Аҳмад Аъзам. ТИЛДА МАЧЧОЙИ САЙИЛ. Иккинчи мақола
Тил – шунчаки гапириш ёки ёзиш эмас, тил – одамнинг тийнати, дил ойнаси, маданияти. Одам олган жами тарбияларнинг ҳосиласи. Атайлаб шевада ёзиш, фарқи йўқ, кинофильмда актёрларни гапиртирамизми ёки телевизорда ўзимиз маҳаллий ватанпарварлик қиламизми, бу билан маънавий чекланганимизни, маънан қашшоқлигимизни кўз-кўз қиламиз. Ўйламайликки, шу билан тилимга табиийлик бераман, ҳаммаҳаллаларимизга яқинроқ бўламан деб. Аксинча. Адабий тилни бузишга жиноий модда қўйилмаган, чунки бунга жазо миллатнинг жавобгар аъзоси сифатида ҳар бир одамнинг ўзи билан.
Ҳозирги адабий тилимиз не-не асрлар давомида қанча минглаб ижодкорларнинг тинимсиз меҳнати ҳосиласи эканини бир ўйлаб кўрайлик. Тил тарихини гапирганда Ўрхун-Онасой ёдгорликларидан бошлаймиз, “будун”, “улус”, “қоон”, “очун”ни ҳали ҳам билишимиздан фахр қиламиз. “Девону луғатит турк”ни яратиб бергани учун Маҳмуд Қошғарийни тил пиридек хотирлаймиз. “Қутадғу билиг” яратилганми, бинобарин, унга замин – тил ва уни китобга муҳрлаб асраш зарурати бўлган. Агар тилни қўриқлаш, унинг обрўсини жойига қўйиш, янги мартабаларга кўтариш эҳтиёжи бўлмаганда, вазири аъзамнинг мингта, шеъриятининг юз мингта ишидан вақт ажратиб, форсу арабий тилларни сув қилиб ичган ҳазрат Навоий бобомиз туркий тил шаън-шавкати борасида “Муҳокаматул-луғатайн”ни ёзмаган бўлур эдилар. Керак экан она тилини қўриқлаш, босқинлардан ҳимоялаш ва ўстириш, шу фидойиликлар қилинган.
Бугунги кунда биз нима қиляпмиз? Мустақиллик дедик, тилимизни мустақил давлат тили қилиш учун курашдик, шу мақомга кўтариб олдик ва… энди ўзимизники, нима қилсак ихтиёримиз деб, уни ҳам ўз ихтиёрига ташлаб қўйдик. Энди эркинлик бўлди деб, тилимизнинг минг йиллардан бери шаклланган қоида-тартибларидан ҳам ўзимизни эркин қилиб олдик.
Бизни – тарқоқ қавмларнинг бошини бирлаштириб бирбутун туркий миллат қилган, маънавий тийнатимизни яратиб қўйган тилимизга нафақат ғамхўр, балки унга буткул беоқибат бўлиб қолдик. Демократия замони деб, уни ўгайлаб ва ҳатто ўз ҳолига ҳам эмас, ўзга тиллар қўлига ташлаб қўйганмиз. Чет тиллар эса мулойим босқинчи. Халқи нечоғли яхши, халқларимиз орасидаги муносабат нечоғли самимий бўлмасин, дарвоза очиқ тургандан кейин сўрамай остона ҳатлаб, тўрдан жой олаверади, ҳозирларни ўтирган ўрнидан суриб чиқараверади. Дарвозани эса ўйлаб-ўйламай ўзимиз очиқ қолдирганмиз.
Тил экологияси табиат экологиясига ўхшайди. Майнанинг мамлакатимиз қушлари тўпига қандай ғорат солгани ва солаётганини биласиз: қорамолда бўладиган бўка (сўна, ўқалоқ, қаталоқ) қуртини чўқилаб териб ер экан деб олиб келинган бу очофат, емиши қолиб, бошқа паррандаларнинг, катталарининг тухуми, майдаларининг полапонигача қиришга тушди, илгари шаҳар-қишлоқларда чуғурлаб турадиган сайрон қушларимизнинг бир-да яримини овлоқ чет-чопларда жон сақлаб қолганини айтмасак, уларни мутлоқ кўрмай кетдик. Майна – ўз маконида ўз ўрнида бўлган, лекин кушандаси йўқ юртимизга келиб қушлар дунёси, набототдаги экология мувозанатига раҳна солди. Дарвоқе, табиатнинг бу фожиаси бизга фожиа ҳам туюлмайди, ҳамма ёқни қора қарға босиб, фақат мусича билан чумчуқ бечора қолганига ҳам бепарвомиз. Ҳе, майда гаплар бу, деб қараймиз.
