Кулгига эш тақдирлар тасвири. Қозоқбой Йўлдош. ("Ўзи уйланмаган совчи" романи ҳақида)
Худди битта одам каби бутун миллат ҳам, бир қанча улуслар йиғиндиси бўлмиш жамият ҳам бир маънавий-ахлоқий ҳолатдан бошқасига оғриқсиз ўтиб кетолмайди. Шундай даврда яшаб ижод қилиш чекига тушган ижодкор шахс ўз атрофидаги одамлар ва уларни юзага келтирган шароитга муросасизлик билан киноявий назар ташлаганидан ҳаётдаги нуқсонларни ошириброқ тасвирлашга мойил бўлади. Шунинг учун ҳам италялик ёзувчи, янги романчилик йўналиши назариётчиси Умберто Эко: "Киноя метанутқнинг ўйини, баённинг квадратидир",- дейди. Бу сўзларда киноя ва пичинг аралашган бадиий ифоданинг залвори оддий тасвирдан анча ортиқ бўлиши акс этади.
Ижодкорнинг фикрлаш даражаси юксалиб, универсаллашиб очун миқиёсига кўтарилганда ҳам одамнинг тутумлари ва оламнинг ҳодисаларига киноявий ёндашув устуворлик қилади. Ўз миллий қобиғини ёриб чиқиб, ўзгаларга яқинлашаётган ижодкорда ҳажвий- киноявий тасвир асосий ифода воситасига айланади. Ҳатто, мутлақо ҳажвий йўналишда бўлмаган асарларда ҳам ҳаёт реалликлари ва одамларнинг тутумларига ҳажвий-киноявий назар бўй кўрсатади. Негаки, бундай вақтда эстетик тафаккур воз кечилаётган миллий қадриятлардан зада бўлгани ҳолда ўзлаштирилиши керак бўлган қадриятларга ҳали бегона бўлади. Қатъий тўхтамни белгилаб олмаган ижодкор атрофидаги олам ва одамларга кулги назари билан қарашни маъқул билади.
Ўта мураккаб ва кўпқатламли ижтимоий- биологик ҳодиса бўлмиш кулгига турли минтақа даврларда бир-бирини инкор этувчи баҳолар бериб келинган. Кунботиш эстетика ва этика илмлари ҳамда амалиётида кулги том ижтимоий ҳодиса, у ҳамиша қандайдир нуқсон, иллат устидан қўзғатилади деган қатъий қараш шаклланган бўлса, исломда кулгига шайтоний майлнинг намоён бўлиши тарзида салбий муносабат қарор топган. Кейинги вақтда олиб борилаётган изланишлар кулгининг кўпроқ шахсий-индивидуал табиий- эстетик ҳодиса эканини кўрсатмоқда. Негаки, кулгида дид ва кайфият ҳал қилувчи ўрин тутади: кимгадир ўта кулгили туюлган ҳолат иккинчи бир кишига таъсир ҳам қилмаслиги, учинчи бир шахсда эса руҳий оғриқ қўзғаши мумкин. Демакки, кулги ижтимоий аҳамиятга эга бўлиши ҳам, шахсиятга доир хусусиятни акс эттириши ҳам мумкин. Кўринадики, умумийлиги индивидуалликда намоён бўлган кулгида универсаллик мавжуд.
Шўро даврида синфий кўзқараш асосида пайдо бўлган бир нотўғри ёндашув кенг ёйилганди. Унга кўра ҳар қандай кулги ниманидир инкор этишга, кимларнидир ёндириб-куйдиришга, нималарнидир фош қилишга қаратилган бўларди. Кулгида аввало кулги эмас, куч, қарама-қаршилик, кураш кўриларди. Ҳолбуки, кулгида кулги жавҳари борлигининг ўзи кулгига лойиқ камчиликка бўлган танқидий назарни бир қадар юмшатали Кулишнинг ўзи ўзига хос баҳо муносабат, ёндашувни англатади. Шу маънода кулгининг ҳажвий хусусиятига, унинг сатира ва юмор каби турларга бўлинишида фош қилиш даражасининг мезон қилиб олинишига урғу бериш унчалар тўғри бўлмаган қарашлиги англашилади.
