November 4

Оқ йўл. Олим ОТАХОНОВ


Дўрмонда семинар давом этаётган кунлари бир йигитча ҳикояларини ўқиб, муҳокамада қатнашишимни илтимос қилди. Очиғи, олмоқчи эмасдим. Иккиланиб турганимни сездими, бу ерда бошқача фикр айтишлари мумкин, деб қўшиб қўйди.


Ҳикояларни уйга олиб кетдим.
Кечқурун хотиржам ўқишга тутиндим. Дарҳақиқат, Шодиқулнинг ҳикояларида одатдаги ҳикояларга ўрганиб қолган одам бемалол адашиб фикр айтиши мумкин бўлган сирлилик кучли эди. Бу сирлилик унинг юрагидан ҳикояларга тўғри кўчиб, ўқувчига ҳам юқадигандек эди. У оддий одамлар, ҳеч ким аҳамият бермаган воқеалар ҳақида ёзганди. Аммо худди биринчи марта шундай ҳикоя ўқигандек таассурот қолдирарди “Қора тун”, “Ўғлимга мактуб” ҳикоялари.


“Тимсолларсиз санъат бу санъат эмас” деб ёзганди Малларме. Биз кўпинча шеърда тимсолларни учратамиз ва шеър бусиз яшолмайди деймиз. Лекин проза ҳам — мен чинакам прозани назарда тутаяпман, — тимсолларсиз яшолмайди. У тимсолларсиз туғилиши мумкин, лекин узоқ яшолмайди. Тимсоллар проза учун қанот асли... Қанотсиз қуш юксакларда уча оладими?


Шодиқулнинг қуйида берилаётган ҳикоясида ҳам одамларнинг юрагида мавжуд интилишлар, покиза мақсадлар дарахт тимсолида намоён бўлади.
Ота-боболаримиз доно ўтган, уларнинг руҳида, қалбида башорат қила олиш туйғуси пинҳондир. Ана шу туйғунинг изми-ихтиёрида кекса чол ҳатто ўз ўлимини енга олишга қодир. У ўзига мерос бўлиб қолган дарахтни шикаст-рехтсиз ўз авлодига топишириб кетиш истагига тушади.
Зеро, шоир айтгандай дарахтлар тилсиз донишмандлардир. Ям-яшил дарахтлар бағрида ҳаёт бор.
Шодиқул ана шундай дарахт ҳақида ёзган. Бу дарахт рамзий маъно касб этади.
Мен ёш дўстимга бу машаққатли йўлда омад тилайман.


Олим ОТАХОНОВ, ёзувчи