Ёзувчи — Шахс бўлиши керак.Шукур Холмирзаев
Хў-ўп, Шодиқул Ҳамро. Эшитгансиз. Кўргандирсиз ҳам: жуда келишган зиёли йигит. Адабиётни шу қадар севади ва уни бор бўйи билишга шунчалик ҳаракат қилаётибдики, замонавий дунё адабиётини ўзлаштириб бўлаёзди.
Унинг адабиётга бўлган меҳри “адабиётга суянибгина яшаётган” адибларга нисбатан меҳри билан омухта бўлиб кетган. “Ёшлик” журналида ишлаб юрганида жариданинг мазмунли чиқиши учун нималар қилмади. Масалан, менинг “Ёзувчи” деган воқеий ҳикоям “Шарқ юлдузи”да чоп этилиши керак эди. Шодиқул шундан хабар топиб, ҳикоянинг ксерокопия қилинган бир нусхасини ўқиди-да, менга ёпишиб олди: “Ёшлик” — боп экан. Бизга берасиз!” Мен айтдим: “Шарқ юлдузи” билан келишганмиз. Менга дуруст ҳақ тўлашади”, дедим. Шодиқул “Шарқ юлдузи” тўлаяжак қалам ҳақини билиб олди-да, битта юртдош коммерсантдан бир талай пулни олиб, менинг чўнтагимга тиқди: “Ҳикояни берасиз!”. Пулни санасам, “Шарқ юлдузи” берадиган ҳақдан а-анчагина кўп...
Ҳикоя “Ёшлик”да эълон қилингач, журналда “ЁЗУВЧИ ШАХСИ” деган рукн очтирди.
“Ака, ёзувчи — Шахс бўлиши керак. Биз майдалашиб кетаяпмиз. Бу кунлар ўткинчи...”
Ҳамон шу гапни такрорлайди. Умидворманки, унинг ўзи ҳам наинки ёзувчи, балки ЁЗУВЧИ-ШАХС бўлиб ҳам етишади... Энди, унинг қисса ва ҳикояларига келсак, менинг реалистик усулимдан минг чақирим нарида: кўпроқ хаёлга, хаёлнинг ҳам пинҳоний ўйинларига қурилган ва дафъатан кишига беўхшов бўлиб туюлса-да, сиз унга ишонасиз. Масалан, “Қора кўланка” деган қиссасида кимдир тобутни ўғирлаб қўяди. Мени маъзур тутсинлар, Саид Аҳмад акамга шу ҳол ёқмаган экан. Қай куни ғазаб билан: “Ўзбек тобутни ўғирлайдими? Шодиқул нима қивотти?” дедилар. Мен гап тобуда эмаслиги ҳақида ҳар қанча гапирмайин, у киши қабул қилмадилар.
Демоқчиманки, Шодиқул Ҳамронинг асарларини ҳаммаям силлиққина қабул қила қолмайди. Бироқ ундаги воқеаларга ишонади, даҳшатга тушади: ундаги руҳий товланишлар оғушида тентирайди ҳам... ва инсон ҳақида ниманидир кашф этади.
"Ўзбекистон адабиёти ва саньати" газетаси, 2000 йил, 28 июль,31-сон.