May 24, 2025

Аброр ХОН. Умид учқунлари...

Жумадан жумагача

25.11.2022 йил


Биньямин Нетаньяху бош бўлган “Ликуд” партияси ноябрдаги парламент сайловида ғолиб чиқиб, коалицион ҳукуматни бошқаришга тайёргарлик кўрмоқда. Исроил ва араб матбуоти, қолаверса, экспертлар баҳосига кўра, янги-эски ҳукумат Фаластинга нисбатан кескин сиёсат олиб борилиши тахмин қилинмоқда. Автономия етакчилари эса Нетаньяхунинг ҳокимиятга қайтиши минтақадаги низони кучайтиради, деган тахминда.
Бу можарони ҳал этиш учун турли ташаббуслар ўйлаб топилди. Таклифларни можарочи томонлардан бири ёки иккаласи ҳам қабул қилмаган ҳолатлар бўлган. Воситачилар гоҳ “бир томонга оғиб” келишув-ярашув сиёсатини ўтказишга ҳаракат қилишди. Дональд Трамп Исроил талабларини ҳисобга олиб, Фаластин томонини эшитмай, ўз тинчлик ташаббусини ишлаб чиқди. Натижада ҳаммаси яна қоғозда қолиб кетди.
Аксарият таҳлилчилар Нетаньяхунинг қайтиши очиқчасига Фаластин инқирозига олиб келишини айтмоқда.
Фаластин етакчиси Маҳмуд Аббос дангал гапириб қўя қолди: “Нетаньяхуни 90-йиллар (ўтган асрнинг - таҳририят)дан бери биламан, ҳукуматни бир неча марта бошқарди, у билан тинчликка эришиб бўлмайди. Менда мулоқотга киришмасликдан бошқа йўл йўқ”.
Бинобарин, бу йил биринчи марта Фаластин-Исроил можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш истиқболи пайдо бўлди.
Биринчидан, кўп йиллик тортишувдан кейин октябрь ойида Исроил ва Ливан ўртасида чегараларни демаркация қилиш тўғрисида битимга келишилди. Бу тарихий факт билан 1947 йилдан бери чўзилиб келаётган икки давлат ўртасидаги низо ҳал қилинди. Икки томон бир-бирининг ҳуқуқини тан олиб, дипломатик муносабат ўрнатиш учун имконият яратди. Бу тажриба Фаластин-Исроил демаркация ишида қўл келиши мумкин.
Иккинчидан, октябрь ойи охирида Жазоирда барча фаластинлик кучлар - Ғазо секторидаги ҳукмрон ХАМАС ва Фаластин автономияси ҳукумати бошидаги ФАТХ партияси иштирокида саммит ўтказилди. Учрашув иштирокчилари Ғазода ҳам, Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида ҳам ягона президент ва ҳукуматни шакллантириш учун умумий сайлов ўтказишни назарда тутувчи “Жазоир декларацияси”ни қабул қилдилар.
Мазкур битимнинг амалга ошиши Фаластинга барча ташқи ёрдамни ўзида жамлай оладиган ва Исроил билан музокарада тенг ҳуқуқли иштирокчи бўлишга ҳаракат қиладиган ягона сиёсий кучни шакллантириш имконини беради.
Экспертлар сўнгги вазиятни ҳисобга олиб, Фаластин тинчликка эришишга ҳар қачонгидан ҳам яқин келди, демоқда. Бошқа томондан минтақа ҳамон жиддий зиддият ёқасида...
Вазиятни назоратга олиш керак, дейишмоқда таҳлилчилар. Янги “воситачи кучлар” чиқиб қолмасдан, Исроил билан шериклик ва дипломатик алоқага эга араб давлатлари - Бирлашган Араб Амирликлари, Иордания, Миср ва Баҳрайн имкониятидан фойдаланиш лозим...

Аброр Ғуломов,
ЎзА сиёсий шарҳловчиси