Одамлар ва ижтимоий қатламлараро муносабатларга синфий ёндашувдан қутулинган бугунги ўзбек адабиётида фош қилгувчи эмас, балки соф, ёруғ, умидбахш кулгига табиий эҳтиёж пайдо бўлганди. Аҳмад Аъзамнинг "Ўзи уйланмаган совчи" романини ана шу эҳтиёжнинг маҳсули ўлароқ яратилган асар дейиш мумкин. Ушбу асарнинг бош хусусияти ўзбек таянадиган маънавий ойинларнинг қадимийлиги билан глобаллашув туфайли халқнинг бугунги турмуш йўсинига шиддат билан кириб келаётган янги тутумлар ўртасидаги номувофиқлик ва ўзгачаликлардан туғилаётган кулгили ҳолатларни акс эттиришдан иборатдир. Ёзувчи романда тасвирга олинган ҳамма нарсада кулги кўра билган ва улардан кулги чиқара олган. Айни вақтда кулги ҳосил қилишда зўракиликка, сунъийликка йўл қўймаган ҳам.
Ёзувчи асарда тасвирланган ўнлаб персонажларнинг бирортасини ҳам қандайдир бир ижтимоий қатламнинг вакили бўлмиш типик образ сифатида кўрсатишга уринмайди.
Балки уларнинг ҳар бирини бетакрор шахслар сифатида акс эттиришга интилади. Шу сабабли романдаги тимсоллар жонлилиги, тириклиги, бировга ўхшамаслиги билан ўқувчи диққатини тортиб, ўзига маҳлиё қилади. Асарда ҳар биримизнинг атрофимиздаги ўз юксаклигидан қуйи тушолмайдиган шахслар ва ўз тубанлигидан юксала билмайдиган каслар тимсоли пухта акс эттирилган.
Романда истеъмолчилик майли ахлоқ даражасига кўтарилиб бораётган ҳозирги шароитда ҳам эзгу маънавий сифатлар асл қимматини йўқотмаслиги тасвирланган. Ниманидир сотиб олиш, қўлга киритиш, нимагадир эга бўлиш одамликнинг эталони, бош белгисига айланган, моддий истеъмолдан бўлак нарсаларга иккинчи, учинчи, ҳатто, ўнинчи даражали деб қараладиган шароитда ҳам илдизлари ғоят теран маънавий қадриятлар эскирмаслиги асарда ортиқча зўриқишларсиз оддий одамларнинг жўнгина тирикчилик йўсинларини тасвирлаш асносида таъсирли акс эттирилган.
Бугунги миллий адабиётимизда рўй бераётган яна бир ҳолатни таъкидлаш керакки, унча узоқ бўлмаган ўтмишимизда адабиётнинг кинолашиш жараёни кечиб, қатор бадиий асарлар кинога айлантирилиган бўлса, бугун тескари кечим содир бўлмоқда. Яъни миллий киномиз шиддат билан адабиётлашиб бормоқда. Эндиликда кино учун битилган бадиий яратиқларнинг ўқувчилар томонидан адабиёт сифатида қабул этилишига кўникиб ҳам қолинди. Ҳозирда Ш. Холмирзаев, М. Муҳаммад Дўст, Э. Аъзам, У. Азим, А. Аъзамларнинг кинобитиклари росмана бадиий асарлар cифатида ўқилмоқда. Ёзувчи Аҳмад Аъзамнинг "Ўзи уйланмаган совчи" асарининг жанри ҳам гарчи "Гурунг роман" деб қўйилган бўлсада, тўлиғича киносценарий сифатида ёзилган, бинобарин, у "кинороман" юкини кўтаради ва бежиз бу асар асосида кўпқисмли видеофилм олинмаган.
"Ўзи уйланмаган совчи" кинороманининг марказий образи Султон бўлиб, асардаги барча воқеалар у ёки бу даражада унга дахлдор қилиб тасвирланган эсада, аслида роман сюжетини Нозим тимсоли ҳаракатга келтиради. Асарда акс эттирилган тутумига кўра Нозимни тафаккур генератори дейиш мумкин. Бу талаба йигитдаги адоқсиз юмор, беадад қувноқлик, эзгуликка ишонч ва унга интилувчанлик, топқирлик тасвиридан ёғилиб турган нур нафақат бу тимсол, балки бутун асарни ёғдулантириб юборган.
Оламшумул ижтимоий муаммолар кўтармаган ҳолда оддий одамларнинг оддий муносабатларини таъсирчан йўсинда кўрсатиш орқали ўқишли асар яратиш катта маҳорат талаб қилади. Аслида-ку, одам фақат ижтимоий муносабатлар оғушидагина яшамайди, бинобарин, унинг табиатидаги яхши-ёмон жиҳатлар ҳам ижтимоий тўқиниш ва курашлар асносидагина очилмайди. Синчков ижодкор кундалик маиший муносабатлар фонида ҳам ҳар қандай одамнинг асл қиёфасидаги энг нозик чизгиларни яққол кўрсата олади.
