Шодиқул Ҳамро. Суратдаги аёл (ҳикоя)
Юзингда доғ кўрдим, муборак бўлсин…
Уйқудаги алаҳсирашдан.
Шаҳарнинг кун чиқиш тарафида жойлашган мўъжазгина ҳовлида ижарада яшай бошлаганимнинг иккинчи йили ёз арафаларида уй бекаси — камсуқум, одамови бева кампир туйқусдан қазо қилиб қолди. Кампир кечаси ўзининг ҳовли четидаги ҳужрасида оламдан ўтган, аммо унинг ўлимидан эртаси чошгоҳга қадар бирор тирик жон хабар топмаганди. Фақат чошгоҳга яқин кампирни эрталабдан буён ҳовлида кўрмаганим, ҳужранинг эшик-деразаси кеча оқшом қай тарзда бекитилган бўлса, ҳамон шундай турганлиги кўнглимга хавотирлик солди. Сўнг эшикка келиб секин тақиллата бошладим. Орадан бир неча дақиқа ўтди, лекин ичкаридан бирор сас-садо эшитилмади. Кейин эшикни секин итардим, эшик қулфланмаган экан, ғийқиллаб очилиб кетди: дераза юзига дарпарда тортиб қўйилганидан уй ичи қоп-қоронғи эди, дафъатан кўзим ҳеч нарсани илғамади ва беихтиёр уч қадамча нарига юрдиму уйнинг тўридаги тўшақда қимир этмай ётган кампирга кўзим тушди-да, рангим қув оқариб, қўл-оёғимни қалтироқ босди, қўрққанимдан наф
асим ичимга тушиб кетди. Кампир шифтга қараб ётар, унинг шишинқираган юзи қорайиб кетган, энгаги кўксига тушиб турганидан оғзи ваҳимали алфозда очилиб қолган эди. «Ўлиб қолибди…» деган совуқ ўй миямга урилди ва отилиб ташқарига чиқиб кетдим.
Кейинчалик кампирнинг сирли ўлими тўғрисида ўйлар эканман, назаримда марҳума жон бераётганда бошида бирор тирик зоғ турмаслигини, фақат ёлғиз ўзигина ажал билан юзма-юз келишини олдиндан билган ва бунга ҳозирлик ҳам кўриб қўйган деган хаёлга бордим. Чунки ўша кун мен уйга кириб борганимда майит қибла томон бош қўйган, қўл-оёқлари, худди рисоладагидай, ўрни-ўрнида, фақат энгаги боғланмаган эди. Шак-шубҳасиз, буларнинг барини кампирнинг ўзи, жон узилаётган дақиқаларда бажаришга улгурган, ўша тун ҳам, эртаси мен ҳужрага киргунимга қадар ҳам, ҳовлига бирор кимса қадам босгани йўқ эди.
Мен шуларни ўйлар эканман, кампирнинг кўз олдимда кечган икки йиллик умри мобайнида мудом овсардай хаёли паришон бўлиб юриши, баъзида эса чуқур-чуқур хўрсиниб қўйиши сабаблари аён бўлгандай бўлди.
Кампир бу икки йил ичида шубҳасиз кўпроқ ўз ўлими тўғрисида ўйлаган дедим ўзимча.
Шу кун, мен хабар берганимдан сўнг маҳалла аҳли ҳовлига бирин-кетин кириб кела бошлашди. Кампирнинг ўлими ҳеч кимни ортиқ қайғуга солмади, номигагина бир-иккита аёл овоз чиқариб йиғлаган бўлишди, қолганлар шунчаки савоб учун келишгандай, алланарсалар тўғрисида пичирлашиб, гурунглашиб ўтиришар эди.
Марҳумани асрга чиқардик.
Кечқурун мен ва кампирнинг ҳужрасида Қуръон тиловат қилиб чироқ ёқишаётган икки кампир қолди. Кўп ўтмай кампирлар ҳам кетишга тушди. Улар қоқиниб-туртиниб ҳовлидан чиқишар экан, марҳуманинг турфа хил ҳислатлари ҳақида тўқиб-бичиб тинимсиз жаврашар, баъзан гап орасида менга юзланиб, кампирнинг чироғини ҳеч қурса, қирқ кунгача ўчирмай ўтиришимни қайта-қайта тайинлашар эди.
Кампирлар ҳовлидан чиқишгандан сўнг мен дарвозани тамбаллаб ижарахонам томон юрдим. Майит чиққан ҳовлининг руҳи оғир ва ваҳимали эди. Мен хонамга кириб ўриндиққа чўзилар эканман ҳеч нарса тўғрисида ўйламасликка тиришар, лекин марҳуманинг боя тўшакда ётган ҳолати ҳадеганда кўз ўнгамдан нари кетмай юрагимдага қўрқувни баттар зўрайтирар, бунинг устига, ҳовлида қандайдир шарпалар кезиб юргандай туюлар, гоҳида эса кимдир кўзларини лўқ қилиб деразадан менга тикилиб тургандай бўлар эди. Мен кўрпага бурканиб кўзларимни юмиб олдим ва алаҳсираб ухлаганча тонг оттирдим-да, бугуноқ бу ҳовлидан кўчиб кетаман, деб ўз-ўзимга сўз бердим. Бироқ, кундузи тунга қўрқув-ваҳималар тонги тумандек тарқаб кетди ва кўчиб кетишни эртага, индинга дея пайсалга солиб юрдим.
