May 31, 2025

Шодиқул Ҳамро. САМАН. Ҳикоя


Қайрағоч остидаги супа лабида ўтирган бола масаллиқ тайёрлаётган онасини ўйчан кузатади. Онаси картошкани тозалаб бўлиб энди пиёзга узалганида у секин ўрнидан турди.
— Она, нима, отам йўнғичқага қоровул бўлмайдими?
— Қизиқ гапларни топиб гапирасан-да. Нима, сенгаям мол-ҳолнинг ташвиши тушиб қолдими?
Болакай хафа бўлиб нари кетди. Онаси ҳам уни тушунмади. “Мол-ҳолнинг ташвиши эмиш”... Унинг нияти бошқа-ку. Агар, отаси бедазорга қоровуллик қилса, Саман уники бўлади. Ўшанда... Малик қоровулга ўхшаб ўтган тушган болаларни қувиб, ўзи кечалари билан уйига ўт ташимайди. Отаси қоровул бўлиб қолса-ку Саманга ҳеч кимни яқин йўлатмасди, бедазорда бир ўзи мини-иб юради, отнинг қорни очса майса белга урадиган жойга арқонлаб қўяди. Саман шунга яраша хизмат қилиб қўйганда. Хуллас, унинг ўйлари бир олам эди, фақат ҳеч ким уни тушунмайди...
Кечқурун дастурхон устида кула-кула онаси унинг гапини эслади. Акалари мазах қилиб кулган бўлишди. Отаси эса қизаринқираб, мийиғида жилмайда ва кенжатойнинг бошини силаб қўйди... Чой ичиб, алламаҳалгача уёқ-буёқдан гурунглашиб ўтиришди. Ётиш олдидан болакай ташқарига чиқди, ҳали ой чиқмаган, атроф зим-зиё, баногоҳ йўлнинг бедазор тарафидан арава ғилдирагининг “ғийқ”иллагани, кейин тупроқ йўлдан отнинг пишқиргани эшитилди. “Саман... Малик қоровул молларига ўт ташияпти?” Бўшашибгина у ичкарига кирди ва тўғри отаси ётадиган чорпояга борди. Отаси кўрпани қатлаб, уни ёнига олди. Шу чоғ онаси чироқларни ўчирди, ҳовли юзига ҳам зимистон чўкди...
— Ота, қоронғулик қаёқдан келади? — деб сўради у.
— Қоронғулик дейсанми? — отаси бир муддат жим қолди, кейин деди: — Тун шундай бўлиб кўрингани билан аслида бошқача. Ишонмасанг анави томонга қара, ҳамма нарса кундузгидай аён кўринади. Фақат бир нуқтага тикилиб кўр-да...
Болакай қизиқсиниб гулзор томонга тикилди. Тун пардаси аста-секин хира тортгандек, алланмаларни кўзи илғагандек бўлди. Шундан кейин у яна отаси томонга юзланди.
— Ота, нега Саманга тақа қоқишмайди? Оёқлари яра бўлиб кетади-ку...
— Бўлган иш бўлган, — деди отаси, — кун бўйи бедазорда юриб, қорни ўтга тўймайди-ю, сен тақани гапирасан. Ишқилиб, бир кун ҳаммамизни шу отнинг уволи тутмаса гўрга эди.
Бола пайқадики, отасининг кайфияти бузилди. Бошқа гапирмади. Саман ҳақида отасидан эшитган, ҳозир шуларни бир-бир хаёлидан ўтказди.
