Аҳмад Аъзам. Автобус (ҳикоя)
Шундай қилиб, шаҳарлараро қатнайдиган автобусга чиқиб ўтирдик. Албатта, тумонатда чипта олишнинг ўзи бўлгани йўқ, каминанинг кўкрак чўнтагида доим қизил ҳужжат юради, шуни ишга солдик – автовокзал навбатчи диспетчерига учраб, редакция гувоҳномасини кўрсатган эдим, кассаларнинг олди ур-йиқит бўлса-да, иккита жойли чиптани бирпасда тўғрилаб берди. Нав¬батда турганларнинг олдидан ўтаётиб, кўзларига қарашга виждон сал қийналди-ю, лекин қўлимизда ёш бола бор…
Одамларимиз жуда боадаб, чиптасиз чиққан бўлса, чиптали жойга ўтирмайди, ўтириб турса ҳам эгаси келса, жо¬йини бўшатади. Лекин жой эгаси ёшроқ кўринса, тепасида туриб олиб, одоб-тарбиядан ҳар хил гаплар айтавериб, тур-ғизиб, ўзи ўтириши мумкин. Айниқса ёши улуғлар. Лекин мен ичкарида ойна томонда ўтирибман, аёлим, йўғ-э, ёш болали келинчак чеккада, қўлида бола, бола билан – ҳимоя. Автобуснинг ўртаси ҳам тўлган, ғала-ғовурдан калла ғувлаган, кўп одамнинг нафаси қамалган ҳаво ҳам бўғиб юборай дейди. Лекин одам киряпти, ўрта лиқ тўлди, бир-бирига қапишиб кетяпти, аммо бағрининг андазаси автобус ичидан ҳам кенг ҳайдовчи, қани, бўлинглар, тез-тез чиқинглар, ҳу орқадагилар, сурилинглар, бу ёқдагилар ҳам кирсин, деб тинмай манзират қиляпти. Одам киряпти, киряпти – бунча тумонат қайси бўшлиққа жой бўляпти, билмайсиз, кўнгил кенг бўлса – бўлди экан. Лекин шу кўнгил ҳам торлик қилиб қолиб, бир аёлнинг дарди ичида қамалган экан, садо чиқиб кетди: “Э шопир ука, ҳайдамайсизми энди, бошимизга чиқарасизми шунча одамни!”, деди. Ана шунақалар бор-да. Ўзи-ку жойига жойлашиб олган, яна аёл киши, жим ўтирса бўлмайдими! Ўтирибди-ку одамлар, чиқиб олганига худосига санолар айтиб. Автобуснинг юргани ҳаммага яхши, ҳамма шуни кутяпти, бу аёлда эса сабр йўқ. Бўлмаса, бизда ҳам тил бор, билиб ўтирибмиз, лекин гапирсак, ҳайдовчи тўнини тескари кийиб олиб, мени хафа қилдингиз, тушинглар, автобус ҳеч қаёққа бормайди, деса! Ё, мана, гапларингга бузилди, деб қолса! Бунақа қилмайди-ю, лекин қўлидан келади, шунинг учун йўлининг ихтиёри ўзида бўлмаган одамнинг кўнглида мудом шу хавотир бор. Автобус сизники эмас, давлатники, лекин изми ҳайдовчида: юр деса – юради, тур деса, додингизни худога айтаверасиз.
Ҳа-я, бу, адашмасам, саксон иккинчи йили эди. Тошкентдан ҳамма йўналишларга венгер коммунистик ўртоқлар қаторлаштириб чиқарган бариси бирдек қизил “Икарус”лар қатнайди, кўпнинг кети ер искамайдими, ҳамма шаҳарма-шаҳар изғиган, “Икарус” одам ташиб улгурмайди.
