«Фикрлашдан тўхташ — фожеа!»
Таниқли ёзувчи Шодиқул Ҳамро 1964 йилда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида туғилган. Тошкент давлат университетининг журналистика факултетини тугатган. Унинг «Суратдаги аёл», «Қора кун», «Карвон қўнғироғи», «Қақнус қанотидаги умр» каби ҳикоя ва қиссалари нашр этилган. 2019 йилда «Муаззам» қиссаси энг яхши қиссалардан бири сифатида эътироф қилинган.
- 1999-йилда «Ҳуррият» газетаси ўтказган сўровномада ХХ аср ва ХХI асрнинг энг яхши асарлари рўйхати берилган эди. «Ўтган кунлар»дан бошланган ушбу рўйхатга «Қора кун» қиссаси ҳам киритилган эди. Унинг яратилиши тарихи ҳақида айтиб берсангиз.
- Ҳақиқатдан ҳам, 1999 йилда «Ҳуррият» газетасида шундай сўровнома ўтказилган эди. Таниқли адабиётшунос Норбой Худойбергановнинг ушбу асарни ХХ асрнинг энг яхши қиссаларидан бири сифатида эътироф этганидан ҳайрон қолганман.
Бу қисса талабалик пайти ёзилган. Қисса эътиқод ҳақида. Инсон эътиқодсиз яшолмайди. Ундаги тобут эпизоди рамзий маънога эга. Тобут инсонларни худо билан боғлаб турувчи кўприк. Агар одамлар гуноҳга ботса, худо ўзига борадиган йўлни ёпиб қўяди. Худо назаридан қолган қавм эса, тобутсиз қолади. Асарда ана шу фожеани кўрсатишга ҳаракат қилинган. Қиссадаги воқеаларнинг кўпи ҳаётда содир бўлган. Собиқ Шўро пайтидаги очарчиликлар туфайли қирғин бўлган ғояларни бадиий акс эттиришга уринганман. Асар экспремент тарзда ёзилган. Нашр қилинган пайтда анча баҳс-мунозараларга сабаб бўлган. Кўплар тушунмаган. Айрим кишилар уни нотўғри талқин қилишган. Катта адиблардан бири “Наҳотки, ўзбеклар ҳам тобут ўғирласа?”, деган “айб” ҳам қўйган. Ҳолбуки, қиссада тобутни ким ўғирлагани айтилмаган. Аслида унда одамларни эътиқодга ундашдек эзгу мақсад мужассам. Шу маънода тобут бадиий талқиндаги рамзий тимсолдир.
Очиғини айтганда, ижодкорга ўзининг асари ҳақида гапириш ноқулайлик туғдиради. Назаримда, буни бошқалар бажаргани маъқул. Чунки асарнинг дунёга келгандан кейинги тақдири ижодкорга боғлиқ эмас. У ўз ҳаётини яшай бошлайди ва уни ҳар ким ҳар хил тушунади. Бошқача айтганда, баҳолаш ҳамиша нисбий. У ўқувчининг ихтиёридаги иш.
- «Қора кун» қиссаси жинни қизнинг қора шарпадан фарзанд кутаётгани айтилган. Мана шу детални киритишдан мақсад нима бўлган? Нимага ишора бергансиз?
- Бу саволга қиссадан битта эпизодни ажратиб олиб жавоб бериш қийинроқ, чунки бу ерда умумий ғоя ҳақида гап кетмоқда. Масалан, ўша қишлоқдан тобут йўқолди. Хўш, у нимага йўқолди? Жинни қизга қора шарпа тегиниб қўйгани, гуноҳга ботгани, болаларнинг ёвуз қилмиши, сомсапазнинг ишлари — булар бир йўналишдаги воқеалар. Ундаги қора шарпа асли ақли ноқис қизнинг тоғаси. Шунчалик ёвузлашиб кетган маълун тоға ўзининг жиянига нисбатан қабиҳ муносабатда бўлган. Мана шундай гуноҳлар эвазига қишлоқда тобут йўқолади. Тобут — Худога борадиган йўл. Одамлар гуноҳга ботгандан кейин Худо ўзига келадиган йўлни беркитиб қўйди. Бошқача айтганда, тобутни олиб қўйди. Қиссадаги бу эпизод одамларнинг гуноҳини кўрсатишга хизмат қилган.