Баҳорнинг ёмғирли кунларидан бири экан. Тун бўйи чақин чақиб челаклаб ёққан ёмғир кечга бориб тўхтабди. Уйда ўтиравериб зериккан одамлар тошқинни томоша қилиш учун дарё бўйига чиқишибди. Шунда Норбой оқсоқол ёмғирда ивиган саман тойни кўриб қолибди. У яқин борса-да, той қочмабди, оқсоқол белидаги белбоғини ечиб, унинг бўйнига арқон каби солибди-да, етаклаб уйига олиб келибди. Анча вақтга довур у: “Эгаси чиқиб қолар”, деб кутиб юрибди ҳам. Лекин ҳеч ким тойни сўроқлаб келмабди. Саман бора-бора сўққабош оқсоқолнинг овунчоғига айланибди. Кузга бориб Саман мингулик бўлай деб қолганида, оқсоқол бандаликни бажо келтирибди. Ўлими олдидан у уй-жойни, Саманни ҳамқишлоқларига васият қилиб қолдирибди. Ҳовли-жой, шу йили қишлоққа кўчиб келган Насим тракторчига тегибди. Саман эса эл ўртасида умумий бўлиб қолибди...
Саман ҳақида боланинг билганлари шундан иборат. Отаси айтган гапларни эсласа у қаттиқ афсусланади. Ўша куни нега у биринчи бўлиб дарё бўйига чиқмади? Шунда Саман Норбой оқсоқолга эмас, унга йўлиқармиди?! Қани энди шундай бўлганида...
... Бу ўйлар уйқусида ҳам уни тинч қўймас эди: тушида зулмат қўйнида бир жуфт кўз чўғдай ёниб учиб юрган эмиш. Болакай Саманнинг кўзларини таниб: “Унинг ўзи қани?” деб ўйлармиш. Ҳеч ким билмасмиш буни. У, кўзларни тутиб оламан, деб қўлларини чўзибди. Йўқ, бўйин етмабди... “Энди Саман қандай қилиб кўзсиз юради”, деб аламидан йиғлаб юборибди... Йиғлай туриб уйғониб кетди у. Чарақлаб турган қуёш нурлари кўзларини қамаштирарди. Кимдир ишга, кимдир мактабга кетган шекилли, уйда ҳеч ким йўқ эди. У наридан-бери юз-қўлини ювиб, чой ичган бўлди. Кейин нима қиларини билмай тентираб юрди. Қуёш тиғига келиб, атроф оловдек ёнган пайтда бола йўлга чиқиб, бедазор этагидаги дара томон йўл олди. Малик қоровул ҳар куни шу маҳал Саманни қолдириб, ўзи дам олгани уйига кетар эди. Болакай дарага етиб келгач, олдин атрофга зимдан назар солди: ҳў тутнинг соясида қоровулнинг моллари дум учида чивин қўриб, кавш қайтариб ётибди. Атрофда бошқа тирик жон кўринмайди.
Бола илон изи сўқмоқдан қуйига энди. Баданига қўнган чивинлар ғашини келтирбими, Саман денсинади. Боёқишнинг сағрисини оқ туклар қоплаган, юк тортаверганидан бели майишиб, қорни ичига тортиб кетган эди. Одатига кўра у Саманнинг бўйнини силаб, эркалатган бўлди. Кейин осилиб олди, шунда Саман боланинг ниятини тушунган каби секин бошини кўтарди... Отга миниб олгач, “чуҳ-чуҳ”лаб юришга қистади. Саман лўкиллаб қозиқ атрофида айлана бошлади. У ўзини қўярга жой топа олмас, чавандоз каби отни учириб юргиси келар эди. Ниҳоят, отнинг бўйнига осилиб ерга тушди. Оёқлари увишиб қолган эди, оқсоқланиб юрганича қозиқ тепасига келди.
— Сен хафа бўлма, Саман, — деди у, — ҳозир қозиғингни суғураман-да бедазорга қўйиб юбораман, қорнинг тўйгунича ўтлайсан, Малик қоровул кун бўйи сени ишлатади, бари бир, бир тутам ўт бермайди. Шу қилганига ҳозир... — у жон-жаҳди билан қозиқни торта бошлади, юзлари бўғриқиб кетди, лекин кучи етмади. У сал нарида ётган тошни олиб келди-да, қозиқнинг ён томонидан ура бошлади. Қозиқ лиқиллай бошлаганида ердан чиқдими, осмондан тушдими, ишқилиб, биров қулоғини бураб тортди. Бошини кўтариб қараса жазирамада яғир телпак кийиб олган, соч-соқоли ўсиб кетган Малик қоровул тепсида ўқрайиб турарди.