Ҳалиги аёл ҳам қўя қолмайдиган хилидан экан, шопир “ҳозир-ҳозир” деса ҳам, “Инсофингиз борми, ҳайданг-да энди”, дейди. Самарқанд томонда осмондан текинга чалпак ёғяптими, одамлар киряпти, киряпти. Тепасидаги ичкарига қаратилган ойнадан кўриб турибман, ана шу гап аёлга ука, менга ака шопиримизнинг ҳамиятига тегиб кетди, ўрнидан азот туриб, бу ёққа, биз томонга қаради, нигоҳи мени ҳам беписанд кесиб ўтди, аёл мендан икки қатор олдинда ўтирган эди, каттакон ё каттаконнинг хотинига ўхшамади шекилли, силтаб ташлади: “Менга қаранг, сиздан бошқалар ҳам одам, кўчада қолиб кетсинми шунчаси”, деди ва шу билан кирганларни, айниқса кираётганларни ўзига оғдириб олди. Ҳаммага меҳрибон — одамнинг нишхурти бўлмайди. Аёл, барибир, аёл-да, кўпчиликка ёт бўлаётганини англаб, аламангиз чинқирди: “Сизга одамлар эмас, пули керак. Ўртангиз селёдка бўлиб кетди, яна тиқяпсиз, тиқяпсиз!”. Шопир яна жойидан турди: “Эй, опа, тиққаним йўқ, унақа деманг, хўпми, қолиб кетмасин бечоралар, деяпман?” деди, “ўчир” деган оҳангда. Шу пайт унинг кўзи кўзимга ботдими, ҳамманг жим ўтирасан, дегандек иддаосиданми, ишқилиб, ичимда нимадир бош кўтариб, ўзимни зўрға босдим. Лекин аёл товушида ўксик билан, одамларга ўгирилиб: “Ахир, анови куни Булунғурда кечаси билан автобусда ўтириб чиқдик, шунақа кўп юк олганидан бузилиб”, деди. Виждоним бир безовта қимирлаб қўйди. Э-э, дедим ичимда. Ҳайдовчи ҳали ҳам тик турган эди, “Автобус ёқмаса, ана, тушинг-да, таксида кетинг”, деди. Кўзида боягидек беиболик, аёлни ерга уриш бор эди. “Нимага тушар эканман? — деди аёл, сал қўрқди. – Чиптам бор”. “Чиптангиз бўлса, писта чақиб… тийиб ўтиринг”, деди шопир амирона тусда. Гапи пардали ҳам эмас эди. Аёл ожизланиб одамларга аланглади, мен билан кўз уриштирди, аралашмаганим маъқул деб ўзимни минг босмай, қорда қолган автобус эсимда, асабим ўйнаб келаётган эди, аёлнинг юзидаги аянчни кўриб, бирдан жаҳлим чиқиб кетди. “Ў-ў, менга қаранг! Аёл кишига бунақа муомала қилишга нима ҳаққингиз бор!”, дедим. Шопир менга энди сен қолдингми дегандек бир зум тикилди-да, беписанд қўл силтади: “Аёллиги билан нима ишим бор, жим ўтирсин! Сиз ҳам ўтиринг! Ишимга аралашманг!”, деди, ўша силтанган қўли билан бошимдан босаётгандай. “Бу опа тўғри айтяпти, ўша автобусда мен ҳам бор эдим. Бир автобус одам кечаси билан қорда қолиб кетган”, дедим. Шу, жаҳлим чиқса, овозим қалтираши ўзимга ёқмайди. Жанжалдан безор рафиқам енгимдан тортди, қўйинг, нима қиласиз айтишиб, деди. Ўғилчамиз қаттиқ гапирганимга, ҳа, қўрқаяпсизми, дегандек кўзларини катта-катта очиб қаради. Меники ҳам тутиб кетди. Яна денг, шопир ўтирган бўлсам ҳам айтганимни қилиб ўтирадими, йўқми дегандек тикилиб турибди. Жойимдан сапчиб турганимни билмай қолдим. “Қани, ҳайданг! – дедим. – Эшикни ёпинг, ҳайданг!” “Ҳайдамасам-чи?” деб совуқ илжайди шопир. Илжайишидан ҳеч балодан қайтмайдиган, етти ҳаммомнинг гўлахига ўт қўйган, мен, ёш бола, бунақаларга бас келолмайман, шунинг учун томоққа зўр бердим. “Ҳайдайсиз! Ҳайдаманг – ҳозир правангизни олиб, “ДАН”га топшираман”, деб ўзим кўкрак чўнтагимга қўл юбордим, шопирнинг ҳам, худди тўппонча чиқадигандек, кўзи кўкрагимда. Қайдан тилимга келиб қолди, “Инструкция бўйича ҳайдайсиз! — дедим, — Инструкцияни бузсангиз, ҳозир “ДАН”га топшириб юбораман”.