Тилимизни ўзимиз секин-аста, аммо тубдан бузиб бораётганимизга яна бир ўхшатма мисол: шаҳримизга, шаҳарларимизга бир разм солинг, қанчалар ўзгариб кетди, кўчалар бўйи, истироҳат боғлари, хиёбонларда ўзимизнинг толу теракларни кўрмайсиз, тўкилиб, “антисанитария ҳолатини юзага келтиради” деб, мевали оғочларни жамоат жойларига экмаймиз, улар фақат одамларнинг боғларига қамалган: олмазор, ўрикзор маҳаллалар бармоқ билан санарли қолган. Ҳаммаёқни Оврупо дарахтлари эгаллаган. Майли, кўрк, манзара учун ўсдирилаётган бегона оғочларнинг ўзида айб йўқ, уруғи учиб келмаган, баъзиларини олиб келамиз, аксарини кўчатдан кўпайтирамиз. Буни ўзимиз қиламиз ва, албатта, кераклиги учун. Шаҳарга, унинг кўчаю хиёбонларига замонавий кўрк бериш керак-ку. Лекин меҳмон оғочлар мезбон оғочларни ўз маконидан сиқиб чиқараётганлиги бор гап.
Майли, бунинг ваҳима жойи йўқдир (балки зарари жуда каттадир – табиатшунослар билади), тилимиздаги бунақа ўзгариш, туб сўзларимиз бўла туриб, уларнинг ўрнига чет атамаларни истеъмолга киритиб олганимиз – маънавий фожиа, фикрли ҳар бир одам, афкор омма кеч бўлса-да ҳеч ўйлаб кўрадиган йўқотишлар.
Ҳа, бир мисол қолиб кетмасин: акацияни биласиз-а, луғатда ўзбекча истилоҳи йўқ, “акас” деб русчадан ўзбекча талаффузга мослаб олинган, холос: қайси ўлкадан келтирилган бўлса, лекин жуда беор дарахт, одамга эргашиб қишлоқларгача кириб борган (эргашиб деганим, кўчатини одамлар олиб борган-да), томорқаларгача босган. Кесиш жуда қийин, болта ўтмайди, ёғочи буронғи-биланг, фақат томга болорга ярайди, кессангиз баттар бўлади – томиридан болалаб кетади.
Ўзга атамалар босқини ҳам шундай: мулоқот майдонини эгаллаб оляпти, болалаб кетяпти, ўз сўзларимиз, атамаларимиз, истилоҳларимизни ҳақсиз қулоқ каби ҳайдаб чиқаряпти ва бу жараён неча-неча йиллардан авжга миниб келяпти.
Тил ҳақида гапиргандан кейин мисолни майдадан – сўзлардан оламиз-да. Лекин бу майдагаплик эмас, туби жуда кенг, чуқур гум муаммо.
Яна дарахтлар мисолида айтсак, “дуб”, “сосна”, “липа” деймиз, худди ўзимизнинг “эман”,”қарағай”, “жўка” истилоҳларимизга куйдирги чиққандек. Бу ҳам майли, эътиборсизлик, ё қулайи кўзланади, дейлик, лекин бизга тил ўргатиши лозим бўлган “Русча-ўзбекча луғат”да (1983 й.) “дуб”ни “дуб”, “дубравник”ни “дубзор”, “дубрава”ни “дубзор ўрмон” деб биринчи қўйиб (“эман”, “эманзор”, “эманзор ўрмон”, ҳа, арзимайди дегандек, муқобил сифатида охирга қўйилган), ”дубравный” фақат “дубзор ўрмонга оид” деб ўгирилган. “Липа”, маъқул, “жўка” таржимаси ёзилган, лекин русча айтиш эсдан чиқиб қолмасин тағин деб, қавсда киритиб қўйилган: “липа – жўка (дипа) дарахти”. Шу луғатнинг бир жойида “эман”га муқобил қистирилган “болут” истилоҳини эса тамоман унутиб юборганмиз.
“Берёза тахта” деймиз, гўё “қайин”ни билмайдигандек, “қайин тахта” демаймиз, гўё Россия тахтани атамасисиз бермайди. “Липовий мёд” ҳам шундай, ўрисча оти билан айтмасак, гўё тоти ўша ёқда қолиб кетади, келмайди.
