Инобат Нодиршоҳ. ТОШБУВИ МАЛИМ ВА ЁРДАМЧИСИ. Ҳикоя
Бугун ўқишнинг илк куни. Тошбуви малим саҳармардондан мактабга келди. Атрофини супуриб-сидирди. Кеча кечқурун йўлак четларига экилган қашқаргул ва райҳонларга челакда ташиб, сув қуйган эди. Тонгги қуёшда яшнаб кетибди. Кайфияти кўтарилди. Дарсликларни ҳам кеча келтириб қўйди.
Мактаб олди айвон икки хонадан иборат. Уч-тўртта кичик қишлоқ болаларига катта мактаб олислик қилгани учун бошланғич синфлар учун ҳашар қилиб шу мактаб қуриб берилди. Майдончани малимни эри Келдиёр шаҳарда яшаётган ўғли билан қуришди. Чеккароқда қизалоқлар учун ҳалинчакни ҳам ўғли келтириб берди. Келдиёр юк машинаси ҳайдайди. Мактаб учун керакли нарсаларни катта шаҳардан ўзи харид қилди. Албатта хотини Тошбувининг қистови билан. Эшакда қатнайдиган болаларни ҳам унутмадилар. Чеккароқда усти ёпиқ жой тайёрлашди. Ёғин-сочинли кунлар бор. Ўзларининг тўрт боласи ҳам учирма бўлди. Энг кичик қизи хорижда онаси каби кичкинтойларга дарс беради. Унинг ҳам бу кичик мактабга анчагина ҳиссаси бор. Майдонча унинг ғояси асли.
Тошбуви институтни битириб, йўлланма билан қишлоқ мактабига келганида бу ерларда қолиб кетишни хаёлига ҳам келтирмаган эди. Келдиёр уни илк кез кўрган кунни эслашни ёқтиради. Унинг айтишича катта қизил жомадон ёнида чумчуқдай қизни дастлаб кўрмаган эмиш. Катта йўл ёқасида жомадон нима қилади, деб ҳайрон бўлганидан машинасини тўхтатибди. Болалари уни ҳар гал кула-кула эшитадилар. Ўша лаҳзада ҳар икковларининг ҳам кўзларида ўша олис ёшлик оташи яллиғлангандек кўринади. Аслида қиз чумчуқдек кичик эмас, баланд бўйли, қадди-қомати келишган, юзи сутга чайилгандек оппоқ, кўзлари шаҳло эди. Катта қизил жомадон ҳозир ҳам бор, эски дафтарлар сақланади. Ўшанда қиз ёлғиз эмас эди, туман маориф бўлимининг ходими унга ҳамроҳлик қилаётганди. Келдиёр қиз тайинланган мактаб яқинида яшашини билиб, Тошбувини унга топширди-ю, қутулгандек ҳайдовчи йигитга қайта-қайта раҳмат айтиб, ортига бурилди. Уни ҳам тушунса бўлади, бир амаллаб қишлоққа етиб олганингдан кейин қайтиш муаммо. Улов йўқ эди.
Ўша куни Келдиёр ота-онасини анг-танг қолдириб қизни тўғри уйларига олиб келди. Бир ойга бормасдан тўй ҳам бўлиб ўтди. Тошбуви шаҳардан ниҳоятда олис бу қишлоқни яхши кўриб қолди. Келдиёр унинг ортида тоғ каби турарди. Тош конида юк машинаси қанча фойда келтиргани номаълум аммо мактаб ишига кўп фойдаси тегди. Илгари мактаб билан иши йўқ эди. Ҳаётига Тошбуви кириб келганидан кейин мактаб ташвишларини ҳам кўтара бошлади. Чунки у ерда унинг Тошбувиси ишлайди. Болалар Тошбуви малимни қанчалик севсалар, Келди буваларини ҳам ундан кам севмасдилар. У болалар учун қачон Келди бувага айланганини ҳам сезмай қолди.
Тошбуви айвондаги катта тошойнага қараб, кумушдек сочларини тўғрилади ва пастга тушиб болаларнинг йўлига кўз тикди. Узоқдан келаётган юк машинасини кўриб жилмайди. Эри олис қишлоқлардан қатнайдиган кичкинтойларни олиб келяпти. Машина тўхтагач, муаллима унга қараб юрди. Эркак қизалоқларни бирин-кетин туширди. Оппоқ капалакдек қизчалар ўзларини Тошбуви малим қучоғига отдилар. Аёл ҳар бирини суйиб-эркалади, чуғурлашиб эшак минган ўғил болалар ҳам келиб қолди. Аслида қизчаларнинг ҳам эшаги бор. Келдиёр баъзан ишидан ортиб уларни шунақа эркалаб туради.