Ғовур бир муддат босилди, ўзимнинг дўқимдан ўзим ҳам сал ҳайиқдим. Шопир бирдан паст тушди, қуллуқ қилгандек жойига ўтирди. “Бўлди, ука, бўлди, кимлигингизни билмабман”, деди; шу гапининг тагида ҳам нимадир чандиш бор эди. Кўнгли хотиржам-да, “ДАН”га топшираман, деганим билан ҳозироқ шундай қилмаслигим кўриниб турибди, автобусга ҳам мўлжалидан-да кўпроқ одам тиқилди. Минг итаргани билан ҳам бошқалари киролмаяпти. “Барака топгурлар, эшикни ёпинглар, илтимос, қани, ихтиёрим ўзимда бўлса, ичкарида контрол бор”, деди. Эшик зинасига оёқ қўйиб олган бир одам: “Ўша контролингиз ҳам одамдир”, деди. Ичкаридагилар ҳам қимирлаб қолди, бир-икки киши менга миннатдор қарагандек бўлди: ҳа, ҳайдасин-да энди, эзилиб кетдик-ку қачон юрамиз деб…
Гапим фақат ҳайдовчига эмас, ҳаммага таъсир қилди. Чорасиз эзилиб ўтирганларнинг юзи ҳимоячи топилганига сал ёришди, менга бор экансиз-ку, деган илиқ нигоҳлар тегди. Ўзимни эса бирдан бу кўпнинг сири босди – елкамга ўзим кўтара олмайдиган юк олиб қўйибман, бу ёғига нима қиламан? Шопирнинг мулойим бўлиб олгани ҳам йўлига, автовокзал ҳудудидан чиқсин, кейин ўз билганини қилади: йўл бўйи одам қўл кўтаради, тушади. Ҳар эҳтимолга қарши, шопир яна азмойиш олиб қараган пайти кўкрак чўнтагимдан қизил чарм гувоҳномани чиқариб, яна солиб қўйдим. Ўқимаса-да зарҳал гербининг ўзи узоқдан ҳуркитади. Лекин бу билан нима қиламан, қаерда ишлатаман, тилимга қаёқдан ҳам инструкция келиб қолди, унинг ўзи нима, билмайман, шу, кўрсатилганидан кўп одам олиш мумкин эмаслигидан бошқа қоидалардан тамом бехабарман. Қандайдир омонат аҳволда қолдим.
Тўла автобус пишиллаб йўлга тушди. Автобекатдан қайрилиб, катта йўлда чиққанда доим шу ерда қўл кўтариб турадиганларга ҳам тўхтамади. Тўхтатганда ҳам бошқа одам сиғмас эди-ю, шопир менга бир қараб, мана, айтганингни қиляпман деган писанда қилиб қўйди нигоҳи билан.
Энди гапни у ёқдан эшитинг. Бир ҳафта олдин Самарқанддан қайтишда, укам икковимиз эдик, Чимкентга кетадиган охирги автобусга илиндик. Орқада бўш жой ҳам бор экан, лекин тўрт қатор ўриндиққача, ўртани ҳам тўлдириб, чош қилиб тўрва босилган. Ҳаво бузуқ, қоронғи автобуснинг ичига тутун бурқиб кираётгандек, ҳай, автобус мотори тир-тир ишлаб турибди, ичи муздек эмас. Ёнимдаги энг устки тўрвани ушлаб кўрдим, нимадир юмшоқ нарсага тўла, пайпаслаб, бармоғимнинг учида ғижимлаб, майиз эканини тахмин қилдим. Шунча тўрвада — дунёнинг майизи, кечки рейс билан Чимкентга кетяпти-да шекилли.
Автобус кечки бўлса-да, ўрта ҳам лиқ тўлган, ниҳоят гур-гурлаб кучаниб, йўлга чиқди. Шу-у, юриши қандайдир оғир-да. Кети судралаётгандек. Бир ишкали чиқмаса деган эдим, бурилиб чиқиб, биринчи кўприкдан ўтиши билан тагимизда бир жойи «пис-с» этдими, жойида тўхтади. Ана-мана юради билан чамаси қирқ дақиқалар туриб қолдик. Қоронғи тушди. Ҳайдовчилар, ёши ўтган одамлар, икковлашиб чиқиб тушиб, бир нималарини тузатишди. Яна худога шукр деб, йўл тортдик. Расадхонадан ярим чақирим ўтар-ўтмас, яна бир нарса «пис-с» этди-да, жойимизда қотдик. Тамом қоронғи босди. Энди ниманидир тинч кутдик. Мотор ишлаяпти, ичкарида хира ёруғ бор, одамлар ойнадан қоронғига тикилади, у ёқдан нажот тополмай бир-бирига қарайди, шопир ўтирадиган жойга умид билан тикилади, кейин биқиниб олади, афтини норози буриштиришдан бошқа ҳеч кимдан садо чиқмайди. Бунақа қоронғида ёлғизланиб қолишдан асрасин!
