August 12, 2025

Инобат Нодиршоҳ. КЎЗЛАРИМ ЙЎЛИНГДА


Нигора саҳарлаб туриб ошхонада пишир-куйдирни бошлади. Сўнгги бир ой ичида ошхонага кириш азобга айланган. Бу ердаги ҳидлардан боши айланиб, қайт қилгиси келади. Бошқоронғилиги оғир кечяпти. Шунга қарамасдан турмуш ўртоғига ёқадиган таомлар пиширгиси келади. Бугун ҳам нонуштадан ташқари эри учун йўлга егуликлар тайёрлади. Насимжон бир неча кунга хизмат сафарига кетяпти. Йўл у қадар олис бўлмаса ҳам келинчак унинг юк халтасига меҳр билан ўзи тайёрлаган егуликларни жойлаб қўйди.
Эри одатдагидек нонуштани пок-покиза туширди-ю сафар халтасини елкасига ортганича йўлга отланди. Нигора уни кузатиб чиқди. Насимжонга бугун ҳар кунгидан кўра ўзини ёмон ҳис қилаётганини айтгиси келди. Аммо сафар олдидан унинг таъби хира бўлишини истамади. Бунинг ўрнига шундай деди:
– Сафарингиз яхши ўтсин, мендан хавотир олманг…
– Бўпти, бўпти, яхши ўтир, кеч қоляпман, хайр.
Келинчак унинг ортидан маъюс термилиб қолди. Насимнинг бепарволиги кўнглини инжитди. Ҳарбий йигитга турмуш чиқаётганида дугоналари унга жуда ҳавас қилишган эди. Катталар ҳам қувонган. ҳарбий киши эътиборли бўлади, оиласи ҳам мустаҳкам бўлади, дейишган. Шуларни хаёлидан ўтказган Нигоранинг кўзларидаги маъюслик меҳр билан алмашди.
Кечга бориб ҳарорати кўтарила бошлади. Зўрға доривор гиёҳлардан дамлама тайёрлаб ичди. Насимга қўнғироқ қилиш ҳақида ўйлади-ю фикридан қайтди. «Соғ кунинг йўқ экан-да» деган гапини яна такрорлашидан ҳайиқди. Тонгга қадар мижжа қоқмади. Эрталаб опаси Хуморга қўнғироқ қилиб, аҳволини айтди. Орадан ярим соат ўтар-ўтмас опаси ҳарсиллаб кириб келди. Синглисининг ранг-рўйи хавотирини оширган бўлса-да билдирмасликка ҳаракат қилиб уни юпатди:
– Нигоржон, ҳомиладорликда одам шундай ҳар хил ҳолатда бўлади-да. Сен ваҳимага тушма. ҳозир шифокорга борамиз, жўяли маслаҳатни мутахассис айтади. Жиянинг машинасида олиб келган. Насимжоннинг хабари борми, аҳволингни айтдингми?
– Опажон, куёвингизнинг шусиз ҳам хизматлари оғир, сафардалар, безовта қилмай қўя қолайлик, – деди ялинчоқлик билан Нигора.
Опа синглисининг раъйига қаради. Уни авайлабгина елкаларидан тутиб, машина томонга етаклади.
Шифокор хулосаси ҳар икковларининг ҳам кайфиятини тушириб юборди.
– Сиз дарҳол касалхонага ётишингиз керак, – деди қатъият билан шифокор. – Таҳлил натижалари яхши эмас. ҳомила тушиш хавфи бор. Бола туғилгунига қадар вақти-вақти билан даволаниб туришингиз керак.
Нигора даволаниб чиққач ўзини яхши ҳис қила бошлади. Аммо бу кўпга бормади. Шу кунлари қайнонаси уларни йўқлаб келди. Насим ҳам шу куни одатдагидан эртароқ келди. Узоқ суҳбатлашиб ўтирдилар. Аёл қишлоқдаги янгиликлардан сўзлар, Насимжон жон қулоғи билан тингларди.
– Қўшнимиз Самиғ ака ўғлини уйлантирди. Бир тўй бўлдики, асти қўяверасан. Келиннинг сепи кўплигидан қўйгани жой топилмаса-я. Тўйдан кейинги куёв сийловларнинг кети узилмади. Жуда ҳавасим келди. Шуларни кўриб, сени ўйладим. Сен ҳам куёв бўлган эдинг. Қуда томондан бирор марта ҳам куёв сийлов бўлмади. Орзу-ҳавассиз одамлар билан қуда-андачилик қилган эканмиз. Келин, сиз хафа бўлманг-у сепингиз ҳам бировга кўрсатадиган эмасди.