Яна табиатдан мисол: ким ё кимлардир Оврупога, жумладан Буюк Британияга Америкадан кулранг олмахон келтирган, балки уйида эрмакка қафасда сақлаш учундир, бу ёқимтой жонивор эркинликка чиқиб, урчиб, ҳозир ўрмону хиёбонларни истило қилган ва Оврупонинг ўз малла олмахонини бешафқат ҳайдаб чиқариб, маконини ўзиники қилиб олган. Энди кулрангини камайтириб, малласини тиклаш катта бошоғриқ.
Четдан кириб келган атамалар “акас” каби беор, иланг-биланг, болта ўтмайди ва қайишқоқ, тилимизга, хусусан авом тилига бир киргандан кейин, ўзи қуримаса, чиқариб бўлмайди. Кулранг олмахон каби муҳитга мослашиб, маҳаллийларининг жойини тортиб олади.
Бозордаги балиқ растасига киринг “сом”, “сазан”, “толстолоб”, “карас” “шука”, “беламур” деб “импорт” ном билан сотилади. Ҳолбуки балиқ ўзимизнинг кўлу дарёларимиздан тутилган, балиқфурушлар ҳам ўзбек. Ҳеч ким “лаққа”, “зоғора балиқ” ёки “тангабалиқ”, ”дўнгбош”, “товонбалиқ”, “чўртанбалиқ”, “оқ амур” демайди, шундай деса, гўё харидор бурнини жийиради, “импортний” эмас деб, олмайди. Майли, оддий балиқфурушлар, улар луғат титкилаб юрадими, лекин ТВда ҳам шундай, мисол: яқинда ов ҳақида бир яхши кўрсатув берилди, ҳали бу туркум бўлиб қолса керак, тили ҳам ёмон эмас, лекин балиқчи йигит бошидан охиригача “сазан” деб гапирди, “бу балиқ сазан…” деб қармоққа илинганини кўрсатиб, “сазан”лаб таърифини келтираверди. Балки ўзимизда ўзбекча номи (“зоғорабалиқ, “тангабалиқ”) ҳам бордир, деган ўй ҳеч кимнинг ўйига келгани йўқ.
Бунақа тил бузилишлари кундалик ҳол бўлиб қолди, қулоғимиз ўрганди, ўзимиз индамай кўникдик. Масалан, шу “сазан” ҳам авом тилида томир ёзиб, маҳаллийлашиб олган.
Ўзингиз тилингизда қанча чет сўз борлигини бир чамалаб кўринг, бошингиз айланиб кетмаса, мен тан. Чет атамаларни истифода қилсак, жуда маданиятли кўринамиз шекилли-да. Аслида она тилига бунақа муносабатнинг ўзи катта маданиятсизлик!
Кўриб-билиб туриб шу аҳволни ўзимиз юзага келтирамиз, четдан ўзимиз олиб кирган истилоҳлар ўзимиздаги сўз-атамаларни сиқиб чиқаради, ўрнини мўр-малахдек босади.
Чақалоғи, жўжуқ гўдаклари бор ҳамма оналар “памперс”дейди, йигирма йил ичида шу истилоҳ тилимизга сингиб кетди. Асл номи ўзимизда “кўллик” (“кўлламоқ”дан олинган, талаффузда беўхшов “кўтлик” бўлиб кетган) уни ҳамиша истифода қилганимиз – “таглик” десак ҳам бўлади, лекин “памперс” демасак, қолоқ бўлиб қоламиз. Яна ҳазил мисол: “кака” деганимиз айни тили ҳали чиқиб-чиқмаган болаларнинг айтишидан олинган, ширинлик маъносидаги сўз эди, ҳозир бу сўз барча оналар тилида нима омонимга алмашиб қолди? Айтишга унча тил бормайди. Замон билан бирга одимлаш керак-да! Ҳолбуки, она тилимизнинг замони асиллиги, аслидай тозалигида. “Нишаста” сўзи таомилдан буткул чиқиб кетди, ўз сўзимизни тилимизга энди мажбурлаб ҳам қайтариш мушкул, гўё тепадан ҳаммамизга буйруқ тушган: “нишаста” қатағон, фақат “крахмал” дейилсин, деган.
Ҳаммамиз “простина” деб кетдик, ҳеч биримиз “ҳушки” демаймиз, форс-тожикча бўлса ҳам “ҳобгоҳ”имиз бор, лекин уни “спални” деймиз, “спални”даги “спални мебел”да ётмасак, уйқумиз бузилади. Одат қилдик шундай гапиришни!.
