АҲМАД АЪЗАМ - 75. Норқобил Жалилов
Таниқли адиб, муросасиз адабиётшунос, феномен тележурналист ва...яна ўнлаб ноёб инсоний фазилатларга эга Аҳмад Аъзам 65 ёшида, яъни 2014 йил 4 январда дунёдан ўтган эди.
Вақтни қарангки, ўн йил ҳам шамолдай ўтиб кетибди. Аҳмад ака билан саккиз йилча Ўзбекистон телевидениесининг "Маънавият" таҳририятида бирга ишлаш насиб этди. Аслида 1997 йили "Халқ сўзи"да ишлаб юрган маҳалим Туркистон (кейин Марказий Осиё деб номланди) халқлари ассамблеясининг Қирғизистонда ўтказилган тадбири баҳонасида яқиндан танишиб қолган эдик. Бишкекдан бир дунё таассуротлар билан қайтиб келаётганимизда "Норқобил, бизга ўтмайсизми, бир ўйлаб кўринг" деди бир оғиз. Орадан икки ойча ўтгач, твга ўтиб кетдим...
Аҳмад Аъзам билан боғлиқ хотираларим бир сандиққа жой бўлади. Уларни ёзиш осон эмас. Айниқса мусофир шаҳарда ўзингга туғишган акангдай меҳрибон, исталган маҳалинг елкангга қўлини қўймоққа тайёр инсондан кўрган яхшиликларни унутиб бўлармиди?
Хуллас, бугун жондай жигарим, устозим Аҳмад Аъзам билан боғлиқ иккита ҳаётий воқеани сизларга ҳавола қиляпман.
....1997 йил март. Тарихий сафар хотираларимда табаррук номлари тилга олинган Чингиз Айтматов, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Тўлапберген оға, Йўлдош Сулаймон, Аҳмад Аъзам каби улуғ зотлар орамизда йўқ. Энди, биз — уларнинг ортида қолган шогирдлари, ўқувчилари кўнглида ёруғ хотиралар яшайверади.
Аҳмад АЪЗАМ:
ПОШШОЛАРНИ ТУЗАТМАЙДИЛАР!
...Бишкек. Қирғизистон Президенти Асқар Акаев қабулидамиз. Тўрда Президент. Икки ёнда Чингиз оға ва маслаҳатчилардан бири. Кейин делегация аъзолари. Акаев конференциянинг аҳамияти ва нуфузи ҳақида бир оз гапиргач, ўзбекистонлик адибларга қарата, ўзбек халқининг бой ўтмиши ва адабиёти хусусида атрофлича тўхталди. “Ёшлик маҳалларимда “Улуғбек хазинаси” романини ўқиганман, жудаям ажойиб, сермазмун ва катта тарбиявий аҳамиятга эга асар”, деди Пиримқул акага юзланиб. “Айниқса, Бобур ҳақида ниҳоятда зўр роман ёзгансиз, ҳалигача мени ҳайратга солади”, дея Одил Ёқубовга қараб сўзлай кетди. Бир маҳал, биз билан қуйироқда ўтирган Йўлдош Сулаймон секин турмоққа чоғланиб, безовталана бошлади. Ҳатто сўзлаб турган Акаев томонга қараб, қўл кўтариб ҳам қўйди. Мен ҳайрон бўлиб у кишига қарадим. Йўлдош аканинг ёнида ўтирган Аҳмад Аъзам секин унинг тиззасига қаттиқ туртиб, қулоғига нимадир деб шивирлади...