Кунлар шу алфозда аста-секин ўта бошлади. Мен ҳовлида ёлғиз яшашга ҳеч кўниколмас, ҳамон тунлари узоқ йиллар ёлғиз кампиргина тириклик руҳини бағишлаб келган, унинг ўлимидан сўнг эса аллақандай сирли қиёфага кирган бу ҳовлида, худди нақд балонинг домида ётгандай совуқ терга ботганча алаҳсираб ухлар, кундузлари эса, ўзим сезмаган ҳолда кундалик машғулотимга айланаётган муҳим юмушим — дарвоза олдида туриб онда-сонда фотиҳага келиб кетадиган кишиларни қарши олар эдим.
Шундай кунлардан бирида марҳуманинг уйида сақланаётган ва мени кўпдан буён қизиқтириб келган эски қути ва ундаги суратлар эсимга тушди.
Ўтган йили қишнинг охирлари эди. Мен қандайдир юмуш билан эшикни тақиллатмасдан кампирнинг ҳужрасига кирдим. Кампир уй ўртасида мук тушиб ўтирганча қаршисида сочилиб ётган бир гала суратларга берилиб тикилар эди. У эшик очилганини ва менинг уйга кирганимни бир муддат пайқамай турди, сўнг нимадандир хаёли бўлиниб менга юзи тушди-ю саросима аралаш авзойи бузилди, гўё мен олиб қўядигандек, қаршисидаги суратларни ўнг ёнбошида очиқ турган қутига шоша-пиша сола бошлади. Кампир суратларни йиғиштириб бўлгач, миқ этмай, менга тескари қараб ўтириб олди. Афтидан, менинг рухсатсиз уйга кириб суратларни кўришим уни қаттиқ ранжитган эди, бир ҳафтача қовоғини солиб гаплашмай юрди. Шу воқеадан сўнг мен қутидаги суратларга қизиқиб қолган эдим. Кампир ҳужрасига қамалиб олиб суратларга узоқ-узоқ тикилишини билар, сўнг уни ҳовли юзасида аллақандай маъюс қиёфада кўрардим, шундан кейин суратларни кўришга бўлган қизиқишим баттар ошар эди. Лекин кампир ҳаёт чоғида суратла
рни кўриш учун бирон марта қулай имкон туғилмаган эди.
Ҳовлида ёлғиз яшай бошлаганимнинг олтинчи куни эрталаб ҳужрага кирдим. Уй ичидан эски қутини осонгина топдим, у тўрдаги токчада ётган экан. Қутини хонамга олиб келдим-да, ранги униқиб кетган қопқоғини секин очдим: ростдан, қутининг ичи суратлар билан лиқ тўла эди. Энди кампирнинг бутун сир-асрорини билиб олишим аниқдай туюлганидан юрагим зарб билан ура бошлади ва шошиб суратларни бир-бир кўздан кечиришга тушдим. Ниҳоят қутининг тагига четлари букланиб юза қисми қорайиб кетган эски сурат қолганда ўз-ўзидан ҳафсалам пир бўлди. Мен ўша қишки воқеадан кейин, қутида албатта қандайдир сирли сурат бўлиши керак деб ўйлар ва бунга қаттиқ ишонар эдим. Айниқса, ўшанда кампирнинг ранжиши ва суратларни яшириши бу қизиқишимни баттар аланга олдирган эди. Айни чоғда эса, мен қутида ҳеч қандай сирли сурат топа олмадим. Қути, одатдаги, сураткашнинг: «Жилмайинг, суратга оляпман!» деган овози янграган лаҳзада қиёфаси акс этган кишиларнинг сурати билан тўла эди. Суратларнинг би
рортасида ҳам марҳуманинг таниш чеҳраси учрамади, суратлар менга мутлақо нотаниш кишиларники эди. Юзга яқин суратлар худди битта нухсадан андоза олгандек бир-бирига айнан ўхшар, ҳар бир суратда эркак билан аёлнинг маъносиз жилмайиб турган қиёфаси акс этган эди.
Мен қаршимда сочилиб ётган суратларга бефарқ тикилиб, нега ўшанда кампир буларни мендан яширганига тушунолмай ҳайрон бўлар, лекин қанчалик ўйламай бирор жўяли сабаб тополмас эдим. Гоҳида эса, ўша мен ўйлаган сирли сурат қаердадир, суратларнинг орасида ётибди-ю, фақат мен уни кўрмаётгандай туюлар ва бутун диққатимни жамлаб яна суратларни титкилашга тушар эдим, аммо кўз очиб юмгунча навбат ўша эски суратга етганда, яна ҳафсалам пир бўлиб бўшашиб қолар эдим.
Ахийри қутида ҳеч қандай сирли сурат йўқлигига аниқ ишондим, кампирнинг ўшандаги хатти-ҳаракатини унинг ўзини овсарлигига йўйиб кўнглим тинчиди.
Қути суратлари билан менинг хонамда қолди. Мен қачонки зериккан чоғимда, шунчаки эрмак учун суратларга кўз қиримни ташлар, қолган пайтларда эса, улар кераксиз буюмдек хонамда сочилиб ётар эди.