“Малина” деймиз, “хўжағат” десангиз ҳеч ким тушунмайди. “Курка”, “индук” деймиз, Самарқанд томонларда “ғулғултовуқ”, “ғулғул” учрайди; Қашқадарё, Зомин шеваларида, қорақалпоқ тилида “туятовуқ” деб ҳам айтилади, аммо асл номи – “улар”, “Туркистон улари”ни “индюк” буткул хотирамиздан ўчириб юборган. Туятовуқ билан ўрдакнинг чатишмаси “индоутка” деган парранда бор, шу ўрисча истилоҳидан бошқа миллий атамани билмаймиз.
Ҳозир жуда кўп одамнинг шахсий машинаси бор. Бир ўйлаб кўринг, шу машинангизнинг “ойна”дан бошқа нечта узви, эҳтиёт қисмини ўзбекча айтасиз: “рул”, “педал”, “муфта”, “коробка”, “багажник”, “тормозной жидкост”, “зажигалка”, “пепелниса”, “сиденя”, “капот”, “лобовой”… “карбюратор”, “аккумулятор”, “динамик” каби атамаларга майли дейлик, байналминал истилоҳлар, лекин қизиқ, “тўхтатдим” демаймиз – “тормоз қилдим”, “ёнилғи қуйдим” эмас, “заправка қилдим”, “ўт олдирдим” ёки “қўшдим” эмас, “завадит қилдим”, “таъмирлатдим” эмас, “ремонт қилдирдим”, “ўзиб ўтдим”эмас, “обгон қилдим”, “орқага олдим”эмас, “назад қилдим”… Ақалли эшик “ручка”сини “дастак” десак нима қилади? Э-э, ўрганиб қолган тил бузишларимизнинг санаб адоғига етиб бўлмайди.
Тилимизда қадимдан келаётган атамалар сон-мингта. Ҳатто Африкада, Лотин Америкаси тоғ-чўллари флора, фаунасидаги ўсимлик, дарахт, жонзоту ҳашаротларнинг номларигача бор. Лекин кўп китобу мақола, фильму кўрсатувларни рус тилидан ўгирганимиз боис, луғат варақлашга, ё ўз сўзлашув тилимизга қулоқ солишга эриниб ёхуд оддийгина саводсизлигимиз туфайли ўша чет тилдан тайёрини олиб қўя қоламиз. ТВ кўрсатувлари, ҳужжатли фильмлар, мақолаларда сон-минг марта “кактус” атамасига дуч келаман, лаоқал бир марта бўлса ҳам “қуманжир”ни эшитмаганман. Ҳолбуки бу атама қадим замонлардаёқ ўша ёқларга бориб, ўша тиканли кактусларни мевасигача кўрган ота-боболаримиздан қолган.
Масалан, “тропик” – “мадор” дейилган, “мадор ўрмони”, “мадор ўлкалар”, энди адабий тилга мажбуран киритилмаса (балки керак ҳам эмасдир), авом тилига бу истилоҳ қайтмайди, “тропик”ни шу қадар сингдириб юбордик. Худди шундай атамалардан “Баҳри Муҳит Кабири” (Тинч океани), “Баҳри Муҳит Отлоси” (Атлантика океани), “Баҳри Муҳит Ҳинди” (Ҳинд океани), “Баҳри Хазар” (Каспий денгизи) “Шом” (Сурия) – эллик тўққизинчи йилги луғатда ҳамма сўзлари бош ҳарфда берилган шу атамалар ҳам истеъмолдан чиқиб кетган (лекин “шом” бир оз бошқа маънода айтилиб туради, “Баҳри муҳит” унда-бунда учрайди). “Лубнон”, “Мажористон”, “Булғористон”ни “Ливан”, “Венгрия”, “Болгария” деб кетдик. Эндига келиб “Ҳабашистон”, “Қуддус”, “Олмония” каби талай жуғрофий атамаларни русча истилоҳини қўллаш урфга айланди. Яна ўша луғатда “Монголия” деб берилган, “Мўғўлистон” эса “тарихий”, эскирган атама деб четга суриб қўйилган. Мана, ҳозир ўзимиз ҳам сўзлашувда “Монголия”, “монголлар” деб кетяпмиз.
