August 15

Аҳмад Аъзам. «Мастиржамият» (ҳикоя)

Собир уқалаш хонасидан худди яхши туш кўраётгандек, хушҳол чиқди. У ўзини жиндай гуноҳкор сезар, лекин гуноҳи аллақандай беозор-майин, сулув қизнинг юзидан унинг ўзига билдириб ўпич ўғирлагандек, ич-ичдан ёқимли эди. Кайфияти ҳам шундай: йўлида ҳеч нарсага, ҳеч кимга чалғимай, кўкраги тўла ширин шарбатга ўхшаган туйғуларни чайқатмай-тўкмай, тезроқ хонасига киришга ҳозирланиб келаётган эди. Қизнинг бармоқлари худди ҳар бирининг ўз жони бордек ҳаракатда, Собирнинг белида кичкина эркатой бир жониворлар ҳали ҳам пилдираб юргандек эди. Куппа-кундуз куни, одам бор жойда яланғоч ечиниб, аъзои баданини бегона бир қизга уқалатган Собир аввалига анча ийманди, лекин кейин роҳат қилди. Бу, умумий уқалаш дегани яхши нарса бўлар экан. Қиз чиройли, жуда-жуда қора сочи оппоқ юзига мос ярашган, тим қора қийғоч қошлари худди имо қилаётгандек эгилган, кўзлари одамга танимайроқ, лекин танишгиси келаётгандек хумор боқар эди. Ходими пайтида қиз жуда яқин бўлгани, ора-сира нафаси юзига ҳам тегиб тургани учун Собир ўз хаёлларидан ўзи тортиниб, тикилиб қарай олмади. «Энди ярим соат чўзилиб ётинг. Бир ўзингиз экан, пулини тўлайсиз-ку, палатага чақиртирсангиз бўларди. Чиққунча шабадалаб қолманг, дейман-да», деб қиз яна меҳрибончилик ҳам қилди.
Ҳа, кейин, уқалаш хонасининг ҳамма томони оппоқ, бўлмаларнинг ўртасидан оқ чойшаб тортилган, катларга ҳам шундай чойшаблар тўшалган, қизлар ҳам ҳаммаси текис оҳорли халат кийган, хуллас, жами нарсадан оқ нур таралаётганга ўхшар, ҳаммаёқ оппоқ товланиб, Собирга худди фариштахонага фаришталар орасига тушиб қолгандек, бошқача таъсир қилган эди.
Собир ҳеч ким халал бермайдиган бир кишилик хонасида каравотга чўзилиб, шу ҳушҳоллигини узмай давом эттирмоқчи эди.
– Ана ўзлари келиб қолдилар.
Палатаси олдида турганларни Собир узоқдан кўриб-кўрмаган эди, бошдан-оёқ бир тусда зангори либосга ўранган хотин энди бирдан кўзига урилди. Хотиннинг юзига ҳам зангори мато тортилган, фақат кўзлари очиқ экан, шу кўзлари Собирга қаттиқ қадалди; бу қарашдан зино устида қўлга тушгандек Собирнинг юраги ивишиб кетди.
Гапирган одам тўғридаги тўрт кишилик палатада ётадиган, кўзи мудом олма-кесак териб, долондан ўтган хотин-халаждан биронтасини ҳам назардан қочирмайдиган, ҳатто Собирни кўргани ишхонадан келган аёлларнинг кимлигини эринмай сўраб олган бир суллоҳ одам эди, шу гапидан ҳам «бу хотин нега мени эмас, буни кўргани келди» деган ҳасад билиниб турарди.
Хотин ўрта бўйли, чорпаҳил гавдали экан. Собирга бемалол бошдан-оёқ қараб олди-да, кейин салом берди. Собир бош ирғаб алик олди, кўнгли ғашланди: хотиннинг қарашидан билиниб турарди: бир илтимос билан келган, илтимос ҳам эмас, Собир бажариши шарт бўлган бир буйруқ билан…
Собир «Мен ҳозир…», деб хонаси эшигини очди. У қўлидаги чойшаб, сочиқни қўйиб, кийиниб чиқмоқчи эди, лекин хотин индамай унга эргашиб кирди. Собир ноилож жой кўрсатди, ўзи бошқа курси йўқлигидан каравотга ўтирди. Ростдан ҳам, бояги қизнинг олдида ечингани бўйи яланғоч, бу ёққа чиқиб, ҳали кийиниб улгурмагану бу хотин унинг хаёлида кечган уят ҳисларини тергов қилишга келгандек, кўнгли ножой, беихтиёр тугмасиз халатини ёқасини тортиб, очиқ кўкрагини бекитди, у ёқ-бу ёғини тўғрилаган бўлди.
