АҲМАД АЪЗАМ ИЖОДИНИНГ ЎРГАНИЛИШИГА БИР НАЗАР
Ёзувчи, адабиётшунос, мунаққид ва моҳир таржимон Аҳмад Аъзам 70-йилларда адабиёт майдонига кириб келган авлодлардан биридир. Аҳмад Аъзам ўз даврининг забардаст ёзувчисидир. Ёзувчининг “Соясини йўқотган одам”, “Ойнинг гардиши”, “Минг ўлимдан қолиб”, “Одамнинг оласи” каби ҳикоялари, “Гул кўтариб кетаётган эркак”, “Бир кам дунё”, “Ўзим билан ўзим” каби новеллалари, “Ҳали ҳаёт бор…” “Бу куннинг давоми”, “Асқартоғ томонларда” номли қиссалари, “ Ўзи уйланмаган совчи” ва “ Рўё ёхуд Ғулистонга сафар” номли романлари китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинган. Ёзувчи ижодида ўз “мен” ини англашга интилиш, ўзлигини топишга эҳтиёж, жамият ва инсон муносабатлари каби мавзулар етакчилик қилади. Аҳмад Аъзам ижодида киноя унсурлари ҳам алоҳида ажралиб туради. Хусусан, ёзувчининг “Одамнинг оласи”, “Кичик илмий ходим Ҳамдамов”, “Алмисоқдан қолган Карим”, “Ноинсоф Мусо” ҳикоялари қаҳрамонлари киноявий позицияда тасвирланади. Аҳмад Аъзам ижодига доир кўплаб мақолалар эълон қилинган, шундай бўлсада ёзувчи ижоди кенг монографик планда тадқиқ қилинган эмас. Ёзувчи ижоди турли ракурсларда кузатишлар натижасида мақолаларга мавзу бўлган. Хусусан, М.Шералиева ўзининг “Аҳмад Аъзам ҳикояларида киноя” номли мақоласида ёзувчининг “Одамнинг оласи”, “Ноинсоф Мусо”, “Ойнинг гардиши”, “Кичик илмий ходим Ҳамдамов” номли ҳикояларида киноя ва унинг ёзувчи асарларида ифодаланиш йўсинини тадқиқ қилган. М.Шералиева: “Юқорида кўриб ўтилган ҳикоялар воқелик ва қаҳрамонга муносабат ҳамда сюжет-композицион хусусиятларига кўра ёзувчининг латифанамо типдаги асарлари бўлиб, деярли бир даврда яратилгандир”1 деган хулосага келади. Киноя термини Аҳмад Аъзам ижодида маҳорат билан тасвирланганки, ёзувчи жамиятдаги ноҳақликларга муносабатини асар қаҳрамонлари ва мавзуси орқали киноявий танқид остига олади. Ёзувчи ижодида киноя юқори нуқтага олиб чиқилган ва маҳорат билан тасвирланган.
Маҳоратли адабиётшунос, мунаққид Қозоқбой Йўлдош “Кулгига эш тасвирлар” номли мақоласида ёзувчининг “Ўзи уйланмаган совчи” романи ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини келтириб ўтиш билан бир қаторда, асарнинг бадиий таҳлил ва ўзига хос пафосини ҳам қаламга олади. Ушбу асар одамлар ва ижтимоий қатламлараро муносабатларга синфий ёндашувдан қутулинган бугунги ўзбек адабиётида фош қилгувчи эмас, балки соф, умидбахш кулгига табиий эҳтиёжнинг маҳсули ўлароқ юзага келган асар дейиш мумкин. Адабиётшунос Қ. Йўлдош: “Ушбу асарнинг бош хусусияти ўзбек таянадиган маънавий ойинларнинг қадимийлиги ҳамда глобаллашув туфайли халқнинг бугунги турмуш йўсинига шиддат билан кириб келаётган янги тутумлар ўртасидаги номувофиқлик ва ўзгачаликлардан туғилаётган кулгили ҳолатларни акс эттиришдан иборат”2 дея асарнинг моҳияти ва ёзувчининг мақсадини ифода этади. Романда Султон, Дилором, Нозим, Саодат, Ориф, Давлат каби образлар, уларнинг ҳаёт тарзи асарда бир-бирига боғлиқ ҳолда тасвирланади. Асарда муаллиф персонажларнинг бирор хатти-ҳаракати, ўйини назардан қочирмайди, барча тимсолларнинг ҳамма жиҳатини ҳисобга олади. Адабиётшунос Қ.Йўлдош ушбу асарни “Ҳеч ким ва ҳеч нима фош этилмаган, инкор қилинмаган, балки хилма-хил, бир-бирига ўхшамайдиган, айни вақтда бир-бирига жуда ўхшаш одамларнинг ички дунёси кўрсатилган бу кинороман адабиётимиздаги ўзига хос эстетик ҳодисадир” дея баҳолайди.