– Онамнинг битта ўзлари имконлари етганча қилдилар, – деди айбдорона оҳангда келин. – Отам ногирон бўлсалар…
Нигора гапини тугата олмади. Бўғзини нимадир куйдириб ўтгандек бўлди. Кўз олдига муштдеккина бўлиб тўшакда михланиб ётадиган отаси келди. Кексайиб қолган онасининг қаварган қўллари… Йиғлаб юбормаслик учун чойни янгилаш баҳонасида ошхонага чиқди.
Эртасига эрталаб қайнонаси кетаманга тушиб қолди. Насим онасини қолишга ундай бошлади:
– Онажон, озиб-ёзиб бир келибсиз, яна бир-икки кунга қолинг.
– Тенгдошларимнинг уйларида хизматини қиладиган келинлари бор, – деб узиб олди онаси. – Келин туширсам, қўлимдан юмушимни олар деб умид қилувдим. Қаёқда, чучварани хом санаган эканман. Ўғлим, мен бу ерда ялпайииб ўтирсам, уйдаги юмушларни ким қилади? Шунинг учун мени йўлдан қўйма. Дугоналаримга кулгу бўлсам ҳам сочим супурги, қўлим косов бўлиб юравераман, бошқа иложим йўқ. Хотининг шу сиёқидан мени бирорта оғиримни енгил қилиб бермайди, албатта.
– Бугундан бошлаб Нигора сизнинг хизматингизни қилади, онажон, – деди шоша-пиша Насим. – ҳозироқ нарсаларингни йиғиштириб, онам билан йўлга туш.
– Мен бироз муддат олис йўлга чиқмаганим дуруст эди, – деди паст овозда Нигора. – Ойижон, шу бола соғ-омон туғилсин, жон-дилим билан хизматингизни қиламан.
– Онамнинг хизматига ярамайдиган аёлнинг менга ҳам кераги йўқ, – деди унга жавобан кекирдагини чўзганича Насим.
Нигора сесканиб кетди.
– Йўқ-йўқ… мен… йўқ демаяпман…
– Гап тамом, нарсаларингни йиғиштириб, йўлга отлан, йўқ десанг, тўрт томонинг қибла.
Келинчак кутилмаган ҳукмдан саросимага тушганича нарсаларини наридан бери йиғиштириб, ғолибона ўшшайиб кетаётган аёлга эргашди.
Олис йўл келинчакни анча чарчатиб қўйди. У ҳарчанд ўзини қўлга олишга ҳаракат қилмасин ҳовлига қадам қўйишлари билан кўзи тиниб, ҳушини йўқотар даражага етди. Уйдагилар билан салом-аликка ҳам ҳоли келмай сўрига омонатгина ўтирди-ю ҳушидан кетди. ҳай-ҳайлашиб ўзига келтирганларида атрофдагиларга жавдираб бир-бир термилди. Қайнонасининг «Бунақа ҳунарингиз ҳам бормиди» деган заҳаролуд сўзларидан бошини хам қилди.
Кунлар бир-бирини қувалаб ўта бошлади. Бу орада Нигора икки марта даволаниб чиқди. Навбатдаги кўрикда шифокор боланинг туғилиши 14 январга тўғри келишини айтди. Бундан келинчакнинг боши кўкка етди. Тезроқ бу хушхабарни Насимга айтгиси келди.
Афсуски, Нигора қишлоққа келганидан буён у бирор марта қўнғироқ қилиб аёлининг аҳволини сўрамади. Орадан тўрт ой ўтибди. Наҳотки, соғинмаган бўлса. Фақат онаси, сингиллари билан гаплашади. Унинг қўнғироқлари эса доим жавобсиз… Мендан хафа бўлдимикан… шундай бўлса кечирим сўрашга тайёрман… Нега жим? Боламиз ҳам қизиқтирмасмикан? Ахир кунларни санаб кутяпман. Биламан, у туғилиши билан ҳамма нарса яхши томонга ўзгаради. У шундай хаёллар билан қорнини меҳр билан силаб қўйди.
Орзиқиб кутилган кун яқинлашгани сари Нигоранинг ҳам ҳаяжони ортиб борарди. Қани эди Насим ёнида бўлса. Қайнонаси хушламаса ҳам Насим билан гаплашгиси келаётганини айтди.