Хотин эса курсига ўтириши билан юзига тортилган матони туширди. Унинг бир хил катак матодан тикилган иккита катта сумкаси ҳам бор экан, икки ёнидан ҳимоялаб турарди.
Собир саволомуз: «Келинг?», деди. Хотин жавоб ўрнига фотиҳага қўл очиб, Собирнинг қўлига таъна билан қаради, Собир ҳам шошиб қўлини кўтарди. Хотин пичирлаб дуо қилди-да, юзини силаб, «шундай бўлгандан кейин шунақа бўласиз-да», деб тасдиқлатиб олаётгандек:
– Касалмисиз? – деди.
– Ҳа, энди, иссиқ жон, – деди Собир.
– Ҳм, – деб хотин Собирнинг каравот елкасига ташлаб қўйилган спорт кийимларини, стол устидаги идиш-аёқ, мева-чевани бир-бир назардан ўтказди-да, яна Собирга қараб: – Оллоҳ шифо берсин, – деди.
Бу гапи Собирга «Тамом, энди фойдаси йўқ». дегандек таъсир қилди. У ликопчадаги боя ўзи бир тишлаган олмани қўлига олди-да, яна қайтариб жойига қўйди.
Ким экан, нимага келди бу хотин? Собирнинг бунақа таниши йўқ эди. Кўзини ҳам олиб қочмайди-я, тўғри тикилиб олар экан. «Ҳа-а, айбингни яширмоқчимисан? Мендан қутулолмайсан!», деяётгандек.
– Анави одам… танишингизми? – Собир уларнинг таниш эмаслигини бир қарашдаёқ билган бўлса-да, нима учун номаҳрам билан билан яқин одамдек гаплашиб турган эдингиз, деган писанда қилди.
Хотиннинг нигоҳи озгина юмшади.
– Абдураҳмат аками? Йўғ-эй, етти ёт бегона. Сизни сўрадиму балога қолдим. Танишиб қўяйлик, отим Абдураҳмат, сизнинг отингиз нима, қаерда турасиз, бу одамга кимсиз, деб ёпишди-қўйди. Бир пасда бир дунё гапни гапириб ташлади. Кўзи ёмон экан, одамнинг кийимини тешиб ўтай дейди. Фариштаси йўқ одам-да, нима дедингиз?
Собир жим ўтирмаслик учун:
– Бизлар билмасак, – деб мужмал гап қилди.
– Биз биламиз-да бунақаларни, – деди хотин ва унинг овози Собирга кутилмаганда ўктам тус олди. – Еса, ичса, молга ўхшаб ағнаб ётса, шу билан думоғи чоқ, яшаяпман, деб юрганлардан. Бир кун қазоси етишини, дўзахга тушишини ўйламайди. Гумроҳ-да. Шунақаларни тўғри йўлга солиш, билмаганини билдириб, у дунёсини асраш бизнинг бўйнимизда. Кўнглига кирамиз, насиҳат қиламиз. Дунё бузилиб кетяпти, бизлар тузатмасак, ким тузатади?
Собир қизиқиб қолди:
– Сизлар… ким? – деди.
Хотин унинг шуни билмаслигига ҳайрон бўлгандек:
– Бизлар – мастиржамият, – деди.
Собир шунча уюшмаю академиялар етмасмиди, энди дунёни тузатадиганлар жамияти ҳам тузилибди-да, деб ўйлади.
– Мастер… усталар жамиятими? – деб сўради.
– Қанақа мастер, қанақа уста? – деди хотин сал орланиб, кейин иддао билан тушунтирди: – Ичимизда унақа мастер-пастер йўқ. Ичиб юради-ку улар.
Собир жуда ўнғайсизланди.
