Аброр ХОН. Эронда нима гап?
26 октябрь куни Махса Аминий туғилган Саккез шаҳридаги қабристонда унинг вафотига 40 кун тўлиши муносабати билан юзлаб кишилар намойишга чиқди. Улар “Аёл, ҳаёт, эркинлик!”, “Диктаторга ўлим!”, деб бақириб-чақириб туришди. Бир гуруҳ одамлар Эроннинг олий етакчиси Оятулла Али Ҳумайнийга ишора қилиб, “Бу йил – қон йили бўлди, Сайид Алини ағдариб ташлаймиз”, дея овозларини баландлатди. 13 сентябрь куни 22 ёшли Махса Аминий Теҳрондаги полиция идорасига олиб келинганда, қизда юрак хуружи рўй беради. Уч кундан кейин у касалхонада вафот этади. Эртасига ижтимоий тармоқ орқали ёш қиз полиция ходимлари калтаги натижасида ўлим топгани тўғрисида хабар тарқалгач, бутун мамлакат бўйлаб норозилик тўлқини бошланиб кетади. Эрон Президенти Иброҳим Раисий марҳуманинг оиласига телефон қилиб, таъзия билдиради. Махсанинг ўлими, уч йилдирки, йирик намойиш кузатилмаган мамлакатда одамларни кўчага чиқарди. Мактаб ўқувчи-қизлари, ёш аёллар норозилик бошида туришди. Улар эгниларидаги ҳижоб ва рўмолларини ёқди, полиция билан жанжаллашди. Мамлакат Адлия вазирлиги маълумотига кўра, биргина пойтахтда бўлиб ўтган аксил ҳукумат намойишида айбланганлар сони 300 дан ошди, қўзғолончиларнинг айримларига нисбатан қамоқ жазоси белгиланган. Теҳрон прокурори Али Солиҳийнинг айтишича, “мохаребе" – “Аллоҳга қарши жиҳод”да айбланган тўрт маҳкумни ўлим жазоси кутмоқда. Уларнинг қилмиши Эрон қонунчилигида ўта оғир жиноят ҳисобланади. Тўрт “исёнчи”, шунингдек, ноқонуний қурол олиб юриш, ҳуқуқ-тартибот идораси ходимига озор бериш, мамлакат хавфсизлигига путур етказиш, давлат мулкини йўқ қилиш ҳамда ўт қўйишда айбланган. Эрон пойтахтида жами 315 кишига “мамлакат хавфсизлигига раҳна солиш мақсадида йиғилиш ва тил бириктириш”, “ҳукуматга қарши тарғибот олиб бориш” ва “жамоат тартиби ва тинчлигини бузиш” айблови қўйилди. Мамлакатнинг юзга яқин шаҳрида норозилик намойишлари тинмаяпти. Улар Махса Аминийнинг ўлими айбдорлари жазоланишини талаб қилаётган бўлса, ҳукумат намойишлар хориждан уюштирилмоқда, дея ҳаракатларни аёвсиз бостиришда давом этмоқда. Оммавий ахборот воситаларида бир ярим минг одам ҳибсга олингани ёзилди. Эрондаги инсон ҳуқуқлари ва халқаро “Human Rights Watch” ташкилоти маълумотига кўра, “исёнчилар”нинг 200 дан кўпи, жумладан, 23 бола ҳалок бўлган. Бу яхшилик аломати эмас, афсуски...