- «Суратдаги аёл» қиссасининг яратилишига нима сабаб бўлган? Назаримда, унда ўзлигини йўқотмаган аёл тимсоли акс эттирилган. Бу суратни йиртиш жараёнида айниқса, яққол сезилади. Бу борада қандай фикрдасиз?
— «Суратдаги аёл» ўтган асрнинг 90-йилларида ёзилган. Унда бир бахтсиз аёлнинг қисмати рамзий акс эттирилган. У оилада бахт топмаган. Уни тўғридан-тўғри бахтсиз аёл деб ёзиш ўта бир жўн нарса бўлиб қолиши мумкин эди. Шу боис суратдаги эпизоддан фойдаланганман. Ҳақиқатдан ҳам, аёл ўзлигини йўқотмаган. Унинг яшашга иштиёқи баланд. Лекин оилада бахт йўқ. У оиласини ташлаб ҳам кетолмайди, шу билан бирга оиласи билан яшашга ҳам кўниколмайди. Оиладаги муҳит, муносабат бу аёлни мутлақо қониқтирмайди. Ҳикояда ана шу аёлнинг изтироблари баён этилган. Суратдаги аёлнинг ёнида бир эркак ҳам бор бўлиб, унинг бурни йўқ. Ҳамма гап буруннинг йўқлигида. Аёл — она, у яратувчи. Уни шундай илоҳий неъматдан маҳрум этиш катта жиноят. Шоир Омон Матжоннинг таъбирича, «Аёлни тун билан ёлғиз қолдирмоқ гуноҳлар ичида энг оғир гуноҳ». Аёл — сирли хилқат. Аёлнинг бу ҳаётда жуда катта бир миссияси бор. Аёл уни бажариши керак. Усиз аёл ўзини бахтли ҳис қилмайди. Ҳикояда мана шу мавзу ўз ифодасини топган.
Энди унинг яратилиш тарихига келсак, ўқишни тугатган кезларимиз бир курсдошимизникига меҳмонга борганмиз. Унинг уйидаги албомини томоша қилаётганида хаёлимга “Суратдаги одам тирилиб кетса нима бўлади?” деган фикр келган. Ўшанда бир китобнинг муқовасига ҳикоянинг асосий маъносини ёзиб қўйганман. Асардаги лўли хотиннинг гаплари исломий ақидага асосланган. Масалан, зино сўзи биргина фаҳшдангина иборат эмас. Шариатда сўз зиноси, қулоқ зиноси, кўз зиноси фарқланади. Бошқача айтганда, одам гапирганда, кўрганда, эшитганда ҳам зино қилиши мумкин. Ислом мана шундай мукаммал таълимот. У инсонни комилликка ундайди. Ҳикояда ана шундай ғоя сингдирилган.
- Ёзувчи реал ёзиши керакми ёки мифалогиядан ҳам фойдаланадими? Сизда ижод жараёнида реаликдан ташқари бошқа ғайб унсурларидан фойдаланиш ҳолати қандай кечган?
- Реал воқеани реал тасвирлаб беришни адабиёт сифатида хушламайман. Масалан, «Қора кун» қиссасидаги тобутнинг йўқолиши рамзий. Тобутни ким ва нега ўғирлагани айтилмаган бўлса-да, ўша қишлоқдаги одамларнинг ҳаёти, қилаётган ишлари тасвирланган. «Суратдаги аёл» ҳам рамзий образ. Мени қаҳрамонларга исм танлаш қийнайди. «Қора кун»да бирорта ҳам исм учрамайди. Исм ишлатиш мен учун эриш туюлган. «Қақнус қанотидаги умр»да ҳам исм ишлатмаганман. Битта ўғлига Муяд деб исм қўяди. У руҳ маъносини англатади. Умуман олганда, адабиёт руҳ ва хаёлот дунёси яратадиган ғаройиб оламдир. Шу боис у реалликдан тубдан фарқ қилади.