Икки соатлар қолиб кетдик. Бу орада ҳайдовчиларнинг бири таксида бориб гараждан механикми, чилангарми устани “тормозной падушка” билан бирга олиб келган экан, шу ўша йиртиқ ҳаво ёстиғи ўрнига бутунини қўйибди. Менинг хаёлим тўрва-тўрва юкда: ¬майиз юмшоқ бўлса ҳам оғир бўлади, бунча тўрвадагиси неча тонна чиқса, шунча юкни одам ўтирадиган жойга босган, “тормозной подушка”си резинкадан тугул, темирдан бўлса ҳам дош беролмайди, деб ўйлайман.
Ҳайдовчи автобусни яна гуриллатиб ўт олдирди, ичкарига қараб, ҳамманинг қоронғи кўнглини ёриштиришга уринди: бўлди, машаққатлар битди, мана, ёстиқ устасини ҳам ўзимиз билан олиб олдик, “запас подушка”миз бор, бу ёғи бехавотир.
Мен эса хавотирдаман — тўрва тепаликдай босилган! “Запас подушка” ҳам бекорга эмас, яна ёрилади!
Гур-гур қилиб йўлга тушдик. Атроф сим-сиёҳ, ойнага оқ капалак урила бошлади – қор ташлади. Ўриндиққа сингиб кетгудек қунишиб, худойимизга ёлвордик: бу зимистонингда қолдирма, ўзинг ёруғликка олиб чиқ, Тошкентимизга эсон-омон етказ!
Ҳар на, юрдик-ку, ичкаридамиз, жа унақа қаҳратон эмас. Чидаса бўлади.
Шу, Булунғурдан ҳам ўтдик. Минг марта келавериб, қоронғида кўрмай ҳам танийдиган бўлиб кетганман. Ҳовлилар тугаб, икки томон олмачорбоғ жойлардан ҳам ўтдигу автобуснинг орқаси яна пасайгандек бўлди-да, секин тўхтади. Шу билан яна қотдик.
Ташқарида лайлак қор айланиб уряпти, Булунғурнинг шу ерлари шамол йўли, қор ҳам кўп ёғади.
Автобусдан тушдим, шамол қорни бетимга урди. Кўзимни паналаб қарасам, автобуснинг орқа ғилдираги ёнида, тагида иккита одам тарақ-туруқ бир жойини тузатмоқчи. Ҳалиги чилангар уста билан ҳайдовчиларнинг бири бўлса керак. Буниси ёнимга келиб, ишлаётганларга эгилиб қаради. Бошини кўтарган эди, “Ака, бу юрадиган автобусми, юрмайдиган?”, дедим. “Энди, ука, кўряпсиз-ку, техника-да”, деди. “Техникага ҳам жавобгарлик бордир, майизни шунча ҳам босасизми?”, деб эшитадиган қилиб атай шивирладим. Ҳа, шу хуфия юк, “нарушения” ортилган экан, майизни тилга олишим билан, ҳайдовчи ука-укалаб қолди, “Бир ўзингизми? Неча кишисиз?” деб сўради. Икки кишимиз, дедим. Шопир ҳозир деди-да, йўлга чиқиб ванғиллаб келаётган кучли қўшфарага қўлини кўтарди. Пишиллаб бир “Икарус” тўхтади, олдинги ойнасидан ёзув кўринди — Қаршидан келяпти экан. Бу орада орқамдан укам ҳам тушган эди. Ҳайдовчи эшигини очган Қаршининг ҳайдовчисига ўзларининг тилида бир нарсаларни уқтирди. Кейин бизни ошиғич автобусга ундади, “Ука, чиқиб олинглар, чиқиб олинглар! Фақат тез! Бўлмаса, бошқалар ҳам…”, деди. Ака-ука шошилишда чиқиб олганимизни ҳам билмай қолдик. Виждоним автобусга ўтиргандан кейин ўзини билдирди: шунча одам қолиб кетди-я, биз қочдик.
