Аброр ХОН. Green Card: БАХТМИ, ОМАДМИ ЁКИ...
Яқинда дунё ва маҳаллий матбуот АҚШ ҳукуматининг 2025 йил учун “Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси” — Green Card жавобларини эълон қилди. Дунё бўйлаб 55 минг кишига бериладиган ушбу лоторея ютуғининг 5,5 мингдан зиёдроғи ўзбекистонликларга чиққани муносабати билан бахти кулган ғолибларни қутласак, тўғри бўлармикан?
Қойил бу “ўйин”да омади чопганларнинг 10 фоизини юртдошларимиз ташкил этибди.
Демак, океанорти орзусини расман рўёбга чиқараётган, замонавий тил билан айтганда, ушбу лотереяга ҳам коррупция аралашмаганмикан, деган илмоқли савол бирданига хаёлдан кечади. Тасаввур қилинг, унда қатнашган бошқа давлатлар вакилларини “ўн фоиз”лик натижа шубҳалантирмаганмикин. Хўш, Green Card қандай ўйналади, ҳакамлар ҳайъати кимлардан иборат? Масаланинг у томони бизга қоронғу ва бизни қизиқтирмаслиги лозимдир балки.
Асосий гап бошқа ёқда: ғолиб деб топилганлар кўп нарсага эришди. Масалан, АҚШ фуқароси бўлиш, ҳуқуқий ҳимоя, барча оила аъзоларини ёнига чақиртириб олиш, ҳар ўн йилда картни узайтириш имкони, мамлакат бўйлаб ва 38 давлатга визасиз бемалол эркин саёҳат қила олиш мумкин. Ишлаш, бизнес юритиш ва ўн йил ишлаб қўйганларга нафақа олиш имкони яратилади. Кўчмас мулкдан ташқари айрим штатларда қурол-аслаҳа харид қилиш учун рухсат ҳам бор.
Фарзандлари давлат мактабларида бепул таълим олади ва ҳоказо.
Жиддий қонунбузарлик содир этмаса у депорт қилинмайди.
Green Card соҳиби истиқболда Америка қонунчилигига ҳар қандай ўзгартириш киритилган тақдирда ҳам доимий резидент мақомини сақлаб қолади.
АҚШ ҳаётига таъсир қилувчи маҳаллий кенгашлардан тортиб, президентлик сайлов жараёнларида ёрдамчи, волентёр бўлиб иштирок этиши мумкин. Аммо сайловларда овоз бериш ва сайланиш ҳуқуқига эга эмас.
Картаси бўлганлар АҚШ фуқаролари қаторида ҳар йили солиқ декларацияси ва солиқ хизматига даромадлари тўғрисида маълумот топшириш мажбурияти бор.
Энди танганинг икки томонига ўтайлик.
Қўшма Штатларга кўчиб кетиш - бу айрилиқ, соғинчнинг, қисқа айтганда чуқур маънавий томони бор. Буни мен ўз бошимдан ўтказганман, дипломат бўлиб, ўн йил юртдан узоқда давлат хизматини бажарганман. Тўкис ҳаёт, фақат ишла, кейин даврон сур. Ўша маънавий томони кўп эзар эди кишини...
Оддий зиёли сифатида инсонлар нима сабабдан ватанларини тарк этадилар, саволига жўн жавобим шу: яхши ҳаёт илинжида. Кетаётганларнинг аксарияти юртларини севмаганлари учун эмас, балки эркин яшаш ва фарзандларининг олий таълим олиши, келажакда ҳар томонлама етук, комил инсон бўлишини мақсад қилади.
Кимлардир сиёсий ва иқтисодий беқарорликни сабаб қилиб кўрсатади. Шунга кўра, ҳаётда янги йўл топишга интилади, таваккул қилади.