"Ўзи уйланмаган совчи" — кўппланли асар. Романда Султон билан Дилором севгиси линиясидан ташқари, Султон ва Саодат, Ориф ва Шарифа, Давлат ва Гулсанам, Давлат ва Раъно, Нозим ва Ойгул, Жамол ва Ойгул, Нозим ва Саодат, Дилором ва Санжар, Санжар ва қўшни Дилором сингари инсоний тақдирлар чизиғи ҳам тасвирга олинган ҳамда турли шахслар томонидан босиб ўтилган бу тақдирлар йўли маҳорат билан бир нуқтага бирлаштирилган.
Бир қарашда роман ўқувчида турли-туман мавзудаги қуюқ-суюқ гап кўпу, аммо ижтимоий салмоғи бор хатти-ҳаракатлар тасвири камдай таассурот қолдиради. Лекин асар синчиклаб ўқилса, бу илк таассуротнинг алдамчи экани маълум бўлади. Асарда жуда яхшигина воқеалар тизими бор. Лекин у чопа-чоплардан иборат эмас. Уларнинг кўпи хаёлдан, ундан ҳам тўғрироғи, кўнгилдан кечган воқеалар экани билан кўнгилдан жой олади. Бунинг бир қатор сабаблари ҳам бор. Аввало, севги ва уйланиш ёшидаги талаба ёшлар учун муҳаббатданда салмоқлироқ ҳодисанинг йўқлиги чин. Иккинчидан, ҳозир улусимиз ўз тараққиётининг шундай босқичига етдики, эндиликда ҳар бир шахснинг бахту бахтсизлиги салмоғи жиҳатидан бутун жамиятнинг бахту бахтсизлигидан кам аҳамиятга эга эмас деб қараладиган бўлди. Энди ҳаммани бирданига бахтли қилиш мумкин эмаслиги, демакки, ҳар бир шахснинг алоҳида бахтли бўлишига имкон бериш, бу йўлда ҳар кимнинг ва ҳамманинг қандайдир эзгуликлар қилиши зарурлиги англаб олинди. Романда ўз бахтини ўзи қурмоқчи бўлган ўзбек ёшларининг интилишу уринишлари акс этади. Асарда табиатан жамоатчи ўзбекнинг ҳеч қачон индивидуалист бўлолмаслиги, унинг ҳаётидаги нурли жиҳатлар ҳам, сояли томонлар ҳам, албатта, кўпчилик иштирокида юз бериши некбин бир кулги, ҳаётбахш юмор йўлдошлигида тасвирланган.
Асарда муаллиф бирор персонажнинг бирор хатти-ҳаракати, ўйини назаридан қочирмайди, барча тимсолларнинг ҳамма жиҳатини ҳисобга олади ва улардан ўринли фойдаланади. Ота- онаси ёшлигидан аташтириб қўйган қизга эмас, ўзи топган қизга уйланмоқчи бўлган Султоннинг саргузаштлари тасвири асносида миллат табиатида кейинги вақтда рўй берган сифат ўзгаришлари жонбахш бир кулгига йўғрилган ҳолда акс эттирилади. На жамғарган пули, на ёши улуғроқ таниши, на бошпанаси бўлган Султонни Дилоромга унаштириш мобайнида Нозим, Султон, Ориф, Давлат сингари ёш йигитлар бошидан ўтказган воқеалар ҳам ҳар бир ўзбекнинг бошида борлигига кўра оддийлиги ва одатийлиги, ҳам талаба йигитлар кечиргани учун фавқулоддалиги билан эсда қолади.
Совчиликдай жиддий юмушга тутинган йигитларнинг ўзлари ножиддийлиги, ёшидан, тутган мавқеидан келиб чиқиб, уларнинг жиддий бўлиши мумкин ҳам эмаслиги кинороманда жуда ишонарли тасвирланган. Ўзлари ёш, кўнгиллари беғубор бўлгани, даврабошилари Нозим эса ҳазил ва кинояга ўчлиги сабабли йигитларнинг ҳар босган қадами кулгили саргузаштларга йўғрилган ҳолда кўрсатилганки, усталик билан қилинган тасвирдан табиий равишда келиб чиқадиган самимий кулги ўқувчи кўнглини ёриштиради. Шаҳарда Дилоромдай соҳибжамол қизнинг кўнглини эгаллаган, юртида эса ота-онаси Саодатдай гўзалнинг бошини боғлаб ўтиришган ювошгина Султонга юртдоши Давлатнинг: "Тавба, нимангга битта қизни қаратиб ўтиришибди, маймундан унча фарқинг йўқ..." ёки "Қизларнинг ҳам диди тушиб кетибди-да, а. Султонни ҳам яхши кўргандан кейин..."- дейиши тасвири ёзувчининг ёшлар руҳиятини ғоят пухта билишини кўрсатади.
