Шукур акани эслаб . Шодиқул Ҳамро
Дунёда адабиётдаги реализм билан ўтган асрда бизнинг адабиётимиздаги реализм ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Дунё адабиётида бугунги кунда ҳам айнан реалистик руҳда кўплаб асарлар ёзилмоқда ва улар китобхонлар томонидан севиб ўқилмоқда.
Аммо бизнинг миллий адабиётда ўтган асрда “социалистик реализм руҳи”да яратилган асарларнинг бугунги кунда номини ҳам эслолмаймиз.
Бу ҳақида ҳозир батафсил тўхталиш ниятим йўқ, эҳтимол, мавриди келганда, фикрларимни айтарман.
Ҳозир буларни қайд этишдан мақсадим шуки, ўша даврда Шукур Холмирзаев ўзининг бетакрор ижоди билан реализм ҳақидаги ана шундай сохта қараш ва тушунчаларни бузиб ташлади, ўзининг асарлари билан миллий адабиётимизни қайсидир маънода дунё адабиётига яқинлаштирди.
Мен Шукур ака билан жуда кўп марта ҳамсуҳбат бўлганман, ўртамизда кечган адабиёт, ижод, ёзувчи шахси каби мавзулардаги қизғин баҳс-мунозараларни бугун ҳам эслаб, юрагим орзиқиб кетади.
Шукур ака бағрикенг инсон эди, ўша пайтда бизнинг адабиёт ва ижод тўғрисида ҳали тугал шаклланмаган фикру мулоҳазаларимиз, ҳавойироқ қарашларимизни ҳамиша диққат билан эшитар, баъзан мулоҳазаларимиз маъқул тушса, “ўлманг, оғажон” дея мақтаб қўяр, ғўр қарашларимиз ёқмаса ҳам асло кескин фикр билдирмас, аксинча, ўта нозиклик билан кўнглимизга тегмайдиган тарзда эътирозини айтарди.
Адашмасам, ўтган асрнинг 90-йиллари эди, ўша пайтда нашр этилган “Ёзувчи” газетасида Шукур ака билан суҳбат уюштирадиган бўлдик. Бу ташаббус мендан чиқди ва мен Шукур акага шундай таклиф айтдим: Сиз менинг саволларимга тегмайсиз, қандай савол берсам, шунга жавоб берасиз, мен эса, сизнинг саволларингизга тегмайман”.
Мен Шукур акага бу фикрларим ёқмаса керак, дея чўчиган эдим. Аммо Шукур акага кутилмаганда, бу таклифим ёқиб тушди:
“Келишдик, оғажон!” деди мамнун жилмайиб.
“Адабиёт, адабиёт, адабиёт...” деб номланган суҳбат ана шундай “келишув” натижасида ёзилган ва газетада чоп этилгач, анча “шов-шув” бўлганди.
Шукур ака ҳақида ўйлаганимда, нафақат адабиётимизда ўзига хос мактаб яратган ёзувчи, балки ижодга меҳру садоқати бениҳоя баланд, мард ва танти, бир сўзли инсоннинг қиёфаси кўз ўнгимда гавдаланади.
Шукур ака ҳар доим ижодга ниҳоятда жиддий муносабатда бўлар, ижод қилаётган пайтда ҳеч қачон интизомни бузмас, аксинча, ҳамма-ҳамма нарсани унутиб, бутун вужуди билан берилар, икки-уч кунлаб уйдан чиқмай машинкасини “чиқиллатар”ди.
Шукур ака бирон бир асарини ёзиб тугатса, ёзганларидан кўнгли тўлса, ёш боладек қувонгани, мамнун тортганича ишхонамизга кириб келг\занига кўп марта гувоҳ бўлганман. Шукур акани мол-дунё, мукофоту унвон, мақтову олқишлар ҳам ўзи яратган асарчалик ҳеч қачон қувонтирмаган.
Шукур аканинг Дўрмонда ўзи яратган мўъжаз боғи бор эди. Эрта баҳордан шу боққа кўчиб бориш тараддудига тушар, сўнг то кеч кузгача ўша ерда қолиб кетарди. Бир куни Дўрмонга йўлим тушиб қолди. Шукур ака боғида экан. Мени кўриб, хурсанд бўп кетди.
— Келганингиз яхши бўлди, ўзим сизни излаётгандим, оғажон, — деди.
— Ҳа, Шукур ака, тинчликками? — дедим.
— Тинчлик-тинчлик, яхши хабар бор, — деди сирли жилмайиб.
Шукур аканинг айтишича, ёнидаги қўшниси, ижодкорлардан бири олти сотих ерини сотмоқчи экан. Шукур ака менга шу ерни сиз сотиб олсангиз, яхши бўларди, ўзим сизга боғ қилиб бераман, деб қолди.
Буни эшитиб, ич-ичимдан қувониб кетдим. Ахир, кимсан, Шукур акадек буюк ёзувчи мени кўнгилга яқин олиб, ер сотиб олишимни истаётгани, тағин денг, ўзи боғ яратиб беришни ният қилганини эшитиб, қувонмай бўладими?! Аммо ўшанда рости гап, каттагина маблағ эвазига ер сотиб олишга имконим йўқ эди...
Қисқаси, Шукур ака билан боғлиқ шундай ёруғ, ҳар гал эслаганда кўнглим орзиқадиган хотиралар жуда кўп. Насиб этса, бу хотираларни ҳали ёзаман.