Яна бир дангал гап шуки, уйни ташлаб чиқиб кетиш ватанни ёки яқинларни “сотиш” эмас. Ватанни узоқда туриб ҳам севиш мумкин. Ота-онадан хабар олиб турилади, қадрдонлар унутилмайди.
Бошқа бир мулоҳаза шуки, ўз ҳаётидан, касби-кори, тақдиридан шодмон одам олисларга кетмайди. Азиз жойини алмаштиришга не ҳожат.
“Кўнгил совуган” бўлса, бу бошқа масала, омадни синаб кўриш мумкиндир балки!
Қолгани эса... ўзга бир маданият, бегона тил, нотаниш чеҳралар, буларнинг ҳаммаси ички изтироб! Узоқ йил мусофирликда яшасанг ҳам барибир кўниколмайсан, сен учун у ёт ўлка, муталақо ёт кишилар.
Атрофинг ҳар қанча гавжум бўлса-да, барибир ёлғизликни сезасан, тегрангда қадрдон тилингда мазза қилиб гурунглашадиган улфатинг йўқ, ҳар лаҳза меҳрибонлик кўрсатиб, бошингни силайдиган онанг ёнингда эмас ва яна...
Ҳар ким ҳам бошқа ҳаёт қонунларини, муомала маданияти, бегона атрофга боқишни қабул қилолмайди. Бунинг номи эса – қадрият.
Хўрлигинг келади баъзан, бу оддий жой-макон алмаштириш эмас, аксинча чуқур таназзул. Бу эса ҳақиқат!
Шаҳарда ўқиб, ишлаб қолиб кетганлар кичик ватанлари – қишлоққа борганидаги туйғуни тасаввур қилиб кўринг, ўз уйинг – ўлан тўшагинг. Ўша чанг-тупроқли кўчалар, яшил қирлар, сувларнинг ариқда шилдираб оқиши, шевада гаплашишлар. Демак, сен туғилиб ўсган жойингга чуқур боғлиқсан, сени кутадиган ота-онаг, хеш-ақрабо, дўстларинг бор. Инсон уларга талпинади, уларни соғинади.
Мажбурликдан кўчишни фарзандлар келажаги учун, деб ўзини овутди. У кутгандек, болалари илмли бўлди, танлаган касбидан мамнун. Сен энди ватанга қайтасанми? Йўқ! Нега? Энди сен ўша ҳаётга кўникдинг, энди сен эски турмушга қайтолмайсан!
Мулоҳазаларимни эҳтиросни йиғиштириб, мулоҳаза билан муҳокамасиз ватансевар дўстимга хат битиш ила якунлайман.
“Янги ҳаёт бошлашинг учун сенга омад келди, хурсандман. Ҳар кимга ҳам насиб этмайдиган бахт бу. Оталар фарзандларининг камолини кўриш учун бошини қаёқларга урмас экан. Ширин турмушингни аччиғига алмаштирдинг.
Мендан сўрасанг, хорижда узоқ вақт қолганман, аммо менинг йўриғим бошқа эди. Менга туғилган уйим, ўз тилим, чангитиб юрган кўчаларим қадрли. Менга бор меҳрини берган, қалб қўрини берган ота-онамдан, хеш-ақраболарим, дўстларимдан йироқда яшай олмайман. Ёмон бўлса ҳам, камчилиги етарли бўлса ҳам ўз тўшагим афзал.
Дўстим, табиатингни яхши биламан, ҳеч қачон жонажон ватанингни сотмагайсан. Унутма, сени доим эслаб турувчи ва сени кутувчилар бор. Ватан бу фақатгина тупроқ, обидалар, бозор-у мозорлардан иборат эмас, балки ўзининг бахтли ва бахтсиз одамлари билан гўзал гўшадир. Умид қиламанки, сен ҳам қаерда бўлсанг-да, эсон-омон, бахтли-тахтли бўласан.
Муҳими, киндик қонинг тўкилган заминни, ота-боболаринг хокини барқарор бўлган ўлкани, етти пуштингни унутма!..”