Ноилож, дунёнинг равиши шундай экан, кўникамиз. Кўникмаслик керак. Атамаларни эски луғат ва бошқа адабий манбаларга қараб тикласа ёки янгидан қилса бўлади. Масалан, “ўқувчи”, “ўқитувчи”, “олув”, қўшув”, “ишчи” каби ўнлаб сўзлар ясалган, истеъмолдан ўрин олган. Лекин “ўзиқайнар”, “ўтомоч”, “ўзиучар”, “ўтарава” каби сўзлар ясалганда эскилик сарқити деб масхара қилинган. Хўш, “пулемёт”ни “ўқсочар” десак, нимаси ёмон? “Пулемёт” атамаси ҳам шу қурол кашф этилиши билан ясалган сўз-ку. “Ўзиқайнар”нинг “самовар”дан нима ками бор? Ўчириб ташланмаганда аллақачон тилимиза сингиб кетган бўлур эди.
Э-э, буни қарангки, минг йил бадалида борди-келдиларда ота-боболаримиз кўрган-билган бепоён араб саҳроси “Саҳрои кабир” (катта, улкан саҳро), энди уни шоввоз таржимонларимиз “Сахара” деб ағдараверадилар. Қумтепалари кўп кўрингани учунми, “Сахара саҳролари” деганларига беш кетасиз! Ўрисча “Сахара”-да. Йўқ, беш кетманг, бу шунчаки “пустыня Сахара”нинг янтоққа судраб таржима қилиниши.
Африканинг Ҳабашистонида чўл, сувсиз яйдоқ биёбонларида кўпроқ чўл каламуши, суғурми, юмронқозиққами ўхшаган жониворни тутиб кун кўрадиган дўлта бўри (баъзи шеваларда каттаси ҳам “дўлта” дейилади) бор, бир кўрсатувда шу “Эфиопия шоқоли” деб таржима қилиняпти. Нимага “Эфиопия”? Ахир, ўзбек тилида мамлакат номи неча асрлардан бери “Ҳабашистон”, кейин нимага “шоқол”, ахир, бу аниқ равшан кўриниб турган чўл бўриси, сал чоғроқ, лекин асло шоқол эмас, ҳа, шундай экан, таржимада ҳар мақомга йўрғалайвермай, “ҳабаш бўриси” деса, олам гулистон-ку. Бари бир ҳам уни халқ “хабашбўри” деб ихчамлаб олади. Кейин, шу ўринда бир мулоҳаза: нимага луғатларга “шоқол” бўлиб кирган, ҳамма ерда талаффуз қилинишига қараб “шоғол” эмас? Гапирганда “шоғол” деймиз-ку. Ё биздан ўрисчага “шакал” бўлиб борганидан қайта таржимада шундай бўлиб қолганми экан? Билмадим, валлоҳи аълам, адашаётган бўлишим ҳеч гап эмас.
Таржимонлар ўқимайди, луғат варақлашга эринади, бировдан сўрашга эса бўйин ёр бермайди. Русча матнда нима дейилаётганини тусмол англаб, бизнинг томошабинга бўлаверади, деб босиб кетаверади. Бир куни ҳужжатли фильмда қулоғи катта, ола-була, ҳалиги овини галалашиб “амалга оширадиган” туби ёввойи ит дарранда ҳам “шоқол” деб таърифланяпти. Шоқол тамомила бошқа йиртқич, бизда чиябўри ҳам, Америкада койот, лекин кўрсатганлари сиртлондир, асло “шоқол” эмас.
Мисоллардан бош айланиб кетади, лекин айтмаса, мавҳум гап бўлиб қолади. “Гепард” югурик, ёқимтой йиртқич, унинг оҳуларни қувиб етишини мароқ билан томоша қиламиз. Тумшуғидаги қора қашқалари икки кўзидан ёш оқиб турганга ўхшайди. Мушуксимонлар оиласидан келсак, арслон пусиб бориб, панадан чиқиб даф қилади, ўлжасини тутган ерида ейди, сиртлон галалашиб ташланса, у шунча зўрлиги билан ҳам емтигини ташлаб қочади. Қоплон ҳам ўт-ўланга буқиниб келади, хол-хол териси билан хас-хашак орасида унча билинмайди ҳам, ўлжани тутиши билан зудликда бирон дарахт устига тортиб чиқариб олади, ўша ерда – бамайлихотир, у ёққа тайёрга айёр сиртлон чиқа олмайди, шер тармашади, лекин қоплон турган тепагача етолмайди. Гепард ҳам шунақа катта мушук, лекин сипта, ингичка-узун, ниҳоятда чопқир жонзот. Югуриши соатига тўқсон-юз ва ҳатто бир юзу йигирма километргача боради. Табиийки, овини қувлаб тутади, ўлжани қоплонга ўхшаб дарахтга олиб чиқишга кучи етмайди, шер, қоплон, сиртлон ҳидини олиб етиб келгунича, тутган ерининг ўзидаёқ саранжомлашга тушади. Сиртлонни биласиз (“гиена” нимагадир луғатда “сиртлон”, “ёлдор бўри” деб ўгирилган, “гиена” бўри эмас, тўғри унинг ёлдор турдоши ҳам бор, уни ҳам “ёлдор сиртлон” дейилиши тўғрироқ, “ёлдор бўри” бўрининг “арслон”и, яъни эркаги), гепардга бағишланган бир фильм таржимасини кўриб ўтириб, анграйиб қолдим: бемалол, шунча одам кўриши, бинобарин, билишига бефарқ, “гепард” “қоплон” деб таржима қилиняпти! Тилни билмаса, нима қилади таржимага ювиқсиз қўлини уриб?