Мана, ҳозир мендан икки қатор ¬олдинда ўтирган аёл ҳам ўша автобусда қолган, автобусда, қор тагида тонг оттирган! Албатта, қоронғида автобусдан чиқиб-тушиб юрганимда мени таниб қолмаган, лекин, барибир, ҳозир ёнини олиб, ўша ташлаб қочганим гуноҳимни сал енгиллатгандек бўлдим.
Аммо бу ёқдаги томоша ҳали бошланиши экан!
Йўл бўйи қўл кўтарган учрайди, шопир рулни қўйиб юбориб, икки қўлини керади, елкасини қисиб, калласини сал қийшайтириб, қошини буриб ичкарига ишора қилади – қаттол текширув бор! Кўп юрган одамлар тушунадиган бўлиб кетган, қўлини дарров туширади. Ўзимнинг ҳам раҳмим келади: бечоралар қанақа вақтдан бери мустар, сиғса, майли, олсин…
Шу гапни шопирнинг ўзи бошлади: э-э, бу бечорагиналар! Уйида болалари отам ё онам келади деб илҳақ, бу ёқда булар ўтган мошинга тиланчидек ялинади, одамгиналар!
Менинг орқамда бир жувон ўтирган, унинг тепасида қошлари терилиб, нимадир кўкиш бўёқ сурилган бир кампир турган эди, елкасидан тиқилавериб, охири шу жувонни турғизди. Ўтираётиб, жувоннинг индамай туриб кетганини ёқтирмай, вой белим-а, вой белим, деб бели шу вақтгача жой бермаганига оғригандек унга ўқрайиб қўйди, раҳматнинг ўрнига.
Ана шу кампир ҳам шопирнинг одампарварлигига қўшилиб бошлади, вой-вой-ей, ҳар кимнинг ўзига инсоф бер, худойим… Шу товушидан нимасидир таниш туюлиб, орқамга қарадим: кампир менга ўсмоқчилаб қараб турган эди. Қошининг бўёғи сачраганми, оқ-сариқ юзида ҳам кўкиш нуқталар бор. Нимага таниш туюляпти, қаерда кўрганман?..
Қараганим ёқмадими, кампир мендан кўзини олмай, овозини баландлатди: шопир ука, йўлдаги бечорагиналар қолиб кетмасин энди, олинг. Шопир ҳам қўлини кериб, кифтини учиришга устаси фаранг экан, сал ўтмай яна ишга солади, бунга етти боласининг ризқини ҳам қўшди, шу етти оғизнинг ризқи деб кечаю кундуз рулда, буни тушунмайдиганлар ҳам бор экан. Яъни мен. Ҳай, шу Сирдарёнинг постига боргунимизча етти боланинг отаси бечорага ҳамдардлар яна чиқди, — рўзғор тебратиш осон эмас-да, — гап гапга уланди, ўртани олиб юрган экан, кампир жиловни қўлга олди. Ўғилчамиз ухлаб қолди, рафиқа мендан норози: доим шунақасиз, тинч ўтирмайсиз, бир ¬балони бошлаб юрасиз…
Сирдарёнинг “ДАН” пости яқинлашганда шопир менга хавотир билан қараб қўйди, “ДАН”чи йўлни тўсиб чиқди, лекин ола-була таёғини кўтармади, тинч ўтиб кетдик. Бу ёғи чўл, шопирга жон кирди. Бир жойда тўхтаб одам туширди, чиқадиган бечоралар йўқ экан. Кампир иккови ҳангомани бошлади, гаплар одам одамга кераклиги, худойим ҳаммани бир қилиб яратгани, яхшилик қилиш кераклиги, бу дунёдан яхшилик деган ҳам, демаган ҳам, барибир, бир кун ўтиб кетиши ҳақида. Унга қулоғи эшитиб, товуши етадиганлар ҳам қўшилиб турди. Индамай келяпман. Қарамай ҳам кампирнинг ўқрайган кўзлари елкамга ўқдек қадалганини кўряпман. Шопирнинг менга қараб қўйишлари ҳам энди дадил. Автобус яна уч-тўрт жойда тўхтади, лекин кўпга эмас, одам туширди, шопир йўлига мумкин эмас, мумкин эмас, деб турса ҳам барибир, одам олди. Бу ерларда олмайсан, дейиш ҳам инсофдан эмас, лекин кампир атайлаб пишанг бериб турди: олинг, ука, олинг, ҳар ким ҳар нарса деса, қўрқаверманг. Ҳалиги аёлнинг уни ўчиб кетди, ҳеч кимга қарамайди. Орқада бир одамдан садо чиқди: э худо, қачон етамиз!