Муаллиф кинороман имкониятидан келиб чиқиб, бирор персонажга ўзи тавсиф бермайди, балки уларнинг табиатидаги етакчи қирраларни ё хатти-ҳаракатлари тасвири, ёхуд ўзгалар берган баҳо орқали кўрсатишга эришади. Бу борада Султоннинг: "Дадам ойимсиз ҳеч иш қилмайдилар. Оғизларидан ойимнинг тили чиқиб туради"- тарзидаги қисқагина эътирофи ҳам кулги уйғотиши, ҳам талабанинг отаси Ўткир билан онаси Жумагул табиатига хос жиҳатларни бирваракайига намоён этиши билан эътиборни тортади.
Дадил, ёвқур, айни вақтда, анчагина худбин йигит Давлатнинг ўйнаши борасида у билан Султоннинг қисқагина суҳбати тасвири бу йигитларнинг ҳар бирига хос хусусиятларни кўрсатиши жиҳатидан диққатга лойиқ. Тортинчоқ, ҳалол Султоннинг: "Адашаяпсан, жўра. Фариштаси йўқ бунингнинг",- деган эътирозига Давлат чапаничасига қилган: "Фариштасини нима қиламан, юришга ҳалал беради"- тарзидаги жавобда бу шахслар руҳиятига хос етакчи белгилар акс этган дейиш мумкин. Муаллифнинг маҳорати шундаки, асардаги тимсолларга хос жиҳатлар уларга акциз маркалар каби ўзгармайдиган қилиб ёпиштириб қўйилмайди. Романда турли вазиятлар тасвири асносида ҳар бир персонажнинг ўзигагина хос, кутилмаган бир сифати намоён бўлишига эришилган.
Кўпроқ ўзини ўйлайдиган, ўзгани тушунмайдигандай туюлгувчи сур ва мақтанчоқ Давлат табиатида ҳам асл йигитларга хос жозибали жиҳатлар борлиги унинг чойхонадаги ғижиллашув вақтида Султонни жанжалга аралаштиришни истамай, бутун масъулиятни бўйнига олиб: "Ишкал чиқса, сен қуённи сур. Бу маҳаллага куёв бўласан... Мени танимайсан",- деган гапларида ёрқин кўринади. Давлатни бу гапларни айтишга мажбур қилган вазият тасвири эса "Ҳамманинг кайфияти бузилган. Давлатнинг жағ мускуллари ўйнайди. Собирнинг юзида илжайиши қотиб қолган. Султон ерга қараб олган, ҳар замонда Шарифга чўчинқираб кўз ташлаб қўяди. Шариф эса тутақиб кетган. Муҳаммад ўзига ўзи биқиниб олган, индамайди, босиқ аланглаб қўяди. Исмат эса бўлажак жанжал ҳидини олиб, кўзлари ўйнайди, ким гапирса, шунга далда бериб қарайди" ремаркасида бўртиқ қилиб берилади. Ҳеч қандай изоҳу тушунтиришлари бўлмаган мана шу қисқагина тасвир олти кишининг айни вақтдаги табиатига хос жиҳатларни ёрқин кўрсата олгани билан диққатга лойиқ.
Нозимнинг топқир, ҳозиржавоб йигитлиги Давлатнинг унга: "Қиз бола ҳали чалинмаган соз... Уни қўлингга олганинг билан чалишни билмасанг, бефойда. Мусиқа чиқмайди. Мен (ғижжак чалиб кўрсатади) чалишни биламан, менинг қўлимда қиз бола оҳанг беради, куйлайди",- йўсинидаги мақтанишига қарши: "Муғанний, лекин бу ғижжагингиз фақат ғишиллайди. Кўп чалинган бўлса керак",- дея берган жавобида яққол кўзга ташланади. Бу жавоб Давлатнинг оилали эканини била туриб, у билан юраётган Раъно шахсига берилган баҳо ҳам эди. Муҳими шундаки, асарда бу шунчаки даҳанаки жангда топқирлик билан айтилган гап эмас, балки йигитнинг қатъий маънавий позицияси экани акс этган. Бошқа бир сафар Нозим Давлатга киноя билан: "Сиз йигитнинг гули, жонон йигит" деганида, Давлат унга: "Менга бунақа бачкана гапларни тақаманг. Мен гул эмас, чинорман, билдингизми!"- деб тепадан келади. Шунда Нозим: "Ҳа, айтдим ишқилиб, нимага қарға қўниб юрибди деб?"- дея уни тамомила мот қилади.