- Ижод қилишга мойил бўлган, лекин ёзишга журъати етмайдиган ёшларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?
- Ёзадиган одам ўзининг ички қўрқувини ҳамиша енга олиши керак. “Ёзганим кимгадир ёқмайди” деган ҳадик ва қўрқувлар фақат зиён келтиради. Бу, айниқса, ижод остонасини ҳатлашга чоғланаётганда жуда муҳим. Иккинчи маслаҳатим, ёзувчи бўлишни мақсад қилган одам аввало адабиёт нима деган тушунчани англаб олиши керак. Адабиёт нима, ёзиладиган асар қандай бўлиши керак, деган саволларга жавоб топиш учун кўп китоб ўқиш зарур. Мутолаа адабиёт ҳақида тасаввурни мустаҳкамлашнинг энг тўғри йўли. Ёшларга журъатли бўлишни тавсия қиламан. Чунки “нега бундай ёздинг?” дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ҳар ким ўзининг имкони даражасида ёзади. Аслида ҳар қандай ёзувчи ёмон асар ёзай демайди. Шунинг учун ёшлар ҳеч иккиланмай бутун ғайратни, қувватни жамлаб ижод қилиши зарур. Албатта, бошланишида кўнгилдагидек чиқмаслиги мумкин. Лекин ёзиш тажрибаси шаклланган сари ҳаммаси ўз ўрнига тушади. Ижодкорга биров ёзишни ўргатмайди, қандай ёзишни унинг ўзи ҳал қилади. Муҳими, фикрлашдан тўхтамаслик зарур. Фикрламаслик — ҳақиқий фожеа. Фикр бор жойда тараққиёт ва албатта, адабиёт бўлади.
- «Ҳовлидаги дарахт» ҳикоясида маънавий-ахлоқий қадриятлар ҳақида сўз юритилган. Унда дарахт тимсолида анъана ва қадриятларнинг сақланиши акс этган. Учта шохчаси кесилган дарахтнинг томирларини очиб кўрган хаста ота улар ҳали қуриб кетмаганини билиб тузала бошлайди. Аниқроқ айтганда, тирик томирлар отага ҳаёт бахш этади. Бу ҳаётнинг давомийлигига рамзий ишорами?
- Бу ҳикоя ҳам талабалик пайтида ёзилган. Ўша кезлари ёш ёзувчилар семинари бўлиб ўтган. Унда мен ҳам қатнашганман. Ёзувчи Олим Отахон ҳикояларимни олиб кетиб, уч кун келмаган. Семинар якунланаётган пайтда пайдо бўлиб қолган. Бу пайтда семинарнинг ғолиблари эълон қилиниб бўлган эди. Шунда Олим ака проза бўлимини бошқараётган Саид Аҳмадга менинг «Ҳовлидаги дарахт» ҳикоямни семинарнинг энг яхши ҳикояси сифатида эътироф этилиши зарурлигини айтган. Саид Аҳмад бунга эътироз билдирди, лекин Олим ака ўзининг қатъий фикрида туриб олди. Ўшанда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси бир миллион нусхада чоп этиларди. Семинарда ким ғолиб бўлса, унинг битта ҳикояси шу газетада эълон қилинар эди. Орадан бир ой ўтиб, у газетада босилиб чиқди. Ҳикоянинг дастлабки номи «Бизнинг дарахт» эди. Олим ака «Ҳовлидаги дарахт» деб ўзгартирган экан. Бу ҳикоя ўта рамзий эмас. Ҳикояда “дарахт бобомнинг ҳассасидан кўкарган”, деган жумла бор. Дарахт образи бир оиланинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган анъаналари давомийлиги тимсоли. Анъаналарни бир авлод ўзидан кейинги келадиган авлодга соғлом ҳолда етказиши керак. Аниқроғи, ҳар бир одам ўз авлодига муносиб бўлиши шарт. Баъзан ҳаётда бир ноқобил фарзанд чиқади-да, ўша дарахтнинг бир шохини кесади. Демак, шу фарзанд оиласига хиёнат қилган бўлади. Қамоқдан қайтаётган ота эпизоди эса, отамнинг тақдири билан боғлиқ. Гап шундаки, отам қулоқ сифатида Сибирга сургун қилинган. Отам ярим кечаси озод қилинган. У киши азбаройи ҳурсандлигидан тонг отишини кутиб ўтирмай, энг яқин термийўл станцияси ўттиз километр узоқда жойлашганига қарамай йўлга чиққан. Шундай совуқ бўлган эканки, станцияга келгунча соқоли ҳам музлаб қолган. Буни кўрган одамлар қўрқиб кетган. Отам узоқ йиллар мобайнида яшилликни кўрмаган. Йўлда келишаётганда қай бир бекатда дарахтни учратишган. Поезддагилар, шу жумладан, отам дарахтни шохларини синдириб, кўзига суртишган. Ҳикоядаги дарахт — авлод тимсоли. Унда “оиланинг барча аъзолари қадриятларга содиқ бўлиши шарт”, деган ғоя илгари сурилган.