Ниҳоят, қабул маросими тугаб, ҳаммамиз ташқарига чиқдик. Аҳмад ака билан гаплашиб турсак, бир маҳал Йўлдош ака ҳовлиқиб келиб қолди ва, “Э, Аҳмаджон, отангизга раҳмат-е, сизнинг, мени бир шармандаликдан қутқардингиз-да” деб қучоқлай кетди. Мен Президент ҳузурида бўлиб ўтган ноқулай вазиятни озгина англаган бўлсам-да, лекин Аҳмад аканинг ўша лаҳзада Йўлдош акага нима деб шивирлагани қизиқ эди. Болалардай беғубор қалби билан кўпчиликнинг меҳрини қозона олган соддадил Йўлдош Сулаймонни ўша тобда Президент Асқар Акаевнинг Одил Ёқубов билан Пиримқул Қодировларни янгилишиб, адаштириб қўйгани ажаблантирган бўлса-да, лекин, дунё кўрган, босиқ, мулоҳазали Аҳмад Аъзамнинг донолик билан,“Йўлдош ака, пошшоларни тузатмайдилар!” деган бир оғиз гапи ҳалигача мени ҳайратга солади...
***
ТЕЛЕВИДЕНИЕ ТЕГИРМОНИДА...
Бу тегирмондан бутун чиқиш ҳар кимгаям насиб этавермайди. Қанчадан қанча иқтидор соҳибларининг тақдир-қисматлари ана шу даргоҳда кечди. Лекин улар орасида бармоқ билан санарли инсонларгагина эсон-омон баракали ижод билан шуғулланиш насиб этди. Аксарияти тирикчилик ташвишлари, турли хил бўҳтон ва ғийбатларга кўмилиб, руҳан синиб, бор умрини ҳам бой берди.
Ойнаи жаҳонда ишлаган сал кам ўн йил (1998-2007)имнинг ўзи бир китоб. Кўпам кам бўлмаган бу муддат оралиғида қандай даҳшатли “ўйин”ларни кўрдим.
“АРИЗАНИ НОРҚОБИЛ ЭМАС, МЕН ЁЗАМАН!”
Бир умр ҳалол яшаб, баракали ижод қилган Аҳмад Аъзамнинг ана шу сўзлари ҳамон қулоғим остида жаранглайди.
Эсимда: Аҳмад ака ўшанда “Ўзбекистон” телевидениесида бош директор эди. Назар Эшонқул, Нодир Жонузоқ, Ориф Тўхташ, Гулмира Мусажонова, хуллас, бир гуруҳ ижодкорларни тиндирмай мавзу бериб кўрсатув тайёрлашга даъват қиларди.
2002 йил бекободлик бир кекса аёл ҳақида “Қариси бор уй” кўрсатувини тайёрлаган эдим. Орадан кўп вақт ўтмай, ўша кампирнинг устидан шикоят хати келди. “Яхшилик”нинг биринчи сонини минг азоб билан студияда ёзганмиз. Биринчи катта мустақил ишим шу эди. Кўрсатув эфирга шов-шув бўлиб кетди. Яхши баҳо олди.
Орадан икки кун ўтгач, Аҳмад ака мени қабулига чақирди. Қарасам, кайфияти йўқ. “Норқобил, манави хатни ўқинг, шу оилани қачондан бери танирдингиз, сизга ишонаман, лекин буёғига эҳтиёт бўлинг, эртага режимга чақиришади сизни, бор гапни ёзиб беринг” деди-да, чиқаётганимда “Биламан, кимларгадир ёқмаяпсизлар, фақат руҳни туширманг” деб қўйди...
Эртаси куни бошланди ҳамма алғов-далғов. Одамлар орасида миш-миш, Норқобилни устидан ёзибди, энди текшираркан, хуллас, биринчи қаватга чақиртиришди. Тушдим, сезиб турибман, енгил саволлар беришмайди. Бор ҳақиқатни ёзиб бердим ва “Иложи бўлса, комиссия тузинглар, ўша кўрсатувни кўришсин, агар сохта маълумотлар бўлса, марҳамат, жазолашсин” дедим. Икки кундан кейин “Маънавият” редакциясида катта йиғилиш бўлди, Аҳмад аканинг ўзи чиқиб мажлисни бошқарди. Умумий мажлис қарори билан бир овоздан менга ҳайфсан эълон қилиб, бўлим мудирлигидан катта муҳаррирликка туширишди. Йиғилиш тугаётган пайтда таниқли журналист Камол Матёқубов сўз сўради: “Оғайнилар, шахсан мен бугунги ҳолатни кўриб, энди кўрсатув тайёрлашгаям қўрқиб қолдим. Энди ким ҳақида бирор нарса тайёрласак, ўшаларнинг етти уруғ-аймоғини суриштиришимиз керакми? Бундай кўргулик бизниям бошимизга тушиши мумкин, нима қиламиз энди? Бир хатни деб яхши ижодкорни синдиришимиз керакми? Мен қаршиман!”