Аслида, мен бу йилги ёзги таътилни шаҳардан ташқарида — киндик қоним тўкилган қишлоқда ўтказиш ниятида эдим. Шу туфайли курсимизнинг жами талабалари ўз ташаббуслари билан узоқ юртдаги қандайдир қурилишга ёрдамга отланишганда, ёлғиз мен, соғлигим тўғрисида турли хил баҳоналарни рўкач қилиб улардан ажралиб қолган эдим. Ва аллақачон қишлоққа жўнаб кетишни мўлжаллаб қўйган эдим, бироқ кампирнинг бевақт ўлими бу ниятимни орқага суриб юборди. Бунинг устига маҳалланинг кекса кампирлари ҳар сафар ҳовлига киришганда менинг ҳеч қаёққа кетиб колмаслигимни, кимдир албатта, марҳуманинг арвоҳи ҳурмати учун уйнинг чироғини ёқиб, ҳовлига кўз-қулоқ бўлиб туриш кераклигини қайта-қайта тайинлашар ва гапларининг охирида «бир кун туз тотган жойга, қирқ кун салом», деган ҳикмат бор, ўғлим», дейишиб, мени бу ҳовлида яшаганимни ва яшаётганимни писанда қилиб ўтишар эди. Кампирлар, гўё мен ҳовлини ташлаб кетиб қолаётгандек астойдил куйиниб насиҳат килишар эди. Мен ипсиз боғлани
б ҳовлида қимир этмай ўтирар эдим.
Кампирнинг йигирмасида эрталабдан ҳовлида кампирлар йиғилишиб бир муддат йиғи чиқаришди, кейин уйга кириб анча вақт марҳумани хотирлаб ўтиришди. Ош-сувдан кейин ҳамма тарқаб, ҳовлида яна ёлғиз қолдим. Мен дарвоза олдига қўйилган ўриндиқка беҳол ўтириб ҳовлининг афт-ангорига руҳсиз тикила бошладим: кампирнинг эгасиз ҳувиллаб ётган ҳужраси, бир четдаги ўзимнинг ижарахонам, атрофни қуршаб турган пахса девор, хуллас, теграмдаги барча-барча нарсалар кўзимга жаҳаннамдай хунук кўриниб кетди. Мен кимсасиз ҳовлида ёлғиз яшаётганимни, тунлари алаҳсираб совуқ терга ботиб ухлашларимни, айниқса, бирор тирик жонга сездирмасдан қоронғи ҳужрасида тирикликдан умид узиб жимгина ўлишга қурби етган кампирни хаёлимдан ўтказар эканман хўрлигим келиб кетди. Гўё менинг тақдирим ҳам қачондир шундай кечади, деган ўй миямга маҳкам ўрнашиб олди, юрагим музлаб, вужудимда яшашга заррача истак қолмаган эди. Мен ўзимни ожиз ва ҳеч кимга кераксиздай ҳис этдим. Кейин руҳсиз қиёфада хонамга
кирдим ва ўриндиққа чўзилиб ҳеч нарса тўғрисида ўйламай шифтга термулиб ётдим. Анча пайтдан сўнг хаёлан қўлимни ёнбошимда очиқ турган қутига суқдим.
Қўлим пайпаслай-пайпаслай ахийри қутининг қайсидир бурчагидан ўша эски суратни топди, сўнг уни кўзларимга якин келтирдим. Суратга нигоҳим тушди-ю, қўлларим титраганча ўрнимдан сапчиб туриб кетдим, эски суратнинг юзасини қоплаб турган қора доғлар ортидан кимдир тирик нигоҳ билан — ҳа, айнан тирик нигоҳ билан тикилиб тургандек бўлди. Мен дераза қаршисига келиб яна суратга қарадим: ҳа, кишининг юрагини алланечук сескантирадиган ўткир нигоҳ билан тикилиб турган узунчоқ юзли аёлнинг чеҳраси кўринди, сурат юзасини қоплаб турган қуюқ қора доғлар худди тўрли чачвондек унинг юзини беркитиб турар эди. Мен суратга киприк қоқмай тикилар эканман, аёл, дафъатан кўзимга, мовий осмон бағрида кўкрагини шамолга тоблаб чарх уриб учаётган қушлар галасига чексиз ҳавас ҳамда ички изтироб билан мунгайиб термулиб турган қафасдаги қушчага ўхшаб кўринди. Тўғри, аёл суратга тушаётган лаҳзада ўзи истамай жилмайишга уринган ва қуришқоқ, қонсиз лабларида кулги юз кўрсатиб маъюс
чеҳраси равшан тортгандек эди. Аммо унинг йирик-йирик тим қора кўзларида бутунлай ўзга ҳолат зуҳур этарди. Менинг назаримда, аёлнинг вужудини киздирган, ўлимдай қайсар қандайдир истаклар жамланган хилқат бор эди унинг ботиқ кўзларида. Менингча, аёл суратга тушаётган фурсатда бу хилқатнинг яширишга уринган шекилли, кўзларини катта-катта очганча тик қараб турар эди. Лекин унинг бу ҳолати худди қуёш юзини тўсмоқчи бўлган бир уюм қора булутга ўхшар, ҳадемай бу ўткир нигоҳ толиқиб, яна ўша хилқат калқиб юзага чиқиши ва кўзларнинг саҳнига ўз салтанатини ёйиши аниқ эди. Аёлнинг ўзи ҳам буни сезган чоғи, сири фош бўлишидан чўчибми, кўзларининг чекка-чеккасида безовталик аломати акс этган эди.
