Аброр ХОН. Эронда нима гаплар?
Сўнгги икки ҳафта ичида Эрон ташқи сиёсатда фаолликни анча оширди. Бугун эса бу давлатга кўз тегди, дейиш ҳам мумкин. АҚШ билан ядро бўйича музокара узил-кесил ҳал бўлмай туриб, Самарқандда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига тўлақонли аъзолик бўйича дадил қадам ташланди. Кетидан Нью-Йоркка етиб борган Президент Иброҳим Раисий БМТ Бош Ассамблеяси 77-сессиясида нутқ сўзлади, Антониу Гутерриш ва Эммануэль Макрон билан музокара ўтказди.
Американинг “EurasiaNet” нашри Озарбайжон-Арманистон чегарасида вазият кескинлашгач, кутилмаганда Озарбайжон ва Эрон ўртасида ахборот уруши бошланиб кетганини ёзди. Бу Бокунинг Зангезур (Арманистоннинг Сюник вилоятидан Озарбайжоннинг Нахичевань анклавига олиб борадиган) йўлагини қуриш ғояси билан боғлиқ. Эронда агар Ереван Бокунинг истагини қондирмаса, Арманистон бу ҳудудидан ажралиб қолиши мумкин, деган ваҳимачилар топилиб қолди.
Эронлик экспертлар мазкур кескинлашувдан АҚШ ва Исроил манфаатдор, деб билишади. Шунинг учун номаълум кучлар Эрон Озарбайжонни сиёсий тўқнашувга тайёрламоқда, деган тахминларни илгари суриш билан овора.
Кутилмаганда воқеалар бошқа сценарий асосида ривож топди. Теҳронда курд миллатига мансуб 22 ёшли Махси Аминий полиция томонидан ушланиши ва унинг сирли равишда ўлими юз берди. Натижада аввалига мамлакатнинг курдлар кўп яшайдиган вилоятларида, кейин бутун мамлакат бўйлаб қаттиқ диний қонунлар ва руҳонийлар ҳукмронлигига қарши норозилик намойишлари бошланиб кетди.
Аслини олганда, Эронда намойиш бўлиб туриши янгилик эмас. Кейинги йилларда тартибсизликларнинг аксарияти иқтисодий мушкулликлар сабабли ташкил этилмоқда. 83 ёшли олий етакчи Оятилло Али Ҳумайнийнинг соғлиғи анча ёмонлашаётгани тўғрисида гап-сўз урчиб, ворис ким бўлиши ҳақида тортишув бошлаб юборилди.
Шундан кейин америкалик амалдорлар ва европалик сиёсатчилар Эронда инсон ҳуқуқи топталмоқда, мамлакатда сиёсий вазият беқарор бўлиб турибди, деган шов-шувга берилишди.
“The New York Times”га кўра, курд муаммоси Эрон мухолифати ва ғарб оммавий ахборот воситалари томонидан кенг ёритилмоқда.
Аминий билан боғлиқ инқироз Эрондаги ҳозирча бизга маълум бўлмаган қандайдир мавҳум сабабларга асосланиши мумкин. Ғарб ва Исроилнинг қўллаб-қувватлаши билан кўплаб курдлар, террор гуруҳлари Теҳроннинг ташқи сиёсатдаги муваффақиятини кўролмай, қарши “кураш”ни бошлаб юборган бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.
Европа учун бу йил қиш оғир келиши аниқ кўриниб қолди. Энди қитъага Россиянинг ўрнини тўлдирадиган Яқин Шарқ гази сув билан ҳаводек зарур. Бунинг учун Эрон билан музокара олиб бориш керак-ки, бу давлатни АҚШга қарши даъво қилишдан қайтариш лозим.
Бунинг оқибатида Эроннинг ўзида либераллар ва консерваторлар ўртасида манфаатлар тўқнашуви такрорланиши мумкин.
Аминийни қамоққа олган маънавий полиция бошлиғи ишдан ҳайдалди. Ҳазилми, икки ҳафтада қирқдан зиёд одам вафот этди. Бинобарин, бу чора норозилик шиддатини совутишга ёрдам берадими, йўқми, буни вақт кўрсатади...