Нозимнинг таксичи Баҳром ака берган саволга:
"Мана, бу жўрамиз бош совчи. Бу билан иккаламиз бош совчи ўринбосарлари. Орамизда оддий совчи йўқ. Ҳамма амалдор" тарзидаги жавобида бугунги ўзбек ёшлари руҳиятидаги ўзига хос юмор туйғуси акс этган.
Кинороманда Нозимнинг ишхонадаги акахони билан тортишуви ифода этилган қуйидаги тасвирда ҳам йигитга хос топқирлик ёрқин акс этган:
НОЗИМ: - Бўламан.
АҲМАДАЛИ АКА: - Қачон?
НОЗИМ: -Сиздан кейин. Акадан олдинга ўтиш яхши эмас. Одобсизлик бўлади".
Романда муаммосиз, тинчгина яшайдиган одам бу дунёда бўлиши мумкин эмаслиги Ориф ва Шарифа муносабатлари тасвири орқали жуда гўзал акс эттирилган. Ота- оналари томонидан бир-бирига унаштирилган, ўзлари ҳам бир-бирига мойил бўлган бу икки ёш табиатларига кўра бошқа-бошқа икки олам! Ориф ёниб-ёниб севгиси, суйгани билан учрашувларга чиққиси, саргузаштлар кечиргиси, муҳаббати йўлида қийналгиси келади. Аммо Шарифа ўз асрида яшасада, шайтоний ҳавасларга бўй бермайдиган қиз. Ориф Шарифани ёқтиради. Гарчи, очиқ айтмасада, қизнинг ҳам йигитда кўнгли йўқ эмас. Лекин ёқтирган қизига осонгина уйланиб олиш Орифга текинхўрликдай туюлади. У ҳам худди Султон каби изтироб чеккиси, севгиси учун курашгиси келади. Йигитнинг: "Менинг кўнглим... ичим ҳувиллаб турибди-да. Олий маълумотли, замонавий бўла туриб, ўзим севиб уйланмасам..." тарзидаги иқрорида улкан бир армон акс этган.
Ориф эркин бўлгиси, ўйнаб кулгиси келади. Ёзувчи кинороман имкониятидан келиб чиқиб, персонажнинг: "Ўзимга сиғмай, тошиб кетяпман, Шарифа! Тўйгача ҳам бир эркин яшайлик!" сўзлари ва "Шарифа Орифга ҳайрон бўлиб, тушунмай қарайди. Кўчадаги ҳамма Орифнинг кўзига жуда бахтиёр кўринади. Унинг кўзи олдидан қўлтиқлашиб олган бахтиёр жуфтлар ўтаверади" йўсинидаги ремарка воситасида ҳар икки тимсолга тегишли хусусиятларни эсда қоладиган тарзда ифода этади. Айрим ўринларда ёзувчи кинороман жанри талабларини бузиб, ремарка шаклидан фойдаланиб: "Бор, бор шунақа қизлар, ўттиз-қирқ йил олдинги даврларни эсланг, энг ботирлари йигитлар билан кинога тушарди, холос" йўсинида тасвирга ўзи аралашади. Муаллифнинг ўқувчига самимий сирдош сифатида кўнглидагисини айтгани асар таъсирчанлигини оширган.
Муаллиф шаҳарлик йигит Орифнинг табиатидаги бошқа жиҳатларни ҳам ўта билгичлик билан очган. Гарчи, топқир, гапга чечан бўлмасада, рўзғорий-маиший муаммоларни тушуниш ва ҳал қилишда унинг Султон, Нозим, ҳатто, оилали Давлатдан ҳам анча баландлиги ишонарли акс эттирилган.