Агар мен мана шу нигоҳ ортидаги сирли хилқатни кўрмаганимда, албатта суратни ташлаб юборар ва уни қайта қўлимга олишим гумон эди. Шу тобда суратдан кўз узишга қурбим етмас, аста-секин аёлнинг кўзларидаги хилқатга ғарқ бўлиб борар эдим.
Мен суратга ошуфта бўлиб қолдим. Энди ҳовлида ёлғиз яшаётганим, киндик қоним тўкилган қишлоққа кетолмай бўғилиб юришим, уйқумдага босинқираб алаҳсирашларим, кампирнинг ўлими, маҳалладаги кампирларнинг панд-насиҳатлари, ҳамма-ҳаммаси, қачондир кўрган хира тушимдай хотирамдан буткул унут бўлиб кетди. Мен хонамга қамалиб олиб суратдаги аёл ҳақида ўйлар, унинг жоду кўзларига соатлаб термулар ва бундан кўнглим ҳеч қачон безиш сезмас эди.
Баъзан мен аёлнинг нигоҳи толиқиб қолишдан чўчибми, унинг кўзларини юмиб қўйиш мақсадида қобоқлари устида бармоқларимни оҳиста юргизар ва табиийки, бунинг уддасидан чиқолмас эдим. Шунда суратдаги аёл менинг устимдан алам билан қаҳ-қаҳ отиб кулаётгандай туюлар, сўнг мен уятдан қизарганимча хонадан ташқарига чиқиб кетар эдим. Тун алламаҳал бўлганда кўчада бемақсад тентираб юрар, кейин хонамга келиб суратга қарашга ботинолмай, чироқни ўчириб ўриндиққа чўзилар эдим.
Бу тун ҳам худди шундай ҳолат такрорланди. Фақат мен хонадан чиқа туриб — азбаройи, жаҳлим чиққан бўлса керак — суратни юзтубан ётқизиб қўйдим. Энди остонага етганимда ортимдан кимнингдир энтикиб нафас олгани ва қадам товуши эшитилгандай бўлди. Мен қаттиқ сесканиб тушдим ва бошимни илкис ўгириб ортимга қарадим-да, кўзларим косасидан чиққудек каттариб, ҳайкалдай қотиб қолдим: икки қадамча нарида суратдаги аёл синиқ жилмайиб турар эди… Йўқ, мен туш кўраётганим йўқ, қаршимда айнан суратдаги аёл турар эди. Мен уни бошидаги яшилранг рўмолдан, эгнидаги оқ гулли кўйлакдан ва пир-пир учаётган киприклари остидаги ўша хилқатдан танидим. Аёл узоқ йўл босиб келгандек энтикиб-энтикиб нафас олар, унинг юз, бўйинлари қизариб кетган ва у нимадандир қаттиқ безовталаниб, атрофга олазарак қараганча, тезроқ хонадан ташқарига чиқишга ошиқар эди.
Аёл, гўё кўрмаётгандай менга эътибор ҳам бермади ва шарпадай сас-садосиз хонадан чиқа бошлади. Мен ҳам беихтиёр унинг изидан юрдим.
Биз қуюқ туман бағрига кирдик. Аёлнинг безовталиги бир оз босилган, лекин сўз қотмасдан, худди бирор юмуш билан қаёққадир кетаётган кишидай, босиқ қадам ташлаб жимгина кетиб борар эди. Мен эса ҳамон аёлни суратдан чиқиб келиши ва кўз ўнгимда қимтиниб нафас олганча юриб боришини тасаввуримга сиғдиролмай, кўр-карахт бўлиб, унга эргашиб борар эдим. Мен ҳар қадам ташлаганимда, нимадир сўрамоқчидай аёлга қараб олар, лекин у олдингта тиккан нигоҳини зарра чалғитмас ва унинг сукут сақлаши ўртамизда чуқур бўшлиқ ясаб турар эди.
Кимсасиз жинкўчалар бўйлаб узоқ юрдик. Агар қайсидир муюлишдан баҳайбат қора ит акиллаб чиқиб, йўлимизни тўсмаганда ҳали изимизга қайтмаган бўлар эдик. Ит, кутилмаганда, рўпарамизда пайдо бўлди ва жон-жаҳди билан ҳура бошлади. Аёл ҳаддан зиёд қўрқиб кетди, у менинг қўлимдан маҳкам ушлаб тезроқ бу ердан кетишга қистар эди. Унинг аъзойи бадани дир-дир қалтирар эди. Шошиб ортимизга қайтдик. Ит бизни таъқиб этмади, у хавф-хатарни бартараф этгандай, тумшуғини осмонга чўзиб бир-икки ҳуриб қўйди.
Аёл буткул тинчини йўқотган, у тинимсиз «уф» тортганча шошилиб қадам ташлар эди.
— Лўли хотиннинг сўзлари тўғри чиқди, — деди тўсатдан аёл аламли овозда худди ўз-ўзига гапираётгандай шивирлаб.
— Қанақа лўли хотин? — деб юбордим ҳеч нарса тушунмай.
Аёл сўровимни эшитмагандай, яна пичирлаб гапира бошлади. Энди уни овози бир оз бўлса-да, равон, аммо нимадандир аламзада бўлса керак, заҳарли чиқар эди.