— Ким буни бедазорга қўйиб юборяпти, деб юрсам, сан экансан-да, тирранча! Муштдай ҳолингдан отангга ўхшаб мунча қитмир бўлмасанг! Ҳе, ўша сенга таълим берган... — жун босган қўлини тепага кўтарди...
Бола кўзларини чирт юмиб олди, кейин гарданига тушган мушт зарбидан кўз олди қоронғилашди ва юзтубан йиқилди. Йиқилди-ю, жон ҳалпида ирғиб туриб ура қочди... У анча нари боргач, ичидан тошиб келаётган фарёд бўғзига тиқилиб, ўзини майса устига ташлади, ҳўнграб йиғлаб юборди... Малик қоровулдан калтак егани учун эмас. Саманнинг олдида юзтубан тушиб... қочгани хўрлигини келтириб йиғлар эди. Назарида, Саман, “битта ҳимоячим сен бўлсанг, ҳолинг шу экан-ку”, деяётгандек эди.
Хўрлиги келиб узоқ йиғлади у...

Бола калтак еганини ҳеч кимга айтмади. Отаси эшитса борми, Малик қоровул билан ётиб ёқалашади. Одамларнинг назарида салом-алик қилиб юришса-да, аслида улар бир-бирини ҳушламайди... Шу-шу, Саманнинг олдига қайтиб бормади у. Тенгқурлари билан ўт ўғирлагани бедазорга боришгандагина узоқдан отини кўрарди. Улар Малик қоровулнинг кўзини шамғалат қилиб ўт ўғирлаймиз, деб уринишарди-ю, баногоҳ: — Ҳе, ўша сенларни!.. — деган сўкиш эшитилар, мундай қарашса, от чоптириб келаётган Малик қоровулни кўришар, ўроқ-қопларини олишга ҳам улгурмай, чуғиллашганча қочишарди. Малик қоровул болаларни уйларигача қувиб борар, ота-онаси билан сану манга бориб кейин изига қайтарди. Унга сўққабош Майраммомогина бас келарди. Кампир том бошида ўтириб олиб, Малик қоровулни аямай қарғарди: — Бу куюкни ота-бовоси каллакесар ўтган-да, қонида бор. Нафасинг ичингга ургур, ўша пайтларни қўмсайди... Бўлмаса-а, шу гўдаклар бир тутам ўт олгани билан колхозни моли очидан ўладими? Ўзи кечаси билан уйига ўт ташийди, буни ҳеч ким билмайди, деб ўйлайди-да. Ҳаром юқмайди. Кўраман ҳали, ўғирлаган бедаси яна “пов” этиб ёниб кетади... Отнинг устида йўлтўсарга ўхшаб ўтиришини қаранг, бир куни мана шу отнинг ҳам уволи уради. Ҳа, эгардан йиқилиб бўйнинг сингур...
Малик қоровул, “шу билан тенг бўлиб ўтираманми?” дебми, қўрқибми, унга миқ этмасди. Фақат қамчисининг дастасини ўйнатиб кампирга ўқталиб қўя қоларди.

Ўшанда у онаси тайёрлаган чалобдан тўйиб симирди-да, сўнг тенгқурлари билан Дамариққа — чўмилишга жўнади. Бедапоя этагидаги сўқмоқ тўғри шу ёққа олиб чиқар эди. Болалар дарани ёқалаб ўтишаётиб яйловда боғлоқли турган Саманни кўришди ва Малик қоровулга аччиқ қилиб отни кесак-бўрон қила бошлашди. У нима қилишини билмай туриб қолди, кейин норози оҳангда тўнғиллади: — Бечора Саманда айб нима? Юринглар, кетдик!..