– Э-эй, кечирасиз! Сира бунақа ўйлаганим йўқ. Узр сўрайман, узр, унақа мастерларни айтмадим. Ҳалиги… мураббий, ўз ишининг устаси деган маънода. – Собир хотиннинг қарашидан унинг тушунмагани, тўғрироғи, ўзининг тушунтира олмаганидан хижолатга тушди. – Ҳа-а. мастура, мўмина-мастуралар. Худо ҳаққи, билмабман.
Лекин ўзи бу хотинни мастуралар орасида тасаввур қилолмади, унинг ўтириши мастуралардан кўра, ўрмондан келиб қолган зангори қояга, ундан ҳам кўра, тепароғидан ўқ отишга туйнук ўрнатилиб, яшилга бўялган ДЗОТга ўхшар эди.
– Йўқ, мастиржамият деяпман-ку, – деди хотин. – Бизлар шу, одамларнинг орасида юрамиз, покликка чақирамиз. Охирати куйиб, дўзахга тушмасин деймиз.
Собир хотиннинг ёдлаб айтиб юрадиган гапларини ўзи ҳам унча билмаслигини англаб, уни мақсадга ўтишга ундади.
– Яхши, яхши, хайрли иш. Лекин менга буни…
Хотин унинг гапини илиб кетди.
– Албатта, хайрли иш. Ўзимизни бағишлаб юрибмиз шунга. Одамларнинг кўзи очилсин, нафсини тийсин, ҳаромдан ўзини тортсин, деймиз-да. Кўплар нима қилайлик, ўргатинг, дейди, ўргатамиз, бировлар бор, тушунмайди, жўна келган жойингга, мен шундай еб-ичиб, ағнаб ётавераман, дейди.
Собирга жим ўтириш ноқулай туюлди-да:
– Жа унақа демас-э? – деб қўйди.
– Тилида айтмаса ҳам ичида айтади, – деди хотин. – Шундай демаса ҳам шу ишни қиладими, ахир? Қилади! Одамлар ўзини билмайди, худони танимайли. Мана, биттаси! Қўймайди! Ерга кирсанг қулоғингдан, осмонга чиқсанг оёғингдан тортаман, дейди. Шунақа дейди! Очиқ! Кечаю кундуз ўйлагани – ёмонлик. Пойлагани пойлаган, қайда бўлсак топиб олади, ўзи тополмаса, мелисага топтиради. Кун бермайди, ҳали у, ҳали бу, ҳар куни жанжал, ғурбат.
– Унга нима экан? – деб ҳайрон бўлди Собир – Ким ўзи у?
Хотиннинг афти буришди:
– Ҳа-да! Сенга нима денг! Қанақа эдинг ўзи? Битта эрни йўлга сололмадинг, у ичса бирга-бирга ичдинг, нима номаъқулчилик қилса, қўшилдинг, қайтармадинг! Энди қўй, имони билан яшасин, ибодатини қилсин.
– Тушунмаяпман, – деди Собир. – Кимни гапиряпсиз?
– Эримнинг хотинини, – деди хотин.
Собир баттар анграйди.
– Ким, ким? – деб такрор сўради. – Каллам етмаяпти.
– Олдинги хотини, – деб тушунтирди хотин. – Биз никоҳдан ўтганмиз, яшашимиз шарий.
Хотин «шарий» деб талаффуз қилди, Собирнинг ғаши келди. «Мастиржамият»и нима бало экан, бирон шунақа исмли хотин тузганмикан? Эй, ўлмайдими! Савия шу бўлса.
– Қўймайди яш-шамагур! Эр яна ароқ ичса, зино қилса, олдингидай ҳаром-ҳариш юрса. Унга шу керак! Бўлмаса, сенга ҳам йўқ, манга ҳам, қаматаман, дейди-да.
Собир номаҳрам жойга бесўроқ кириб кетаётгандек ўнғайсизланиб:
– Иҳ-ҳм, – деб қўйди.
Хотин буни ўзича тушунди:
– Сиз ишонмайсиз-да. Мана, ўзимизга бир уй қураётган эдик. Жанжал қилиб борди. Ўша ерда одамнинг кўз олдида шундай тошни олди-да, ўзининг бошига тарс уриб ёрди.