— Мен бир пайтлар отнинг туёғидан тушиб қолган эски тақадай одамларнинг ёдидан буткул унут бўлиб кетган эдим. Ҳовлимизга анча пайтдан буён бирор хотин-халаж йўламай қўйганидан тентакдай ўзим билан ўзим гаплашардим. Хотин-халажлар келишганда ҳам нима ўзгарарди, шунчаки кўнгил учун айтяпман-да. Шундай дилгир кунларнинг бирида ҳовлимизга елкасига бўз тўрва осган қоп-қора юзли бир лўли хотин кириб келди. Мен юрагим сиқилиб ўтирган эдим. Уни кўриб суюниб кетдим. Лўли хотин, «уйга киринг», дея қилган мулозаматларимга кўнмади, шундоққина остонага яқин ерда ястаниб ўтириб олди. Сўнг шишадек ялтираб турган кўзларини менга мулойим тикди-да: — Кел, айланай, фол очиб қўяман, — деди.
Мен умрим бино бўлиб ҳеч қачон фол тўғрисида ўйламаган, оламда шундай нарса борлигини хаёлимга ҳам келтирмаган эканман. Шунинг учун бўлса керак, лўли хотиннинг кутилмаганда айтган сўзларига нима деб жавоб беришни билмай ҳайрон туриб қолдим. Лўли хотин илжайиб, менинг оғзимга бир оз қараб қолди, сўнг юзимдаги ҳайронлик аломатини кўриб, хоҳламаяпти, деб ўйлади шекилли, «фол очай» дея ортик қистамади. Кейин унинг юзи жиддий тортди ва мендан нигоҳини узиб ҳовли юзасига, эшик деразаси очиқ турган уй саҳнига ғалати қарай бошлади. Кўп ўтмай, у нигоҳини яна менга қадади, бу гал унинг юзида бояги мулойимлик йўқолган, киприк қоқмай тикилишида юракни сескантирадиган ваҳм бор эди. У нимадир излаётгандай, менинг афт-ангоримга анча пайт тикилиб турди. Бизнинг нигоҳларимиз тўқнашганда, мен секин бошимни куйи солдим. Шундан сўнг, лўли хотин нимадандир кўнгли тўлмагандай, енгил хўрсиниб олди ва босиқ овозда қироат билан гапира бошлади: — Шу нарса ҳар доим ёдингда бўлсин, с
эн ўзинг никоҳида бўлмаган номаҳрам эркак билан бирга бўлиш тўғрисида, тилингда гапирма, дилингда ўйлама, ўзини кўзинг билан кўришга ва сўзларини кулоғинг билан эшитишга ҳеч қачон орзуманд бўлма! Билсанг агар, буларнинг бари Муқаддас китобда зино, деб ёзилган, гуноҳи оғир кечади…
Лўли хотин менинг садақа беришимни ҳам кутмай ҳовлидан чиқиб кетди. Мен унинг кетганини пайқамай қолган эдим, аниқроғи, ҳушим ўзимда эмас эди… Лўли хотин юзимга бир шапалоқ уриб кетгандай эди. У, менинг юрагимдаги бор сир-асрорни олдиндан билган ва атай шу туфайли ҳовлига келгандай эди. Назаримда, у лўлига ҳам, аниқроғи, одамзод боласига ҳам ўхшамас эди… Лекин ўшанда ким билган бўлса қамки, бари бир мени тушуна олмади. У кетгандан сўнг, оҳ, қандай бўғилиб йиғлаган эдим-а…
Биз ҳовлига яқинлашиб қолган эдик. Аёл ҳозиргина ўзи айтиб берган воқеадан таъсирланибми, баттар қўрқувга тушган, мендан бир қадамча олдинда, худди қатл майдонига кетаётган гуноҳкордек зир титраб-қақшаб борар эди. Мен унга таскин бериш, ҳеч курса кўнгли учун бирор сўз тополмас, тилим худди кесиб ташлангандай калимага келмас эди.
Аёл ҳовлига энди қадам кўйганди, туйқус қаёқкадир ғойиб бўлди. Мен бу дақиқада, негадир орқамга ўгирилиб қараган эдим. Олдимга қараганимда аёл йўқлигини билиб, ақлдан озаёздим ва телбаларча ҳовлида у ёқдан-бу ёққа югуриб уни излай бошладим: зим-зиё тун қўйнида кўзим бирор шарпани илғамас, ҳайратим ва хунобим баттар ошар эди. Аёл ҳеч қаерда йўқ эди. Бошим бузилган ари инидай тинимсиз ғувиллар ва қаёққа юришимни билмай, ҳовли ўртасида қотиб қолдим, бу рўй бераётган воқеалар ўта ғайритабиий туюлаётганидан бўлса керак, балки мен туш кўраётгандирман, деб ўйлай бошладим: мана аёл, тун каби сездирмасдан ғойиб бўлди, энди мен хомуш тортиб уйғониб кетишим керак… О, йўқ, буни ҳеч қандай тушга йўйиб бўлмайди. Ахир, ой, йил бурун эмас, атиги бир неча сония муқаддам — бир неча сония муқаддам-а — аёл мен билан кўчада ёнма-ён юрган, қаршимиздан лаънати ит ҳуриб чиққанида қўлларимдан маҳкам тутиб олган ва менга лўли хотин воқеасини айтиб берган эди-ку?! Унин
г, тузоққа илинган қушдай юраги потирлаб уриши ҳамон қулоғим остида эшитилиб турибди-ку?! Йўқ, бу туш эмас, туш бўлганида юрагим бунчалик оғринмас эди…
Мен яна шахд билан ҳовлининг ҳар бир бурчагига, ошхона, марҳума кампирнинг ҳужрасига ва ижарахонамга бош суқиб чиқдим, аммо ҳеч қаерда аёлни топа олмадим, у ўзидан на бирор из, на нишон қолдирган эди. Мен сарҳадсиз саҳрода йўлини йўқотган сайёҳдай аёлни қаердан излашни билмасдан ҳовли ўртасида яна ҳушсиз қотиб қолдим. Шу ҳолатда қанча турганимни билмайман, кейин кутилмаганда ижарахонамда, боя ўзим юзтубан ётқизиб қўйган сурат ёдимга тушди ва отилиб ичкарига кирдим-да, суратга ташландим: хайрият, аёл суратда экан… У ўша илк марта кўзим тушган қиёфада турар, юзида, кўзида ҳозиргина ташқаридан келганлигининг ва бояги қўрқув-ваҳиманинг ҳеч қандай асорати сезилмас, фақат унинг ёноқлари хиёл қизаринқирагандай эди.
