June 10, 2025

АҲМАД АЪЗАМ. ОДАМ ЗАҲРИ. Киноқисса тажрибаси. КАПТАРХОНА. ШОМ

(Шералининг болалиги)

Тоғ этагида Шерали билан Қарши, оралари уч-тўрт қадам, тўрт томонга аланглаб, тезак териб юрибдилар. Нарироқда иккаласининг эшаклари. ШЕРАЛИ: Кулча бўлиб ётгани тезакка ўхшайди. Кўзингга кара. Тўраевага ўхшаб чийиллаб юрма тағин. ҚАРШИ: - Шу вақтгача кўрмаган эканми, а? Ёмон қўрқди лекин. ШЕРАЛИ: Бир хиллар кўрдими, тамом! Юраги ёрилади. ҚАРШИ: Мен унақа қўрқмайман. Лекин кўзини кўрсам, ҳамма ёғим музлаб кетади. ШЕРАЛИ: Илон кўзини юмиб-очмайди-да, мана бунақа қилиб. Нима, ҳалиги, киприги йўқ. Кўзини юммай, одамга тўғри қараганига қўрқинчли кўринади, билдинг. Асли унинг ўзи одамдан қўрқади. ҚАРШИ: Одамни қувиши-чи? ШЕРАЛИ: Аччиғини чиқарсанг, эшак ҳам тишлайди.

ҚАРШИ: Э, сендан қўрқади-да. Бизларга ўхшаганни писанд ҳам қилмайди. Кўрганда қочиш у ёқда турсин, қимирламайди ҳам. Анови Исмат ака бор-у? ШЕРАЛИ: - Ҳа. Бўйни мамунақа қийшиқ одам. ҚАРШИ: Шу кишининг отаси ёлдор илонни кўрган экан. Беш киши мингбош тергани тоққа кетаётган экан, йўлда нақш солинган, катта одамнинг сонидай келадиган бир болор ётган эмиш. Яна ёли ҳам бор экан. Қимирламабди. ШЕРАЛИ: - Айтдим-ку, одамнинг ўзи тегинмаса, илоннинг иши йўқ. ҚАРШИ: Иши йўғ-а! Думи билан бир урса! Лекин буларга қараб ҳам қўймабди. Булар ҳам араванинг устида қотиб тураверган. Кейин, худога шукр, тирик қолдик, деб, аста орқага қайтиб, бошқа йўлдан кетишган. Бунақалари биздай болаларни лиқ этиб ютиб юборар, а? Шерали кўзини қисиб қуёшга қарайди: вақтни чамалайди. Қарши ҳам атрофга олазарак қарайди. ҚАРШИ: Уларнинг подшоси бўлар экан. Балки Каптархонадагилариники шудир. Ер тагидан қирқ йилда бир чиқади, дейишади. Бўлса, шу ерларда-да, а? Отини айтиш керак эмас эди. Рангини тошдан фарқлаш қийин бўлган жуда катта чипор илон ваҳимали ётади. Узоқдан қараганда унинг тош орасида ётган оддий илон экани, болаларнинг ундан ўн-ўн беш қадамча нарида тезак териб юргани кўринади. Қуёш уфққа ёнбошлаётир. Икки жўра терган тезаклар катта-катта тўрваларга жойланган. Шерали билан Қарши иккаласи ҳам ўз тўрваси устида ўтириб, тин оляпти... ҚАРШИ: Шерали, катта бўлсанг, шу... Маликани оласанми? Шерали ўнғайсизланади. ШЕРАЛИ: Ҳа, нима эди? ҚАРШИ: Шундан бошқаси қуриб кетдими? ШЕРАЛИ: Бошқасини нима қиламан? ҚАРШИ: Энди бўмайди-да сенга. ШЕРАЛИ: Нимага бўмайди? Қарши сал чайналади. ҚАРШИ: Энди, шу.. Опаси қочиб кетган. ШЕРАЛИ: Ким айтди сенга қочиб кетган деб? ҚАРШИ: Анави... Сурхонми, пурхонми деган жойга биров билан... ШЕРАЛИ: Ҳеч ҳам қочмаган, тентак, тўйи бўлди-ку. ҚАРШИ: - Ўзинг тентак. Олдин қочиб кетган, кейин тўйи бўлган. ШЕРАЛИ: - Сен нимани ҳам билар эдинг. ҚАРШИ: - Ўзинг нимани биласан? Топганинг шу бўлса: опаси бунақа, ўзи-чи, арриқ, нон емайдими, билмайсан. Оёғи ҳам чиллакчўп, юрса, синиб кетай дейди. Жиблажибонга ўхшаб бидирлайверади... ШЕРАЛИ: - Сен, эй, оғзингга қараб гапир! ҚАРШИ: - Сендан қўрқмайман. Тарашани оламан деб... ШЕРАЛИ: Ким тараша? Шерали Қаршининг ёқасига тармашади. Икки жўра жиққамушт уришиб кетадилар. Аламдан охири аввал Қарши, кейин Шерали йиғлаб юборади. Жанжал тўхтаган. Иккови ҳам жим. Кўзларини уқалаб, нафас ростлаб, бир-бирларига ер остидан қарайдилар. Униси қараса буниси, буниси қараса униси кўзини олиб қочади. Қарши туриб, эшагини тўрвага ўнглайди. Шерали ҳам эшагини тўрвасига тўғрилайди. Қарши тўрвасини қучоқлаб кўтаради, тўрва узангигача боради, Қарши инқиллаб чиранади, ортишга кучи етмайди. Эшак юриб кетади, тўрва ерга тушади... Шерали унга зимдан қараб туради-да, кейин ўзи ҳам тўрвасига ёпишади. Шералининг эшаги юриб кетгани йўқ, лекин тўрва эгарга тиралиб қолган, Шерали, «ҳим»лаб шу кучанади, аммо натижа йўк. Қарши ўз тўрвасига ўтириб Шералининг чиранишига қараб турибди, билади бориб ҳимо берса, бас, аммо орият кучли. Шерали алам билан ботаёзган қуёшга қарайди. Қарши ҳам қараб қўяди. Иккови ҳам бирдан тўрваларига ёпишадилар. Бир ёқда униси, бир ёқда буниси, иккаласи алам билан, ҳаллослаб, чийиллаб, ҳа-ҳалаб чиранади, фойдаси йўқ. Яна тўрва устига ўтириб нафас ростлайдилар. Шерали ер остидан Қаршига қарайди. Қарши юзини буради. ШЕРАЛИ: - Мен оламан десам, сен ёмонлайверма-да энди. ҚАРШИ: Икковимиз жўра-ку, унинг нима кераги бор ўртамиз-да?