Болалар унга қайрилиб қарашмади ҳам. Дара лабида туриб пастдаги отни нишонга олиш қулай ва осон эди. Шундан завқланиб, бири олиб, бири қўйиб кесак отишар, Саман эса бўйнини осмонга чўзиб, ўзини гоҳ у, гоҳ бу ёнга ташлар эди. Отнинг сағрисида кесак излар қоларди. Боланинг юраги ачишиб кетди, қўлидаги кесагина энди отаман деб турган Инъомни бориб орқасидан итариб юборди. Омонатгина турган эканми, Инъом думалаб кетди. Дарага қулашига оз қолди. Кейин ўрнидан туриб болага ёпишди: — Ман санга нима ёмонлик қилувдим, дарага итарасан?
У миқ этмай тураверди. Атрофдаги болалар иссиқдан бўғриқиб, тезроқ жанжал бошланишини кутишарди. Инъом унинг ёқасидан ушлаб, тортқилай бошлади. Охири бола рақибининг қўлини тишлаб олди. Шундан кейин тупроққа беланиб роса муштлашишди. Боланинг бурни қонагандан сўнггина Инъом уни қўйиб юборди.
— Ўзидан кўрсин-да, ман унга нима ёмонлик қилувдим, — деди Инъом ҳансираб, сўнг кўйлагининг тугмасини ўтказди-да, кета бошлади. Шериклари ҳам унга эргашди.
Бола қўли билан бурнини ҳарчанд қисмасин, қон тўхтамасди. Кўйлагига томган қон иссиқда қотиб қолган эди. У бир зум нима қилишини билмай ўйланиб турди-да, бошини эгганича қишлоққа чопиб кетди...

Дарахтлар баргини сарғайтириб яна куз келди. Қуёш тафти пасайиб, эрталабки шудринг ўрнини қиров эгаллай бошлади. Осмонда тез-тез пайдо бўладиган кулранг булутлар одамларни экин-тикинни тезроқ йиғиштириб олишга шошилтирар эди. Ҳар йилгидай беда ўрими тугаши билан Саман Малик қоровулдан одамлар қўлига ўтди. Улар дон-дун, сомон-помон, хулласки, нима юк бўлса шуни аравага ортишар, Саман бечора уни чираниб тортарди... Гоҳида у араваси билан болаларнинг қўлига тушар, шунда қишлоқ гузарида бақириқ-чақириқ-у тақир-туқур тинмас эди... Ёмғирли-ёмғирсиз оқшомлар гоҳо у аравага қўшилганича оч-наҳор, дуч келган жойда қолиб кетар эди...
Қиш бўйи Саманнинг охури ем кўрмади. Кечаю кундуз бригада молхонасида гўнгга ағанаб ётди, онда-сонда, тўй ёки аза бўлиб қолсагина у одамларнинг ёдига тушар эди. Саман авваллари улоқларда баковулни олиб юрар эди, бу йил унга шуни ҳам раво кўришмади.
Бола аҳён-аҳёнда молхонага борар, оғилга суяниб Саманга термулар, яна хомуш қайтар эди... Қишда отнинг емишидан Малик қоровул хабар олиб турди. У емиш қопини орқалиб гузардан ўтар экан, йўлда учраган одамга сўраса-сўрамаса: — Эй, қаёққа бўларди, отхонага-да. Саманнинг емишини бериб келай. Қачон келар экан, деб кўзўлари тўрт бўлиб тургандир, жонивор, — дерди. Аслида қопи молларидан қолган нишхўрд билан тўла бўларди...