- Ҳозирги кунда қандай асар устида ишлаяпсиз?
- Ҳозирги кунда иккита асар ёзяпман. Бири бир аёлнинг қисмати ҳақида. Худди суратдаги аёл сингари у ҳам бахтсиз бир аёл. Иккинчиси умрининг охиригача ёлғиз ўтган чолнинг жуда бир ғалати қисматига бағишланган.
- «Ёшлик» ва бошқа журналларда чиққан ҳикояларингизни ўқиганимизда ҳаётни рамзий кўра олишингизни, хулосаларингиз катта эканини англаганмиз. Лекин нимагадир асарларингизни кўп эълон қилмайсиз. Бунинг сабаби нима?
- Мен асар ёзгандан кейин уни чоп этишга унча қизиқмайман. Орада бир фурсат танаффус ҳам бўлди. Фикримча, ижодкор ёзмай қўйса, уни айблаш керак эмас. Масалан, мен танаффус пайтида ҳам хаёлда кўплаб ҳикоялар ёзганман. Шунинг учун ҳам мен ўзимни ҳеч қачон ижоддан тўхтаб қолдим, деб ўйламайман. Ҳозир ҳам ижодим давом этяпди. Уни нашрдан чиқаришга ўзимда жуда кучли иштиёқ йўқ.
- Ўтган давр мобайнида нималарни йўқотдим деб ҳисоблайсиз?
- Ўтган асрдаги йўқотилган нарсалар жуда кўп. Ёзувчи ҳам ортда қолган умридан нималарни бой берганини сарҳисоб қилади. Бу фақат ижодкорда эмас, ҳаммада ҳам бўлиши мумкин. Масалан, менинг турмуш ташвишларига чалғиб ёзишга кўпроқ имкониятим бўлмаган. Ҳозир вақтни бой берганимга афсусланаман.
- Ижод қилиш усулингиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз.
- Ёзиш жараёни мен учун жуда оғир. Бирор асар сюжетини қоғозга туширганимдан кейин узоқ вақт таҳрир қиламан. Масалан, охирги «Муаззам» қиссани олти марта қайта сайқаллаб чиққанман. Сюжетни ёзиш осон, лекин кейинги жараён машаққатли. Ҳеч бир асарни бирдан оққа кўчириб, нашр қилмаганман. Энг камида икки-уч марта сайқалланиб, кейин нашр қилинган. Ёзувчиликнинг лаззатини ёзган асарнинг қайта-қайта сайқалланишидаги машаққатида деб биламан. Ёзувчи лабораторияси ҳақида гап кетганда, мен қайта-қайта сайқалланиш жараёнини тушунаман. Одамни кўп қийнайдиган, журъатни пасайтирадиган ҳолат шуки, хаёлда асарни шу даражада тўлиқ шакиллантирасизки, ўша асарни ҳаётда шу тарзда қоғозга тушириш жуда қийин бўлади. Уни ёзасиз-да, лекин хаёлдагидек бўлмайди. Аниқроғи, нималардир кемтик бўлиб қолади. Шунда ундан воз кечасиз ёки кейинроққа қолдирасиз. Бу — жуда мураккаб жараён.