Романда ҳаётнинг беҳад мураккаблиги, инсон умрининг адоқсиз синовлар билан ўтиши ёшликнинг "олтин даври" саналмиш "беташвиш" талабалик йиллари мисолида ишонарли акс эттирилган. Нозим ҳамманинг ишончи, суянгани, қайси бир танишининг ташвиши бўлса, маслаҳат сўраб унинг олдига келади. Аслида унинг ўзи кўмакка энг муҳтож одам. Негаки, ўта олижаноблиги сабаб суйганини курсдоши Жамолга "бериб юборган". Ўзига олижаноблик бўлиб кўринган бу тутуми бирваракайига ҳам ўзи, ҳам дўсти Жамол ва ҳам суйгулиси Ойгулнинг бахтсизлигига сабаб. Негаки, Ойгул Нозим "бериб юборгани" билан Жамолга тегмайди, покиза туйғуларини вақтида қадрламагани учун Нозимни ҳам кўнглидан чиқарган. Ойгулнинг: "Ҳеч ким тўғри келганга уйланмайди. Одам ўзига тўғри келганига уйланади",- деган гапида ўзига тўғри келадиган одамни сезиш, қадрлаш, лозим бўлса, бунинг учун курашиш кераклигининг армони ифода этилган. Ойгул бу гапларни талабалигида эмас, орадан анча ўтказиб кўришиб қолишганида айтади. Тақдирнинг шундай эврилишида ҳам ўзбек қизи руҳиятидаги ўзига хосликнинг ўрни борлигига ишора қилинади. Ойгулнинг: "Яхши кўраман деб ишонтириб, кейин урра қочиш айб эмасми? Оққан ёшларимнинг кияси тутмайдими? У инсон мени шунақа чуқур севган экан, мен инсон-чи? Мен сизни чуқур севмаганманми? Ҳатто, сиз чеккан тутуннинг заҳаригача яхши кўрар эдим-ку. Мана, ҳозир ҳам чекиб, сизнинг олдингизда бирга ўтиргандек ўтирибман. Шундай севгимни дўстингизга ошириб юборишга ҳаққингиз бор эдими?" йўсинидаги армонларида шунчаки жазава эмас, улуғ инсоний фожиа бўй кўрсатиб турибди. Романда одамни тушунишдай осон ва бир вақтнинг ўзида қийин юмуш йўқлиги ўта гнозик акс эттирилган. Нозимнинг: "Сизни севар эдим, доим кўргим келар эди. Лекин уйланишга... билмадим, бу ҳақда ўйласам ҳам, тасаввур қилолмас эдим. Орзу эмас эди менга. Сиз билан бир айтишиб қолганимдан кейин, Жамолга, бўлди, йиғиштирдим. Ойгул сизники, деганман. Жамол, йўқ, сиз шунчаки Ойгулга аччиқ қиляпсиз, деган. Умуман жуда беғубор йигит эди-да ўзиям" тарзидаги хаёлий иқрори қанчалик мардона ва олижаноб бўлса, Ойгулнинг: "Менинг кўнглимни ҳам ўйлаганмисиз? Ё мен хоҳласам мен билан, Жамол хоҳласа - у билан юраверади, деганмисиз?" йўсинидаги иддаоси унданда тўғри ва ҳаққоний экани ўқувчини ҳайратга солади. Оламнинг ишларини бирор йўналишга солиш у ёқда турсин, жўнроқ шаклда изоҳлаш ҳам ўта мушкуллиги асарда шу тарзда ифода этилади.
"Ўзи уйланмаган совчи" романининг ўзига хос яна бир жиҳати шундан иборатки, у ҳеч кимга йўл кўрсатиш, ақл ўргатишни даъво қилмайди.
Тирикликнинг ўзидаги каби бу асарда ҳам саволлар саноқсиз-у, тўғри жавоблар йўқ ҳисоби. Зеро, ҳаётий муаммоларнинг универсал ечими бўлмайди. Одам ҳар сафар қайтадан яшаши, янгидан йўл танлаши ва бошқаттан қадам ташлаши керак бўлади.
Романда миллатнинг ўзгаларга тушунарсиз ва малолли кўринсада, аслида ўта жозибали одатлари билан бирга соғлом ақлга унчалар хуш келмайдиган тутумлари ҳам борлиги кўзга ташланмайдиган қилиб тасвирланган. Бу ҳолатни романдаги персонажлардан бири бўлмиш Акмал аканинг: "Қиз болани ўқишга киритдикми, тамом, бурчимизни бажаргандек, кейин кўзимиз эшикда, ким сўраб келади, кимга берсак экан деб. Пул бериб ўқитамиз, кейин ўқишини ҳеч ўйламаймиз. Ўраб-чирмаб эрга бериб юборсак бўлди! Яна: "Э-э, худога шукур, қутулдик-эй!"- деймиз" тарзидаги иқрорида ўзбекнинг жуда катта қисмида қатъий шаклланган психология илк бор ифода этилган. Чиндан ҳам ўзбекда ҳамон қиз болага турмушга чиқишдан муҳимроқ миссияси йўқдай қаралиши ва бунга, ҳатто, қизларнинг ўзлари ҳам кўникканлари ғалати ҳол.