Ёзувчи Назар Эшонқул “Ўзига ўзига гапираётган одам” номли мақоласида Аҳмад Аъзамнинг “Ватан ҳақида ёзолмаган шеърим”, “Ўзим билан ўзим”, “Одамовига уч ёқлама қараш” новеллаларини, “Ноинсоф Мусо”, “Кичик илмий ходим Ҳамдамов” ҳикояларини таҳлилга тортади. Назар Эшонқул: “Бу новеллаларда “мен” дан бошқа қаҳрамон йўқ: ижобий ҳам, салбий ҳам, жабрловчи ҳам, жабрланувчи ҳам, эзувчи ҳам, эзилувчи ҳам, ҳукмга мустаҳиқ ҳам, ҳукм этувчи ҳам ана шу “мен” нинг ўзи, яъни ўзи билан ўзи гаплашаётган одам”3дея ёзувчининг ижодий позициясини белгилаб беради. Умуман олганда, Аҳмад Аъзам ижодида ўзи билан ўзи гаплашаётган одам образи алоҳида моҳият касб этади. Инсон фикрлай бошлар экан, ўз “мен” ини топишга интилади. Фикр қилиш уйғонишнинг бошланиши, уйғонишнинг ўзидир. Ёзувчи ижодининг кейинги даврида яратилган асарларда бу хусусиятлар яққол кўзга ташланади.
Рустам Маннопов “Асқартоғ чўққисига йўл” номли мақоласида ёзувчининг шу номли қиссасини таҳлилга тортади. Асарнинг бош қаҳрамони Маҳди Ашрапов бўлиб, у Баҳри Муҳитга кетишга интилувчи, қалбидаги фикрлар зиддияти шиддатли тарзда кечган ҳолда тасвирланган образ. Қиссада Исрофил ака, Шоди ака каби образлар,Тангир, Ҳасанбой, Суюн, Ҳақберди образлар асар композицион қурилишида етакчи аҳамият касб этади. Асар бош қаҳрамони Маҳди Ашрапов атрофида кечаётган ҳар бир ҳодиса ва инсонлар руҳиятини тафтиш қилишга, фикр қилишга интилувчи инсон. Қиссадаги инсонлар тақдири турфа хил ракурсларда тафтиш қилиш орқали, инсоннинг мураккаб қиёфаси кўрсатиб берилади. Ушбу қисса инсоннинг кўнгил кечинмаларига интилиш, инсон руҳияти қирраларини ёритиш, инсоннинг мураккаб ижтимоий ва руҳий қиёфасини яратиш жиҳатидан алоҳида ажралиб туради. Зеро, адабиётшунос Р.Маннопов таъкидлаганидек, “Шундай асарлар бўладики, йиллар ўтган сайин қадри ошиб бораверади.Йиллар ўтган сайин ўзинг учунулардан куч-қувват,завқ-шавқ олаверасан.Асар қаҳрамонлари билан узоқ йиллар ҳамдард бўлиб яшайсан”4. Ёзувчи Аҳмад Аъзамнинг ушбу қиссаси ҳам худди шундай асарлардан бири сифатида инсон кўнглининг энг нозик ўй-кечинмалари, инсон руҳий оламининг турли мураккаб қирраларини ёритилганлиги билан ажралиб туради.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Аҳмад Аъзам ижоди, унинг ўзига хос маҳорати кўплаб адабиётшунослар томонидан таҳлилга тортилган. Адиб ижодида ўзликни англашга интилиш, инсон қалб кечинмалари тараннуми, жамиятдаги иллатларни кулгига олишда киноядан унумли фойдаланиш, инсонлар, турфа тақдирлар ўртасидаги муносабатлар қаламга олинган. Ёзувчи ижодида инсонни ўз ўзини тафтиш қилишга интилиш, ўз ўзи билан суҳбат қураётган инсон образига кўп мурожаат этилади. Ушбу мақоламиз орқали ёзучи ижодининг турли қирралари мақолаларда таҳлилга тортилганлиганлигига эътибор қаратишга ҳаракат қилдик. Ёзувчи қаламга олган мавзулар ўз даври, нафақат ўз даври, балки бугунги кун учун ҳам долзарблигини йўқотмаганлиги жиҳатидан алоҳида аҳамият касб этади.