- Адабиётга жамиятнинг таъсири қай даражада деб биласиз? Замонавий ўзбек адабиётидаги шахс ва жамият акс этган қайси романларни тавсия қилган бўлардингиз?
- Ижодкор ўзи мансуб жамиятдаги муносабатларнинг таъсири сабабли асар ёзиши мумкин. Тўқсонинчи йилларгача адабиётда ёзувчиларнинг душмани аниқроқ бўлган. Душман — коммунистик тузум. Кўп ёзувчилар мана шунга кўниккан. Ўша пайтдаги сиёсатнинг қай бир жиҳатини сўзларнинг орасида яшириб яратган. Кейин юртимиз мустақилликка эришди. Адабиёт эса бир зум тўхтаб қолгандек бўлди. Шунда Шукур Холмирзаев «Адабиёт ўладими?» деган саволни ўртага ташлади. Аслида ёзувчи ижоди жамият билан чамбарчас боғлиқ. Ёзувчи жамиятдаги воқеалар, одамлари руҳида кечаётган ҳодисалар талқинини яратади. Демак, ёзувчи бевосита жамиятнинг маҳсули. У ҳодиса-воқеаларни жамият нуқтаи назардан ўзининг хаёлидан ўтказиб, таҳлил қилиб беради. У жамият таъсирида бўлади ва жамиятга ўзининг муносабатини билдиради.
Кейинги пайтда ўқиган романларим ичида Назар Эшонқулнинг «Гўрўғли» романи катта таассурот қолдирди. Ушбу асарда шахс ва жамият бир бутунликда таҳлил қилинган. Унда рамзий маънода жуда кўп ғоялар айтилган. Ёшларга шу асарни қайта-қайта ўқишни тавсия қиламан. Чунки бу романда нафақат миллий, балки жаҳон адабиётидаги энг илғор усуллар ҳам ўз ифодасини топган.
-Чет эл адабиётидан таъсирланиш жараёни Сизда қандай кечган? Қайси адиблардан ўз руҳиятингизга яқинлик ҳис қиласиз?
- Мени Лотин Америкаси адабиёти мафтун қилган. Аввал-бошида Маркес асарларини ўқидик, кейин Хуан Рулфо... У бор-йўғи битта қисса, ўнтача ҳикоя ёзган. Лекин Лотин Амеркасининг модерн адабиётини бошлаб берган. Масалан, мен бу буюк ёзувчининг «Педро Парама» қиссасини жуда ёқтираман. Бу қисса бизда 90-йилларда таржима қилиб, нашр этилган. Бу асарни гапириб бериб бўлмайди, уни фақат ўқиб хулоса чиқариш керак. Нобел мукофоти соҳиби Габриель Маркес Хуан Рулфога шундай баҳо берган: «Хуан Рулфодан нега бошқа асар ёзмайсиз деб сўраш жиноят билан тенгдир!» Маркеснинг «Ёлғизликнинг юз йили» романи туғилишига ҳам Хуан Рулфонинг ижоди сабаб бўлган. ХХ асрда адабиётдаги “портлаш” Лотин Амеркасида вужудга келган. Кўплаб ёзувчилари асарлари билан танишганман. Уларнинг миллий анъаналари миллий анъаналаримизга жуда ўхшайди. Шу боис кўнглимга яқин оламан. Ёш ёзувчилар жаҳон адабиётининг сара асарларини қунт билан ўқиши зарур. Бу жуда фойдали.
- Ўзбек ҳикоячилигида энг яхши ҳикоя қайси ва у қандай жиҳати билан сизга манзур бўлган?
- Энг яхшиси Мурод Муҳаммад Дўстнинг «Дашт-у далаларда» ҳикояси. У битта оҳангда ёзилган. Бу ҳамма ижодкорнинг ҳам қўлидан келмайди. Унда катта ғоя йўқ, лекин бир одамнинг қисмати шундай бир чиройли қўшиқдек жуда юксак пардаларда тасвирланган. Бундан ташқари Назар Эшонқул ва Асқад Мухторнинг ҳам яхши ҳикоялари бор.