Романда сирлилиги билан "Маҳаллада дув-дув гап" филмидаги архитектор келинни эсга соладиган Саодат образи ҳам жуда ёрқин ишланган. Бу қақажон қизнинг ўзига соядай эргашиб юргувчи Алишерга уни ёқтирмаслигини дангал айтиши, ўзига аташтирилганига қарамай Дилоромга кўнгил қўйган Султонни тушуниши, айни вақтда қизларга хос қувлик билан унга тегмоқчидай бўлиб кўриниши, бундан Дилором билан Султоннинг қийналишлари тасвирланган ўринлар ўқувчини ҳам бошқа персонажларни ҳам қалтис ҳолатларга солади. Асарда Саодатнинг Дилоромга қарата: "Икковимизга ҳам уйланаверади. Иккита никоҳ. Мен хурсандман, Дилором! Ёмон кундош бўлиб чиқса-я, деб роса қўрққан эдим. Олдингилар тўртта ҳам хотин олар экан-ку". Дилоромнинг:
"Роса ҳазилкаш экансиз-ку",- деган гапига "Ҳеч ҳазил қилаётганим йўқ. Мана, Японияга кетяпман бу кишига ҳам, ўзимга ҳам сарпо олиб келаман деб. Уйдагилар ҳамма нарса тозасидан, фирменний бўлсин деди. Пулини берсангиз... Йўқ, кейин ҳисоблашамиз, сизга ҳам олиб келаман. Бир оила бўлгандан кейин... Султон ака, кўтаринг бошни. Иккита қаллиққа хурсанд бўлиш ўрнига.... Қани, юринглар, бир оила бўлиб музқаймоқ ейлик",- деб жавоб бериши бу қиз тийнатидаги қудрат ва топқирликни кўрсатади. Дилоромнинг: "Сал бекатингиз йўқроқ эканми?" тарзидаги санчиқли пичингига хафа бўлиш ўрнига шўхчан кулиб: "Дилоромхон, дарров хулоса чиқарманг. Бекатимиз битта. Мана кўрасиз, яхши қизман. Жуда намунали кундош бўлиб кетамиз ҳали. Фақат ҳозирдан айтишмайлик. Бошидан дугона бўлсак, бир умр аҳлчилик. Тўғрими, Султон ака?"- дейишлари нафақат Султон билан Дилоромни, балки ўқувчиларни ҳам таҳликага солади. Шўх қизнинг Султонга: "...уй томонга ўзим тушунтираман. Сиз бу ёқни тинчитинг. Совчингиз тезроқ ҳал қилсин. Балки икки тўйни битта қилиб ўтказармиз" тарзидаги гапи йигитни боши берк кўчага киритгани каби ўқувчинида ўйлантириб қўяди.
Китобхон бетоқатлик билан ечимни кутади ва кўнглининг бир четида ечим қандай бўлишидан қатъи назар унда асосий ўринда Саодат бўлишига ишонади. Чиндан ҳам Саодат ўқувчи ишончини оқлайди. Севишганлар тақдирининг изга тушишида Саодат Нозимдан кам ўрин тутмайди. Асарда бу икки тимсолнинг табиати ва тутумларида қандайдир яқинликлар борлигига сезилар-сезилмас ишора қилинади.
Шуниси диққатга сазоворки, интригаларга тўла бу асар бошидан охирига қадар беғубор ва ҳаётбахш кулги билан йўғрилган. Нафақат Нозим билан Саодат, балки катта-кичик барча тимсолларнинг сўзлари вазиятга қараб оғир- енгил қочирим, киноя ва пичинг билан йўғрилган. Бу ҳол Давлатни излаб кечаси уникига келган Раъно билан Гулсанам ўртасида бўлиб ўтган қиқагина суҳбатда ҳам кўзга ташланади:
"РАЪНО: - Ишим... бир ишим бор эди.