– Ўғлимнинг хизмати оғирлигини салгина бўлса ҳам ҳис қиласизми, – деди зарда билан қайнонаси. – Арзи-ҳол қилиб, униям хизматдан чалғитмоқчимисиз. Не-не қийинчиликлар билан эришган ҳарбийликка. Сизга қолса ёнингизда лаллайиб юриши керак…
Қайнонасининг кейинги гаплари қулоғига кирмади. Қорнининг пастидан бошланган кучли оғриқдан инграб юборди.
– Касалингиз ҳам ўзингизнинг қўлингиздами дейман, – жаврашини қўймасди аёл. – Овозингни сал баландлатсанг бўлди, узала тушиб ҳушдан кетадилар бу кишим. ҳомиладор аёлда унча-мунча оғриқлар бўлиб туради, кўпам оҳ-воҳ қилаверманг. Санобар опангиз хориждан янги мол олиб келибди. Қайнисингилларингиз сепига муносиблари бўлса сотиб оларман. Кеч тушмасдан бориб кела қолай.
Нигора хонасига кириб, баралла йиғлаб юборди. Оғриқ бир пасайиб, бир зўрайиб борарди. Кечга яқин қайнонаси келди.
– Ойижон, оғриқ тинкамни қуритиб юборди, – деди қуруқшаган лабларини ялаб. – Тезроқ касалхонага олиб боринг, илтимос, ортиқ чидай олмайман…
– ҳали вақти бор, сабрли бўлинг, дардни пишириб, кейин туғруқхонага борилади, ҳамма шундай қилади, – деди аёл донолик қилиб.
Келинчак оҳ-ҳ деганича ўтириб қолди. Тунни бир амаллаб ўтказди. Тонгга яқин оғриқлар ҳам пасайди.
– Демак, ҳали вақти бор экан, – деди уни кўриб қайнонаси. – Бир нарсани билмасам гапирмайман-да.
Шу тариқа яна бир кун ўтди. Энди ҳарорати кўтарила бошлади.
– Шифокорга ўзим бораман, – деди чидолмасдан Нигора.
– Билганингизни қилинг-ай, оҳ-воҳ қилиб жонимга ҳам тегиб кетдингиз.
Келинчак кўзларидан дув оққан ёшини артиб, судралгудек бўлиб кўчага чиқди. Йўловчи машина билан туғруқхонага келди. Уни текшириб кўрган шифокор аёлнинг ранги оқариб кетди.
– Қачон бошланган эди, – деб сўради.
– Бугун учинчи кун.
– Нимани кутдинг, қизим.
Нигоранинг жавоб беришга ҳоли келмади. У ўзига келганида онаси ёнида экан. Севиниб, жилмайди. Онаси йиғлаб юборди.
– Хайрият, хайрият, – деб йиғи аралаш қизининг юзларини силади аёл.
–Нега йиғлаяпсиз, онажон.
– Қутулиб олганингга-да болам, – деди онаси ўзини аранг йиғидан тўхтатиб.
– Бола…м, у қани, онажон, – дея ҳаяжонланиб кетди Нигора. – Уни қўлларимда тутсам дейман. Айтинг, онажон, уни менга кўрсатсинлар. Кимга ўхшар экан?
– Қизим… қизим, ўзинг тирик қолганингга ҳам шукур қилайлик.
– Нима-а?!
– Бола ўлик туғилди, қизим.
Нигора жимиб қолди. Кўзларида йирик-йирик ёш томчилари ялтиради… Боши бир томонга хиёл эгилган, елкалари титрарди… Уни юпатмоққа сўз йўқ эди.
Бир неча кундан сўнг онаси билан туғруқхонадан чиқишди. Уни ҳеч ким келиб кўрмади. ҳатто Насим ҳам келмади.Эшикдан чиқар экан, бўм-бўш қўлларини кўриб сесканиб кетди.
– Онажон, менинг қўлларим бўм-бўш чиқяпман-а?! Аёл қизини бағрига босди. Энг ширин сўзларни айтиб жигарпорасини юпатмоққа уринди.
– Қаерга олиб борай қизим?
– Сиз билан кетаман, онажон.
Уларни опаси кутиб турган экан. Машинага ўтирдилар. Шу пайт қарийб беш ой кутилган қўнғироқ бўлди. Насим. Нигора телефон юзига чиққан суратли чақирувга термилиб турди. Бу қўнғироқни қанчалар интиқ кутган эди… ҳозир эса у қувонч ўрнига қалбида аччиқ оғриқни туйди. Телефонни машина ойнасидан ташқарига отди… ва нигоҳларини катта йўлга қаратди.
Инобат НОДИРШОҲ