Дўстликнинг ичида “ДАН”чи таёғини кескин ўқталди. Шопир тормозни босиб менга им қоқди, “ДАН”чига ишора қилди: ўзингизданми, айтасизми? Тўхтагандан кейин ҳам бироз тайсаллади. Бу ерда пост йўқ, “ДАН”чи бир ўзи, ёнида фақат “Москвич”. Индамай ўтиравердим. Нима ҳам дейман? “ДАН”чи ҳам бирон сабаб билан тўхтатгандир, ишкали бўлса, ўзлари келишиб кетаверади. Шопир худди ноилождек, ҳужжатларини олиб пастга тушди. “ДАН”¬чи ҳужжатини бир кўрдию қайтариб берди, таёғи билан йўлни кўрсатиб, қўли билан ишоралар қилганидан у ёғига ўтказмаслигини тушундик. Шопир хўп-хўп деб бошини ирғаб, қўлини кўксига қўйиб, автобусга қайтди. Зинага чиқиб, менга: “Айтинг, сизнинг бир оғиз гапингиз”, деди; худди мен “ДАН”чиларнинг каттасидек. Аблаҳ, шайтон одам экан! Билиб турибди. “Ҳай, ука, шунча одамнинг юзи, тушинг-да”, деди кампир ҳам орқамдан. Ноилож, “Нима деяпти?, деб сўрадим. “У ёғига йўл йўқ, деяпти. Сиз бир оғиз айтсангиз – бўлди, ўтказиб юборади”, деди шопир, ўзи ҳам умидланиб. Орқадан яна бир-иккита товуш келди: ука, илтимос энди, бир оғиз гапингизни аяманг… Рафиқа ҳам туртди: тушмасангиз бўлмайди, бир оғиз айтиб кўринг.
Ҳай, деб ўзим унча ишонмай тушдим. “ДАН”чининг ёнига бордим, мен қатори йигит, аввал қўл бериб сўрашдим. Жиддий тутдим ўзимни! Нима гаплигини сўрадим. Шунақа буйруқ бор, биронта ҳам машина ўтказилмасин, у ёқда кўприк тузатиляпти экан. “Бизни ўтказиб юборинг. У ёқдагилар билан ўзим гаплашаман”, дедим, иложи борича амирона тусда. Гувоҳномани чиқариб, яна жойига солдим: ичини очиб ўқитсам иш бузилади. “ДАН”чи саросималангандек бўлди, лекин буйруқ қатъий экан. “Ий-е, ака, автобус бузуқ кўприкдан тушиб кетса, жавобини сиз бермайсиз-ку! Ана, айланиш йўл, бор-йўғи ўн беш чақирим кўпроқ”, деди ялингандек. Гапи жўяли, кўприк тузатилаётгани аниқ, уч юз чақирим йўлга яна ўн беш чақирим қўшилса, билинмайди ҳам. Яна сўраб кўрдим. Кейин, ноилож, қиличим синиб, қалқоним тешилиб, орқага қайтдим. “ДАН”чи таёғи билан шопирга буриладиган йўлини ишора қилди. “Буринг, — дедим автобусга чиққач. – Пахтакордан айланиб кетамиз”. Шопир ишшайди, лекин автобусни юргизиб, рулни бурди. “Ҳа, гапингиз ўтмадими! Шунча мошинни қўйиб юборяпти-ку”. “Ноинсофлар! Қутурди булар!”, деди кампир мени ҳам қўшиб. Автобус бу йўлга тушиб олгандан кейин шопир, “ДАН”чидан узоқлашиб олдик-да, бутун гавдаси билан менга ўгирилиб: “Мана, кучингиз фақат бизга ўхшаган бечорагиналарга етади-да”, деди. Ана шундан кейин кампирга яна худо берди: чиққанда кўрибоқ билган экан, бунақаларни бир кўришда билар экан. Бояги “ДАН” бола билан бир гўр эканман… Эй, таниш-да шу кампир! Орқамга қайрилиб, гапириб ташламоқчи эдим, рафиқа қўймади: “Шу бозорчи кампир билан тенг бўласизми энди? Баттар шарманда қилади. Индаманг, ўзи ўчади”. Бозорчи, бозорчи… нимасидир ҳақиқатан ҳам бозорчи бу кампирнинг?
