятли эканлигингни ўйлаб туриб, беихтиёр ҳайратга тушаман. Ўшанда юрагинга қаттиқ озор етган, қадр-қимматинг аёвсиз топталганидан кўзинга дунё қоронғи кўринган, вужудингни алам-у изтироб ўти ёндираётган бўлса-да, сен ўта босиқлик билан иш тутган, ҳақорату дашномларимга айнан шундай жавоб беришни ўзинга эп билмаган, аксинча, узоқ йиллар юрагинг қатида асраб-авайлаб юрган, нажоткор тумордек муқаддас, деб билган хатларимни қайтариб бера туриб, гўёки юзимга бир шапалоқ тортиб юборган эдинг.

Ҳозир ҳам бу ҳақида ўйласам, юрагим худди тўхтаб қолгандек туюлади, сен бу хатлар билан бирга қалбингдан мени ҳам худди эски буюмдек супуриб ташлаган эдинг, энди бунинг ўрнини нафрат ва алам эгаллаб олган эди.

Йўқ, йўқ, сен хатларимни қайтариб бера туриб, қанчалик ожиз, нотавон ва ношуд эканимни, сенинг пок-покиза меҳр-муҳаббатинг, юрагингнинг нозик талпиниши, кўзларинг қувончига арзимаслигимни дафъатан англатиб қўйгандинг.

Бундан ҳам ёмони, кейинчалик ўшанда сен нега шошиб қишлоққа берганингни асл сабабларини билгач, гўё оёғим остидаги ер тескари айланиб кетгандек бўлди, дарду дунём қоп-қоронғи тортиб, ақлдан озишимга бир баҳя қолди.

Ўшанда, ҳақиқатан ҳам, қора шарпанинг отаси устама-уст совчилар юборавериб, уйдагиларингни ҳол-жонига қўймагач, онанг: “қизимнинг ўзи билади, у нима деса, шу бўлади”, деган ва сени зудлик билан қишлоққа чақиртиришган.

Қўни-қўшниларнинг айтишича, ўша оқшом уйингда нақ қиёмат қўпган: сен оқшом совчиларга узил-кесил рад жавобини бериб юборгач, алламаҳалда кутилмаганда, қора шарпанинг отаси, унинг ўзи айтгандек, катта бошини кичик қилиб, салобат билан уйинга кириб келган. Уни кўриб, табиийки, уйдагиларинг бирдан нима қилишни билмай шошиб қолган, ҳатто аканг сенга инжиқлигинг билан шундай катта одамни ҳам безовта қилдинг, дея ўпка-гина қилган.

Қора шарпанинг отаси қилни қирқ ёрадиган қув ва айёр одам эди, у уйдагиларинг билан худди яқин қариндошдек қуюқ сўрашган, ҳатто ўзича алланималар дея ҳазил-ҳузил қилиб, ҳаммани кулдирган.

Кейин эса, сен бир чеккада уялибгина турганинга кўзи тушиб, алоҳида илтифот билан гап бошлаган:

- Қизим ўқишлар билан чарчаб қолмадингизми?! Яхши, ўқиган, билим олган яхши. Хўш, нима десам экан, хуллас, бугундан бошлаб мен сизни ўзимнинг қизим деб биламан. Насиб бўлса, ҳеч нарса зориқмай, ғам-ташвиш нима эканини билмай яшайсиз. Шунча йил йиққан мол-давлатим сизларники бўлади. Шунга нима дейсиз? Уят бўлса ҳам, сизнинг гапингизни ўз қулоғим билан эшитай деб атай келдим...

О, ўша оқшом нафақат қора шарпанинг отаси, балки онанг, аканг ва девор тирқичидан пойлаб турган қўни-қўшнилар ҳам киприк қоқмай сенга маҳтал бўлиб тикилиб қолган.

Сен эса, қисмату аъмолинг ҳал бўлаётган паллада довдираб, ўзингни йўқотиб қўймагансан, балки журъат ва қатъият билан шундай дегансан: — Кўнглимдагини ўғлингизга айтганман. Бошқа гапим йўқ!

Афтидан, сен қора шарпага нима деганингни отаси яхши биларди, шунинг учун у бирдан бўшашиб кетган, сенга авзойи бузилиб қараган. Аммо у гарчи гапи ерда қолган, обрўйи бир пул бўлган эса-да, сир бой бермаган: — Майли, қизим, нима деймиз, зоримиз бор, зўримиз йўқ, - деган ва эшикни жаҳл билан ёпганча ҳовлидан чиқиб кетган.

* * *

Мен йиллар ўтган сайин ўшанда сенинг қалбинга шафқатсизлик билан озор етказганимни, баҳор чечаклари сингари бўй кўрсатаётган орзу-умидинг, қувончу шодлигинг ва меҳр муҳаббатингни топтаб ташлаганимни изтироб билан англаб бораяпман. Йўқ, йўқ, сен узоқ йиллардан буён юрагинг туб-тубида асраб-авайлаб келаётган, ҳатто ўз-ўзингдан ҳам сир тутган бу туйғу охир-оқибат сароб ва рўй бўлиб чиққанидан қанчалик оғир аҳволга тушганингни, қалбинг алам ва изтиробга тўлиб қолганини хаёлимдан ўтказар эканман, мудҳиш хато ва гуноҳ елкамдан босиб тургандек, кўзимга дунё қоп-қоронғи кўриниб кетади.

Сен барибир, масиҳ нафасида ҳам, хизр назарида ҳам баралла бўй кўрсатиб турган ўша муқаддас туйғунинг ўзи каби азиз, мукаррам ва улуғсан. Мен сенга томонга талпина туриб, шундан куч-қудратга тўламан, хато-ю гуноҳ, изтиробу алам ва чексиз оғриқлардан қабариб кетган кўнглим аста-секин покланиб, таскин топаётганини ҳис этаман.

Сен шунчалик қудратли, улуғ ва азизсанки, қаршингда ҳамиша бош эгаман.