December 19

ОНАМ ЙЎЛГА ЧИҚИБДИ...Инобат Ибрагимова

Ҳамкасбимиз Расул Жумаев таътилдан қайтди. Эрталаб ёнма-ён эшиклар олдида туриб: “Аввал ким билан кўришсам экан, опа биланми ёки бошлиқ биланми?” деб овоз чиқариб ўйлаб бир пас турди-да, бошлиқни танлади. Бошлиқ – бўлим бошлиғи офицер Гулнора Ҳожимуродова, опа – каминангиз. Опа ўрнидан қўзғалгунча бошлиқ аллақачон ҳол-аҳвол сўрашиб, хайрлашиб ҳам бўлди.
Бир ойлик таътил қандай ўтгани уч-тўрт оғиз гап билан айтилди-қўйилди. Одам дегани ҳам шунчалик зерикарли бўладими? (Ўзбек матбуотининг тирик афсонаси, Халқаро олимпия қўмитаси раиси Хуан Антонио Самаранч қўлидан Олимпия кўкрак нишонини олган энг кучли спорт журналисти... ўзи бир китоб бўладиган одам ўтказган таътилини уч-тўрт оғиз гапда тугатса, қойил қолмайсиз-ку?)
Аслида яхши ўтибди таътил. Бироқ бир-икки кун аввал, таътил охирлаётган кунлари Чирчиқда яшайдиган қиёматли дўсти оламдан ўтибди. Буёғига энди бу инсонга савол бериш керак. Биз бир-бирларимизнинг дўстларини ҳам биладиган ҳамкасблармиз.
–Қиёматли дўст қандай бўлади? Бошқа дўстларингиз қиёматли эмасми? Шу дўстингиз ҳақида гапирмаган экансиз?
–Нурота ва Қўшработ томонларда шундай дўстлик бўлади. Болаликдан дўст тутинилади. Буни катталар қўй сўйиб, кўпчиликни чорлаб, маълум қилади.
–Дўстни ким танлайди? Катталарми?
–Болалар ким билан кўпроқ ўйнаса, ким билан кўпроқ яқин бўлса, дўстлик ришталарини катталар шундай боғлашади. Дўст тутинишга катталар шу қадар жиддий аҳамият беради.
–Агар икки бола келажакда батамом бошқа йўлларни танлаб, бир-биридан узоқлашиб кетса-чи?
–Эҳтимол узоқлашар аммо узилиб кетмайди, бир-биридан. Бизни бир-биримиз билан боғлаган у маросим шунчаки ўтказилмаган. Ака-укалар сафига яна бир биродаримиз қўшилган. Қиммати ана шунда!
–Дўстингиз касалмиди?
–2020 йилда ковид юқтирганди. Шундан кейин ҳеч ўнгланмади. Юрагида асорат қолдирган эди. Чирчиқда яшаётганига ҳам кўп бўлгани йўқ. Жиззахнинг Зафаробод туманига, акасиникига олиб бордик. Акасиникидан чиқардик. Таъзиясида одам кўп бўлди. Самарқандда, Қўшработда ҳеч кими қолмаган...
–Инсоннинг бирор яқини оламдан ўтса, гўё ҳаётининг бир қисми ҳам ўлган одам билан бирга қўшилиб кетгандек бўлар экан, – дедим ўз йўқотишларим ҳақида ўйлаб.
–Билмадим. Ўлимни, ўзимни ўйладим... Қўшработ билан Зафаробод ораси жуда узоқ. Уларни бир-бирига боғлайдиган мунтазам транспорт йўналиши ҳам йўқ. Қўшработдан ҳам кўпчилик келибди.
Бошқа жойларда қандай, билмадим, Қўшработда майитни қабрга қўйиб келгач оиланинг эркаклари, ўзини шу оилага яқин билганлар таъзияли хонадоннинг аёл-қизлари билан кўришадилар. Оғир ҳолат... Биз ҳам фотиҳа ўқиб, ҳовлига кирганимизда, алоҳида ўтирган аёллар тўпидан онам ажралиб чиқиб, мен томон кела бошлади. Уни кўрдим-у... бағримга босиб, ихтиёрсиз тўкилдим, юрагимни эзиб ётган айрилиқ дарди йиғи бўлиб, бўғзимдан отилди... Кекса онам, йўлнинг олислигига ҳам парво қилмай, ўғиллари қаторида ўғил деб билгани бир эркакни охирги йўлга кузатишга келибди. Унинг ортидан бошқалар ҳам эргашибди.
*** *** ***
Мана, оддийгина бир суҳбат. Азиз ўқувчи, сиз шундан кейин ҳам одамлар орасида меҳр-оқибат йўқолиб кетган, деб ўйлайсизми?! Дўстлик ҳам манфаатлар устида қурилади, деган қарашингизда собит қолаверасизми? Тош шаҳар қалбларни қаттиқлаштиради, деган гапларни эшитганмиз. Ҳамманинг ҳам қалби қаттиқлашмас экан-ку?! Ҳамманинг ҳам қалби тор эмас экан. Ҳаммасига ўзимиз, фақат ўзимиз...
Бу оддийгина воқеада мени мутаассир қилган ҳолатни айтмасам бўлмайди. Бу саксонни қоралаб қолган Онанинг оқибати. Ўтган кунлар ҳаво кў-ўп иссиқ бўлди. Салқин кабинетлардан, хоналардан чиқиш ҳам малол бўлди, шахсан ўзим учун. Ўшандай кун қуёш атроф-жавонибни куйдираётган бир паллада кекса аёл меҳр-оқибатнинг олий намунасини кўрсатиб, олис йўлга отланди. Ўша таъзияга бормаса, онадан биров ўпкалар эдими? Йўқ! У фарзандларини севади, севгили фарзандининг дўсти ҳам унга азиз эди, ўғиллари қаторида деб биларди. Уни йўлга солган ана шу беминнат оналик меҳри, муҳаббати эди!
Бор бўлсин, ўзбекнинг меҳру оқибатда ибрат Оналари!
Азиз ўқувчи, сизнинг ҳам дўстингиз борми? Қандай қилиб дўст бўлгансиз?
Азиз оналар, ўғлингизнинг яқин дўсти, жўрасини биласизми? Уларни Расул Жумаевнинг онаси каби бир-бирларига қадр отли кўринмас ришталар билан боғлашга уринганмисиз?
Дўстлик ҳам улуғ сийлов! Камдир, кўпдир, ягонадир, ҳар кимнинг ҳам дўсти бўлсин.
Инобат ИБРОҲИМОВА,
“Ватанпарвар”