Шопир кампирга жўр, яйраб пишанг бериб турди. Кампир бошқаларни даврага чорлади, орқароқдан: гапирманг, кўрмайсизми, шуни айтинг, шунақа, шунақа деган садолар чиқиб бошлади. Э-э ўлмайсизларми, деб дамимни ичимга ютиб олдим. Рафиқам менга миннатдор қараб, ўғилчамизни қўлимга тутқазди.
Ҳалиги аёл ҳам буткул жимиб, бирдек ойнадан кўз узмайди.
Жомбойга етгунча ҳам минг чақирим юрдиг-ов! Етмай ҳам бир тушиб кетгим келди, лекин бу шом ғира-ширасида ким ҳам тўхтайди.
Шопир автобусни чорраҳада тўхтатинг деганимга қарамай, анча юриб, кейин тўхтатди – чорраҳада “ДАН”чи йўқ “ДАН”пости бор эди, шуни баҳона қилади шекилли.
“Мана, бу ерда тўхташ мумкин эмас. Лекин ҳурматингиз бор, ука”, деди сал енгил тортган бўлиб. “Худога шукр-ей”, деб саннади яна кампир эшикка етганимизда. Мен унга қараб қўйдим, лекин пастга тушаётганимизда баттарроқ қилди: вой, художон, қутулдиг-а! Хотини гулдай, қандай чидаб яшар экан? Одамнинг ҳам шунча турқи совуғи бўладими!
Бутун автобус бечорагина унга жўр бўлаётгандек, кетди!
Битта бечорагина ўзим қолдим мулзам бўлиб: қайси гуноҳимга бу сазойилик?! Фароғат, дарвоқе, — рафиқанинг исми шундай, — ўзинг айт, шопир — майли, кампир – майли, лекин биронта одам бу йигитга мунча қиласизлар, ҳаммамизнинг ёнимизни олди, демади! Шу одамларни деб қилдим-ку!
“Энди қўйинг, — деб муросага чақирди сулҳпарварим. – Бир алқандоз шопир, бир пистафуруш бозорчи кампир экан, гапиргани билан, мана, ўтди-кетди. Энди оташин бўлганингизда нима фойда?” “Мен ҳам унча тушунмадим, шопирники-ку, тирикчилик, бозорчи кампирга нима экан?”, дедиму бирдан калламга урди: бозорчи, пистафуруш! Ҳа-а, ўша кампир! Бола пайтим ўзимизнинг бозорда! “Мана, маники зўр”, деб зўрлаб чақириб оларди-да, стаканни тоғорадан тўлдириб олаётиб, икки бармоғини тиқиб, ярмини чиқариб тўкиб, кистамга чаққон ағдариб юборарди. Олдинроқ ғилминди ҳам олиб чиқар эди, битта олиб еб, куни бўйи қайт қилиб, ойимдан роса гап эшитганман: уйда ўзим қилиб бераман-ку, шу ювиқсиз хотинникига зормидинг! Унда бу кампир ёшроқ, қошларига қалин ўсма қўйилган, ёнидан ўтган катта эркакларга: ”Қани, маникини битта кўрмайсизми”, деб шарақлаб гап отишидан мен ҳам чўчир эдим. Иккита безорироқ ўғли бор эди, улар шаҳарга кетди. Бир-икки йилдан кейин кампир ҳам кўринмай қолган эди. Бозорчи пистафуруш деявериб аниқ эсимга солдинг, Фароғат!
Лекин менинг нимам ёқмади унга? Тусмол қилиб танидимикан десам, бола пайтим арпасини хом ўрмаганман. Чотига қисиб олган тоғорасини олиб қочмайман-ку!
Одамларимиз нимага унақа?!
Ўзим нимага бундайман!
Саксон иккинчи бўлса, демак, эслаганда ўттиз йилдан бери юрагим симиллайди: автобусдагиларга нимамдир ёқмаганки, бирови ҳам ёнимни олмади; шуни Фароғатга айтсам, бошқа ўйлайдиган ишларингиз тиқилиб ётибди, қўйинг-да энди қачонги гапни, дейди. Менинг эса куйиб-пишиб айтиб бергим келиб қолади, эшитганларга унча қизиқ ҳам туюлмас, лекин менинг бошимдан ўтган, кечагидек кўз олдимда турибди ўша кўпчиликнинг таъна билан қараб тургани. Тушуниб олай дейман.
Симилламасинми юрагим?
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 2-сонидан олинди.