Хотин буни қўли билан кўрсатди, Собир:
– Йўғ-э? – деб юборди.
– Рост! – деди хотин.
– Тарс ёрдими? Шу бош чаноғи… ёрилдими? – деди Собир кўз олдига келган манзарадан сесканиб.
Хотин унга «бунча соддасиз» дегандек қаради.
– Жа унақа ёрилмадию… қонатди. У ҳам анойи эмас, бошини ёриб ўзини ўлдирадиган. Ўлгиси келса эрни қайтараман демайди-ку. Мақсад бу ёқда! Судга бериб кўрди, суд қамамади, шартли муддат берди. Қўй энди, ҳаммаси қилмишимга яраша бўлди, қолган умримни тақдирга тан бериб ўтказай дейиш йўқ. Ҳэ, ўл, куйканак! Шунинг дастидан Хоразмга кетсакми деб турибман. Халқи яхши эмиш, меҳмонни яхши кўради, дейишяпти. Бизга ўхшаганлар жуда керак экан. Юрар эдик даъватимизни қилиб. Нима дедингиз?
Хотин унга жавоб кутиб қаради. Собир нима ҳам десин?
– Билмадим мен, – деди у гапини суғуриб олгандек. – Мен бунақа ишларга аралашмайман. .
– Биламан, – деди хотин. – Сиз бунақа ишлардан узоқ одамсиз. Аралашманг ҳам. Фақат… бир оғиз айтинг, эримнинг паспортини берсин. Олиб қўйган, бермайди. Паспортсиз ҳеч қаёққа боролмаяпмиз.
Собир яна ҳайрон бўлиб қолди:
– Мен? Танимайман-ку? Кимлигини билмасам, сизни ҳам билмайман, қандай қилиб…
Хотин келгандан бери биринчи марта маъсум жилмайди:
– Сиз танимайсиз, лекин у сизни танийди. Э-э, сизни танимаган одам борми, ҳар куни телевизорга чиқасиз-ку…
Собир ичида сал сўлжайди.
– Шунча ёмон деяпсиз, мен айтсам, берадими?
– Беради, сиздек одам айтади-ю, бермайдими? Паспорт унга нимага керак, бошига ёстиқ қилиб қўйиб ётадими? Ўзи сўраб келса, ёпишиб, дод соламан, кетгани қўймайман, деган нияти бор-да. Ўйлагани ёмонлик деяпман-ку. Мана, менга бир қаранг, – деди хотин. – Йўқ, сиз қаранг-да.
Собир хотинга нега қараши кераклигини тушунмаса ҳам қаради.
– Мен қариманми? – деди хотин. – Сиз холис одамсиз, тўғрисини айтасиз, қариманми шунча?
Собир довдираб, гап тополмай:
– Ҳа, энди… Ёшингизга яраша… Йўғ-эй, қари эмассиз, – деб ғулдиради.
– Ана! Ёшимга яраша – тўғри гап, – деди хотин. – Лекин қари эмасман. Лекин у мени «Сен қари хотин, қарилигинг учун бари бир ташлаб кетади», дейди. Қаранг, тилинг кесилгурни, нима дейди?
Негадир Собир ичида кундош хотиннинг ёнини олгиси келди.
– Ёшингизни, нима, аниқ биладими? – деб у илжайиб юбормаслик учун бурнини ушлади.
– Вой, ҳа-да, аниқ билади! – деди хотин алам билан. – Билмай ўлсин!
– Қайдан билади? – деб сўради Собир ички бир завқ билан.
– А нега билмасин, ўзимнинг синглим-ку, – деди хотин Собирнинг соддалигига ажаблангандек. – Фарқимиз бор-йўғи уч йил. Уч йил фарқнинг ёш-қариси бўлар эканми?.. Менинг ёшимни қўй, ўзингга қара, офтобда қуриган туршакдек қотиб ётибсан, баданингда гўшт деган нарса йўқ, сендан эр баҳра топадими?
Эй, худо-эй, ҳали опа-сингил эр талашиб юрибдими? Собир бўғилиб, энди нима қилиб бўлса ҳам хотинни хонадан чиқариб юбориш пайига тушиб қолди.
– Қҳм! – деб у атай томоқ қириб олди. – Кечирасиз, синглиммисиз, ё опамми… Узр-ку, қҳм, бу ўртада… болалар борми?