Муаллиманинг ҳаммаси бўлиб ўн бешта ўқувчиси бор. Учтаси иккинчи синф, қолганлари учинчи синф. Дарсликларни тарқатаётган муаллима ўқувчиси Зилоланинг ювиқсиз патила сочлари, ўтган йилги кичрайиб қолган кофтасига билинтирмай қараб қўйди. Ёз ўрталарида тўрт ёшли укаси нобуд бўлганди. Ота-онаси ҳалиям ўзларига келолмаганга ўхшайди, қизча қаровсиз қолибди, озиб ҳам кетибди, кўзчаларида ҳам аллақандай мунг чўккан, севинч йўқ... Бечора қизалоқ. Тошбувининг қизалоққа боласи каби юраги ачишди.
Дарслар шу қадар тез кечди-ки. Аёл иккита китобни атайлаб олиб, Зилолани ёнига чақирди:
–Менга ёрдамлашасанми? Буларни уйга олиб кетишим керак. Дарсингни қилишга ўзим ёрдамлашаман. Уйингга Келди буванг олиб бориб қўяди. Аянгга дугоналаринг айтиб қўйишади.
–Маалим, биз ҳам борайлик, – қизалоқлар бири қўйиб, бири чуғурлай бошлади.
–Сизлар бошқа куни борасизлар, – дея муаллима уларни тинчитиб хайрлашди.
Йўл-йўлакай гаплашиб келдилар. Тошбуви малим ёзда болаларини кўргани борибди. Иккитаси жуда узоқларда яшармиш. Иккитаси эса шаҳарда. Яхши ўқиса Зилола ҳам унинг қизи каби дунёнинг улкан шаҳарларини кўриши мумкин экан. Уни тинглаётган қизалоқнинг кўзларида бир зум умид учқунлангандек бўлди ва тезликда сўнди. Уйга яқинлашганларида қизалоқ чопқиллаб бориб дарвозанинг кичик тавақасини очди. Қўлидагиларни сўрига ташлаб қафасда чуғурлашаётган қушлар томон чопди.
Тошбуви эрталаб ярим тайёр қилиб кетган овқатига уннади. Масаллиқларни солиб тобига келтиргач, оловини пастлаб қўйди. Қизалоқни чақириб, йўқ дейишига қарамай ҳаммомга олиб кириб ювинтирди, қизининг кичикликда кийган кўйлагини кийдирган эди, лоп-лойиқ келди. Сочларини қуритиб-тараб, чиройли қилиб ўрди. Ойнага қараб, ўзидан мамнун бўлган қизалоқ муаллимасини бўйнидан қучиб олди.
–Кийимларингни ювиб қўйдим, бир пасда қуриб қолади. Аянг ҳам хавотир олиб ўтиргандир, – деди қизчанинг юзини силаб қўяркан.
–Аям... – деди-ю тўхтаб қолди. Бир муддат ерга қараб турди-да, бошини кўтариб Тошбувининг кўзларига қараб: – аямнинг мен билан ишлари йўқ. Ўша куни... “сен қаердайдинг” деб бақирдилар. Ҳеч нарса билан ишлари йўқ. Тиззаларини қучоқлаб ўтираверадилар. Дадам узоқ жойда ишлайдилар, ҳафтада бир келадилар. Ўшанда... мен билмай қолдим, дугоналарим билан ўйнаб, кўрмай қолдим... Укамнинг ўрнига мен оқиб кетсам яхшийди...
Аёл титраб кетди, энтикиб йиғлаётган қизалоқни маҳкам бағрига босди. Ширин сўзлар айтиб юпатди. Кўнглини кўтаришга ҳаракат қилди. У ҳали гўдак эди, аммо чўнг бир қайғу уни ҳам эзиб ётарди. Тошбуви Зилоланинг онаси билан гаплашишни кўнглидан ўтказди.
Ҳаял ўтмай қизларни уй-уйига тарқатиб Келдиёр ҳам етиб келди. Бирга овқатландилар. Қизалоқнинг иштаҳа билан овқатланаётганини кўриб, аёл ичидан зил кетди. Яқин орада иссиқ овқат емагани билиниб турарди.
Қизалоқни Келдиёр кузатиб қўядиган бўлди. Эринмаган одам. Набиралар соғинчи тафтини шулар олса керак. Қизалоқ меҳрга ташна эди, кўпдан у билан ҳеч ким гаплашмасди. Дадаси ҳам уйда кам бўлади. Уйда бўлганида ҳам уй ишларидан ортмайди.