Мен аёлни — суратда жонсиз қиёфада бўлса ҳамки, топганимдан кўнглим хотиржам тортган эди.
Мен ўтаётган кунларнинг ҳисобидан адашиб кетдим, зеро, бунинг мен учун ҳеч қандай қизиғи ҳам йўқ эди. Кундуз кунлари хонамда қамалиб ўтиришим туфайли, ҳар кун шомга яқин марҳуманинг руҳига атаб чироқ ёқиш ва Қуръон тиловат қилиш учун ҳовлига келиб-кетадиган кампирларга онда-сонда кўзим тушиб қолар ва улар билан деярли гаплашмас эдим.
Бу кун — кампирнинг қазо қилганига қирқ кун тўлган бўлса керак ҳовлига яна хотин-халаж йиғилди. Улар, одатдагидек, ҳовлида бирпас йиғи-сиғи қилишди-да, сўнг уйга кириб чошгоҳга қадар ўтиришди. Улар кетишгандан кейин ҳовлида икки кампир қолди. Кампирлар, ҳовли юзасини ва кампирнинг уйини супуриб-сидириб тозалашди. Шом маҳал эса, марҳуманинг руҳига аталган сўнгги – қирқинчи чироқни ёқишиб, дуойи фотиҳа қилишгач, ҳовлидан чиқа бошлашди. Ховлидан чиқа туриб, кампирларнинг бири, мени кўриб юришдан тўхтади ва афт-ангоримга бир мудтсат тикилиб турди-да, кейин юмшоқ овозда:
— Рангингиз синиқиб кетибди, тобингиз йўқми, ўғлим? — деди.
— Йўғ-эй! — деб юбордим мен кизарганча, жилмайишга уриниб.
— Агар ёлғиз ўзингиз тунлари босинқираб чиқаётган бўлсангиз, набирамга айтаман, сизга ҳамроҳ бўлади. Ҳарқалай икки киши икки киши-да, — деди кампир.
— Йўқ, раҳмат! — дедим унинг сўзини рад этиб.
— Майли, ўзингиз биласиз, ўғлим, — деди кампир ва ортиқ сўз қотмай ташқарига чиқди.
Мен дарвозани тамбаллаб келдим.
Аёл суратдан чиқиб кетган тундан кейин, мен суратга янада қаттиқроқ боғланиб қолган эдим. Аммо ҳар доим ўзимни сурат ичида кезиб юргандай ҳис этсам ҳамки, бари бир, аёлнинг сир-синоатларига — унинг ғойибдан пайдо бўлгандек суратдан чиқиб келиши ва яна изсиз ғойиб бўлиши, нега лўли хотин воқеасини айтиб берганига тушиниб етмаган эдим. Суратдаги аёл мен учун ҳамон забт этилмаган, лекин забт этилиши керак бўлган тошдеворли қўрғондай сирли эди.
Баъзан мен суратдаги аёлни изтироб чангалида азобланаётган юзига тикилиб, у ҳақида турли хил фараз ва тахминлар тўқир эдим.
Эҳтимол, деб ўйлардим, аёлнинг ўзи ҳам қуёшнинг энг югурик нурлари бўйлай олмайдиган, чоҳ тубидай қоронғи ва зах бу эски суратда яшашдан аллақачон безган, лекин инон-ихтиёри қўлида эмаслигидан ҳеч қаёққа бош олиб кетолмаётгандир.
Балки, анча йил бурун — эҳтимол, у пайтда аёл ўн саккиз ёшли дуркун қиз бўлган — аёлнинг ўзи бахт излаб бу сурат ичига кирган, бироқ ўйлаган, кутган қувонч-шодликларини топа олмаган ва бунинг устига у ортга қайтиш йўлини йўқотиб, ҳамон сурат ичида адашиб юргандир.
Балки, аёл илк марта қадам қўйган чоғда, сурат ҳам қордек оппоқ ва тиниқ бўлган, кейин аёлнинг ғам йўғрилган нафаси тегиб-тегиб, олов тушган дарахтнинг танасидек қорайиб кетгандир.