ШЕРАЛИ: Маҳлиё хола онам билан дугона. Шерали илон ўйнаб юришни ташласа, унга қизимни бераман деган.

Қарши Шералига ялт этиб қарайди.

ҚАРШИ: Мен ўзи Маликани уни ёмон кўрмайман. Фақат.. уни олсанг, мен ким билан жўра бўламан?

ШЕРАЛИ: Шу билан жўрачилигимиз бузилмайди-ку.

ҚАРШИ: Бузилади. Малика барибир орамизга суқулиб киради.

ШЕРАЛИ: Калланг ишлайдими? Катталарга қара, хотини бўлса ҳам жўра бўлиб юраверади.

Қарши кифтини қисади.

ШЕРАЛИ: Сен ҳам, ана, Маҳфиратни ол. Арриқ эмас. Малика иккови дугона. Биз икков жўра. Маза бўлади.

Қаршининг лабидан ип қочади.

ҚАРШИ - Ярашамизми?

ШЕРАЛИ: - Майли. Чинақайингни узат.

ҚАРШИ: Аввал сен. Урушишни биринчи ўзинг бошладинг.

Шерали кувлик қилади.

ШЕРАЛИ: - Ҳозир қоронғи бўлади. Мен илондан қўрқмайман.

Қарши яна ботаётган қуёшга қарайди.

Қуёш каттакон, қип-қизил, пастки қисми ерга теккан.

Қарши жимжилоғини чўзади.

ҚАРШИ: - Майли, кел, икковимиз бирдан...

Икки жўра жимжилоқларини чалиштирадилар.

Шерали Қаршининг тўрвасига қараб юради.

Икковлашиб Қаршининг, кейин Шералининг эшагига тўрваларни ортадилар.

Қуёш ярмигача ботган.

Эшакларнинг ҳаракати илдам.

Бояги илон секин ҳаракатга келади ва тоғу тошда фарқланмай қолади.

ҚАРШИ: Маликани оладиган бўлсанг, энди шу илонингни ташла. Онаси бекорга айтмайди. ШЕРАЛИ: - Ҳали катта бўлишимга қаанча бор... Унгача бир гап бўлар.

Болаларнинг гаплари қизғиш ранглар ва кечки шафақ ёғдусига чулғанган тоғ йўлидан эшитилиб боради.