- Ўзбек насрининг келажагини қандай тасаввур қиласиз?
- Адабиёт ҳақида олдиндан башорат қилиш жуда қийин. Лекин ишончим комилки, халқимиз, миллатимиз яшаса, адабиёт ҳам мавжуд бўлади. Масалан, одам қайсидир вақтда китоб ўқимаслиги мумкин, лекин ҳеч қачон китобдан юз буриб кетмайди. Бугун ўқимаган бўлса, эртага ўқийди. Чунки ҳаётнинг ўзи шунга мажбур қилади. Бугунги адабиётга кўрсатиладиган эътибор келажакда ўз мевасини бериши шубҳасиз. Мен бунга ишонаман.
- Бугунги кунда дунёда эртанги кунга ишонч йўқолиб бораётгандек гўё. Бу ҳолатда адабиёт эртанги кунга ишонч уйғота оладими?
- Глобаллашув, пандемия, турли иқтисодий-сиёсий бўҳронлар одамларни шундай ҳолатга солиб қўйди. Лекин адабиёт одамларга ишонч уйғотадиган қудратли куч. Бунга тарихдан жуда кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Адбиёт шундай кучки, одамнинг кўнглига умид, ишонч, келажакка интилиш уйғотади. Масалан, Эрнест Хеменгуэнинг “Чол ва денгиз” қиссасида шундай жумла бор: «Инсонни йўқ қилиб юбориш мумкин, лекин уни енгиб бўлмайди». Бу — катта ғоя. Алберт Камюнинг «Вабо» асари ҳам ўз вақтида одамлар тушкунликка тушганда уларнинг кўнглига йўл топиб, ишонч пайдо қилган. Келажакда бундай асарлар ҳали кўп яратилади.
- «Қақнус қанотидаги умр» асаридан кўзланган ғоя нима? Миллийликми ёки рамзийлик?
- Бунда рамзий маъно бор. Боланинг исми Муйяд ҳам рамзий маънога эга. Муйяд — арабчада руҳ дегани. Кейин қиссага яна иккита эпизод киритилган. Бири қораимлар ҳаёти. Туркий миллатга мансуб халқ. Ҳозирда улар йўқолиб кетиш арафасида турибди. Бу эпизоддан миллий қадрятларга содиқ қолмаслик миллатни охир-оқибат таназзулга олиб келади, деган мақсад кўзланган. Асарда болани қандай тарбиялаш керак, у ниманинг таъсирида улғайиши зарурлиги ота-онасининг номидан ҳикоя қилинган. Улар “Бола туғилганда уни ўзимизга овунчоқ сифатида қабул қилдик, лекин бунинг руҳиятида нима кечяпти, унинг кўнгил интилиши қанақалиги билмадик” деган хулосага келишган. Демак, улар бола руҳиятида қандай ҳолат кечаётганидан бехабар, яъни болани тушунишга қодир эмас. Бу — фожианинг туб илдизи. Демак, одам туғилгандан ўзи ниманидир излайди. Ўшани топа олмаса, у қурбон бўлади.
- Ўтган асрнинг охирларида сиз тенги ўнлаб ёш ижодкорлар пайдо бўлди. Уларнинг адабиётга кириб келиш жараёни ва бугунги кундаги ўрни жуда муҳим. Бу ҳақда қандай фикрдасиз?
- 80-йилларда бир гуруҳ адабиётга кириб келгани айни ҳақиқат. Бунинг биринчи сабаби — биздан олдинги авлод. Уларнинг катта таъсир кўрсатган. Иккинчидан, ўша пайтда шундай бир муҳит бўлганки, ўқиш, изланишга чанқоқлик юқри даражада эди. Чет эл адабиётини ўрганишга оз бўлса-да, шароит туғилган. Қолаверса, бутун жамиятда уйғониш даври бошланган. Илгари таъқиқланган жадид адабиёти секин-секин рўёбга чиқа бошлаган. Булар энди шаклланиб келаётган авлодга кучли таъсир қилган. Шахсан менга жаҳон адабиёти, хусусан, Хуан Рулъфо, Маркес асарларининг таъсири жуда катта бўлган. Ўша пайтда талабалар орасида мана шу асарлар қўлма-қўл тарқалиб кетган. Қизиқиш шу даражада бўлганки, одамлар уларни навбатда туриб ўқишган. Мана шундай қизиқиш, интилиш натижасида адабиётга кириб келган ёшларнинг сафи ҳам кенг бўлган.