Икковлари катта ариқ ёқалаб кетдилар.
–Келди бува, бир гап айтсам, ҳеч кимга айтмайсизми?
–Айт қизим, ҳеч кимга айтмайман.
–Шу ариқ бор-ку, мана шу ариқ, мен уни ёмон кўраман.
–Ариқни ёмон кўриб бўлмайди, қизим. Сувидан ичамиз. Чиройли боғларни қара, шу ариқнинг суви билан бўлган-да.
–Биламан, – деди қизалоқ катталардек, – барибир ёмон кўраман, укамни оқизиб кетгани учун. Суви кўпайган пайтлари ундан укамнинг овози эшитилади... Ўшанда қўрқаман, қулоқларимни бекитсам ҳам эшитилади... Агар укам тирилиб келсайди, ёнидан бир қарич жилмасдим. Ўшанда дугоналарим билан жуда ўйнагим келган эди-да, ҳозир ўйнагим ҳам келмайди.
Кап-катта эркак бу гаплардан ўзини йўқотиб қўйди. Тили калимага келмай қолди. Энгашиб қизалоқнинг жиққа ёш кўзларига кўзи тушганида ўзини қўлга олиб деди:
–Зилола қизим, бу ишда сен айбдор эмассан, сен ўзинг ҳам ҳали боласан. Укангни овози қаттиқ соғинганинг учун эшитилган, бундан қўрқма. Эҳтимол хафа бўлаётганингни у кўраётгандир, опажон, сени айбинг йўқ, демоқчидир. Ростини айтсам, буни мен ҳам билмайман. Аммо сен ёмон нарсаларни ўйлама. Дарсларингни яхши ўқи. Агар яхши ўқисангиз маалимингиз билан сизларни шаҳардаги боққа олиб бораман.
–Келди бува, машинангизга ҳаммамиз сиғмаймиз-ку?
–Бир гап айтсам, ҳеч кимга айтмайсанми?
–Айтмайман, бировга айтсам тилим кесилсин.
Келдиёр кулиб юборди ва қизчага қараб деди:
–Бунақа қўрқинчли қасам ичма, сенга ишонаман. Шаҳарга бемалол бориб-келиш учун кичик автобус оламан, ҳамма сиғади.
Қизалоқ қувонч билан жилмайди. Уйларига яқин қолганда Зилоланинг қадамлари секинлашди. Келдиёр буни сезди. Ярим очиқ дарвозадан қизчанинг уйга киришини кузатар экан, ҳовлидаги шолчада тиззаларини қучиб бир нуқтага тикилиб ўтирган аёлга кўзи тушди. Қизига қараб ҳам қўймади. Эркакнинг унга раҳми келди аммо ўн яшар гўдак ҳам ундан кам ғам чекмаётганини эслаб жаҳлланди. Ўзини зўрға босиб, жадал ортига қайтди.
Тошбуви ранги бир ҳолда кириб келган эрига дарҳол бир пиёла чой тутди. У совуқ чойдан бир ютум ичди-да, қайтариб хонтахтага қўйди.
–Бугуноқ бориб Зилола қизингни онаси билан гаплаш, – деди савол назари билан қараб турган хотинига. – Бу ўн яшар қиз кўтарадиган дард эмас. Менга айтган гапларини эшитиб, кап-катта одам йиғламоқдан бери бўлсам... Сен маалимсан. Қандай гаплашишни биласан, ҳозир уйига бор, тонггача сабрим етмайди, кўзим билан кўрмасам ҳам майлийди. Шу ҳолида ғамга ботиб ўтираверса, қизини ҳам бой берганини билмай қолади. Бўл, мен ҳам бораман, ташқарида кутаман, эри уйда йўқ, ётоқ ишда.
Тошбуви ва эри кеч бўлганда йўлга чиқди.
***
Сентябрнинг яна бир мунаввар тонги отди. Мактаб остонасида ўқувчиларини қаршилаётган Тошбуви оқ капалак мисол учиб-қўниб келаётган Зилолага қучоғини очди.
–Маалим, аям тушликда ейсизлар деб патир бериб юборди, тонг саҳарда пиширибди, – деди офтобдек чарақлаб.
О, бу меҳр, она меҳри, ундан кучлироқ малҳам йўқдир!
Кон томон йўлга тушган юк машинаси узоқ-узоқ сигнал берди. Болалар чуғурлашиб Келди буваларига қўл силкиди, маалим қиз боладек эри ортидан энтикиб жилмайди.
Инобат НОДИРШОҲ