Ҳамма жим бўлди. Охирги сўзни Аҳмад ака айтди: “Йўқ, сизлар ҳеч қандай хавотирга тушманглар, Норқобилни қандай ҳимоя қилишни ўзимиз биламиз, лекин шунгача нимадир деб қоғозда бўлсаям расмийлаштириш керак экан, шуни бажардик”...
Орадан бир ҳафта вақт ўтди. “Яхшилик”нинг 2-3-сонларини тайёрлаётгандик. Бир куни кеч соат еттиларда Аҳмад ака яна чақириб қолди. Қабулхонада турган эдим. Навбатчи қаергадир чиққан экан. Бир пайт ичкаридан қаттиқ овоз эшитилди: ”Нима, бекорларни айтибсиз, тушундингизми, жиноят қилган бўлса исботланглар, бир ифлоснинг хатини пеш қилиб, мен уни ишдан ололмайман!”
Ичкарига киришимни ҳам, кирмаслигимни ҳам билмай қолдим. Остонада турибману, Аҳмад аканинг бақириғи тўхтамасди: “Йўқ, ўша раисингизга айтинг, Норқобил эмас, керак бўлса мен биринчи бўлиб аризани ёзаман, битта ижодкорни тарбиялаш учун ўн-ўн беш йил вақт кетади, бу болалар осмондан тап-тайёр журналист бўлиб тушгани йўқ, тушундингизми?!”
Телефондаги бақир-чақир тўхтагач, эшикни секин тақиллатиб кириб бордим. Аҳмад ака ниҳоятда асабий ҳолатда эди. Қўлига дори олиб, сув билан ичди-да, “Шулар телевидение, журналистикани хароб қилди, фақат Абдулла Ориф башорат қилганидай, хато қилишимизни кутади, пойлайди, баҳона керак, исталган ижодкорга тупуриб қўйибди аблаҳлар, майли, сиз хафа бўлманг, кечаги мажлис қарори ёқмапти анавига. Ишдан кетсин деяпти, шунга асабим қўзиди” деб изоҳ берди.
Мен ҳам ўзимни тутиб туролмадим: “Аҳмад ака, сизга мингдан минг раҳмат, лекин мени деб умуман сиқилманг, асабни бузманг, арзимайди, майли, ҳозир ариза ёзиб бераман!”.
Аҳмад ака сал ҳовуридан тушиб, “Шошилманг, жўра, эртага гаплашамиз, сиз “Яхшилик”ни кучайтиринг, ҳали бўш” деб кузатиб қўйди...
Орадан бир ойча вақт ўтди. Бир куни Аҳмад ака чақиртириб қолди. Борсам, қўлида битта хат. “Манг, манавини ўқинг, энди сизни ёмонлаган одам мақтаб ёзибди” деса бўладими.
Энг даҳшатлиси, туҳмат хати ёзган кимсанинг тақдири яхшилик билан тугамабди. Ҳалиги 77 ёшли кампирнинг ўғли айтиб берди: “У БМТгача хат ёзди, ука, лекин ҳеч нарса исботланмади. Уям бегона эмас, онамнинг туғишган жияни эди. Ўтган ҳафта Бекободдаги уйига қўшилиб, ўзиям ёниб кетибди, жанозага бориб келдим” деди...
Устоз ана шундай ҳалол инсон эди. Керак жойда ҳимоя ҳам қилар эди, керак жойда принципиал раҳбар сифатида қаттиққўллик билан жазолар ҳам эди.
Оллоҳ ул зотни ўз раҳматига олсин!