Мен ҳам гапим тушунарли бўлиши учун “гепард” деяпман, ҳаммамизни шу истилоҳга ўргатиб қўйишди, бошқа атамани билмаймиз. Лекин луғатда асил туркий номи бор гепарднинг – “чита”! Афсуски, бу атама тарих қаърига чўкиб кетган. Чита бир пайтлари саройларда, овчиларнинг уйларида шикор учун сақланган, “чита” оти ҳам ўша замонлардан қолган.
Рус тилининг қонуниятларини билмаган ҳолда таржимада чиранишларимиз, биринчидан, ўз тилимиз имкониятларини торайтирса, иккинчидан, атамаларда ҳам кўп чалкашликлар келтириб чиқаради. Русларда “снежный барс” атамаси мавжуд, тоғларда, қорда бўлади, биз буни бефарқ “қор барси” ёки билиб “қор қоплони” деб ўгирамиз, авваламбор, бу ўринда “қор” ортиқча, чунки айни шу қоплон бизда шусиз ҳам фақат тоғда, тоғ қорларида бўлади, русларда эса бу қоплонидан фарқли ўрмону тўқайда юрадиган Узоқ Шарқ қоплони ҳам мавжуд. “Қор қоплони” биздаги қоплондан бошқа яна бир тури бор экан, деган чалкаш тасаввурга олиб келади. Нимагадир 1983 йили босилган “Ўзбекча-русча луғат”га кирмаган, авомда, фольклорда “илвирс” атамаси мавжуд, эллик тўққизинчи йили чиққан луғатда эса бор: “илвирс – снежный барс”. Кейинги луғатларда бу истилоҳнинг учрамаслиги таржимонларни сопини ўзидан чиқаришга мажбур қилади.
Таржималарнинг қарийб барчасида гавдаси қарийб кўппакдек келадиган калтадум қорақулоқ “ёввойи мушук” бўлиб кетди, хай, ўқиб билганлар баъзан атаманинг аслини ҳам қўллаб қолади. Табиатда ҳақиқатан ҳам ёввойи мушук бор, дунёнинг ҳамма жойларига тарқалган; хонаки мушукнинг ёввойилашгани ё тескариси. Тезкор таржимонлар эса буни ҳам, қорақулоқни ҳам “ёввойи мушук” деб ўткизиб юбораверадилар.
Билмаслик туфайли фикрни бузадиган ўгиришлар таржима асарларда бир ғалати устиворликка эга. Шундай десак, салобатли ҳам маданиятли чиқади, деб ўйлайдиларми, ўзимиздан русчага ўтган атамаларни ҳам русча истилоҳида кўп қўллаймиз. Ҳимолай тоғи чўққилари устидан ошиб ўтадиган лайлакни илиб тутадиган “беркут” деган катта қуш бор экан! “Беркут” деб алоҳида чулчитча ном қўйилганмикан, деб ўйлайсиз. Ахир, “беркут” русчага ўзимиздан ўтган “бургут”-ку, тасвирда ҳам бургут, айнан Осиёнинг Ҳимолай бургути бўлгани учун осиёча атама қўллаган руслар. Нимага биз ҳам ўз сўзимизни ўрисча айтишимиз керак? Ўзбек тилида бургутнинг қорақушими, қиронқорасими, сор шунқорими (яна талайининг номи бор тилимизда) – ҳаммасининг жам номи “бургут”, лекин “беркут бургутлари” эмас-да. Агар ўша Ҳимолай бургути унинг қайси турдоши эканини билсангиз, номи билан айтинг, бўлмаса, нима қиласиз тилни бузиб.