- Реалистик услубга қандай қарайсиз? Сизнингча, бу адабиётда ўзини оқламайдими?
- Йўқ. Реалистик адабиёт ўзини оқлайди ёки оқламайди деб атамаслик керак. Чунки адабиётимизда реалистик асарлар ўз ўрнига эга. Бироқ бу атама коммунистик даврда шаклланган. Адабиёт ҳеч қачон реалистик бўлмайди. Адабиётда реал воқеалар бўлиши мумкин, лекин улар бадиий ифодасини топгандагина аҳамиятли. Ҳаётдаги воқеани шундай кўчириб қўйиш — бу адабиёт эмас. Собиқ СССР пайтида катта-катта романлар, жуда китоблар ёзилган. Ҳозир ўша асарлар ўқилмайди. Чунки улар ўша вақтда ҳам адабиёт эмас эди. Мен адабиётни реализм ёки модернизмга ажратишга қаршиман. Ҳар бир ёзувчининг ўз услуби бор. Назар аканинг икки томлик «Мендан менгача» деган китоби нашр этилди. Унда бу каби саволларга тўлиқ жавоб бор. Ёшлар мана шундай илмий-назарий асарлар билан чуқур танишиши керак. Бу адабиёт ҳақидаги тасаввурни кенгайтиради. Мен 90-йилларнинг бошида атоқли ёзувчи Шукур Холмирзаев билан суҳбат қилганман. Ўша пайтда «Ёзувчи» деган газета чиқар эди. Шукур ака билан бошида шундай келишганмизки, менинг саволимга у эътироз қилмайди, жавобига мен тегмайман. Ҳақиқатдан, шундай бўлган. Савол-жавоблар ҳеч қандай ўзгартиришсиз эълон қилинган. “Адабиёт ўзи нима, нима учун сиз ижод қиласиз?” дея саволга Шукур ака аниқ жавоб бермаган. Чунки “Адабиёт нима?” деган саволга бир оғиз сўз билан жавоб бериб бўлмайди. Адабиёт шундай кенг оламки, унга тугал таъриф бериш мушкул. Воқеаларни қандай тасвирлаш — бу ижодкорнинг тасаввурига боғлиқ. Ҳар бир ёзувчининг лабораторияси ўзига хос муҳит яратади. Бу адабиёт деб аталмиш илоҳий оламнинг қай бир жиҳатини ўзида акс эттиради. Буни коинотдаги сайёралар ҳаракатига менгзаш мумкин.
- Бир неча юз йиллар ўтгандан кейин Шодиқул Ҳамронинг қайси асари ўқилади деб ўйлайсиз?
- Буни ҳеч ким билмайди. Юз йилдан кейин аҳвол қандай бўлишини башорат қилиш мушкул. Балки йигирма йилдан кейин ҳам ўқилмаслиги мумкин. Мендан “Нега асарларингизни чоп қилмайсиз?” деб кўп сўрашади. Бунга жавобим шуки, асар ёзилса, кимга керак бўлса, ўзи топиб ўқийди. Уни китоб шаклида чоп эттириш мумкин. Лекин уни тарғиб қилиш шарт эмас. Эҳтиёж туғилганда ўқилаверади. Масалан, «Ҳовлидаги дарахт» ҳикоямнинг ёзилганига 30 йилдан ошди. Шунга қарамасдан у газета ва журналларда қайта-қайта нашр қилинмоқда. Демак, асарнинг ўқилиши — унинг янги ҳаёти. Унинг қандай кечиши ёлғиз Яратганга аён. Бу ҳам адабиётнинг илоҳий белгиси.
Дўстбек Сулаймонов суҳбатлашди.
"Ёшлик" журналида, "Бекажон" газетасининг 2021 йил 28 октябрь 48-сонида чоп этилган