Йўқ, эҳтимол, аёл қачонлардир жоҳил кимсалар томонидан бу суратда яшашга маҳкум этилган ва бир умрга тилсимлаб ташлангандир. Бу тилсимотнинг сир-асрорини ечиб аёлни халос этиш учун буюк салтанатнинг ёвуз қўшинини кучи етмас, балки қандайдир нотавон кимсанинг бўғзидан алам ёки инсоф билан отилиб чикқан бир оғизгина сўз кифоядир.
Бу ўйларимнинг адоғи йўқ эди. Мен бу ўйларни аввало ўзимни овутиш учун ичимдан тўқиб-бичиб чиқарар ва бунга ишониб-ишонмай юрар эдим. Аммо юрагимда, ҳар вақт аёлни соғиниш, уни қаршимда яна жонли қиёфада кўриш истаги устун турар эди.
Орадан беш тун ўтди. Аёл қайга суратдан чиқиб келмади. Мен ҳар тун хонадан чиқа туриб, суратга узоқ, илтижоли тикилиб турар, аммо сурат қилт этмас, сўнг ёлғиз ўзим ташқарига чиқиб кетар эдим. Бу ҳолат ҳар кун такрорланар ва мен аста-секин, энди аёл ҳеч қачон суратдан чиқиб келмаса керак, деган ўйга борар эдим.
Бу тун ҳам аёлни суратдан чиқиб келишини жуда-жуда истаб, лекин келмаслигига кўпроқ ишониб хонамдан чиқа бошладим. Мен энди эшик тутқичига қўл узатган эдим, ортимда хотирамда муҳрланиб қолган аёлнинг энтикиб нафас олиши эшитилгандек бўлди, сесканиб бошимни ўгирдим ва юрагим қувончдан хаприқиб кетди: қаршимда аёл турар эди. Аёл ўтган галгидек, нимадандир қаттиқ саросимага тушган, олазарак боқаётган кўзларида қўркув тўла эди.
У бу сафар менга нигоҳ ташламай, ёнимдан сирғалиб ўтди-да, шошиб ташқарига чиқтси. Мен унинг ортидан юрдим.
Тун лашкарлари мўру малахдай борлиқни ишғол этган, теварак-атроф қудуқ тубидек қоп-қоронғи ва оғир сукунатга кўмилиб ётар эди. Тун қўйнига киргандан сўнг аёлнинг қўркуви босилди, шекилли, у бир оз хотиржам қадам ташлар, нафас олиши ҳам сокин тортган эди. Биз тор, эгри-бугри жинкўча бўйлаб юриб борар эдик, тўғрироги, аёл йўл бошлар, у аниқ манзилга кетаётгандай босиқ ва иккиланмасдан қадам ташлар эди. Тунги қиёфаси менга ёд бўлиб кетган бу жинкўчалар, афтидан, аёлга ҳам яхши таниш эди, у қаршимизда учрайдиган муюлиш ёки кўчани кесиб ўтган ариқчаларни олдиндан сезар ва қадамини шунга мослаб олар эди.
Мен қаёққа кетаётганимизни ва яна канча йўл босиш кераклигини билмас, бутун инон-ихтиёримни аёлнинг измига топшириб, у бошлаган йўлдан миқ этмай кетиб борар эдим.
Аёл бу сафар ҳам бирор оғиз сўз қотмас, фақат онда-сонда менга орқада қолиб кетмадимикин, дегандай кўз қирини ташлаб қўяр эди.
Узоқ юрдик. Ниҳоят, аёл қандайдир ҳовли қаршисида тўхтади. Мен ҳам юришдан тўхтаб, аёлга саволомуз қарадим. Аёл эса, ҳовлининг дарвозасига, сўнг менга қаради-да, сирли жилмайди. Мен унинг бу сирли жилмайишига тушунмай, ичимда, нима гап экан, дея бир табақали дарвозага қарадим ва шу заҳотиёқ ҳушёр тортиб, қизариб кетдим: биз, марҳума кампирнинг дарвозаси қаршисида турар эдик…
Мен, имиллаб дарвозани очар эканман, дам-бадам аёлга қараб олар ва ҳайратимни яширолмай беўхшов илжаяр эдим. Ҳайратга тушишимга сабаб, аёл кампирнинг ҳовлисини адашмай топиб келиши эди. Бунинг устига у мени мутлақо тескари йўлдан — ўнг томондаги, катта йўлга яқин кўчадан бошлаб келган эди. Биз боя ҳовлидан чиққанимизда эса чап томондаги кўча бўйлаб кетган эдик…
Мен дарвоза табақасини ланг очиб, ҳовлига кириш учун аёлга йўл бердим. Лекин аёл ўрнидан қимир этмай, менинг юзимга тикилиб қолди. Унинг юзи, айниқса, кўзлари шунчалик жиддий ва ўйчан эдики, менга киприк қоқмай тикилар экан, албатта, кўнглида қандайдир нохуш ўй кечаётгани аниқ эди. Мен унинг бу қарашига дош беролмай, бошимни қуйи солдим. Аёл яна бир неча дақиқа шу алфозда қотиб турди, кейин бўшашган қиёфада судралиб қадам ташлаганча ҳовлига кира бошлади. Мен ҳали қадам ташлашга улгурмаган эдим, шу чоғ…
Эҳтимол, аёл бу сўзларни кўнглида кечираётган пайт, ўзи сезмаган ҳолда беихтиёр пичирлаб юборган ва шунда ҳам, бирор тирик жон эшитади, деб ўйламаган бўлса керак. Аммо унинг пичирлаб айтган сўзлари менга аниқ-тиниқ эшитилди: «Бунинг ҳам — мени назарда тутди шекилли — бурни бор экан. Менинг эримни бурни йўқ…» Мен тош қотганча дарвоза тўсинига суяниб қолдим.