Таржималарда устоз кўрмайган шогирдлар ҳар мақомга йўрғалайверади, тезкор “тўғри” таржималарда одам гапирмайдиган жумлалар пайдо бўлади. “Ҳимолай тоғларининг баландлиги етти минг метрни ташкил этади”, “Кондор қанотлари ёйилганда уч метрни ташкил қилади” – ўзингиз шу тилда гапирасизми? Хўш, ким қандай “ташкил қилиб” берар экан, шуни “етти минг метрга етади”, “уч метрга боради” деб оддий ўзбекча айтсак, отамиз уришадими?
Рус тилини билдим дегани ўзбекчага таржима қилаверади, дегани эмас-ку!
Сўзга чечан бўлмаган таржимонни асл матн қурбақани ром этган илондек ўз домида тутиб туради, эркин ўгиришига қўймайди, у муқобил сўзлар танлашда ихтиёрини йўқотишдан ташқари, таржима этилаётган тилнинг ифода хоссаларини ўз тилига ҳам тўғридан тўғри, “калька” йўли билан кўчиришга ўтиб олади.
Эркин ўгиришга қўймайди деганимиз, таржимоннинг аввало асл матндаги атама-истилоҳларнинг она тилидаги муқобилини билмай, қўлбола, мафҳуман ағдаравериши. “Денгиз мушуги”, “денгиз арслони”, “оқ думли бургут”, “оқ рангли қарқара”, “кул рангли қарқара”, “тоғ қўйлари”, “тоғ эчкилари”, “карибулар”, “кабаргалар”, “моржлар”, “сув филлари” (“-лар”га ҳали тўхталамиз) ва ҳоказо-ҳоказо атамалар олдинги ҳамда ҳозирги таржимонлар томонидан ясалган, кейин бу сунъийлик луғатлардан ҳам жой олган. Лекин кейингилари маччойи таржимада анча илдамлаб кетган: “урғочи эчки”, “эркак эчки”, “урғочи қўй”, “эркак қўй”, “урғочи ёввойи чўчқа”, “эркак ёввойи чўчқа” (кулманг, ҳазиллашаётганим йўқ, ҳар куни ТВда кўриб, айрим нашрларда кўриб-эшитаётганингиз бу), ҳатто майда қушларнинг ҳам жинсини “урғочи” – “эркак” деб айирадилар. Майли, “совлиқ”нинг туби “соғмоқ”дан, лекин қўйнинг урғочиси “қўй”, эркаги минг йилдан бери “қўчқор” деб келинади-ку, “эчки” деб фақат урғочиси айтилади, эркаги “така” – шу ҳам айтиб ўргатиладиган гапми! Чўчқа “мегажин” – “қобон”, жам номи “тўнғиз”, уни “ёввойи чўчқа” дейиш ҳам “дикая свинья”дан тўғридан тўғри калка, уларда қадим-қадимдан чўчқа хонадонда боқилган, шунинг “домашная”, “дикая свинья” атамалари мавжуд, бизда уни боқиш ҳам, гўшти ҳам ҳаром, уйнинг яқинига йўлатилмаган, хонакиси бўлмагани боис “ёввойи” сифати ҳам мутлоқ кераксиз.
Рус тилида жонзотларнинг жамини умумий қилиб, жинсини иккита сўз – “самец” – “самка” деб деб айирадилар, лекин ўзбек тилида бундай эмас, кўп жониворларнинг (албатта, асосан ўзимизда борларининг) жинси алоҳида истилоҳлар, номлар билан ажратилади. Парранда зотидан “товуқ” – “ҳўроз”, “макиён” – “хўроз”, лекин таржималарда бу атамалар инобатга олинмайди. Каттаю-кичик қушларга “урғочи – эркак”, “нар – мода” деб қўлланаверади. Қаранг, тилимизда бедана, чумчуқ, сўфитўрғай сингари майда қушларнинг ҳам жинси “машак” – “мажик” деб ажратилган, аммо шулардан фақат “машак” беданавозлар тилида сақланиб турибди, бошқа ўринларда луғатларга чўкиб кетган. Луғатда ҳам қизиқ. Уларда ҳам чала таржиманинг таржимаси, масалан, “гусь – эркак ғоз” деб берилган. Ҳар ҳолда китни бир ўринда “урғочи кит” – “эркак кит”, бир ўринда “нар кит” – “мода кит” деяверсак, қулоққа ғалати урилар экан. “Самка – самец” атрофида бунақа қўлбола таржималарнинг келиб чиқиши