Хотин унга мутлоқ бегона назар билан кўз ташлади-да:
– Менда йўқ, никоҳимизга ўзи етти ой… – деб тумтайди.
Собир ихтиёрсиз равишда бешафқат гапиришини билиб турса ҳам, ўзини тўхтатгиси келмади.
– Уларда-чи? – деди у. – Шунча гапдан кейин ҳам эрини оилага қайтармоқчи бўлса, демак, ўртада фарзандлар бор-да?
Хотин кўзини олиб қочиб:
– Ҳа, бор, – деди.
– Нечта? Ўғил, қиз? – деди Собир югуриб бораётгандек.
Хотин бирдан кичрайиб қолгандек бўлди, ликопчага, ундаги Собир тишлаган олмага кўз тикканча зўрға:
– Тўртта… ўғли бор, – деди.
Собир, худди тагидаги каравот бир ёққа учиб кетгандек, омонат бўлиб қолди. Ичидан «Ҳий-й!» деган товуш келди.
– Тўртта?! Ўғил?
Собирнинг тилига бошқа гап келмади, боши бир муддат ғовлаб қолди, кейин кўнглига босиқ бир аччиқ-алам қуйилиб кирди.
– Битта нарсани сўрасам, – деди у ўзининг бераҳмлигидан тап тортмай, аксинча, қониқиб.– Бу «бизлар-бизлар» дейсиз. Майли, одамларни тақвога чақириб яхши иш қилиб юрар экансиз. Барака топинг. Лекин, опажон, бу хайрли ишлар тўртта қоракўзни тирик етим қилганингизнинг ўрнига ўтадими? – У елкасини тик тутиб, тепага ишора қилди. – Раҳмону қаҳҳор худойим кечирармикан? Мен оллоҳ суйган жуда кўп мастураларни биламан, лекин сизнинг бу ишингиз…
Хотин занглаган олмадан кўзини узмаган кўйи, эгилмай икки қўлини чўзиб, сумкалари тутқичини чангаллади-да, бирдан турди:
– Майли, сиз ҳам касал экансиз, ўзингизга қаранг, – деди.
Хотиннинг бу гапи Собирга «Оғир экансиз, ўласиз», дегандек эшитилди. У ҳам ирғиб турди.
Хотин худди бу хонада ўзидан бошқа ҳеч ким йўқдай, ҳеч кимни кўрмаётгандек, маънисиз назар билан эшикка юрди.
Собир жойида қимирламай турган кўйи, хотин чиққанда ёпилаётган эшикка қараб:
– Яхши боринг, – деди.
У бир қанча муддат йўл қараб қолди. Бу ўртада эшик очилиб, рўпарадаги палатадаги одам – Абдураҳмат аканинг илжайган юзи кўринди. У албатта хотиннинг кимлигини сўрамоқчи эди. Собир уни кўз қирида кўриб турган бўлса-да, қарамади, Абдураҳмат ака ҳаммасини тушуниб, «аҳ-ҳа» дегандек қошини керди-да, аста эшикни ёпди.
Собир бир оз каравотга чўзилиб, бошқа нарсаларни ўйласа, сал енгил тортишини билса ҳам, бари бир, хотин нимаси биландир уни қаттиқ изза қилиб кетган эди.
Кейин, бояги ходимчи қизнинг сочи шунақа қуюқ қораки, худди толалари чип-чип ёпишиб ётгандек. Нима, ўзининг чиройи камлик қиладими? Шунақа бўяйдими? Ёшгина бўлиб, кўзининг атрофларига ажин тушибди, худди шу ажинларига қора бўёқ сингиб қолгандек. Ўта пардоз-андоз ҳам юзни бузади.
Ясама! Бу хотин ҳам ясама. «Шуни қандай бўлган бўлса, шундай ҳикоя қилиб ёзсам, инсон ишонадими? Бўлмаган гап, ёзувчининг атай тўқигани шундоқ кўриниб турибди, дейди ўқиган одам», деб ўйлади Собир ва ҳаммасига шу сабабдек, ликопчадан тиши теккан жойи занглаган олмани олиб, зарб билан ахлат челагига отди.

1996-2006