Қиш ўрталарига бориб қалин қор ёғди. Одамлар белларида белбоғ, курак кўтариб томга чиқишди. Шу куни Ҳамид оқсоқол уйма-уй юриб одамларни Эгамберди сартарошникига тўйга айтди. Ёш-ялангларни қўшни қишлоқдаги таниш-билишларни айтгани юборди. Малик қоровулнинг ўғли Нўъмон Саманни эгарлаб, Қўрғонча қишлоғига жўнаб кетди. Дарё лабидаги қияликда пошнасиз этик кийиб, яхмалак учаётган болалар Саманни кўриб, қийқириб юборишди ва бир-бирларини белларидан ушлашиб, вагонлардай тизилишиб туришди. Сафнинг бошида — Инъом. У Саман яқинлашиши билан думидан ушлаб олди. Саман тойғаниб кетмаслик учун оёқларини кериб-кериб босганича тўрттача болани судраб борар, эгарда ёнламасига ўтириб олган Нўъмон эса завқланиб кулар, секинлаши билан, унинг кўзи аралаш қамчи туширар эди.
Туман аралаш қоронғулик тушиб келаётганида Нўъмон ишини битириб ортига қайтди. Қаршисидан эсаётган изғирин баданини жунжиктириб, юз-қўлларини кўкартириб юборди. У қишлоққа тезроқ етиб олиш учун отга устма-уст қамчи босди. Зўрға келаётган Саман қамчи заҳри жонидан ўтиб, қорни тўзғитганча чопиб кетди...
Саман қора терга ботиб, ҳансираганича қишлоққа кириб келди, суяк-суягигача совуқ ўтиб кетган Нўъмон отнинг эгар-жабдуғини ечди-да, молхонага олиб киришга сабри чидамай айвондаги устунга боғлаб, уйига жўнаб қолди... Отнинг тандирдай қизиб турган баданига муздай ҳаво хуш ёқди. Чарчоғи тарқаб, тетиклашгандай бўлди. Бир пиёла чой ичгулик вақт ўтмай ичида қаттиқ бир титроқ пайдо бўлди. Сўнг ток урган сингари “дағ-дағ” титрай бошлади у. Оғриқнинг зўридан бир-икки тепинди, кейин оёқларидан мадор кетиб, ўнг тарафга “гурс” этиб қулади..
Саманнинг ўлимидан биринчи бўлиб, эрталаб емиш олиб келган Малик қоровул хабар топди. Отнинг қорни гупдай шишиб, оёқлари кўтарилиб турар, кўзлари эса очиқ эди. Малик қоровул хафа бўлишини ҳам, ҳурсанд бўлишини ҳам билмай пича серрайиб турди, кейин қонини орқалаб ҳовлиққанича қишлоқ томонга кетди. Йўлда учраган одамга у ҳасрат қилар эди: — Мен ўзим ҳам шундай бўлишини билар эдим, айтганимдай бўпти, кеча кечқурун Саман ташқарида қолиб кетибди. Ҳаром ўлибди шўрлик. Шу отнинг уволи уради энди...
Қуёш тиккага келган, ҳаво хиёл илигандай бўлди. Ерга қор тушгандан бери офтоб биринчи марта юзини кўрсатиши эди. Уйда ўтиравериб зериккан одамлар кўчага чиқишди. Насим ака тракторини тозалаб, моторини ўт олдирди-да, молхона томонга ҳайдади. Отнинг орқа оёқларидан сим билан боғлаб тракторга улашди... Уни гузардан дара сари судраб ўтишганида ҳам кўзлари очиқ эди...
Бола Саманнинг ўлимидан бир кун олдин отаси билан қўшни қишлоқдаги тоғасиникига кетганди. Уйига келгач, онасининг ҳай-ҳайлашига ҳам қарамай, дара сари чопиб кетди. Узоқдан кўрдики, оппоқ қор устида от узала тушиб ётибди, унинг атрофида эса тўрт-бешта ит, қора қарға...
Баҳоргача Самандан ном-нишон қолмади. Қишлоқдагилар от бажарадиган юмуш чиқиб қолгандагина уни эсга олишар эди. Фақат момақалдироқ гумбирлаб ёмғир ёққанида бола ҳаловатини йўқотар, ҳаво очилиши билан элдан бурун дарё бўйига югурар эди...