ўзи бетайинроқ, лекин “мода бойқуш” билан , “нар бойқуш” бундан ҳам ўхшамаган туюлади. Гап “полярная сова”нинг ”самка”си, “самец”и ҳақида кетяпти, лекин ўзимиздаги бойқуш ё бойўғлининг эркагию урғочиси нима дейилгани эсимиздан чиқиб кетган (турган гап, мен ҳам билмайман). Нимага шунақа паррандаларга ҳам “макиён” – “хўроз”ни қўлламаслик керак, тушунмайман “Урғочи бўри”, “эркак бўри” билмаганликдан дейлик, “урғочи ит”, “эркак ит”га нима дейсиз. Бўрининг урғочиси “қанжиқ”, эркаги “арлон” бўлади, ит ҳам шундай: “урғочи” эмас, “қанжиқ”, эркаги “кўппак” (шевада “арлон” ҳам дейилади); “урғочи туя” эмас, “моя”, “елмоя” “ҳарвона”, “эркак туя” эмас, “нор”, ”нортуя” – э астағфируллоҳ, мақолаю кўрсатув, фильмлар таржимасида билмасликдан тилимизни шу тарзда ғариблантириш одат тусига киряпти! Шунақа пайтлари тилимизнинг қашшоқланиб боришига шўро замонида ва кейин босилган луғатларимиз ҳам қисман сабабчи эканига амин бўламан. Кўп сўзлар сифатсиз мафҳуман таржима ҳолида олинган. Шимолий муз океани бўйларидаги ерларда “овцебык”деган ҳайвон бор, шунинг номи ўзбек тилига “ҳўкизқўй” деб ағдарилган, хўп, “қўй”га майли дейлик, русларда ҳам “овец”, лекин “ҳўкиз”нинг маъноси бизда “бык”дан фарқланади: у буқанинг ёвош қилиш, кучини арава, омоч тортишга бериши учун бичилгани. Билмадим, менинг гапим ҳам нотўғридир, ҳар ҳолда бу жонивор “ҳўкизқўй” эмас, тил ҳам келишмайди, жилла қурса. “қўйбуқа” десак ҳам аслига тўғрироқ бўлур, лекин бу ҳам мафҳуман ўгириш бўлади. Ҳа-а, бир рус мультфильмида мугузи Африкадаги буйволи (бу тур атамаси ҳам “бизон”, “зубр” “тур”, “лос” каби рус тилидан тўғридан тўғри олинган) шохидан нусха олинган, беўхшов чизилган бу жонзотни бир таржимада ундан ҳам беўхшов қилиб, “қўтос” “ҳўкизқўй қўтос”и деб таърифланди, бу қўтос (як) эмас, қўтос Осиёнинг Туркистон тизмалари, Ҳимолай тоғларида бўладиган пастак қорамол, Шимолий денгиз бўйлари унинг тушига ҳам кирмайди, менингча.
Бошқа тил, ундан билиб-билмай қилинаётган арзонқўл таржималар она тилимизнинг сўз бойликларини қўллаш, ифода имкониятларидан фойдаланишни чеклаб-чегаралаб, сўзлашув жараёни ва у орқали адабий тилга ҳам салбий таъсир ўтказади. У тилдаги ифодалар бу тилга сунъий кўчади. “Ғор сувлари нафақат бузғунчилик, балки яратувчилик билан ҳам шуғулланади” – бир қарашда ҳамма сўзлар жойида, ўзбекча, лекин жуда ўнқовсиз, буни русчага қайтариб ўгирсангиз ҳам мантиқсиз чиқади. Яна бир шунга ўхшаш жумла: “Бу ерда ҳашаротлар бемалол нектар ейишлари мумкин”, “Бу тоғларда бўрилар яшашади”. Бунақа деб бўлмайди-ку, деб хунобингиз ошади, лекин шунақа дейиляпти, шу жумлани саҳна нутқидан таълим олган, ўзини нутқ устаси деб биладиган актёр ҳеч хижолатсиз ўқиб беряпти. Биз эса эшитяпмиз, ҳар куни, миллионлаб одам, хусусан нутқи шаклланаётган болаю ёшнинг қулоғига қуйиляпти бу нотўғри гап. Кейин нимага иншода ўқувчиларимизнинг тили бунақа, ёзувда нимага бунча хато қиладилар, деб ажабланамиз…
Гап жуда кўп, ҳали хуллас дея олмаймиз.
Дарвоқе, менинг ҳамма гапларим тўғри, мутлоқ ҳақиқат эмас, ўз билигимча ўйлашга турткилар, холос. Зеро шу тил муҳитида яшаяпман, унинг таъсирларидан ҳоли эмасман.