ГУЛСАНАМ: - Ҳа, Давлат акангиз билан бирга иш қиласизми? Яхши, мана бу бола ҳам Давлат акангиз билан менинг ишимдан. Сизнинг ишингиз ҳам шунақами? Шўх-да бу акангиз".
Кишини ўйиблар олгувчи бу сўзлар ҳам аслида шаллақи Раъно тушган ҳолатни кўрсатиши, ҳам рашкдан ёниб бораётган Гулсанамнинг руҳий дунёсини ифодалаши, ҳам ўта қалтис вазиятда кулги қўзғай олиши жиҳатидан тенгсиздир. Давлатни Гулсанам билан яраштириши керак бўлган Нозимнинг: "Ёлғон гапираманми? Нима, Раъно деган ўйнаши йўқ, деб айтаманми?"-деган сўроғига Давлатнинг: "Бор, дейсизми бўлмаса? Нима, сизнинг виждонингизни деб, мен оиламдан ажралайми?"- тарзидаги эътирози ўқувчида ҳам кулги қўзғаши, ҳам ўйланишга мажбур этиши билан эътиборли.
Бутун асар давомида ўйчан ва жиддий қиз сифатида тасвирланган Дилоромнинг Султонга айтган: "Саодатингиз курашса, мен қараб тураманми? Жа анойисини топибди, шерикчиликка эр қиладиган!"- тарзидаги қатъиятида ҳам кулги сачраб туради. Ҳатто, онасининг Султонга бермайман, чет элда яшаётган Сарварга тегасан деган гапига Дилоромнинг: "Сиз бунга бермасангиз, мен ҳам унга тегмайман!"- деган гапи замиридаги мантиқсизликка Шарофат ая тилидан: "Вой, бунга берсам, унга ҳам тегар эдингми?" тарзида берилган жавобдан ҳам кулги томиб турибди.
Романда ўзбекнинг яшаш, ўйлаш, таъсирланиш ва таъсир қилиш тарзи туфайли унда қарор топган руҳият тўлғамлари ўта нозик кўрсатилган. Ёзувчининг маҳорати сабабли Дилоромни Султонга беришга зўрға кўнган онанинг қизи билан суҳбати тасвирида ҳам зарра бўлсин зўракиликка йўл қўйилмаган: "ШАРОФАТ АЯ: Вой, она қизим... Мен сени норози бўламан деб ўстирмадим. Кўнглингдагига ўйнаб кулиб бераман. Ҳай, уни бир айтиб кўрдим-да, балки қайтарсан гапингдан деб, синадим.
ДИЛОРОМ: - Ихтиёрим сизда, ая. Сиз катта қилдингиз, сиз беринг.
ШАРОФАТ АЯ: - Мен очиқ кўнглим билан бераман, агар сен хўп десанг". Бу ерда ўзбек аёлининг тоза кўнгли акс этиб турибди. Агар у кеча йигит бошқа ердан келгани ва ота-онасининг розилигини олмагани учун қизимни бермайман деганида қанчалар самимий бўлса, энди унга бераётиб қизига айтган гапларида ҳам шунчалар самимий. Қизи ҳам худди шундай. Чунки ўзбекнинг руҳият тарзи шуни тақозо этади.
Асарда ўзбек сўзининг беқиёс жилваси акс этган, ҳар бир ифодасидан кулги сачраб турган ўринлар сон-саноқсиз. "Одам ёлғиз яшаса, ҳамма нарсаси гапиради", "Бўлмайдиган ишнинг ўзи бўлмайди" каби ифодалар тилимизнинг имкониятлари нечоғли эканини намоён этади. Романдаги: "Мурод ака бепарво нос отмоқчи бўлади, Шарофат ая унга ола қарайди. У шоша-пиша носқовоғини чўнтагига солади" сингари жўнгина ремаркалар замирида ҳам персонажлар табиати акс этгани асарнинг бадиий кучидан далолатдир.
Ҳеч ким ва ҳеч нима фош этилмаган, инкор қилинмаган, балки хилма хил, бир-бирига ўхшамайдиган, айни вақтда бир-бирига жуда ўхшаш одамларнинг ички дунёси кўрсатилган бу роман адабиётимиздаги ўзига хос эстетик ҳодисадир. Миллий руҳнинг яшовчанлик қудрати ва миллий тилнинг ифода имкониятлари ёрқин акс этган ушбу асар ўқувчилар кўнглидан жой олишига ишонамиз
Қозоқбой ЙЎЛДОШ
"Ўзбекистон адабиёти ва санъати", 2010 йил, 17 декабрь"