August 13

Аҳмад ака барча ҳодисага ҳалоллик билан ёндашарди…Одил Икром эссе

Бугунги тонг одатдаги тонглардай хайрли эмасди. Бугунги тонг “оппоқ қордан кафан кийган”, оппоқ сочлар каби оқарган тонг эди… Ўлим яна бир қадрдонимиз, Аҳмад Аъзамни оиласи, дўстлари бағридан юлиб, Чин Дўстга топширди…

Аҳмад ака барча ҳодисага ҳалоллик билан ёндашарди…

Одам Атодан то бугунга қадар кечган фурсатда одамзод, нари борса, эндигина балодан, ҳаромдан, шунчаки, ҳазар қилиш босқичига етгандир… Аҳмад ака ҳаромдан, нафақат, ҳазар қиларди, балки, ҳалол нима, ҳаром нималигини чуқур англаган, нозиктаъб, парҳезкор инсонлардан эди.

Аҳмад ака бағрикенг эди…

Манфаат учун бировни мақтамасди, ғараз билан бировни ёмонламасди, тарафкашлик, гуруҳбозликларни хуш кўрмасди. Одамзод бир-биридан айбу нуқсон ахтариш учун эмас, бир-бирига, фақат, яхшилик қилиш, юрак-юракдан гапириш, эзгу амаллар учун дунёга келган, деб ўйларди. Яқинда унинг саҳифасидаги бир изоҳга кўзим тушиб қолди: Кимдир Аҳмад ака эълон қилган бир “статус” остига турк тилида ўзи фикрларини ёзган экан. Ора-орада Аҳмад аканинг: “Нима ёзганингизни англамадим, узр” деб жавоб қайтаришига қарамай, ўша инсон узундан-узоқ фикрини ёзишда давом этаверган. Менинг диққатимни тортган нарса Аҳмад аканинг сўнгги жавоби эди: “Нима деб ёзганингизни, фикрингизни, гарчанд, англамаган бўлсам-да, барибир, Сизга раҳмат! Менимча, яхши гапларни ёзган бўлсангиз керак…” Фақат, тоза одамларгина шу тахлит беғубор фикрласа керак, деб ўйлайман.

Эсимда: Радиода Усмон Азим, Олим Отахон, Орзиқул Эргаш, Эркин Усмон, Дилшод Шамс, Зафар Комил… ва бошқалар билан бирга ишлардим. Бизнинг бу мўъжаз муҳитимизга Иброҳим Ҳаққул, Хуршид Даврон, Шерали Жўраев, Назар Эшонқул, Эминжон Усмон каби устозлар ва дўстлар қаторида Аҳмад ака ҳам тез-тез келиб туришарди. Тишимиз ўтмаган кўп масалаларда улардан маслаҳат сўрардик. Бир пиёла чой устида кечган ўша солиҳона суҳбатлар, ҳалол баҳсу мунозараларни ҳали-ҳамон соғинаман.

Аҳмад ака эътиборли инсон эди…

Ҳар қандай маърифий ҳодисага, ном-нишонсиз шоирнинг пиёзнинг пўстидан юпқароқ ёхуд таниқли ёзувчининг ёстиқдан қалинроқ китобими, ўз муносабатини бемалол билдирарди. Унинг эътирофи ҳам, эътирози ҳам ҳузурбахш эди. У ўз авлоди ва ундан катта авлодга мансуб ижодкорлар, жумладан, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон, Усмон Азим ҳамда улардан кейинги авлод намояндаларининг ижодидаги рост сўз рангини, таъмини, салмоғини англаган, туйган, тарғиб қилган талабчан, жонкуяр мунаққид сифатида ҳам ўз овози, ўз ўрнига эга эди.

Аҳмад аканинг қадрига етолдикми, етолмадикми, бир нарса дейиш қийин. Назаримда, Ажал бизни ғафлатда қолдириб, кўзимизни шамғалат қилиб, сийрати асил бу Инсонни хазинадай қадрлаган ҳолда ер тагига яшириб қўйгандек… Ҳеч қанча фурсат ўтмай, нимадир етишмаётганини, кимни ёкотганимизни англаб етишимизга, ажал нигоҳимиздан пана қилган ўша хазинани, ер остидан бўлса ҳам, ахтаришимизга ишончим комил…

Дорилбақога риҳлат қилган Аҳмад акани Оллоҳ ўз раҳматига олган ва охиратини обод айлаган бўлсин. Омин!

Одил Икром