Аёл сўзларини тугатганда ҳовли ичига кирган ва шу заҳотиёқ, қаёққадир изсиз ғойиб бўлган эди. Мен бу сафар унинг сирли ғойиб бўлганидан хавотирга тушмадим, зеро, энди унинг борар манзили менга аён эди. Мен унинг пичирлаб айтган сўзлари таъсирида ҳушсиз қотиб турар, бу сўзлар мени аёлнинг, худди лаҳча чўғ устида биқир-биқир қайнаб турган ва суви дақиқа сайин камайиб бораётган қумғондек, юрагига етаклаб кирган, ундаги бор сир-асрорнинг калитини қўлимга тутказган эди….
Мен хонамга кирмадим, тонгга қадар кўчада юрдим. Фақат эрталаб хонамга келиб суратни қўлимга олдим: шу пайтга қадар, мен пайқамаган эканман, – тўғриси ҳам суратнинг бу қисми ниҳоятда қорайиб кетганидан бирон нарсани илғаш мушкул эди, — суратдаги аёлнинг ўнг томонида қандайдир эркак кишининг қиёфаси акс этган эди. Унинг бўйи аёлникига қараганда пича узун, юзи заҳил бўлса керак, суратда яна қорайиб кўринар эди. Мен эркакнинг юзига қарадим: ростдан ҳам унинг бурни йўқ, юзи пешонасининг остига қадар кафтдек теп-текис эди… Суратга тушаётган фурсатда, у юзидаги бу нуқсонни яширишга уринган шекилли, бошини эгиброқ тутиб, кўз ости билан қараб турар эди.
Суратдаги эркак билан аёлга анча вақт ўйчан тикилиб қолдим. Кейин бошимга келган фикрдан хира тортган кўнглим ёришгандай бўдди. Назаримда, канчалик оғир бўлмасин, фақат шу йўл билангина аёлни суратдан халос этиш мумкин эди.
Мен суратнинг эркак киши турган томонини йиртиб ташламоқчи бўлдим.
Шу ниятда суратни қўлимга олдим ва уни энди йиртишга чоғланаётганимда, аёлнинг ўнг қўли худди эркакнинг ковурғаларидан ўсиб чиққандек, жипс ёпишиб турганига кўзим тушди: агар мен суратни эркак киши турган томонини йиртсам, аёл кўлсиз қолиши керак эди… Мен суратдаги аёлнинг юзига қарадим ва шу заҳотиёқ, у хаёлимда, қўлсиз қиёфада жонланди-ю, юрагим увишиб кетди, пешонамни совуқ тер босди. Қўлларимни суратдан тортиб олдим.
Аммо мени бошқа бир ўй қийнар эди: бундан буён мен суратдаги аёлга тикилиб, уни суратдан чиқиб келишини кутиб, жимгина яшаб юролмас эдим, чунки, шу пайтга қадар кўзим тушмаган ва борлигини хаёлимга ҳам келтирмаган, ана у суратдаги эркак кишини кўрган эдим. Энди қаршимда мен танлашим шарт бўлган икки йўл турганини юракдан ҳис этдим: аёл қўлсиз қолса ҳамки суратни эркак киши турган томонини йиртиб ташлашим керак, ёки суратни хонада қолдириб, ўзим ҳеч қачон қайтмас бўлиб бош олиб кетишим лозим эди.
Йўқ, бари бир суратни йирта олмадим. Ҳар гал уни йиртиш учун қўлга олганимда, аёл қирқиб ташланган ўнг қўлининг ўрнидан фавворадек қип-қизил қон отилаётган қиёфада кўз ўнгимда жонланаверар ва бармоқларим титраб, сурат ерга тушиб кетар эди. Бунинг устига суратдаги эркакнинг «йиртма» дегандек ёлвориб термулиши ҳам журъатимни чилпарчин этган эди.
Мен мағлуб қиёфада судралиб хонадан чиқа бошладим. Ортимда, кимнингдир суюниб қичқиргани ва яна кимнингдир бўғиқ фарёди эшитилаётгандай эди. Мен эса, елкамни зил-замбил юк босиб тургандай, бошимни ўгира олмас эдим. Мана, хона остонасига ҳам етдим… Эҳтимол шу кетган кўйим кайтиб ҳеч қачон бу остонани ҳатлай олмасман…
Эҳтимол, бир неча дақиқадан сўнг, тиниб қолгандай мудроқ тортган бу қонимда яна совуқ ва ёвуз журъат уйғонар…
Эҳтимол, бундан буён суратдаги аёл, ёлғиз ўзи, дўзахдан ҳам кувилган арвоҳдай тунлари кўчада изғиб юрар ва унинг армонлари ҳеч качон тўзим топмас… билмайман… Бошим ҳеч нарсани идрок қилмай қўйган эди. Мен учун ушбу дақиқада энг муҳими тезроқ сурат қаршисидан нарироқ кетиш эди.